Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Кафтдек ердан катта даромад

Кафтдек ердан  катта даромад
 
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари, деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экин экиш ишлари аҳволини ўрганиб, бу борада аниқланган муаммоларни жойида бартараф этишга ҳаракат қилишмоқда. 
 
               Томорқачиларга мададкор
Шу мақсадда улар Тошкент вилоятига ҳам боришиб, айни пайтдаги аҳвол билан яқиндан танишишди, аҳоли билан мулоқотда бўлдилар. Одамларнинг таклиф ва мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда бир нечта амалий семинарлар ҳам ташкиллаштирилди.
“Оққўрғон томорқаларга кўмаклашиш маркази” МЧЖ фаолияти билан танишиш жараёнида маълум бўлдики, жамият ўтган йили ташкил этилганига қарамай, қисқа фурсатда аҳолига чин маънода кўмакчи бўла олди. Хонадонларга асалари, қўй, эчки ва чорва моллари, парранда,  кўчат ва уруғлар топширилди, ўсимликлар ва ерларга ишлов берилди, техник хизматлар кўрсатилди, томорқаларида етиштирилган маҳсулотларини экспорт қилишга кўмаклашилди. Ўтган ярим йилда туман ва қўшни ҳудудлар аҳолисига 553 бош қўй, 12 бош қорамол, 281 қути асалари, 13 000 бош парранда, 7 443 та мевали ва 77 000 та сабзавот кўчати, 12 миллион сўмлик бир дона мотокультиватор етказилди. 272 сотихдан ортиқ ерда иссиқхона қуришда кўмаклашилди. 410 хонадонга 37,5 миллион сўмлик техника хизмати кўрсатилди. Украинага аҳолидан йиғиб олинган 60 минг АҚШ долларига тенг миқдорда 495 тонна пиёз экспорти ҳам амалга оширилди. 
– Одамларимизнинг ердан унумли фойдаланишини таъминлаш мақсадида 2019-2020 йиллар учун бизнес режа тузиб қўйганмиз, – дейди МЧЖ раҳбари Абдусамат Сайдаҳмедов. – 5 гектар ерга 3,5 миллиард сўм қийматидаги энергия тежовчи иссиқхона қуриб, цитрус мевали кўчатлар етиштирмоқчимиз. 10 гектар ерда эса 1 миллиард сўм сарфлаб, Хитой ноки кўчатларидан иборат боғ яратамиз. Айни пайтда захирамизда 
4 минг туп лимон кўчати, 2,5 тонна уруғлик, 20 тонна картошка уруғи, 50 та асалари қутиси, 500 та парранда мавжуд. 
 
                                   Ҳовуздаги хазина
Марказда намуна тарзида қурилган ҳовуз эътиборимизни тортди. Аввалига уни чўмилиш ҳавзаси деб ўйладик. Кейин билсак, у балиқ етиштирадиган махсус ҳовузча экан. Ихчамгина, ҳар бир хонадонда балиқчиликни йўлга қўйса бўлади. Ҳовуз қуриш ва балиқчиликни бош­лаш учун 18 миллион сўм бўлса бас. 12 миллион маб­лағ ҳавзадаги сувни алмаштириб, кислородга бойитиб турувчи насосга сарфланса, 100 килограмм уруғ учун 4 миллион сўм, 1 тонна емиш учун эса 2 миллион сўм талаб этилади. Астойдил парваришланса, 6 ойда 100 килограм уруғдан 1,5 тонна балиқ олиш мумкин. Сазан балиғининг килосини ўртача  22 минг сўмдан ҳисобласак, 33 миллион сўм бўлади. Харажатлар айириб ташланса, соф даромад нақ 21 миллион сўм! Жамият раҳбарининг таъкидлашича, бундай ихчам ҳавзада балиқчилик билан шуғулланиш учун сазан маъқул. Уни боқиш учун кўп меҳнат талаб этилмайди.   
Қўрғонча маҳалласида яшовчи Илҳом Ботиров хонадонига кирар эканмиз, ажойиб ифор димоғимизни қитиқлади. Тартибли ҳовли, 8 сотихли томорқада йўқ экиннинг ўзи йўқ. Картошка кавлаб олиниб, ўрни иккинчи экинга тайёр қилиб қўйилган. Ловия, помидор ғуж-ғуж ҳосилга кирган. Яна 4 қутидаги асаларилар асал йиғяпти.
Қўшни Анвар бобонинг уйида ҳам помидор ва бод­ринглар яшнаб, ҳосилга кирган. Фасолнинг ўзидан 2,5 миллион даромад оламан, дейди отахон. 
 
Даромадга яраша 
буромад 
Тошкент ва Бўка туманларида аҳоли томорқаларига, жумладан, экиндан бўшайдиган майдонларга такрорий экин экиш ишлари аҳволини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Бўка туманидаги 530 та хонадонни қамраб олган Ибрат маҳалласини ўз номидан келиб чиқиб ибрат бўлишга арзирли маҳалла дейиш мумкин.  Қайси бир хонадонга кирманг, бўш ётган ерни кўрмайсиз. Бу маҳалланинг аксарият аҳолиси карам, помидор, бодринг, булғор қалампири етиштиришда бой тажриба тўплаган . 
Маҳалла раиси Рокия опа фаол ва ўз ишини биладиган ташаббускорлардан, одамлар билан елкама-елка ишлашни яхши кўради. Барча хонадон аъзоларини беш қўлдек яхши билади. Бу масъулиятли вазифага уч марта қайта-қайта сайлангани ҳам бежиз эмас, халқпарвар.  
– Маҳалламизда 2 785 нафар киши истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бири ердан унумли фойдаланади, – дейди Рокия Ҳамраева. – Ҳар бирининг 8-12 сотихдан ери бор. Йилда уч маротабагача ҳосил олади. 
– Ерга меҳр бериб кам бўлмадик, – дейди Азиз Холбоев 18 сотихдаги экинларни кўрсата туриб. – Мана шу 20 туп узумдан камида бир тонна ҳосил оламан. Даромадимни эса ҳеч ҳисобламаганман. Бир йиллик сармоям эвазига яқинда янги машина олдим, уй қуриб, таъмирдан чиқардим.  
Шу ўринда йилда уч бора ҳосил олишнинг ибратлик­лар тажрибасини ҳам айтиш жоиз. Азиз аканинг айтишича, баҳорнинг илк кунлари экилган биринчи экин – редиска, гулкарам ва бошқалар май ойида, иккинчи экин – помидор, карам, булғор қалампири август ойида йиғиштириб олинади. Учинчи мавсумда эса маккажўхори экилиб, қишга яқин йиғиб олинади.    
Ибратликлар карамни Россия ва Қозоғистонга экспорт қилишмоқда. Асосийси,  етиштирилган ҳосилни сотиш учун ҳеч ким энди сарсон бўлиб бозорма-бозор юрмайди.  
 
 
Ишчи гуруҳ аъзолари Жиззах вилоятининг баъзи ҳудудларига ҳам бориб, айни пайтдаги аҳвол билан яқиндан танишишди, аҳоли билан мулоқотда бўлишди. Уларнинг таклиф ва мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда бир нечта амалий семинар ҳам ташкиллаштирилди.
Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг кўпчилик қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Айни пайтда уларга муносиб турмуш тарзи яратиб бериш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалигида моҳияти жиҳатидан бутунлай янги ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”,  “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “ Yoshlar – kelajagimiz” давлат дас­турлари доирасида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик, яратувчилик ишлари, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар шулар жумласидан. Барча жабҳаларни қамраб олган ўзгаришлар авваламбор бир мақсадга – аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, одамларнинг бугунги кунидан рози бўлиб, эртанги кунига ишонч билан қарашларига хизмат қиляпти.  
Банк кредит маблағлари, янги инновацион технологиялар ва иш усулларини жалб қилган ҳолда аҳолининг шахсий томорқаларидан унумли фойдаланишлари учун имкониятлар яратиб бериш қишлоқ жойларда кечаётган янгилик ва ўзгаришларнинг  таркибий бир қисмидир.   Ернинг тилини, ишнинг кўзини биладиган одамлар шахсий томорқалардаги кафтдек ердан ҳам катта даромад олиш мумкинлигини ўз фаолиятлари билан исботламоқдалар.
 
                   Дилда иштиёқ, кўнгилда меҳр бўлса бас
Одатда қишлоқ деганда кўз олдимизда, кўзни қувонтирувчи ғуж-ғуж узумли ишкомлар, меваларга бой боғу роғлар, экинлари барқ урган полизларга бурканган уйлар, уларда истиқомат қилувчи меҳмондўст, меҳнаткаш, самимий одамлар гавдаланади. Бир пайтлар, ёз кунлари сут-қатиқ, мева-чевага бир тўйиб келиш мақсадида шаҳарликлар қишлоқларда истиқомат қилувчи қариндош-уруғлариникига, ёру биродарлариникига меҳмонга отланишганини кекса авлод яхши эслайди. Ҳозир ҳам шахсий томорқасидан унумли фойдаланаётганлар нафақат ўз дастурхонининг тўкинлигини таъминлашмоқда, балки яхшигина даромад ҳам қилишмоқда.
Шароф Рашидов туманидаги Якка Қайрағоч маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳожи бобо  Исроилов хонадонида бўлган киши дид билан экилиб, меҳр билан парвариш қилинган сархил дарахтларни кўриб баҳру дили очилади.
– Қишлоқ одами мева-чева, сабзавотни бозордан сотиб олса уят бўлади, – дейди отахон. – Меҳнатсеварга томорқа бамисоли хазина. Фарзандларим ҳовлидаги мевали дарахтлар парваришидан чарчамайди. Ҳам меҳнат қилади, ҳам дам олади. Невараларимиз ҳам меҳнатга меҳр қўйиб вояга етмоқда.
 
               Депутат – кўмакдош
Зоир Умаров шу маҳалланинг Раваллиқ кўчасида яшайди. 6 сотихлик иссиқхонасида петрушка, редиска, райҳон ва турли кўкатлар етиштириб, йилига 3 мартадан ҳосил олмоқда.  Кўкатнинг ўзидан йилига 5 миллион келиб турса ёмонми?
Бунёдкор кўчасида истиқомат қилувчи Жамшид Ибрагимов оила аъзолари билан иссиқхонада лимон етиштиришга бел боғлади. Ниятини амалга ошириш учун O‘zLiDeP депутати Шавкат Бадаловга мурожаат қилди. Қисқа вақтда унга банк 15 миллион сўм кредит маблағи ажратди ва 8 сотихда иссиқхона барпо этди. 
Баъзиларга томорқадан унумли фойдаланиш афзалликлари ҳақида гапиришга ҳожат йўқ, айтмасангиз ҳам ерга меҳр беради. Аммо ердан фойдаланмай, ўз ҳолига ташлаб қўйганлар борлигига ҳам гувоҳ бўласан киши. Бунга сабаб нима?
Кўрганларимиз ва мулоқотлар давомида эшитганларимизни умумлаштирадиган бўлсак, томорқаларнинг қаровсиз қолишига дангасаликдан ташқари дашт ҳудудларда дренажларнинг яхши ишламаслиги оқибатида ернинг шўрлангани, ёмғир суви ерга сингмай кўлмакка айланаётгани, оқар сувнинг йўқлиги ва ҳоказолар сабаб бўлаётир. Мисол учун Дўстлик тумани   Наврўз шаҳарчасидаги нафақат 24 та икки қаватли уйда истиқомат қилаётган аҳоли, балки 15 та хонадон эгалари ҳам бу йил шахсий  томорқасидан оқар сув йўқлиги сабабли фойдалана олишмаган. Маҳалла оқсоқоли Абдурашид Алибоевнинг айтишича, оқава сув келтириш келгуси йил дастурига киритилган. 
 
                       Манасда ҳам дангасалар бор...
Манас қўрғончаси ҳақида эшитмаган одам топилмаса керак.  “Обод қишлоқ” Давлат дас­турининг дебочаси бўлган мазкур аҳоли мас­канида олиб борилган улкан бунёдкорлик, янгиланиш, ободончилик ишларидан яхши хабардорсиз. Қўрғонча аҳли шахсий томорқадан фойдаланишда ўзгаларга ибрат бўлаётгандир, кўплаб янгиликлар, оммалаштиришга арзийдиган иш тажрибаларига гувоҳ бўлсак керак, деган ўйда ушбу манзилга йўл олдик. Афсуски...
Туман марказидан қўрғончага кириб боришимиз биланоқ, янги кўйлакка эски ямоқдай бўлиб турган чала битган хароба иморату номига ҳайдаб қўйилган томорқа майдонига кўзимиз тушди. Ён атрофидаги қўшниларнинг томорқалари ям-яшил бўлиб барқ уриб тургани учун 20 сотихни эгаллаган ушбу бўш майдон ярқ этиб кўзга ташланди. Ер эгаси бу жойни янги уй қуриш учун ким ошди савдоси орқали сотиб олган экан. Ўйлаб қоласан киши, турли сабабга кўра қаровсиз қолаётгандир, аммо вақтинча фойдаланиш, экин экишга бирор бир оилага берса савоб-ку.
Кўктерак кўчасида янги иморат қураётганлар кўп. Кимнингдир иши ярмида бўлса, кимдир аллақачон оиласи билан кўчиб ўтган. Қувонарлиси, уларнинг барчаси, ерни яшнатиб қўйган. 
 
                                  Ернинг умри ўтяпти
Манаснинг ўртасидан ўтган зовур уни иккига ажратиб турибди. Иккинчи тарафига ўтар эканмиз, атрофида иморатлар жойлашган ва шўра, янтоқ, ёввойи ўсимликлар қоплаган бир гектардан ошиқ майдонга кўзимиз тушди. Назаримизда кимдир ариқ қазиб, ундан фойдаланишга уриниб кўргану кейин ташлаб кетган. Маълум бўлишича бу майдон янги мактаб биноси учун ажратилган экан. 
 Қизиқ, Манасда “Обод қишлоқ” Давлат дастури ниҳоясига етганидан буён бу майдон шу ҳолича қолиб кетган. Демак, дастурга киритилган қурилиш ишлари бошлангунча бир гектардан ошиқ ер майдони шундай қаровсиз аҳволда маҳалла ҳуснига доғ тушириб тураркан-да. Унгача ахлатхона ёки чакалакзорга айланиб кетмаслигига кафолат йўқ. Балки ерни вақтинча атрофдаги аҳолига вақтинча фойдаланишга бўлиб бериш керакдир?  Афсуски, бу саволимиз ҳам жавобсиз қолди.
Кун давомида Дўстлик туманининг бир қанча ҳудудларида бўлиб қайтган ишчи гуруҳ аъзолари кечга бориб, Боғзор қишлоқ фуқаролар йиғинида аҳоли учун амалий семинар ташкил қилишди. Туманда ғалладан бўшаган 9 290 гектар  ер майдонида такрорий экин экиш режалаштирилгани, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида аҳолига қўшимча даромад олиш учун  ер майдони ажратилаётгани ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, томорқа, тикувчилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа йўналишларда ажратиладиган имтиёзли кредитлар ҳақида батафсил тушунчалар берилиб, махсус эслатма материаллар тарқатилди. Иштирокчилар берган саволларга тегишли ташкилот вакиллари атрофлича жавоб қайтарди.
 
                            Шўрланиш муаммо эмас
Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани фермер хўжаликлари раҳбарлари ғалладан бўшаган ерларини шудгор қилишиб,  кам таъминланган оилалар, ишсиз ёшларга такрорий экин экиш учун ажратиб беришмоқда. Бугунгача  тумандаги 40 та деҳқон хўжалигига 116 гектар ер ана шу мақсадда берилди.
Туман вилоятнинг энг чекка ҳудуди, марказдан 90 километр узоқликда жойлашган. Бу ёқларда ернинг шўрланиш даражаси бошқа туманлардагига нисбатан бирмунча юқори бўлса-да, ундан унумли фойдаланиб, яхши даромад олаётган, янгилик яратишга интилаётганлар кўп.
Пахтаобод шаҳарчаси Қўйтош маҳалласида истиқомат қилувчи  Аҳатқул Маматқуловнинг 2 сотихлик  иссиқхонасида барқ урган анвойи гуллар, шиғил ҳосил боғлаган лимон кўчатлари дилни яйратади. Томорқачи иссиқхонада 7 минг тупдан зиёд булғор қалампири  кўчати етиштирибди ва  килосини 15-20 минг сўмдан сотибди. Ҳалоли бўлсин. Айни кунда бозорга сара қизил булғор қалампирини олиб чиқмоқда, килоси 15 минг сўмдан кам эмас!
– Иссиқхонада 12 йилдан бери маҳсулот етиштирамиз, – дейди хонадон бекаси Ойсара Маматқулова. – Ҳозирда 12 сотих ерда 4 та иссиқхонамиз бор. Лимон, булғор қалампири, помидор, бодринг  етиштирамиз. Кўчатларнинг бир қисмини экиб, қолганини сотдик. Шу даромад ортидан тўрт ўғил,  бир қизни вояга етказиб,  олий маълумотли, уй-жойли қилдик. 
Ўтган йили 3 гектар ташландиқ ерни ўзлаштирган  Ахатқул ака ва Ойсара опа бу ерларга  қовун, тарвуз, сабзи, картошка, ошқовоқ экканди. 35 нафар қишлоқдошларини иш билан таъминлашди. Улардан андоза олган ўнлаб оилалар  ҳам иссиқхона қуриб,  даромад олишяпти.  
 
            “Бозордан фақат гўшт сотиб оламиз, холос”... 
Абдумажид ака ва Гулсарабону аялар оиласи ҳам қишлоқдаги серфарзанд хонадонлардан бири саналади. 20 сотих боғдаги юзга яқин  турли мевали дарахтлар ҳосили мўллигидан шохлари ерга тегай-тегай дейди. 
– Бу ерлар бир замонлар янтоқзор эди, –  дейди Абдумажид ака.  – Уй-жой қуриш баҳонасида шундай сўлим боққа айлантириб олдик. Бўшаган ерларни кечки сабзи, шолғом, турпга мўлжаллаб турибмиз. Бозордан фақат гўшт сотиб оламиз, холос. Бошқа ҳамма нарса ўзимизнинг томорқадан чиқади.
Давлат идораларида кўп йиллар самарали фаолият юритиб, пенсияга чиққан  Абдумажид ака Абсатовнинг ғайрат-шижоатига ҳавас қилмай иложимиз йўқ. 
Ўз пешона теринг билан топилган ҳалол ризқ-насибанг ҳамиша тотли бўлади. 
 
              Такрорий экинга тайёр
Оқолтин туманида ҳам ғалладан бўшаган 13 500  гектар майдон такрорий экинга тайёр. 
Аҳиллик маҳалласида яшовчи Муҳаммаджон Қамбаров 20 сотих томорқасидаги  саримсоқни йиғиштириб бўлгач, ерга қайта ишлов берди, булғор қалампири, ловия, нўхат экди. 
2 сотихлик иссиқхонасидаги 30 туп лимон ҳосили ҳавасни келтиради. 100 тупдан зиёд лимон қаламчалари ҳам бир текис ниш урган. Уларнинг бир қисмини ўзига, қолганини  буюртмачиларга етказишни мўлжаллаб турибди.
Ён қўшниси Зоир Номозовнинг томорқасидаги қовун, тарвуз  палаги нишона берган.
– Бу иккинчи экин, – дейди бека Лола опа. – Бунгача шивит, помидор, картошка экиб, 4 миллион сўм даромад олдик. 
Шу маҳалладаги Зоҳира Ўташова ёлғиз кекса аёл бўлгани учун 18  сотихли томорқасига ҳашар йўли билан картошка ва соя экиб берилди. Чопиқ ҳам шундай йўл билан бажарилади. 
Холида Бастамова ҳам боқувчисиз. Аммо у бировнинг қўлига қарашни ёқтирмайди. Томорқасидан унумли фойдаланиб, бировдан кам бўлмасликка ҳаракат қилади. Боғидаги эртапишар мева борки пишиб, тагига тўкилиб ётибди. Хурмо дарахти мевасининг кўплигидан бошини кўтаролмайди. Кираверишдаги қатор анор дарахтлари шиғил  гулга кирган. Маймунжону қорағат меваларининг ўзи оила бюджетига яхшигина даромад олиб киради.
13 нафар оилага... имтиёзли кредит
 Аҳиллик маҳалла фуқаролари йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Зулайҳо Мирзаеванинг айтишича, ҳудудда  26 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож  оила истиқомат қилади. Шу кунгача уларнинг 13 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилиб, ўз бизнесларини  йўлга қўйишларида амалий кўмак берилган.
Комил Муқимов “Голден” фермер хўжалигининг раҳбари.  30 гектар ерда ғалла етиштирган фермер гектаридан 48 центнердан ғалла ҳосили олиб, йиллик режани ортиғи билан уддалади. Бўшаган  ерни ҳайдатиб, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож маҳалладошларига қовун-тарвуз, дуккакли экин экиш учун бўлиб берди.
Ишчи гуруҳ фойдаланилмаётган  томорқаларни ҳам кўздан кечирди. Мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан  мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Томорқа қўшимча даромад, тўкин-сочинлик манбаи экани тушунтирилди.

Саҳифани “XXI asr”   мухбирлари
Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ,
Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
 Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА ҳамда
O‘zLiDeP  Сирдарё вилоят 
кенгаши масъул ходими
Дилором ЭСОНОВА  тайёрлади.