Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

КИЧИК БИЗНЕС РИВОЖИДА АҚШ ТАЖРИБАСИ

КИЧИК БИЗНЕС РИВОЖИДА АҚШ ТАЖРИБАСИ
Жаҳон иқтисодиёти ривожида кичик бизнеснинг салмоғи йил сайин ортиб бораётир. Бу турдаги тадбиркорлик нафақат ялпи ички маҳсулотнинг ўсишига, ўз навбатида, экспорт салоҳиятининг юксалишига ҳам яхшигина улуш қўшмоқда. Иқтисодиётда мазкур йўналишнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тажрибасини АҚШ, Хитой, Япония, Германия, Швейцария, Буюк Британия каби иқтисоди бақувват мамлакатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Мамлакатимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиш, айни соҳани оёққа турғазишга ҳар томонлама кўмак бериш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан келгуси беш йилдаги истиқболимиз режасини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси эса шу пайтгача амалга оширилган ишларни янги босқичга кўтаришни назарда тутади. Яъни, кичик бизнес йўналишида илғор тажрибаларни ўрганиш ва ўзлаштириш масаласи яна бир бор кун тартибига чиқмоқда.  
Биз газетамизнинг бу галги сонида Америка Қўшма Штатларида кичик бизнеснинг пайдо бўлиш тарихи, ривожланиш босқичлари ҳамда ҳозирда океан орти тадбиркорларига яратилаётган имтиёз ва шароитлар ҳақида имкон қадар фикр юритамиз.
 
Кичик бизнес бошқармаси

Қўшма Штатларда бу соҳани қўллаб-қувватлашнинг принциплари ва фалсафаси 1953 йили кичик ва ўрта бизнес манфаатларини ҳукумат даражасида ҳимоя қиладиган АҚШ Кичик бизнес бошқармаси (US Small Business Administration) ташкил этилиши билан шакллана бошлади. Бу ташкилот ҳукумат таркибидаги мустақил федерал агентлик бўлиб, мамлакат президентига ҳисобот беради. Унинг раҳбари АҚШ Конгрессининг маъқуллаши билан президентнинг таклифига биноан тайинланади. Идора учун бюджет ва молиялаштириш йўналишлари ҳам Конгресс томонидан тасдиқланади. Шундай қилиб, бошқарма КББ АҚШда давлат бошқаруви ва жамоат ҳаётининг таркибида юқори мақомга эга.
Америка қонунчилигига кўра, 500 нафаргача ходимга эга хўжалик юритувчи субъектлар кичик ва ўрта бизнес субъекти саналади. Шундан келиб чиқиб, барча кичик ва ўрта корхоналар уч тоифага бўлинган:
1. Микротадбиркорлик – 20 га яқин киши;
2. Кичик корхоналар – 20 дан 100 кишигача;
3. Ўрта корхоналар – 100 дан 499 кишигача.
АҚШда бугунги замонавий кичик ва ўрта бизнесга илк қадамлар “катта депрессия” (1930 йиллар) даврида ташланган дейиш мумкин. Ҳозирги кунда бу давлатда қарийб 7 миллиондан ортиқ кичик ва ўрта биснес корхонаси фаолият юритмоқда, улардан 6 миллионининг ҳар бирида камида 20 киши меҳнат қилади. Бундан ташқари, 18,3 миллион нодавлат қишлоқ хўжалиги корхонаси ҳам мавжуд. Айни пайтга келиб, иш ўринларининг учдан икки қисми кичик ва ўрта бизнес соҳасида яратилган.
Яна бир ҳайратланарли томони – фанни ривожлантириш ва янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, шунингдек, турфа хил ихтироларнинг катта қисми кичик ҳамда ўрта махсус ихтисослашган фирмалар ҳиссасига тўғри келади. Масалан, самолётлар, вертолётлар, кондиционерлар, шахсий компьютерлар ва бошқаларни шулар сирасига киритиш мумкин.
АҚШ Кичик бизнес бошқармаси тадбиркорларга молиявий ва консултатив ёрдам кўрсатиш, давлат буюртмаларини олиш ва йирик корхоналар билан шартномалар тузишга кўмаклашади. Ушбу ташкилотнинг ваколатхоналари АҚШнинг асосий иқтисодий марказлари эмас, балки барча штатларда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш сиёсатини ёйишга имкон берувчи йирик шаҳарларда жойлашган.
Унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
кредит олиш ва кафолатлар беришга кўмаклашиш;
кичик бизнес учун кредитлар ажратиш;
кичик бизнесга бевосита субсидиялаш ва кредит бериш.

Агар тадбиркорнинг маблағлари ҳисобидан бўлса:
бизнесни техник ускуна ва ахборот билан таъминлаш;
рақобат муҳитини сақлаш ва ривожлантириш.
Ҳозирги вақтда қарзни кафолатлаш дастури доирасида идора қарз мажбуриятларининг 90 фоизини давлат ҳисобидан қоплашни кафолатлаши мумкин. Бу кредит муддати 5 йилгача бўлган банк кредитлари ва 15 йилгача бўлган бевосита қарз бериш билан боғлиқ. Шунингдек, КББ фавқулодда вазиятларда (табиий офатлар, ижтимоий тартибсизликлар, террористик ҳаракатлар) кичик ва ўрта бизнесга молиявий ёрдам кўрсатишда алоҳида дастур ишлаб чиққан. 
 
“7а” ва “504”

КББнинг иккита йирик – “7а” (кичик бизнесни ривож­лантириш бўйича анъанавий ва вақт синовидан ўтган дастурларни кредитлаш) ва “504” (мавжуд кичик бизнесни янада ривожлантириш ва модернизациялаш) дастурлари мавжуд.
“7а”нинг мақсади – кичик тадбиркорларга кафолатлар беришдир, чунки улар кредитордан (банкдан) қарз олишда доим ҳам муваффақиятга эриша олмайди. Бу дастурнинг тадбиркорга фойдали жиҳати шундаки, кредитнинг мақсади, муддати ва миқдоридан келиб чиқиб, 75 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган қарзнинг 75 фоизигачасини кафолатлаб беради.
“504” дастури эса мавжуд кичик бизнесни кенгайтириш ва модернизациялашга ёрдам беришдир. Яъни, тизимга бизнес субъекти фаолияти тўғрисида тегишли маълумот тақдим қилингач, узоқ муддатли кредит билан таъминланади: кўчмас мулк, техника сотиб олиш учун молиялаш ва ҳоказо. Қарз 40% гача кафолатланади, аммо максимал миқдор 1 миллион АҚШ долларидан ошмаслиги керак.
2011 йили КББнинг бюджети 994 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ушбу маблағларнинг қарийб 72 фоизи “7а” дастурида кредит беришга, 19,6 фоизи эса “504” дас­турини молиялаштиришга йўналтирилган.
 
Кафолатлаш манбалари

Глобал молиявий инқироз таъсирига қарамай, АҚШ ҳукумати кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтиришда давом этмоқда. 2010 йил сентябрь ойида президент Барак Обама томонидан имзоланган “Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонунни олайлик. Унда кичик бизнесни кредитлаш учун махсус ишлаб чиқилган давлат фондидан 30 миллиард АҚШ доллари ажратиш кўзда тутилган. Янги қонун кредит беришни кенгайтириш билан бирга, кичик тадбиркорлик субъектлари, кичик ва ўрта корхоналарга солиқ имтиёзлари бериш, шунингдек, кичик бизнес субъектларига янги иш ўринларини яратишга кўмаклашишни назарда тутган. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини кредитлаш жараёнини фаоллаштириш учун маҳаллий банкларнинг молиялаштиришини кучайтириш, кичик ва ўрта бизнес ва хусусий тадбиркорларга бериладиган кредитлар бўйича фоиз ставкаларини камайтиришни тақозо этади. Қонун лойиҳасида, шунингдек, солиқ имтиёзлари бериш ва айрим турдаги тадбиркорларнинг даромад солиғидан қисман озод қилиниш амалиётини кенгайтириш ҳам эътиборга олинган.
Мамлакат бўйлаб 68 маҳаллий ваколатхонага эга АҚШ Давлат кичик бизнес комиссияси кредитларни кафолатлаш ва ходимларни рағбатлантириш орқали кичик бизнес субъектларига мадад қўлини чўзади. Комиссияга, шунингдек, 500 мингдан ортиқ кичик ва ўрта корхоналарни ўз ичига олган Мустақил тадбиркорлар миллий ассоциацияси ҳам ёрдам беради.
 
Шаҳар ҳокимиятлари ва штатлар улуши

Вашингтоннинг Сиэтл шаҳри кичик бизнес учун яхши ўйланган сиёсат туфайли мамлакатнинг ривожланган марказларидан бирига айланди. Ҳозирда шаҳар маъмурияти бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Улар ичида энг замонавий ва истиқболлиси “Янги аср учун кучли ечим” номидаги дастурлар мажмуидир. Лойиҳанинг ташаббускорлари бир қатор тадбиркорлар ва Сиэтл маъмурияти, шунингдек, айрим жамоат ташкилотлари саналади.
Дастурлар мажмуи бозор жараёнларини бошқаришни талаб этиш, одамларнинг меҳнат қилиш ва иш топиш истагини қўллаб-қувватлаш, иқтисодий ночор корхоналарни ривожлантиришга кўмаклашиш концепциясига асосланади. Унинг доирасида учта дастур ишлаб чиқилган. Булар – “Ишлаб пул топишга тайёрман”, “Тижоратни қўллаб-қувватлаш ва компанияларни кредит билан таъминлашни ривожлантириш маркази” ҳамда “Сиэтл ҳамкорликни ривож­лантириш компанияси”.
“Ишлаб пул топишга тайёрман” – етарли тажрибага эга бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ҳозирги ҳолатидан (даромад даражаси, ишнинг табиати ва бошқалар) мамнун эмас, бироқ вазиятни ўзгартирмоқчи бўлганларга ёрдам беради. Кичик ва хусусий корхоналарга кредит хизматларини кўрсатиш орқали шаҳарнинг кам даромадли, кам ривожланган ҳудудларида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мувофиқлаштириш мақсадини кўзлайди.
 “Тижоратни қўллаб-қувватлаш ва компанияларни кредит билан таъминлашни ривожлантириш маркази” дастури кам даромадли бизнес субъектларига мўлжалланган. Шаҳар бюджет маблағларидан ташқари Сиэтлда жойлашган “Майкрософт”, “Боинг”, “Медина Фоундэйшн” каби йирик компанияларнинг ихтиёрий инвестициялари ҳам йўналтирилади.
“Сиэтл ҳамкорликни ривожлантириш компанияси” – корпорация ва штатнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари асосида яратилган дастур. У уйлар қуришни хоҳлайдиган, аммо пули йўқлар ёки маблағи камроқларга, консалтинг хизматларига муҳтожларга кўмак беради. Ушбу дастур иш ўринларини яратиш, янги хизмат турларини тақдим этиш, солиққа тортиладиган базани кенгайтириш ва янги инвес­тицияларни жалб этишга хизмат қилади.
 
Кичик бизнесга инновациялар

АҚШ кичик бизнесида инновацияларнинг 55 фоизи КББ ҳомийлари томонидан молиялаштирилади. Конгресс бу борада махсус дастур ишлаб чиққан бўлиб, унга  йилига 1 миллиард доллар ажратади. Натижада кичик бизнесда олимлар, муҳандислар, таҳлилчилар ва компьютерда дастурловчиларининг иш билан таъминланишига эришилади.
80-йилларда кичик инновацион ишлаб чиқаришга олимлар, муҳандислар, кашфиётчиларнинг жалб этилиши оқибатида рақамларда кескин ўсиш кузатилди. 1980-йиллар охири – 1990-йиллар бошида АҚШ саноатининг юқори технологиялар секторида 100 нафардан кам одам ишлайдиган 40 мингга яқин компания фаолият юритган.
АҚШ тажрибаси шуни кўрсатадики, кичик инновацион бизнес субъектларини ривожлантиришнинг энг муҳим омили  бу – қўллаб-қувватлаш тизимининг ташкил этилишидир. Кичик тадбиркорлик субъектларига нисбатан давлат инновацион сиёсати кичик фирмаларнинг молиявий манбалардан фойдаланишини осонлаштиришдан иборат. Яъни:
1) бюджетдан мақсадли субсидиялар (федерал агентликлар ва идоралар орқали);
2) кичик фирмаларнинг инновацион фаолиятини молиялаштиришга хусусий капитални жалб қилиш.
АҚШда кичик фирмаларнинг тадқиқот олиб бориши ва ривожланиши учун кетадиган харажатларининг учдан бир қисми давлат улушига тўғри келади. Қайтарилмайдиган субсидиялар дастурлари асосан иккита федерал агентлик – КББ ва Миллий фан фонди (NSF) томонидан дастакланади. Тўғридан-тўғри қарзлар КББ томонидан ўз кредит манбалари орқали қаноатлантирилади. Кредит суммаси 150 минг долларни ташкил этиб, максимал ставкаси эса 7 фоиздан ошмайди.
Кредитлар қуйидаги шартлар асосида берилади: олти йилгача – маиший эҳтиёжлар учун; 20 йилгача – асбоб-ускуна сотиб олиш, ерга эгалик қилиш ва қурилиш учун; 30 йилгача табиий офатлардан зарар кўрган корхоналарни тиклаш мақсадида. Америка тажрибасига кўра, ҳукумат идоралари орқали бевосита субсидия шакл­лари етарли мослашувчанлик ва тезликка эга эмас.
Хусусий сармояни жалб қилиш, асосан, венчур фирмалари орқали амалга оширилади.  Венчур молиялаштириш АҚШда урушдан кейинги даврда сезиларли даражада ошди ва 1970-йилларнинг охирларида кенг тарқалди. 1980-йилларнинг бошидан эътиборан кичик бизнес, айниқса, инновацион фаолият билан боғлиқ субъектлар учун янада қулай солиққа тортиш шартлари ишлаб чиқилди.
Иқтисодиёт ривожланишининг янги босқичида қатъий таркибга эга йирик корхоналарга қараганда бозор муҳитига тез мослашувчан кичик корхоналар истеъмолчилар талабларига мос товарларни кўпроқ ишлаб чиқарадилар. Фан-техника тараққиётининг янги босқичи ҳам ишлаб чиқаришнинг ихтисослашувини кенгайтириш, кўп­лаб тармоқларда корхоналар ҳажмини оқилона кичрайтириш, турли хил товар ва хизматларни таклиф этиб, таклифнинг индивидуаллашувини таъминлаш имконини яратмоқда. Натижада эса доимо йирик ишлаб чиқариш тармоғи ҳисобланган металлургия соҳасида ҳам катта корхоналар билан бемалол рақобатлаша оладиган кичик бизнес субъектларининг самарали фаолият юритиши одатий тусга кирмоқда.
 
Интернет материаллари асосида тайёрланди.