Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Кечкелдик”да кечикаётган масалалар

“Кечкелдик”да кечикаётган масалалар

O‘zLiDeP Нуробод туман Кенгаши ва маҳаллий ҳокимлик ҳамкорлигида “Кечкелдик” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил қилинди.

 Туман ҳокими, прокурор, ички ишлар бўлими бошлиғи, давлат солиқ инспекцияси раҳбари ва бошқа мутасаддилар фуқаролар билан юзма-юз бўлиб, уларнинг мурожаатларига қулоқ тутишди.

Маҳалла фаолларидан бири Авғон Юлдошев  сўз олиб, ичимлик суви, ички йўлларни таъмирлаш,  транспорт қатнови билан боғлиқ масалаларни ўртага ташлади. “Кечкелдик” қишлоғидан Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарларига автобус қатновини йўлга қўйиш, туман марказига қатнаётган ноқонуний “таксилар” фаолиятини тартибга солиш бўйича ҳам таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, муаммолар бартараф этилишида аҳоли номидан кўмак сўради.

Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Асомиддин Зиятов мазкур масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови йўллашини билдирди.

Саломат Қаҳрамонова эса қишлоқ врачлик пунктини қайта тиклаш ҳамда уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш бўйича қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётганидан шикоят қилди.  Мутасаддилар ушбу масалаларни назоратга олишларини билдиришди.

  Зокир Юлдошев эскириб қолган симёғочларни алмаштириш, Мансур Амиров  “Кечкелдик” аҳоли масканини “Обод қишлоқ” дастурига киритиш, 1,5 км узунликда зовур қазиш тўғрисида гапиришди. Тадбирда яна кўплаб муаммолар айтилди.

Сайёр қабулда тилга олинган муаммоларни бартараф этиш бўйича туман ҳокимлиги томонидан тегишли идоралар, муассасалар раҳбарларига топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят
Кенгаши матбуот котиби