Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

КИЧКИНАЕВНИНГ КАТТА ИШЛАРИ

КИЧКИНАЕВНИНГ КАТТА ИШЛАРИ Ғузорнинг Кенгсой сарҳадларида қад ростлаган, истиқлол мўъжизаси дея эътироф этиладиган “Шўртангазкимё” мажмуасига борар бўлсангиз, қоронғида ўзидан ёруғлик чиқариб, жилоланиб турувчи плиталарга нигоҳингиз тушади. Кварц қуми аралаштирилган бундай ашёлар воҳадаги таниқли тадбиркор, “Қашқадарё махсус қурилиш дизайн” корхонаси раҳбари Дилшод Кичкинаевнинг амалга оширган лойиҳаларидан бири. Тиниб-тинчимас ишбилармон йигит янгиликка, ноанъанавий услубларга иштиёқманд. Корхона томонидан қурилаётган биноларнинг ташқи тарафига ҳам ана шундай “нур таратувчи” плиткалар териляпти. Келгусида Оқсарой мажмуасидаги Амир Темур хиёбони ҳам ана шундай  плиталар билан безатилиши режалаштирилган.

– Дилшод тўнғич фарзандимиз, – дея ҳикоя қилади Бекназар ака. – Ўзим қурувчи бўлсам-да, унинг ҳуқуқшунос бўлишини орзулардим. Онаси Хурсандойнинг наздида ундан зўр ўқитувчи чиқиши керак эди. Аммо ўғлимиз биз ўйлаган касбларни танламади. Ёшлигидан уйчалар қуришни яхши кўрарди. Кўчада копток тепиб юрган тенгқурларига қўшилмас, ҳовлининг бир бурчагида ўзи учун ажратилган жойда  иморатчалар қуриб, завқ оларди. Турли биноларнинг шакл-шамойилини қоғозга туширар, кейин қуриб, бизга кўрсатарди. Бир куни уни ўзим ишлаётган қурилиш объектига олиб бордим. Қурувчилар ишини кузатаётган ўғлимнинг кўзларидаги ҳавасни кўриб, у умр йўлини безайдиган касб танлаганига ишондим.

Умумтаълим мактабини битирган Дилшод Қарши муҳандислик – иқтисодиёт институтига ўқишга кирди.  

– Талабалик давримда устозлар ва курсдош­лар билан Шаҳрисабзга саёҳат қилгандик, – эслайди Дилшод Кичкинаев. – Ўшанда маҳобатли Оқсаройни кўриб, аждодларимизнинг улкан бунёдкорлик салоҳиятига тан берганман. Уларнинг ақлу заковати ва юксак маҳорати ила барпо этилган муаззам обидалар пойида келгусида мен ҳам мана шундай муҳташам иморатлар қураман, деб ният қилганман. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Қудратимизга шак-шубҳангиз бўлса, биз қурдирган иморатларга боқинг” деган пурмаъно ҳикмати шууримга муҳрланган.

Бўлғуси бунёдкор институтни тамомлагач, қурилиш фирмаси ташкил этиб, тадбиркор қурувчи сифатида фаолият бошлади.

– 2001 йили илк йирик объект – Нишон туманидаги “Нуристон” қўрғончасида 40 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйни бунёд этиб, фойдаланишга топширгандик, – дейди тадбиркор. – Заҳматлар инсонни қийнайди, синайди ва улғайтиради. Ишнинг кўплигидан дам олиш кунини ҳам унутиб юборганмиз. Битта объектни олдикми, уни битирмагунимизча тинмаймиз. Муҳими – ишончни оқлаш, юртимиз кўркига кўрк қўшаётган бинолар қуришдир.

Дарҳақиқат, корхона жамоаси вилоятда амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишларида фаол қатнашиб келмоқда. Шаҳрисабз шаҳрини қайта қуриш ва таъмирлаш ишларига корхона қурувчилари баҳоли қуд­рат ҳисса қўшди. Дорултиловат, Доруссаодат тарихий обидалари, Ҳовузи Мардонни таъмирлаш, қадимий бадиий безакларини тиклаш, Амир Темур хиёбонини ободонлаштириш, мусиқали рангли фаввора ўрнатиш ишлари маромига етказилди. 2014 йили Қарши шаҳридаги Одина масжиди ва хиёбони таъмирланиб, фаввора ўрнатилди. Орадан бир йил ўтгач, Қашқадарё соҳилидаги қадимий Амир Темур кўпригини қайта тиклаш ва мармар панжара ўрнатиш ишлари юксак даражада бажарилди. Муборакдаги ҳарбий қисм учун спорт ва фаоллар зали бунёд этилди. Бу йил республика кардиохирургия ва эндокринология марказларининг вилоят филиаллари ҳамда вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил февраль ойида Қашқадарёга ташрифи чоғида биз қураётган тиббий марказлар бинолари қурилиши билан танишиб, ишлар сифатини ошириш, меъморий услубларини замонавийлаштириш борасида йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берган эди, – дейди қурувчи-тадбиркор. – Ана шулардан келиб чиқиб, тиббиёт муассасалари бинолари ва залларига янгича дизайн киритилди, даволанадиган беморлар учун барча шароит муҳайё этилди. Муассасаларнинг ҳар бир хонасига алоҳида эътибор қаратилди. Мақтанишга йўйманг-у, биз қурган иншоотлар пойтахтдагидан сира қолишмайди. Сабаби, ўз устимизда муттасил ишлаймиз, қурилиш борасидаги янгиликларни амалиётга татбиқ этишга ҳаракат қиламиз. 

“Қашқадарё махсус қурилиш дизайн” корхонаси ишга тушган дастлабки йили 4 нафар ходим меҳнат қилган бўлса, бугунги кунда 150 нафар ёш доимий ва мавсумий иш билан таъминланган. Ўтган йилларда энг сўнгги русумдаги 20 га яқин қурилиш техникалари харид қилинди. Илгари корхона томонидан кўпгина қурилиш материаллари сотиб олинар эди. Собиқ МЧЖ биноси “ноль” қийматда олингач, бетон маҳсулотлари, йўлак ва том плиталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Механика цехида қурилиш учун зарур барча асбоб-ускуна ва жиҳозлар тайёрланяпти. Корхонанинг аҳил ва меҳнатсевар ишчилари тез кунларда “Шўртангазкимё” мажмуаси ёнида барпо этилаётган синтетик ёнилғи ишлаб чиқариш корхонаси қурилишида қатнашадилар.   

Дилшод Кичкинаев саховатли тадбиркорлардан. Муттасил равишда хайрли ишларни амалга ошириб, элнинг дуосини олишни бурчи деб билади.  Партиямиз фаоллари билан шаҳар маҳаллаларида истиқомат қилаётган аҳолининг ижтимоий аҳволини ўрганиш жараёнида Отчопар маҳалласидаги 6 та кам таъминланган оиланинг уйи сифатли таъмирлаб берилди. Эшоншаҳид қабристонига кириш йўлига брусчаткалар терилиб, ободонлаштирилди.

– Турли идоралар томонидан асоссиз текширувлар, фаолиятга ноқонуний аралашувлар тадбиркорни ишдан бездиради, эртанги кунга ишончини сўндиради, – дейди Дилшод Кичкинаев. – Биз ҳам ана шундай нохуш ҳолатларни бошдан кечирганмиз. Ишимизни қонуний асосда олиб борганимиз учун текширувчилар ойлаб текшириб, ҳеч қандай хато-камчилик топишолмаган. Фақат қимматли вақтимизни йўқотганмиз, холос. Ахир тадбиркор учун ҳар дақиқа ғанимат. Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларининг молия-­хўжалик тизимини текширишга икки йиллик муддат мораторий эълон қилиниши нафақат эндигина иш бошлаган тадбиркор, балки кўп йиллик тажрибага эга ишбилармон учун ҳам катта аҳамиятга эга. Йигирма тўрт йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган инсон сифатида бунақанги имтиёзни ҳали кўрганим йўқ. Шунингдек, биз қурувчи тадбиркорлар учун энергия тежовчи технологияларни фаол жорий этиш назарда тутилган қурилиш соҳасини ривожлантириш дастурининг ишлаб чиқилиши катта янгиликдир.

Дилшод Кичкинаев O‘zLiDeP Қарши шаҳар Кенгаши аъзоси, шаҳардаги энг намунали БПТ етакчиси ҳамдир. У йиғилишларда партия ишини жонлантириш борасида аниқ таклифлар билан чиқади, электоратни ташвиш­лантираётган муаммоларнинг мақбул ечимларини ўртага ташлайди. Унинг таклифлари асосида партия депутатлик гуруҳи  халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашига бир неча масала киритди.

– Сайланганидан буён  партия вилоят Кенгаши йиғилишида бирор марта  қатнашмаган депутатларимиз ҳам бор, – дейди O‘zLiDeP ҳудудий ташкилотининг ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Сарвар Бекмуродов. – Дилшод Кичкинаев депутат эмас, аммо таклиф этилган йиғилишга албатта келади. Унинг фаоллиги, ташаббускорлигини нафақат партиямиз фаоллари, балки депутатларимизга ҳам ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. Мана, сайловлар ҳам яқинлашмоқда. Назаримда, депутатликка номзодлар танлашда ана шундай жонкуяр ва фидойи кишиларга эътибор қаратсак, амалга ошираётган ишларимиз самарадорлиги ортади.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири