Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Кейинги йилларда туркиялик ишбилармонлар билан 10 дан ортиқ қўшма корхона ишга туширилди

Кейинги йилларда туркиялик ишбилармонлар билан 10 дан ортиқ қўшма корхона ишга туширилди               Фарғона вилоятида иқтисодиётнинг турли соҳаларида 200 дан зиёд қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, кейинги йилларда туркиялик ишбилармонлар билан 10 дан ортиқ қўшма корхона ишга туширилди. Шунингдек, "Қўқон" эркин иқтисодий зонасида хорижликлар билан ҳамкорликда кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда ЎзА ёзди.   

             Туркиялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган Қўқон шаҳридаги "Aylin tekstil", Марғилон шаҳридаги “Тўёна”, Риштон туманидаги “Файз акро текс” каби корхоналар, айниқса, самарали фаолият юритмоқда. 

            Қўштепа туманидаги “Қўштепа ипак гиламлари” Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси маҳсулотлари ҳам ички ва ташқи бозорда ўз харидорига эга. 2016 йилда иш бошлаган корхонада 1 миллиард 800 миллион сўмликдан зиёд қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилиб, адрас, атлас, ипак гиламлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

             Корхона маҳсулотлари пишиқлиги, ўзига хос дизайни ва жилоси билан ҳар қандай харидорни мафтун этади. Замонавий дастгоҳларда тайёрланаётган ва миллий ҳунармандлик анъаналарини ўзида мужассам этган “Мармар”, “Зайтун”, “Қуёш”, “Кўнгил оғочи”, “Етти тоғ чечаги”, “Осмон гумбази” нусхали ипак гиламларга жаҳон бозорида ҳам буюртма кўпаймоқда. Айни кунларда бу маҳсулотларнинг Туркияга экспорти йўлга қўйилди. Жорий йилда 350 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланди. 

              – Миллий ҳунармандлик маҳсулотларимиз ўзининг бетакрорлиги ва юқори сифати билан дунёда довруғ қозонган, – дейди қўшма корхона раҳбари Исмоилжон Ашуралиев. – Айниқса, адраслар, миллий матолар ва ипакдан тўқилган гиламларга қизиқиш катта. Туркиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда миллий ҳунармандликнинг ноёб анъаналарини тиклаш, янги маҳсулот турлари яратишга ҳаракат қилмоқдамиз. 

              Бугунги кунда вилоятда туркияликлар билан ўрмончиликни ривожлантириш борасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Қўқон давлат ўрмон хўжалигида Туркияда етиштирилаётган 56 турдаги тезўсар терак қаламчалари экилди. Ҳудудда фойдаланилмай бўш турган ерлар ўзлаштирилиб, 150 гектар майдонда ёнғоқзорлар ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди. Бунинг учун Туркиядан иқлимга мос, серҳосил ёнғоқ кўчатлари келтирилади.