Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Китобда аҳоли селдан жиддий зарар кўрмоқда. ФВВ вилоят бошқармаси эса бундан бехабар

Китобда аҳоли селдан жиддий зарар кўрмоқда. ФВВ вилоят бошқармаси эса бундан бехабар

Китоб туманида 13 майдан 14 майга ўтар кечаси кучли ёмғир ёғиши натижасида сел тошқинлари юзага келиб, тумандаги Жиллисув, Боғибаланд, Анорзор, Макрид, Аёқчи маҳаллалари аҳолисига жиддий зиён етказди. Бу тўғрисида "Халқ сўзи" хабар берди. 
Маълумотларга қараганда, Жиллисув маҳалласидаги 112 хонадон селдан зарар кўриб, шундан 7 хонадон уйлари яшаш учун яроқсиз аҳволга келиб қолган. Боғибаланд  маҳалласидаги 15 хонадон, Анорзор маҳалласидаги 3 хонадон селдан талофат кўрган. Макрид маҳалласида 36, Аёқчи маҳалласида эса 40 та хонадон жиддий зарар кўрган.

Тошқин қишлоқларни боғловчи 12 та кўприкни ювиб кетган. Автомобиль йўлларига ҳам жиддий зиён етганлиги учун транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилган. Булардан ташқари, аҳолига тегишли айрим транспорт воситалари ҳам ном-нишонсиз йўқолиб қолгани айтилмоқда. 
Сел оқими аҳоли хонадонларида парваришланаётган 120дан ортиқ чорва молларини оқизиб кетган.
Қурбон бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ. 
Айни пайтда маҳаллаларда селдан зарар кўрган хонадонлар оилалари вақтинча бошқа жойларга кўчирилиб, табиий офат оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.  
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бу ҳақда ҳеч қандай маълумот тақдим эта олмади. 

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам Китоб туманининг тоғли ҳудудларда рўй берган сел ва тошқинлар тўғрисида “Facebook” даги саҳифалари орқали маълумот бермоқда. Жумладан, “XXI asr” газетаси Бош муҳаррири Норқобил Жалилов Китобда табиий офат ҳамон давом этаётгани ҳақда маълум қилди.
 “Китобда табиий офат ҳамон давом этмоқда!!!
Куни кеча Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги тоғли ҳудудларда даҳшатли сел ва тошқинлар рўй берганди.  Бугун ушбу табиий офат ҳақида "Халқ сўзи" сайтидан бошқа бирор манба миқ этмади. Телевидение ва радиолар мум тишлаган. Бугун кечқурун вазият яна кескин ўзгарган! Тумандаги Макрид, Хонақа, Аёқчи. Жилисув, Сапарча ва бошқа қишлоқлар аҳолиси бу балои офатдан жабр кўраётгани айтилмоқда. Туман раҳбарлари имкон қадар ёрдам кўрсатишмоқда. Аллоҳ ўзи асрасин!”, - дея фикр қолдиради журналист ўзининг саҳифасида.