Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Китобдан қимматли совға йўқ

Китобдан қимматли совға йўқ

O‘zLiDeP етакчиси Китоб туманида “Қадрдон мактабимга
китоб совға қиламан” шиори остида ўтказилган китоб
марафонида фаол қатнашди.  

Дунёда кўзни қувонтиргудек қимматбаҳо совғалар жуда ҳам кўп. Кимдир фарзандининг туғилган кунига янги уй, бошқа биров эса замонавий машина туҳфа этади. Аммо уларнинг ҳеч бири бир дона китобга арзимайди. Маърифатли инсонлар доимо ўз фарзанд­ларига китоб совға қилишган.  Чунки китоб турфа олам сирларини, ҳаёт тилсимларини англашда инсонга энг яқин кўмакчидир. Китобгина инсонни эзгу ишлар сари чорлайди, қалбини  юксалтиради, ҳаётга теран нигоҳ билан қарашга ўргатади. Айниқса, ёш авлоднинг баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишларида китобнинг ўрни беқиёс. Илм бир нурки, уларнинг ҳаёт йўлларини мунтазам ёритади, юксак давонларни забт этишларида яқиндан ёрдам беради.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов “O‘zLiDeP, ёшлар, китоб, маънавият” акцияси доирасида ўзи таҳсил олган Китоб туманидаги Панжи қишлоғида жойлашган 37-мактаб педагогик жамоаси ва ўқувчилари иштирокидаги тадбирда қатнашиб, мактаб кутубхонасига янги китоблар совға қилди.  

– Юксак маънавиятли ёшлар бахтли истиқболимиз эгаларидир, – деди партия етакчиси тадбирда сўз олиб, – Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакат келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига оладиган ёшларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Истиқболимиз тимсоллари бўлган ёшлар учун кўрсатилаётган ғамхўрлик бахт­ли келажагимиз йўлида эзгу ишлардандир.  Кейинги уч йилда  бунинг яққол самараларига гувоҳ бўлиб турибмиз. Мамлакатимизда ёш авлод тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги боис кўз очаётган ҳар бир истеъдод булоғи асраб-авайланиб, иқтидорини тўла намоён қилиши учун шарт-шароит яратиб берилмоқда. Доимий ғамхўрлик, меҳру муҳаббат ёшлар қалбида умид ва ишонч уйғотмоқда, юксак эътибордан илҳом ва руҳ олиб, ғайрат ва шижоат билан олға интилаётган ёшлар эртанги кунимиз умидли қўлларда эканлигини амалда намоён этмоқдалар. Зеро, юртнинг камоли, элнинг бахти ёшларнинг интилиши, ақлу заковати, билим ва малакасига боғлиқ. Яқиндагина бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз ёшларнинг маънавиятини юксалтиришга эътибор қаратиш, маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларга ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги долзарб масалалар ҳақида куйиниб гапирганликлари бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида давр талаблари даражасида амалга оширишда дастуриламал вазифасини ўтайди. Ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бешта турлари билан шуғулланишлари учун шарт-шароит яратиш уларнинг иқтидорларини намоён этишларида қўл келади. Спорт билан мунтазам шуғулланган йигит-қизлар нафақат жисмонан соғлом бўлиб вояга етадилар, балки жаҳон спорт ареналарида мамлакат байроғини баланд кўтарадилар.

Дарҳақиқат, ёшларда  болалик чоғидан китоб­га меҳр уйғотиш уларда мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантиришда яқиндан ёрдам беради. Бугунги глобаллашув даврида китобхонликни кенг тарғиб қилиш,  ёшларнинг билим савияси ва  маънавиятини юксалтиришда энг яқин кўмакчи китоб бўлиши, табиий.

 Мамнуният билан таъкидлаш керакки, ке­йинги уч йил давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси туфайли замондошларимизнинг тафаккури, дунёқараши ўзгариб, сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий маданияти ва фуқаролик бурчи юксалиб бормоқда. Ўқув муассасаларига китоб совға қилиш, келажак авлодга нурли истиқбол маёғини туҳфа этиш билан баробар. Бу эзгу ҳаракат мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларига қадар етиб бориб, ёш авлод, хотин-қизлар ва кексалар янги-янги китобларни мутолаа қилиш бахтига муяссар бўлмоқдалар.

Ҳа, қадрдон билим масканингга келиб, мурғак қалбингга эзгулик нурини жойлаган, сенга қалам тутишни, ўқиш ва ёзишни ўргатган қалби дарё устозлар билан дийдорлашиш дунё­даги энг савобли амаллардандир.

Актам Хаитов таҳсил олган мактабдаги устозлар ва мактаб ўқувчилари билан бўлган мулоқот жуда қизиқарли ва ҳаяжонларга бой бўлди. Собиқ ўқувчи ҳар йили бир маротаба ана шундай дийдорлашув кечасини ўтказиб, аъло ўқувчиларга китоблар жамламасини тақдим этишга ваъда берди. 

– Ҳар бир халқнинг салоҳияти, аввало, унинг маънавий камолоти, ақлу заковати, куч-қудрати, бунёдкорлик даҳоси ёшларнинг шижоати,  дунёқараши, билимдонлиги билан белгиланади, – дейди мазкур мактаб директори Лобар Раҳимова. – Бугун мамлакат сиёсий майдонида ўзига хос нуфузга эга бўлган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси билан бўлган самимий мулоқот савол-жавобларга бой бўлди. Партия етакчиси ўқувчиларнинг ўқиган китоблари, яхши кўрган қаҳрамонлари, келажак орзулари ҳақида дилдан суҳбатлашиб, бир пайтлар ўзи таҳсил кўрган қадрдон мактабига Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг тўлиқ томлари ҳамда жаҳон ва ўзбек адабиётининг нодир намуналарини улашиш билан бирга, яқин орада электрон кутубхона базасини ташкил этиш учун янги компьютер жамланмаси ҳам совға қилишини айтганида ўқувчиларимиз ниҳоятда қувониб кетди. Мактабимиз кутубхонаси янги-янги илмий ва бадиий адабиётлар билан бойиб қолди.  Бу бебаҳо хазинадан нафақат мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари, балки яқин атрофдаги қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ҳам баҳраманд бўлмоқдалар.

Лола ЎРОҚОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири