Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

КЕЛАЖАККА СОЛИНАЁТГАН ХАВФ ёхуд хориж мультфильмлари замирида нималар ётибди?

КЕЛАЖАККА СОЛИНАЁТГАН ХАВФ 	ёхуд хориж мультфильмлари замирида нималар ётибди?
 
 
 
 
 
 
 
 
Бугун ахборот-психологик хуружлари ўзига хос қуролга айлангани сир эмас. Бу қурол ёрдамида ҳарбий куч билан амалга ошириб бўлмайдиган мақсадларга эришиш, яъни инсон онгини бошқариш мумкинлиги-да маълум. Сиртдан қараганда аҳамиятсиздек кўринадиган бундай балолардан ўз вақтида огоҳ бўлиш, шунинг баробарида зарур чоралар кўриш катта-ю кичикнинг зиммасига бирдек масъулият юклаши тайин. Инсон онги ва қалбига яширин, энг ёмони, ғаразли мақсадда таъсир кўрсатиш, пировардида, ўзлари истаган хулқ-атворни шакллантириш – она сути оғзидан кетмаган гўдакларга нисбатан ҳам авж олдирилмоқда. Ишонмасангиз, болакайларингизнинг параболик антенналарга, кабель телевидениеларга уланган телевизорингиздан нималарни берилиб томоша қилаётганига жиддийроқ эътибор беринг. 
 
Уйимиздаги бегона
 
Халқаро психологлар уюшмаси аъзоси, нью-йорклик профессор Жером Сингер шундай ёзади: “...Дейлик, ишдан қайтганингизда уйингизда бир бегонанинг бемалол жойлашиб олганини кўрдингиз. У фарзандларингизга жанжал-тўполон кўтаришнинг турли йўлларини, ёқалашишни, бош­қаларга ҳурматсизликни, беҳаёликни, хуллас, бола тарбиясига зарар берадиган ҳамма нарсани ўргатаётган бўлса... нима қилган бўлардингиз? Албатта, қўлингизга таёқ олиб, ўша ярамасни уйдан қувасиз! Лекин, буларнинг ҳаммасини боплаб бажарадиган телевизорни уйингизнинг тўрига ўз қўлларингиз билан жойлаштириб қўйгансиз”. Албатта, бу билан профессор “телевизорингизни олиб чиқиб ахлатга улоқтиринг”, демоқчи эмас...
Тиниб-тинчимас болакайларнинг телевизор қаршисида сеҳрлангандек ўтириши, берилиб мульт­фильм ёки кинофильм томоша қилиши, аксарият хонадон аъзолари учун оддий ҳолат ҳисобланади. Яъники, аксарият ота-оналар ёш болаларга телевизор кўришни тақиқлашга айтарли асос йўқ, деб ҳисоблайдилар. Фарзандига “Телевизорга яқин ўтирма, кўзингга зарар беради” дейишади-ю, лекин ҳеч ким унинг асаб тизимига, ахлоққа, феъл-атворга берадиган зараридан гапирмайди.
Хўш, телевизор қаршисида болакайларнинг вақти чиндан ҳам кўнгилли ўтадими? Бир қарашда уларнинг вақти хуш кечаётгандек... Лекин бу пайтда уларнинг мияси зўриқиб ишлаётган бўлади аслида. Экранда кўраётганларини улар айни ҳақиқат, деб қабул қиладилар. Ёқимтой кўринишдаги қаҳрамонлар, ёрқин ранглар, турфа саргузаштларга бой мультфильмларни улар жуда ёқтириб томоша қилишади: севимли нарсалар ҳар доим ҳам фойдали бўлавермаслигини билишмайди-да. Қолаверса, мультфильмлар орқали виждонсизларча алдаш, йўлдан уриш, ёмон ниятларни амалга ошириш мумкинлиги фариштадек беғуборларнинг (ва бе­эътибор катталарнинг ҳам) хаёлларига келмайди. Болаларнинг замонавий мультфильм кўргандан кейинги хатти-ҳаракатларини кузатганмисиз?
– Менинг қизчам “Маша ва маймоқ” мультфильмининг бир неча сериясини кўргандан кейин жанжалкаш бўлиб қолди, – дейди ёш оналардан бири. – Бесабаб ўзини ерга ташлайди, айтганини қилмасангиз, ҳатто идишларни синдирмоқчи бўлади, яхши кўрган ўйинчоқларини кўчага олиб чиқиб улоқтиради.  Ҳатто мультфильмдаги Машага тақлидан кўзларини катта очиб, лабларини буриб аразлайди. Шу вақтгача у жуда сокин, гапга кирадиган эди. Битта мультфильм туфайли бирданига шунча ўзгариш! Ваҳоланки, қизчам эндигина икки ёш бўлди... 
 
“Маша ва маймоқ” мультфильмининг болалар психикаси ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатишини психологлар анчадан бери таъкидлаб келади. Бу мультсериалнинг бош ғояси шундай: истаганча одобсизлик қилишинг мумкин, бунинг учун ҳеч ким сени айбдор қилмайди ва жазоламайди!
Бош қаҳрамон қизалоқ – ўта ўжар, тарбиясиз, жазавали, худбин. Бутун сериал давомида  кўнглига келган қилғиликларни қилиб юради. Каттакон Айиқни исталган кўйга солади. Айиқ эса Машани жазоламайди, аксинча, унинг ҳамма қилғиликларига матонат билан бардош беради ва тинчгина ҳаёт кечиришни орзу қилиб яшайди.
Машанинг дарагини эшитган бошқа ҳайвонлар ҳам иложи борича ишончли жойларга яширинишга уринадилар, чунки бу қизча ўрмон аҳли учун жуда хавфли ва вайрон қилувчи кучдир. Афсуски, ана шу вайрон қилувчи куч эгаси миллионлаб болалар учун севимли қаҳрамонга айланиб улгурди: унга тақлид қиладилар, кичкина қизчалар ундан юқтирган муттаҳамликларини “мен Машаман” дея изоҳлайдилар, жазосиз қолаётган тарбиясизликни ўз феъл-атворларига сингдириб оладилар...
Аммо бу ҳали ҳолваси! Болаларимиз интернет ва телевизор орқали берилиб томоша қилаётган мультсериаллар орасида шундай хавфлилари борки... Мисол учун, “Шрек” мульт­сериалининг болаларни садизм ва тубанликка, чиркин одатларга, ахлоқсизликка ўргатиш учун тайёрланганлигини унинг бир-икки серияларини кўргандаёқ англаб олиш қийин эмас:
мультсериал бош қаҳрамонларидан бири Фиона ҳайвонларни кўнгилхушлик учун ўлдиради;
сериалда анъанавий, тўлақонли оила калака қилиниб, ўрнига Ғарб маънавиятини инқирозга олиб бораётган “ноанъанавий оила” ғояси илгари сурилган, яъни, Эшак урғочи Аждарҳо билан бир оила бўлиб яшайди ва улардан аллақандай махлуқчалар –аждарҳоқанотли, оғзидан олов пуркайдиган, учар хўтикчалар туғилади;
қиролнинг қизи Фиона эса шоҳона ҳаётдан воз кечиб, келиб чиқиши номаълум бўлган, яшил рангли махлуқ – Шрек билан яшайди ва ундан кичкина махлуқчалар туғади(?!);
қизининг бу нодонлигига қаршилик қилувчи ота – Қирол мультсериалда салбий образ сифатида кўрсатилади...
Махлуқ Шрек образи эса фақат ва фақат болаларнинг дидини, одобини расво қилиш учун шакллантирилгандай. Бу фикрнинг исботи учун Шрекнинг атрофдагиларга қўпол муомаласи, балчиққа ағанашлари, қурбақаларни пуфакдек пуфлаб шишириб хотинига совға қилишлари, дастурхон устида хунук кекиришлари, туфлашлари, қулоғининг кирини чиқариб, уни шам сифатида дастурхон устига ёқиб қўйишларини эслаш кифоя. Энг даҳшатлиси, бу мультсериалда ножинслик тарғиби ҳам бор: Шрекнинг дўсти Пиноккио аёлларнинг ички кийимини кийиб олади; забардаст қоматли эркак бармен эса аёллардек бўяниб, зийнатланиб, аёлча кийиниб юради... Ва бу қаҳрамонларнинг ҳаммаси ўта устакорлик билан, айёрона маҳорат билан болаларга “севдирилади”. Бу хавфли мульт­сериалнинг юртимиз бўйлаб оммалашиб кетгани етмагандек, жойлардаги айрим ошхона ва дўконларга “Шрек” дея ном қўйилганига нима дейсиз?!    
 
Ножинслик тарғиби ва “юмшоқ ўлим”
 
Бугунги болалар онгига зимдан сингдирилаётган ифлос бир ғоя тарғиби учун махсус яратилган жуда кўплаб мультфильмлар борки, бугун ҳеч бир ота-онанинг “Менинг болаларим бундай мультфильмларни кўрмайди”, дея хотиржам бўлишга ҳаққи йўқ. Тўғри, юртимиз телеэкранларида бундай мультфильмлар намойиш этилмайди, лекин кабель телевидениеси, параболик антенналар ва интернет “шарофати” билан кўра олиш имконияти борлигини эсдан чиқармаслик керак.
Маълумот учун, яна ҳам тўғрироғи, ҳушёрликка чорлаш мақсадида бир-икки мисол айтай. Жаҳон (жумладан, Россия) телеканаллари орқали давомли намойиш этиладиган хавфли мультсериаллардан бири “Спанч Боб” (“Губка Боб. Квадратные штаны”) айнан бир жинслилар никоҳини тарғиб қилиш учун яратилган сериалдир (балки сиз бундай мультсериал мавжудлигидан умуман бехабардирсиз, номини эндигина эшитиб тургандирсиз, лекин у ҳақда болажонларингиздан сўраб кўринг-а...).
Мультсериалда бош қаҳрамонлар Боб ва унинг яқин дўсти Патрик (ўғил бола персонажлар) худди севишган йигит билан қиздек қўл ушлашиб юрадилар, бир-бирларига хушомад қиладилар, бир ўринда ухлайдилар. Иккалови биргаликда “бола” (кичкина чиғаноқни) сақлаб оладилар, уни бирга парвариш қиладилар. Бу “оилавий ҳаёт” чоғида Боб аёлча кийиниб “она” бўлади, Патрик эса “ота”... Мультсериал қаҳрамонларидан бири –  эркак Скивард эса аёллар косметикасини ишлатади, атрофи аёлларга хос ашё-буюмларга тўла... Бир эпизодда аёллар шапкачасини кийиб олиб душ қабул қилар экан, хотинлардек ишва-ю ноз қилади... Бу етмагандек, сериалда боланинг ақлий ривожланишига зарар берадиган, унда аҳмоқликни шакллантирадиган саҳналар кўп: деярли ҳамма серияларда Боб ва унинг дўсти Патрик қулоқларига, бурунларига қандайдир майда нарсаларни тиқишади, еб бўлмайдиган нарсалар: қўл фонари, қалам, мих кабиларни чайнашади, ҳеч бир сабабсиз бир-бирларининг бошига кувалда билан тушириб қолишади...
Унча-бунча номаъқулчиликни табиий ҳолдек қабул қилишга кўникма ҳосил қилган америкалик психологларки “Бундай мультсериаллардан сўнг Америка ножинс болаларга тўлиб кетяпти”, дея бонг ураётган экан; дилбандларимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб кетаётган мультфильмларни кимлар, нима мақсадларда ва қандай ҳолатда яратаётганлари бизга номаълум экан, хотиржам қолишимизга асос йўқ. Шу ўринда бир далил: Буюк Британиядаги бир қатор болалар телеканалларининг собиқ продюссери Сара Грем хоним бутун дунё телеканаллари орқали намойиш этилган “Телепузиклар” мультсериали ижодкорларини судга берган ва мазкур сериални яратиш давомида ижодий гуруҳ аъзолари кучли наркотик моддалар таъсирида бўлганини исботлашга муваффақ бўлган эди.
Бу мультсериалда ҳам юқоридаги каби жирканч ғоя илгари сурилган, яъни ундаги ўғил бола қаҳрамонлар ҳам аёллардек кийиниб, аёллар сумкачаларини қўлтиқлаб юрадилар...
Шу ўринда мультфильмларнинг нафақат психологик, балки жисмоний зарар бера олиши, оммавий равишда “телевизион эпидемия” тарқатиши  мумкинлигини ҳам исботловчи бир маълумот билан танишсак: бир пайтлар дунё телеканалларида оммалашиб кетган “Покемон” (“Pocket monsters”) мультсериалининг навбатдаги намойишидан сўнг Японияда 685 нафар ёш бола номаълум тутқаноқ хуружи туфайли касалхоналарга ётқизилган эди. Шифокорларнинг аниқлашларича, болаларнинг бундай оғир аҳволга тушишига “Покемон” қаҳрамонларидан бири – Пикачунинг кўзларидан сочиладиган ёрқин қизил ранг учқунлари сабаб бўлган. Мутахассисларнинг исботлашларича, секундига 10 дан 3030 частотагача учқун сачратадиган ўта ёрқин қизил ранг болаларнинг кўз асаб томирларида кучли қўзғалувчанлик ва бош мия тўқималарида қаттиқ оғриқ пайдо қилган. Давомли кучли оғриқ аксарият болаларда тутқаноқ хуружи, айримларида ҳушдан кетиш ва баъзи бирларида ҳаво етишмаслиги, бўғилишни келтириб чиқарган экан. Аммо шундай аянчли оқибатга қарамай, мультсериал интернет орқали давомли намойиш этиб келинди. Навбатдаги фожиадан сўнг – яъни, баландлик­лардан сакрашни хуш кўрадиган покемонларга тақлид қилган бир нечта туркиялик болакайнинг кўп қаватли уй деразасидан қўл ушлашиб пастга сакраши оқибатида ўлим топганидан сўнг, бу мультсериал намойиши бир қанча давлатларда расман тақиқланди. Болакайлар билан боғлиқ айнан шундай ҳолатлар Россияда ҳам кузатилган.
Хулоса учун яна бир маълумот: Италияда Микки Маус иштирокидаги мультфильмлар ҳам тақиқлаб қўйилган. Чунки улар болаларни қўрқитади деб ҳисобланган.
Ёш болалар тугул катталар ҳам севиб томоша қиладиган “Соҳибжамол ва махлуқ” мультфильмининг Жаҳон соғлиқни сақлаш академияси мутахассислари томонидан “заҳарли мультфильм” деб топилганини кўпчилик билмаса керак. Гап шундаки, бу мультфильмда ўта ёрқин, кўз олувчи – “заҳарли” ранглардан фойдаланилган,  боз устига, экранда бу ёрқин тасвирлар катта тезликда, тез-тез алмашади. Натижада томошабиннинг кўзидаги асаб толалари зарарланади, бош мияда зўриқиш юзага келиб, артериал қон босими кўтарилади. Бу технологияни мутахассислар “юмшоқ ўлим” деб атайдилар... Афсуски, хавфли мультфильмлар рўйхатини  давом эттириш мумкин.
 Шу ўринда мультфильмларнинг умумий зарарли томонларига ҳам тўхталсак (бу муаммолар ҳатто ижобий сценарийлар асосида ишланган мультфильмларга ҳам тааллуқли):
1.Ранглар
Замонавий мультфильм ва мультсериалларнинг деярли ҳаммасида ўта ёрқин ранг­лар қўлланилади. Аксарият ҳолларда ранглар бир-бирини тўлдириш ўрнига, қоришиб кетади, чунки ҳаддан ташқари кўп ва хилма-хил ранглардан фойдаланилади. Бу эса болакайлар феъл-атворида агрессивлик шаклланишига, кўз ва мия зўриқишларига сабаб бўлади.
“Ёрқин рангларга бой” мультфильмларни тайёрлаш жараёнида мутахассисларнинг лазер нурларига қарши қўлланиладиган махсус ҳимоя кўзойнакларидан (!) фойдаланишларининг ўзиёқ кичкина томошабинлар кўрадиган зарарнинг нечоғли катта эканини англатади.
2.Товушлар
Ҳозирги мультфильмлар кескин, баланд ва кутилмаган товушларга, шовқинларга тўла. Маълумки, ноодатий товушлар болада руҳий безовталик, асабийлик ва қўрқувни пайдо қилади.
3.Сюжет
Замонавий мультфильмларнинг сюжетлари ҳақида гапириб ўтириш ортиқча. Аҳвол шундайки, кўпинча воқеалар оқими қаёққа қараб кетаётганини болалар тугул, ҳатто катталар ҳам англай олмайдилар. Экрандаги воқеаларни тушунишга уринган одамнинг мияси ғовлаб кетади. Оқибатда бола мия­сидаги “бўтқа” унинг феълида асабийликни шакллантиради.
...Аммо болалар кун тартибидан мультфильмларни олиб ташлашнинг иложи йўқ. Телевизорни ўчириб қўйиш билан ҳам бу муаммоларни ҳал этиб бўлмайди. Бунинг устига, ошкора тақиқ болада қўшимча қизиқишни ҳосил қилади.
 
Нима қилмоқ керак?
 
 Айни шу ўринда болага ота-онанинг кўмаги лозим. “Қандай ярамас экан бу қаҳрамон!”, “Одобли болакайлар бундай қилмайдилар”, “Буларни сен мустақил хулоса қилишинг учун кўрсатишяпти”, “Мана бу қилиғи учун мен буни жазолаган бўлардим” сингари шарҳлар билан бола онгини зарарланишдан сақлаш ва уни оқ-қорани ажратишга ўргатса бўлар... Россиялик таниқли психолог Татьяна Голубева бу борада шундай маслаҳат беради: “Болаларингиз учун чиройли, одобли, жасур қаҳрамонлар образи яратилган мультфильмларни саралаб беринг. Токи болакайлар улардан чиройли сўзлаш одобини, яхшилик қилишга интилишни, яхши дўст бўлишни нусха кўчирсинлар. Ишонаверинг, болалар ўзлари томоша қилаётган мультфильм ёки кинофильм қаҳрамонлари феъл-атворидан айнан нусха кўчирадилар. Мабодо, фарзандингиз феълида худбинлик, қайсарлик, уришқоқлик сингари иллатлар сезила бошласа ёки унинг юз ифодалари – мимикаларида аввал кузатилмаган ёқимсизликлар пайдо бўла бошласа, дарҳол у кўрадиган мультфильм ва кинофильмларни, компьютер ўйинларини тафтиш қилинг ва ҳеч кечиктирмасдан керакли чораларни қўлланг. Акс ҳолда, фарзандингиз келажагини бой бериб қўясиз!..
Дилфуза КОМИЛ,
журналист