Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Келажакни бугун кўраётган ишбилармон

Келажакни бугун кўраётган ишбилармон

“Бек” бренди асосчиси, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Улуғбек Сотиболдиев фаолиятига айрим чизгилар

30 минг гектарлик
“Bek cluster”

Сирдарё вилоятининг табиий иқлим шароити, ерларнинг оғир мелиоратив ҳолати, шу билан бирга, ўтган асрда  не-не умидлар билан ўзлаштирилган бу улкан ҳудудда салкам бир асрдан бери умргузаронлик қилиб келаётган заҳматкаш одамларнинг ҳаёт ва яшаш даражаси, хуллас, улуғ мақсадлар уйғунлашган заминда ишлаш, танилиш осон эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Айнан мустақиллик йилларидагина бу вилоятда жиддий ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ишлари бошланиб кетди.

Энди тасаввур қилинг: дастлаб 25 гектарда иш бошлаган “Мирзаобод универсал тред” фермер хўжалиги қисқа муддатда ер майдонларини 700 гектарга кенгайтиргани, пахта ва ғалла, чорва ва боғдорчиликдан яхшигина даромад олганини қисқагина таърифлаш осон. Лекин чекилган заҳматлар, куну тун қилинган бетиним меҳнат... буларнинг бари энди афсонага ўхшайди.

Ўтган йили эса мазкур хўжалик негизида “Bek cluster” ташкил этилди. Ҳукумат қарорига кўра, Мирзаобод туманидан 13 минг, Ховосдан 5 минг, жами 18 минг гектарлик ер майдони ажратиб берилди. Яйловларни қўшиб ҳисоб­лаганда, “Bek cluster” ҳудуди 30 минг гектарни қамраб олади. Кластер тизимининг муваффақиятини таъминлаш учун Туркия, Хитой ва Исроил тажрибаси чуқур ўрганилган.

“Bek cluster”нинг ташкил этилишида Президентимизнинг 2017 йил 17 май куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида билдирган фикрлари, кўрсатма ва топшириқлари муҳим аҳамият касб этди. Орадан бир йил ўтиб, бу борадаги ишлар қандай кетаётганини жойида кўриш мақсадида давлатимиз раҳбарининг яна бу вилоятга келиши эса кластерчиларнинг кучига куч, шижоатига шижоат қўшди. Иштиёқ жўшгани сайин инновацион ёндашувнинг мевасини келажакда эмас, шу мавсумнинг якунида кўриш хоҳиши белни маҳкам боғлаб меҳнат қилишга ундаяпти.

–  Тупроқшунослик институти мутахассислари билан ҳамкорликда кластеримиз ихтиёрига берилган ҳар бир даланинг тупроқ таркиби икки метргача бўлган чуқурликда ўрганиб чиқилди, – дейди Улуғбек Сотиболдиев. – Олинган илмий таҳлиллар натижасига асосан экин майдонларига тегишли мелиоратив-агротехника тадбирлари белгиланди. Ер текислаш ишлари лазерли ускуналар орқали бажарилаяпти. Яқин кунларда Жанубий Корея технологияси асосида қурилаётган 100 гектарлик замонавий иссиқхонанинг 40 гектари фойдаланишга топширилади. 200 гектардан токзор ва анорзор яратиш ишлари авжида. Корхонанинг яқин келажак учун белгиланган 10 лойи­ҳаси амалга оширилиши туфайли 10 минг киши даромадли иш ўрни билан таъминланади. Яъни, шунча хонадоннинг қозони ҳозиргидан яхшироқ қайнайди. Саъй-ҳаракатларимиз амалий ифодаси сифатида “Экологик тоза маҳсулот – Ўзбекистоннинг энг асосий бренди” бўлишига ишончим комил.

“Bek cluster” 110 бригадага бўлинган. Ҳар бир бригадада 15 нафаргача доимий ишчи бор. Уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида бу йил барча бригадаларда 2 гектардан аччиқ қалампир экилган. Гектаридан 20 тоннагача ҳосил берадиган аччиқ қалампирдан олинадиган даромаднинг 50 фоизи ишчиларнинг ойлик маошига устама сифатида қўшилади. Харидор эса тайёр. Кластернинг ўзи қалампирни қайта ишлайди ва экспорт қилади. Бундан ташқари, атрофдаги аҳолининг жами 40 гектарлик томорқасига етгулик қалампир кўчатлари хонадонларга тарқатиб берилди... 

Ўтган кунлар...
энди эртак

...Икки юз эллик чақирим йўл. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларидаги жамоат транспорти. Cаккиз яшар бола... Бир ёнга ва аксинча йўналишда ҳаракатланиш. Саратонда ҳам, қаҳратонда ҳам. Пешона-да. Тақдир чизиқларининг изми. Йигитча ўша пайтда буни англамагандир, балки. Тонг йўлга чиқар жойида етиб борар манзилидан уч дақиқа олдин отишини, қуёш 180 сония бурун чиқишини тасаввур қилмагандир, эҳтимол.

...Икки юз эллик чақирим йўл – саккиз яшар боланинг отаси ва онаси орасидаги жуғрофий масофа. Соғинч завқи ва азоби ундан-да узунроқ, узоқроқ. Автобус кутиш ёхуд жўнашига саноқли дақиқага кеч қолгандаги аламли сиқилишлар, таниш-билишларнинг бир хил савол-жавоблари-чи: “Қаерга кетяпсан, қаердан келяпсан?”.

Беш йил ўтди. Еттинчи синфлигида Гулис­тонга бутунлай кўчиб келишди. У шаҳардаги 9-ўрта мактабда ўқий бошлади. Тенгдош­лар билан кўча чангитиш, варрак учириш, велосипед миниш гаштини айтинг. Лекин энди янги мушкулот юзага чиқди. Онаси ишлаётган корхона тугатилди. Истиқлол арафасидаги “қайта қуриш” шарофати эди бу.

Кўнглида бир дунё орзулар жўш ураётган болакайни аям энди уч фарзандни қандай боқар экан-а, деган оғриқли саволлар эзарди. Билакс, кундузи ўзини тетик тутарди. Тўғри-да, нолишдан не наф? Қайтага, опаси Раъно, укаси Ойбекни қийинчиликлар ўткинчилигига ишонтиради, ноумид бўлмайди.

Муайян фурсатдан сўнг онаси кафедан иш топди. Рўзғорнинг кечиктириб бўлмас харажатларини қоплаш керак, ахир. Бироқ манзил олис – ҳар куни қатнаш имконсиз. Уйга икки ҳафтада бир келишдан ўзга чора йўқ. Энди волида йўлда. Дийдор тағин соғинчга айланди. Навбатдаги айрилиқ мулоҳазали ўспириннинг орзуларини қатъий мақсадга айлантирди.

Бизнесменлик мактаби
борми?

Турфа синовларга рўпара қилган бебошлик даври поёнига етди. Улуғбек мактабда ёмон ўқимади. Айниқса, аниқ фанларни пухта ўзлаштирди. Ҳисоб-китобни яхши билиши қандайдир устунлик беришини кўнгли сезарди. Тадбиркорлик орқали бир-икки сўм пул топиб, онасини заҳматдан қутқариш режаларининг ибтидоси эди. Шунинг учун ҳам муаллимлари, ён-атрофдаги ёши улуғроқ инсонлардан катта бизнесмен бўлиш учун қаерда ўқиш кераклигини суриштирди. Қўшниси Барчиной опанинг маслаҳати мустақил ҳаёт йўлига яшил чироқ ёққандай бўлди: “Биласанми, фалон институтнинг дипломини олган тадбиркор бўлади, деган алоҳида қоида йўқ. Фик­ри илғор, қалбан шижоатли, дунёқараши кенг ҳар қандай киши бизнеснинг у ёки бу ирмоғидан сув ичиши, ўзидан ортганини ўзгаларга илиниши мумкин. Аввало, билим олиш даркор. Сен, яхшиси, ўзимизнинг Гулистон давлат университетига ҳужжатларингни топшир. Иқтисодчи-менежер йўналиши очилибди. Яхши тайёрлансанг, албатта кирасан, бизнесмен ҳам бўласан. Муҳими, ҳаёт сабоқларини пухта ўрган”.

Улуғбек университетда таҳсил олиш баробарида бизнес юритишнинг илғор усуллари билан яқиндан танишиш ҳаракатини канда қилмасди. Ўзини оқлаган хорижий тажрибаларни маҳаллий шароитга мослаштириш хусусида бош қотирарди. Чет эллардаги кредитлаш тизими ўзимизда ҳам тезроқ жорий этилишини кутарди. Катта сармоясиз ҳам тадбиркорликни бошлашнинг бирор йўли бўлиши керак-ку, дея куюнарди. Дастлабки капиталга маблағ йиғиш илинжида мамлакатимизнинг мазали майизини поездда ўзга юртларга олиб бориб пуллади – даромад қурғур харажатдан ортмади. Шу йўналишдаги турли “кўча”ларга қайта-қайта кириб кўрди – фойдаси бўлмади.

Диплом қўлга теккач, консерва заводига иқтисодчи бўлиб ишга кирди. Бахтга қарши, бу корхона аллақачон банкротлик ботқоғига ботиб бўлган экан, ҳадемай ёпилди. Тақдир ўйинларини қаранг, худди онаси каби  у ҳам ишсиз қолди. Лекин тушкунликка тушмади. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини яхши билгани учун вилоят солиқ инспекциясининг эшигини тақиллатди. Аризасига тегишли ҳужжатларини илова қилди. Суҳбат чоғида айрим таклифларини баён этди. Минг афсуски, ишга қабул қилишмади...

Илк қадамлар –
катта йўл сари

Умидли, ёш мутахассис таваккал қилди: эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланувчи Шуҳрат исмли қариндошининг ёнига борди. Дўкон ишларига ёрдам бериш баҳонасида кичик бизнесда маблағ айлантиришнинг айрим жиҳатларини амалий нуқтаи назардан ўрганди. Пул ўтказиш йўли билан харид қилинадиган эҳтиёт қисмларга Сирдарёда эҳтиёж катталигини тушуниб етди. Ва тадбиркорлик фаолиятини айни йўналишдан бошлашга қатъий қарор қилди.

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш жараёни силлиққина кечмади. Олға интилишдан тўхтамаслик учун сунъий тўсиқлардан сабр-бардош билан, иродани тоб­лаш орқали ўтди, десак баландпарвозликка йўйманг. Рухсат бериш тартиб-таомилларидаги сансолорликни айтмайсизми? Зеро, ўтган асрнинг сўнгги йилларида юртимизда на “ягона дарча”, на давлат хизматлари марказлари бор эди.

Ҳартугул, Гулистон бозори ҳудудидан ижарага жой олишда ортиқча муаммо туғилмади. Бўш турган дўкон бор экан. Эгаси ойлик тўловни инсоф билан белгилади. Шу-шу, йиғиб қўйганига қарз олиб қўшди-да, озгина маблағ билан иш бошлади. Кўнгил истагидан куч олган ҳаракатлар Яратганнинг марҳамати билан аста-секин самара берди. Дастлаб қарзидан қутулди. Кейинги фойдасидан бизнесини хўжалик совуни савдоси ҳисобига кенгайтирди.

“Ойнинг ўн беши ёруғ”, деганлари рост экан. XXI асрнинг дастлабки йилларида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Соҳада мавжуд имкониятлар эшикларига осилган қулф-занжирлар темир-терсак омборларига равона бўлди. Бундан оқилона фойдаланган Улуғбек “Бек” кенг тармоқли хусусий корхонасини ташкил қилди. Бугун миллий бренд даражасига кўтирилган номни танлашда Эркин деган қадрдон курсдоши ҳам ҳисса қўшганини фахрланиб эслайди.

– Очиғини айтайми сизга,  солиқ инспекциясига ишга киролмаганим яхши бўлган экан, аслида, – дейди Улуғбек Сотиболдиев ўтган кунларни кулиб эсларкан. –  Балки ўшанда ишга олишганида менга тадбиркорлик, “Бек” бегона бўлармиди...

“Бек”нинг беш минг
аъзоси

Ўз номига муносиб бўлмиш “Бек” ҳам машаққатли бизнес дунёсида ўз ўрнини аста-секин топа бошлади – дорихона тармоғи, тикув фабрикаси. Маҳаллий ёшлар учун 200 та янги иш ўрни. Экспортга йўналтирилган дастлабки маҳсулотлар...

Айтишга осон бу ишлар. Ўтган йиллар оралиғида кўрган-кечирган қийинчиликлари, тўсқинликлар, асаббузарликлар, хуллас, ҳаммаси бугун қаҳрамонимизнинг кўз олдидан кинотасмасидек бирма-бир ўтаверади. Валюта тушуми, айланма маблағлар ҳажмининг ортиши, харажату даромадга ҳамоҳанг равишда фойда миқдорининг кўпайиши. Мустақиллигимизнинг 20 йиллигига бағишлаб бир вақтнинг ўзида 20 та транспорт воситасига газ қуйиш шохобчасининг очилиши. Яна 100 та янги иш ўрни. Сезиб турганингиздек, энди Улуғбекнинг бир ўзи нуфузи ошиб бораётган корхонани бошқариши мушкул бўлиб қолди. Иқтисодчи укаси Ойбекни ҳамкор сифатида ёнига олди, яқин дўстларини, кўзи чақнаб турган ёшларни чорлади.

Шприц заводи, “Сарбонтекс” тиббий боғламлар фабрикаси, “Сирдарё соҳили” қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси фаолиятини талаб даражасида йўлга қўйиш учун нафақат пойтахтдан, балки ривожланган хорижий давлатлардан мутахассислар таклиф қилинди. “Бек” миллий бренди остида биргина қовоқ уруғидан тайёрланиб, экспорт қилинаётган юз фоиз экологик тоза, шифобахш талқон довруғи Европагача таралди. Қадим Сайхун қирғоқларида фаолият кўрсатаётган “Бек” бирлашмаси таркибидаги кичик корхоналардан ойлик олиб, рўзғор тебратаётганлар сони 5 минг нафарга етди!

Улуғбек Норхўжаевич эса Аллоҳ менга беряпти, мен бошқаларга, деган тамойилга амал қиляпти. Болаликдаги орзусига кўра онасини заҳматлардан қутқарибгина қолмай,  волидаи муҳтарамасини муборак ҳаж зиёратига олиб борганининг ўзи унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборди. Яхши ният – ярми давлат деганлари шудир балки.

Миллиардерларга нима етишмайди?

Улуғбек Сотиболдиев фаолияти мисолида айтадиган бўлсак, бу – албатта ВАҚТ! Ушбу мақолани тайёрлаш истагида “Бек” бренди асосчисининг ёрдамчилари билан боғланиб, озгина вақт ажратишини айтганимизда, “Ўзи йўқ нарсани сўраяпсиз-да”, дейилгани ҳам шу фикрнинг тасдиғи бўлса не ажаб?

Биз ҳам айримларга ўхшаб худбинлик қилиб, бор-е, тадбиркор дегани анқонинг уруғи эмас-ку, деб қўл силтамадик. Бир неча кун замонавий ишбилармоннинг иккала офисидан бохабар бўлиб турдик, сим қоқишни тўхтатмадик. Соат капкири қайта-қайта айланаверса-да, қаҳрамонимизнинг бўшашини кутдик. Ниҳоят, офтоб ўрнини ойга бўшатган дамларда кўришдик. Қовоқ уруғи талқонининг таъмини тотиш баҳонасида XXI аср тадбиркорининг қалбига қулоқ тутдик. Бу мураккаб вазифани нечоғлик эплаганимизни зукко ўқувчи баҳолар.

Гурунгимиз ниҳоятда самимий, чин дилдан кечганини изоҳлашга ўрин йўқ. Боиси, Улуғбек Сотиболдиев нафақат бугунги куннинг фаол тадбиркори, балки Ҳаёт аталмиш улкан Китобнинг ҳам кўплаб зарварақларини аллақачон ўқиб, уқиб олганига амин бўлдик.

Шу ўринда яна бир оддий ҳақиқатни ҳам тан олайлик: Президентимиз  Ватанимизнинг турли ҳудудларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишаётганида, қолаверса, видеоселектор йиғилишларидаги чиқишларида халқнинг кўнглига йўл топишнинг бирдан бир йўли – энг аввало, одамларни рози қилиш, бугунги тарихий ўзгаришларнинг албатта юксак самара беришига ишонтириш ҳамда мамлакат истиқболини белгиловчи асосий омиллардан бири тадбиркорлик эканлигини бежиз қайта-қайта таъкидламаётганига амин бўламиз. Демак, биз бугун фахр билан ҳикоя қилаётган сирдарёлик Улуғбек Сотиболдиев тимсолида яна юзлаб, минг­лаб замонавий бизнес илмини эгаллаб, жонажон юртимиз ва улуғ халқимиз фаровонлигини янада оширишга муносиб улуш қўшаётган қалби қайноқ фаол тадбиркорлар сафи кенгаяётгани қувонарлидир.

Яна суҳбатга қайтамиз. Гурунгдан сездикки, қаҳрамонимизни вақтдан ташқари яна икки муҳим омил – профессионализм ва садоқатни бирлаштирган малакали кадрлар ҳам етишмаётгани қийнаётган экан. Яъни, ўз ишининг усталарида оддий фазилатлар, ишончли ходимларда эса касбий маҳорат камёб бўлиб турибди. Масалан, айни пайтда у шу талабларга жавоб берадиган агрономларга барча шарт-шароитларни муҳайё қилишга тайёрлигини ҳам қистириб ўтди.

Таклифлар қоғозда
қолмайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида Сайхун­обод туманида видеоселектор йиғилишини ўтказган эди. Ана шу тадбирда “Bek cluster” раҳбари, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Улуғбек Сотиболдиев ҳам бевосита иштирок этди. Муҳокамалар моҳиятини кузатиб ўтирар экан, сиёсий институтларнинг ислоҳотлар самарасини таъминлашдаги иштирокини кенгайтириш, тадбиркор ва фермерларга солиқ юкини камайтириб ҳам умумий тушум ҳажмини белгиланган кўрсаткичларда сақлаб қолиш йўллари, мамлакатимизда кенг муҳокама қилинаётган Солиқ концепцияси лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини баён этишни дилига тугди.

Айниқса, Тошкентда шу йилнинг февраль ойи­да O‘zLiDeP ташаббуси билан ўтказилган “Фаол тадбиркорлар анжумани”да қатнашиб қайтгач, мамлакат тараққиётининг “локомотив”ига айланаётган тадбиркорлик, ишбилармонлик соҳасида ҳали қилиниши керак бўлган кўп ишлар олдинда турганини англаб етди.

Жўяли мулоҳазалар, асосли таклифларни обдон қоғозга тушириб, хусусий сектор манфаатларини ҳимоя қилиш учун майдонга чиққан партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасига юборди.

Эътиборли томони, чин маънода фаол тадбиркор десак арзийдиган Улуғбек Сотиболдиев партия Сирдарё вилоят Кенгаши раислигига сайлангач, ташкилий-партиявий ишлар ҳам анча жонланди. Энди расмиятчилик учун ўтадиган йиғилишлар, бўлар-бўлмас ҳисоботлар тайёрлаш кескин камайди, партиядан сайланган депутатлар, фаолларимиз билан ташкил этилаётган юзма-юз мулоқотлар жонли ўтаяпти. Табиийки, жойларда одамларни қийнаётган, йиллар давомида ечим топилмаётган муаммолар кам эмас. Имкони борича бу каби масалаларга шу жойнинг ўзида ечим изланяпти.

– Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари иштирокидаги видеоселектор йиғилишида ҳамда 22 декабрдаги парламентга Мурожаатномасида бевосита сиёсий партиялар, халқимиз ишониб сайлаган депутатлар фаолиятидан кўнгли тўлмаётганини алоҳида таъкидлаган эди. Албатта, ошкора айтилган танқидий-таҳлилий муносабатдан биз ўзимизга тегишли хулосалар чиқаришимиз кераклигини халқимиз кутяпти. Демак, энди ҳар қандай каттами-кичикми, оғриқли муаммога кабинетда ўтириб ечим изланмайди. Оддий одамлар, жамоатчилик орасига бориб, юзма-юз, дилдан дардлашиб, кўнглига йўл тополсаккина, партиямизга ишонч ортади.

Яна бир жиҳати, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари, халқ вакиллари ўз устларида жиддийроқ ишлашлари керак. Ўзибўларчилик, ҳайбаракаллачилик замонлари ўтиб кетди, бугунги одамлар кечаги одамлар эмас, замон ўзгарди, жамиятда катта янгиланиш жараёни кетяпти. Энди томошабинлик қилиб ўтирадиган, тепса тебранмас тўралар, арзимас масалада одамларни овораи сарсон   қиладиган раҳбарлар уйғониши керак.

Яна бир қувонарли жиҳати шуки, Улуғбек Сотиболдиев партиянинг вилоят Кенгаши раи­си бўлганидан сўнг аппарат ходимларига машҳур фирмаларнинг офисидаги сингари қулай шароитлар яратилибди. Ойлик маошларига “Бек”нинг ҳисобидан юз фоизлик устама қўшилибди. Тушлик ҳам бепул. Йўғ-э, деяпсизми? Очиғи, яратилган бундай шароитларни Гулистонга бориб, ўз кўзим билан кўрмагунча мен ҳам ишонмагандим.

O‘zLiDePнинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, уларнинг ўринбосарлари, қолаверса, депутатларнинг партия фаолиятидаги фаоллигини ошириш, БПТларни жонлантириш бўйича Улуғбек Сотиболдиевнинг шахсан ўзи алоҳида режа ишлаб чиққан. Қоғоздагинамас – ҳаракатдаги режа, партиявий “йўл харитаси”. Илгари умумий кўрсаткичларда ўртачадан пастроқ натижа қайд этадиган Сирдарёдан охирги пайтларда самарали лойиҳалар, таъсирчан тадбирлар хусусида тез-тез хушхабарлар келаётганига энди ажабланмай қўйишди. Фақат битта гап айтиляпти: раис ишлаяпти. Биз эса “Раис ишлатяпти, руҳлантир­япти, рағбатлантиряпти”, дегимиз келди...

***

...Ушбу мақола қоғозга тушаётганда Улуғбек Норхўжаевич билан яна бир бор учрашдик. Бу гал Тошкентда. Унинг ўзи таҳририятга келди. Бугунги кун тадбиркорининг камтарлик фазилатини кашф қилгандай бўлдим. Қисқа мулоқотимиз давлатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифининг учинчи кунига тўғри келди. Табиийки, тадбиркор 4,8 миллиард АҚШ долларилик келишувларнинг иқтисодий аҳамияти ҳақида сўз очди. Мен эса унинг океанортидаги тарихий воқеаларга сиёсий нуқтаи назардан шахсий фикрлари билан қизиқдим:

– Яқиндагина Туркия Президенти юртимизга келиб, ислоҳотларга юқори баҳо берган ва улуғ шоиримиз Эркин Воҳидовнинг машҳур “Ўзбегим” шеърини ёддан ўқиб ҳаммамизни ҳайратлантирган эди. Туркия кичкина давлат эмас. Иқтисодий тараққиёт бўйича дунёда кучли йигирматаликка киради. Энди эса ана шу рўйхатда дастлабки поғонани банд этган АҚШ билан стратегик шерикликнинг янги даврига қадам қўйилди.

“Бек” бренди асосчисининг кун тартиби ҳақиқатда жуда тиғиз экан. Маҳаллий ёшлар учун янги иш жойлари очишим керак, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулот чиқаришим зарур, қишлоқ хўжалигига инновацияларни киритишим лозим... Эҳ-ҳэ, ўй-хаёлида бундай оламшумул мақсадлару ёруғ ниятлар, режалаштирилган тадбирларга тадориклар талайгина. Муддао эса, юртбошимиз таъбири билан айтганда, одамларни рози қилиш, она юртимиз ободлиги йўлида фидойилик кўрсатиш...

                                                                                                                                                            Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” махсус мухбири