Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“КЕЛАЖАК ДЕПУТАТЛАРИ”: ХАЙРЛИ ИШЛАР БОШЛАНДИ

“КЕЛАЖАК ДЕПУТАТЛАРИ”: ХАЙРЛИ ИШЛАР БОШЛАНДИ

Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан шу йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида партиялар қошида ташкил этилган “Ёшлар қанотлари”нинг фаолияти қониқарли эмаслиги, навқирон авлод вакиллари билан боғлиқ муаммолар ҳамон сақланиб қолаётгани таъкидланиб, улар билан яқиндан, бевосита иш олиб бориш, йигит-қизларнинг дарду ташвишларини ечишга интилиш, ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган бир қанча вазифалар белгилаб берилган эди.

 

O‘zLiDePнинг ёшлар билан ишлаш бўлимлари асосли танқиддан тегишли хулосалар чиқариб, навқирон авлодга янада яқинлашиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, талаба ва ўқувчиларнинг сиёсий билимларини ошириш, уларда ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришга вакиллик органлари имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш бўйича тизимли ишларга киришган. Хусусан, яқинда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Ёшлар қаноти” қошида жамоатчилик асосида фаолият юритаётган “Ёш либераллар” клуби йиғилишида ана шу масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этиш керакки, мазкур клуб партиянинг вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари қошида ҳам ташкил этилган. Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олишга қодир, фидойи ва изланувчан, иқтидорли йигит-қизларнинг ихтиёрий бирлашмаси 18 дан 30 ёшгача бўлган OzLiDeP аъзолари ва тарафдорларимизни бир маслак атрофида жамлайди.

Ёшларга хос шижоат ва ишчанлик руҳида ўтган йиғилишда “Келажак депутатлари” ҳамда “Ёш тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш” гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштириш, янги таклифларни ҳаётга татбиқ этишга доир ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, давлатимизнинг ёшлар сиёсатига тааллуқли норматив ҳужжатлари хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

– Айниқса, чекка ҳудудлардаги тенгдошларимизни ўйлантираётган муаммоларни “Келажак депутатлари” орқали ҳал этиш имконияти юзага келяпти, – дейди Тошкентдаги Вестминс­тер халқаро университети 2-босқич талабаси Жаҳонгирмирзо Жўраев. – Клубга аъзо ёшлар халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партиямиз вакилларига бириктирилади. Улар депутатлар иш фаолиятини ўрганиб, муайян билим ва кўникмага эга бўлгач, кейинчалик жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, таклифлар ишлаб чиқиш ва депутатларимиз орқали сессияларга масала киритиш жараёнларида ҳам бевосита иштирок этишади. Бу лойиҳа республикамизда илк бор амалиётга татбиқ этилмоқда. Ўйлайманки, нуфузли халқ вакилларининг етишиб чиқишида ушбу лойиҳа ва, умуман, “Ёш либераллар” клубининг аҳамияти катта бўлади.

Мазкур олий таълим муассасасининг 3-босқич талабаси Аббосбек Турабидиновнинг айтишича, клуб фаолиятини янада жонлантириш учун хориж тажрибаси ҳам ўрганиляпти. Маслакдошлар ривожланган давлатларнинг ёшларга қаратаётган эътибори, бу йўналишда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ташкил этилган жамғарма ва уюшмалар фаолияти билан танишяпти. Хусусан, чет эл ҳукумат порталларида ёшларга оид алоҳида платформалар борлиги ҳам уларда қизиқиш уйғотди. Навқирон сафдошларимиз мазкур амалиётни пухта ўрганиб, миллий қонунчилигимиз талаблари асосида бойитиб, my.gov.uz порталида ёшларга оид алоҳида блог фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Сайёра АСРАНОВА,
O‘zLiDeP матбуот хизмати ходими