Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Картошка... ҳавода пишади!

Картошка... ҳавода пишади!

Президентимизнинг Наманганга ташрифи чоғи Чуст туманида бўлиб, аграр тармоқдаги янги лойи­ҳалар билан танишуви, бу соҳани янада ривожлантириш юзасидан берган йўл-йўриқ ва кўрсатмалари қадимий ҳунармандлар юрти довруғини бутун мамлакатга таратди. Айниқса, чустликларнинг аэропоника усулида – тупроқсиз очиқ ҳавода картошка етиштириш технологияси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Аслида бу янгиликка қўл уришимизга ҳам давлатимиз раҳбарининг ўтган йилнинг авжи ёзида Наманганда бўлганида бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашиб, вилоятнинг тупроқ, иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда сув тақчил адир ерларда шифобахш неъмат – ковул етиштиришни йўлга қўйиш, янги ёнғоқзорлар барпо этиш, иккинчи нон ҳисобланган картошкачиликни ривожлантириш юзасидан берган қимматли маслаҳатлари, йўл-йўриқлари туртки бўлди, – дейди “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти раиси Содиқжон Ҳасанов. – Чустда нима кўп – қир-адир, тош­лоқ майдонлар кўп. Биз ана шу ерларда ёнғоқзорлар яратиш, ковул ўсимлигини катта майдонларга экиш, картошка уруғчилигини йўлга қўйиш бўйича туман ҳокимлигига таклиф билан чиқдик. Улар бизнинг инновацион лойиҳамизни бажонидил қўллаб-қувватлашди. Кам ҳосил майдонлардан ер ажратиб беришди. Ишга киришар эканмиз, дастлабки ҳисоб-китобларимиздан энг кўп сарф-харажат уруғликка, кўчат сотиб олишга кетиши маълум бўлди. Эътибор беринг, хориждан олиб келинадиган бир туп юқори навли ёнғоқ кўчати бизга салкам эллик минг сўмга тушар экан. Картошкани-ку асти қўяверинг! Бу ҳолда юқори рентабелликка, маҳсулот мўл-кўллигига, бозорларимиз сероблиги ва арзончиликка эришиб бўладими? Интернет орқали соҳада юксак натижаларни қўлга киритаётган хорижлик ҳамкасбларимиз иш фаолияти билан танишаётиб, Россиянинг Сибир шароитида аэропоника усулида, иссиқхонада тупроқсиз, очиқ ҳавода картошка етиштириш тажрибасига кўзим тушиб қолди. Сибирликлар бу усулда ердагига қараганда анчайин кўп ҳосил олишар экан. Маҳсулот сифати ҳам бирмунча юқори экан. Манзилини ёзволиб, йўлга тушдим. Бордим, кўрдим. Махсус ускунага ўрнатилган картошка туганаги очиқ ҳавода томир ёзиб, ҳосил дегани шингиллаб ётибди. Ҳар картошкаларки, қўяверасиз! Яшириб нима қилдим, ҳавасим келди. Ускуна нархини сўрасам... ёнига яқинлашиб бўлмайди. Рус дўстларимиз билан иссиқхонага кириб-чиқиб юриб, баъзи нарсаларни ўзлаштирган бўлдим. Юрагим жиғиллаб юртга қайтдим. Туман ҳокими Баҳодир Охунов билан учрашиб, кўрган-билганларимни у кишига айтиб бердим. “Карнонлик Шерзодбек Тошпўлатов деган йигит бор, – деди у киши. – Республика ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий тадқиқот институти аспирантурасини тамомлаган. Айнан картошка уруғчилиги бўйича шуғулланади. Иккалаларингни учраштириб қўйсам, тадбиркор билан олим ҳамкорлигидан барака топсак, ажаб эмас...”

Шерзодбек билан дўппини бир жойга қў­йиб, 4 метр квадрати 18 миллионга тушадиган аэропоника усулида картошка етиштириш ускунасининг 120 метр квадрат ҳажмдагисини маҳаллий хомашё ҳисобидан ўзимиз ясаб ўрнатдик. Ўн баробар арзонга тушди. Ўзбекистон Фанлар академияси биорганик кимё лабораториясидан юқори навли картошка микротуганакларини олиб келиб ускунага жойлаштирдик. Дастлабки натижаларимиз чакки эмас. Шерзодбек фан ютуқларига таянган ҳолда янги усулдаги картошка агротехникасини доимий назоратда ушлаб турибди. Ҳосил бўлган уруғликни шу йил август ойида икки гектар майдонга экиб, гектаридан 35 тоннадан 70 тонна супер элита уруғи оламиз ва туманимиздаги картошкачиликка ихтисос­лашган фермер хўжаликларига етказиб берамиз. Бу эса хориждан олиб келинадиган уруғликка кетадиган катта маблағни тежаб, халқимиз дастурхонига ҳар қачонгидан мўл, сифатли, арзон картошка етказиб бериш имкониятини яратади.

– Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб қўллаётганимиз бу янги усул ўзининг бир қатор афзалликлари билан ажралиб туради, – дея суҳбатимизга қўшилади ёш олим Шерзодбек Тошпўлатов. – Махсус ясалган столларни тешиб, картошка тугунакларини жойлаштирганмиз. Картошка стол остида очиқ ҳавода, қоронғиликда илдиз отади ва ҳосилга киради. Махсус ускуна ҳар йигирма дақиқада меъёрдаги сувни пуркаб беради. Ўсимлик ҳолатига қараб керакли микроэлементлар билан озиқлантириб борилади. Муҳими, янги лойиҳамиз картошкачиликдан анъанавий усулга нисбатан беш-олти ҳисса кўп ҳосил олиш имконини беради. Давлатимиз раҳбари жамоамизда бўлганларида янги лойиҳамизга юқори баҳо берди, аграр тармоқни ривожлантиришда илм, интилиш, изланиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб, Чустда картошка уруғчилиги тажриба мактабини яратишни, 2020 йилгача вилоятни, 2021 йилгача эса бутун мамлакатни юқори навли супер элита картошка уруғлари билан тўлиқ таъминлаш вазифасини қўйди. Биз бу юксак ишончни, албатта, оқлаймиз.

 – Давлатимиз раҳбарининг қимматли маслаҳатлари, олдимизга қўйган долзарб вазифалари кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди, – дейди Содиқжон Ҳасанов. – Шу кўк­ламнинг ўзида 160 гектар тошлоқ, адир майдонларда интенсив ёнғоқзор барпо этгандик. Юртбошимиз ёнғоқзорларни янада кенгайтириш бўйича топшириқлар берди. Айни пайтда иссиқхонамизга 40 минг дона ёнғоқ экиб, парваришлаяпмиз. Келгуси йил баҳорида бу ёнғоқ ниҳолларини энг сара ва серҳосил навларга пайвандлаб, ёнғоқзорларимизни тўрт-беш ҳиссага кенгайтирамиз. Ковул инсон саломатлиги учун зарур доривор саналади. Ўтган йилнинг ўзида Туркияга 480 тонна, Италияга 220 тонна ковул экспорт қилдик. Италия бу маҳсулотни биздан олиб, қадоқлаб ўз навбатида АҚШ, Англия, Россия каби давлатларга катта валюта ҳисобига экспорт қилмоқда. Президентимиз ковулзорларни икки минг гектарга етказиш, бу шифобахш маҳсулотни қайта ишлаб, қадоқлайдиган корхона қуриш вазифасини ҳам қўйдики, бу биз учун айни муддао бўлди. Ҳозирда тажриба участкамизда олимлар билан ҳамкорликда дала-даштларда ёввойи ҳолда ўсадиган ковулни маданийлаштириш устида изланишлар олиб бормоқдамиз.

 

Ортиқали НОМОЗОВ,

“XXI asr” мухбири

 Суратни

Аброрхон

РАҲМАТУЛЛАЕВ олган.