Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

КИТОБ ЧИҚАРДИНГИЗМИ, ОРТГА БУРИЛИБ ҚАРАМАНГ!

КИТОБ ЧИҚАРДИНГИЗМИ, ОРТГА БУРИЛИБ ҚАРАМАНГ!

Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида ёш умидли ижодкор Жўрабек Жаҳоннинг китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Унда таниқли адабиётшунослар, халқ шоирлари ҳамда ёш қаламкашлар иштирок этди.

Одатда тақдимоти бўлаётган китоб муаллифи кўкларга кўтарилиб мақталар, асарлари лойиқми, лойиқ эмасми адабиёт дурдоналари қаторида туришга лойиқ қилиб кўрсатилар эди. Аммо бу сафарги тақдимот бутунлай ўзгача руҳда ўтказилди.

Таниқли адабиётшунослар Сувон Мели ҳамда Баҳодир Каримовлар сўзга чиқиб шоирнинг ютуқлари билан биргаликда камчиликларини ҳам айтиб ўтди. Сувон Мели Жўрабек Жаҳоннинг “Адабиёт муаллимасига” шеърига тўхталар экан, ижодкор қаерда тўхташни билиши лозимлиги ҳақида фикр юритди.

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг чиқиши кечани ҳақиқий “Маҳорат мактаби”га айлантириб юборди.

—   Китобингиз баҳосини ўзингиз аниқ билишингиз керак, дейди устоз ижодкор. — Китоб чиқардингизми, ортга бурилиб қараманг. Бўлди, сиз халққа бериб бўлдингиз. Энди у билан фахрланиб юришни бас қилинг. Янада яхшироқ ёзишга, янада кўпроқ нарса беришга уринг. Адабиётда ўз ўрнингзини топмоқчимисиз, белингизни жуда кўп жойидан боғлашингиз керак. Тинимсиз ўқиш, изланиш лозим...

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ёшлар билан ишлаш бўйича раис ўринбосари Нодир Жонузоқ чинакам истеъдод ёш билан белгиланмаслиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. “Кўнгил пойтахти” дея номланган мазкур шеърлар гулдастининг асоси бўлган, китобдаги “ўқ илдиз” шеърлардан ўқиб берди.

Ушбу тақдимотда танқид ҳам, мақтов ҳам ўз ўрнида бўлди.        

Чарос ЁҚУБОВА