Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Китобда китоб байрами

Китобда  китоб байрами

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим, давр талаблари даражасида амалга оширишда дастуриламал вазифасини ўтамоқда. 

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Китоб туман ҳокимлиги, туман халқ таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган “Китобсиз ҳаёт йўқ” деб номланган ижодий учрашувларда ёшлар маънавиятини юксалтиришда китоб ва китобхонликнинг ўрни ҳақида сўз борди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “ХХI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилов ўзи таҳсил олган Китоб туманидаги 78-умумтаълим мактабига ижод намуналаридан сараланган ҳамда бошқа ижодкорлар қаламига мансуб юздан ортиқ нодир китобларни тақдим этди. Яна бир ибратли жиҳати, унинг мактабдоши, айни пайтда вилоятда нуфузли ташкилотда раҳбарлик қилаётган Бекмурод Раҳимов ҳам қадрдон билим маскани кутубхонасига икки юзга яқин жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналарини туҳфа қилди. Тадбирда сўз олганлар назм ва наср мўъжизалари, китобнинг инсон тафаккурини бойитишдаги ўрни, билим ва тарбия олиши борасидаги беқиёс хизмати ҳақида фикр юритдилар.

– Давлатимиз раҳбарининг бу тарихий ташаббуси мамлакатимизнинг барча бурчакларида ўзига хос акс садо берди. Очиғини айтиш керак, орамизда қачондан бери ҳаётнинг турли-туман ташвишларига кўмилиб қолган кўплаб мутасаддилар китоб мутолаасидан анча узоқлашиб қолганди, – дейди Қашқадарё вилоят ҳудудий автомобиль йўллари бошқармаси бошлиғи, O‘zLiDeP аъзоси Бекмурод Раҳимов. – Кейинги бир йил ичида вилоятимиздаги юзлаб мактаб кутубхоналари фонди бойиди, ўқувчилар, аҳоли вакилларининг ушбу бебаҳо бойликка бўлган меҳри, муҳаббати ошди. Ўзимдан қиёс, Рамазон ҳайити арафасида пойтахтда яшаб ижод қилаётган қадрдон мактабдош дўстим Норқобил Жалил қўнғироқ қилиб, “Бекмурод, келинг, бу йилги ҳайитликни ўзимизнинг Минжир қиш­лоғидаги мактаб ўқувчиларига улашайлик” деб қолди. Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин билсам, у янги китоблардан ташқари, ўзи ўқиган, ҳатто айрим машҳур ижодкорлар дастхати туширилган китоблариниям мактаб кутубхонасига ҳадя қилмоқчи эканлигини эшитиб, бошим осмонга етди. Қаранг, бугунги байрам шарофати билан устозларим ва зиёлилар ҳамда илмга ташна йигит-қизлар билан мулоқот қилиб, беҳад севиндим. Бундан буён бу анъанани яна давом эттирамиз.

– Кўпдан бери орзу қилардим, оддий, хокисор оилада тарбияланиб, тақдирнинг кўп азоб-уқубатларини мардона енгиб, бугун пойтахтда яшаб, жўшиб ижод қилаётган ҳамқишлоғим Норқобил Жалил билан дийдорлашишни, – дейди ҳаваскор шоира Марҳабо Каримова. – Қисматни қарангки, бугун ўзим яхшиларнинг дуоси, эзгуликка йўғрилган беминнат ёрдамлари туфайли ҳаётга қайтиб, саломатлигим билан боғлиқ оғир синовларни ҳам китобларга суяниб енгиб ўтяпман. Шундай жонли мулоқотлар инсон руҳиятига қанот бағишлайди, яшашга, умрнинг ҳар лаҳзаси ғанимат эканлигига ишонч уйғотади. Икки фидойи юртдошимнинг мактабимизга келиб маърифат нурларини улашаётганидан беҳад хурсандман.

– Партиямиз ва вилоят ҳокимлиги саъй-ҳаракатлари туфайли воҳамизнинг чекка ҳудудларида ҳам шоир ва ёзувчилар иштирокида Президентимиз ўртага ташлаган 5 та муҳим ташаббусни тўла қўллаб-қувватлаб, кенг жамоатчилик, маҳалла-кўй, таълим масканлари билан ҳамкорликда китобхонлик маданиятини янада оширишга боғлиқ маданий-маърифий тадбирларни ўтказяпмиз, – дейди O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Турсунов. – Кенгашимиз томонидан тумандаги 78,-74-мактаблар кутубхоналарига янги бадиий адабиётлар ва ўқув кўргазма воситалари тақдим этилди. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад ҳам ёшларнинг китоб ўқишга интилиши ва қизиқишини янада ошириш, ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндаларининг дурдона асарлари билан танишиш бахтини туҳфа этиш, маънавий ва мафкуравий онгини янада бойитишдир.

Макрид агробизнес ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида давом этган ижодий учрашув ғоят қизиқарли ва ҳаяжонли кечди.

– Китобга муҳаббат қўйган инсон турфа олам сирларидан бохабар бўлиб, юксак тафаккур эгаси сифатида дунёга теран нигоҳ билан назар ташлайди, – деди Китоб  туман ҳокимлиги бош мутахассиси, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси  Лола Ўроқова. – Юртимизда китобхонликни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган  савобли ишлардан ҳеч ким четда туриши мумкин эмас. Мени қувонтирган жиҳати, қаранг, тўғриси, ҳаммамизнинг ҳам кўзимиз қиймайди, лекин Норқобил Жалил ўз шахсий кутубхонасида сақлаб келаётган, 1992 йилда Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид дастхат ёзиб, унга тақдим этган китобни шу коллеж кутубхонасига топширди.

 Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раи­си Ўроз Ҳайдар, таниқли шоир, “Мусиқа” нашриёти муҳаррири Амир Худойберди ўз ижод намуналаридан ўқиб беришган бўлса, ЎзА бош муҳаррири Абдужалил Тайпатов, вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бўлими бошлиғи, ижодкор Абдишукур Омонов, “Маҳалла” жамоат фондининг Китоб туман бўлими раиси Жаббор Раҳмонов, ёзувчи Жаббор Халил, фахрий педагоглар Нормурод Жумаев, Нишон Сатторов  ва бошқалар мамлакат миқёсида китобхонлик маданиятини тадбиқ этишга оид бундай маърифий анжуманларнинг юксак аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири