Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

КЎЧАЛАРНИНГ ЭГАСИ БОР...МИ?

КЎЧАЛАРНИНГ ЭГАСИ БОР...МИ?

Қишлоққа борсам, ота уйимизнинг рўпарасида яшаётган йигит ҳовли деворини бузиб, йўлдан бир метр қўшиб олиб, бетон қўйган экан. Кўчамиз шундоғам тор, машиналар ўтишга қийналар, каттароқ машинада юк олиб келишнинг сира иложи йўқ эди. Унинг очкўзлиги ўлганнинг устидан тепгандай бўлибди.

– Гапирмадингларми, индамай ўтираверсанглар, бу кетишда кўчаларинг йўлакча бўлиб қолади-ку, – дедим жиянимга.

– Айтган билан фойдаси йўқ, барибир билганидан қолмади. Кўчанинг ярими уники экан, хоҳлаганча қўшиб олишга ҳаққи бор эмиш...

Чидолмасдан қўшнини чақирдим.

– Бу нима қилганинг оғайни, шунча ер сенга камми? Кўчамиз кенг ва равон бўлса, одамлар бизни дуо қилади. Элни ҳам ўйлаш керак-ку!

– Ҳовлим бироз қийшиқ эди, шуни тўғрилаб олаяпман, – деди у пинагини ҳам бузмасдан. – Бекор ётган жой бўлса...

– Қийшиқ бўлса, кўчага бир метр ер ташла, тўғри бўлади. Шунча жойни эгаллаб, янтоқ ўриб олаяпсан. Боридан самарали фойдалансанг, ҳалигача миллионер бўлиб кетардинг, – дедим аччиқланиб.

– Кўчанинг эгаси йўқ, хоҳласам, ярмини қўшиб оламан, бутунлай ёпиб ташлашга ҳам ҳаққим бор. Чунки бу ер менинг кўчам, истаганимни қиламан. Борган жойингизга боринг, қўлингиздан ҳеч нарса келмайди...

Унга гап уқтириб бўлмаслигини билардим. Шунинг учун маҳалла раисининг ҳузурига бориб, воқеани тушунтирдим.

– Гапирган билан фойдаси йўқ, – деди раис. – Биласиз-ку, уям, отасиям гапга кўнмайдиганлар хилидан. Шуларга тенг бўлмай деб мен ҳам индамадим.

– Индамасангиз, одамлар нималар қилмайди. Ўша йигитнинг отаси пишиб турибди, бандалик қилса, кўчамизда тобутни айлантириб бўлмайди. Шу томонларини ўйламаяпти-да.

– Гапга кўнмаса, нима қилай!

– Сиз маҳалла оқсоқолисиз. Ҳеч бир фуқаро сиздан ўтиб, ноқонуний иш қилмаслиги керак. Яна бир марта бориб айтинг, деворни жойидан тортсин, агар олмаса, тегишли жойларга айтиб, барибир қурган деворини буздиртираман. Қилган меҳнатига ҳам, пулига ҳам куяди. Ҳалиям кечмас...

Шаҳарга қайтиб келганимдан бир неча кун ўтиб, жияним қўнғироқ қилди: қўшни йигит “ёзувчи”лардан безор бўлдим, деб тўнғиллабди-да, деворини эски жойидан тортибди. Энг алам қиладигани, маҳалладошлар кўриб турса-да, унга бир оғиз танбеҳ беришни исташмаган. Шунчалар лоқайдмизми?

Қаерга борсам, кўчаларнинг равонлиги, иморатларнинг бир текис қурилганига разм соламан. Намунали лойиҳалар асосида бунёд этилаётган ҳовлиларда истиқомат қилаётган одамларга ҳавасим келади. Кўчаларига гуллар экиб, чиройли қилиб қўйишибди. Замонавий уйларда яшаш уларнинг феъл-атворларига ҳам ўзгариш киритгандай. Бир-бирлари билан аҳил, ширинсўз, меҳмондўст бўлиб қолишган.

Аммо айрим шаҳар ва қишлоқ кўчаларини айлансангиз, ғалати ҳолатга дуч келасиз. Иморатини бузиб, қайта қурган одам кўчадан ҳечқурса бир қарич, ярим метр, баъзилар бир метргача ерни қўшиб олишни одат қилишган. Қинғир-қийшиқ кўчаларни мутасаддилар кўрмайдими, ерга тўймасларни инсофга чақирмайдими, тегишли жазо қўлламайдими? Хўш, уларни ким тартибга олади? Маҳалла раисининг айтганини назар-писанд қилмаса, маҳалладошларнинг пинаги бузилмаса.

– Туманимиздаги Сарой қишлоғига сув келадиган ариқни бир фуқаро кўмиб ташлаб, ўрнини томорқасига қўшиб олгани, натижада кўпчилик оилалар томорқа суғориш учун оқар сув олиб ўтолмаётгани ҳақида сайловчиларим менга бир неча бор ёзма ва оғзаки мурожаат этишди, – дейди Халқ депутатлари Қарши туман Кенгаши депутати Дилшод Турсунов. – Муаммони синчиклаб ўрганиб, мақбул ечим топиш мақсадида туман архитектура бўлимига сўров юбордим. Аммо тайинли жавоб ололмадим. Иккинчи сўровим эса жавобсиз қолди. Сайловчилар “ариғимизни очиб беринг” деб ҳоли-жонимга қўйишмаяпти. Нима қилишга ҳайронман. Бир томондан томорқа хўжалигини ривожлантирамиз деб ҳаракат қилаяпмиз. Аммо сувсиз томорқага экин экиб, ҳосил етиштириб бўлмайди-да...

Тасаввур қилинг, катта шаҳардаги бир ҳардамхаёл киши уйиними, девориними таъмирламоқчи бўлади-да, кўчасига бир машина тупроқ келтириб тўкади. Шу-шу, тупроқ йўлни чангитиб ётаверади. Қишда лойга айланади. Ўша ердан қийналиб, сўкиб, қарғаб ўтасиз. Лекин уй эгасининг пинаги бузилмайди. Тупроғинг­ни ол десангиз, кўча меники дейди.

Сентябрнинг илк кунлари. Ота-онаси олиб берган янги либосларга қараб шодланиб, Президент совға қилган чиройли сумкасини елкасига осиб, мактабга кетаётган жажжи ўғил-қизларга ҳавасим келди. Қандай ажойиб замонда яшашяпти келажагимиз эгалари. Уларнинг ортидан кўзларим қувониб бораяпман. Кейинги кўчага бурилганимизда бир оиланинг соҳибаси кўчани тўлдириб, таппи қуйиб қўйган экан. Таппи деганлари шунчалар кўпки, одамлар аранг ўтиши учун ёлғизоёқ йўл қолдирилган. Ўқувчи қизчалардан бири нохосдан қоқилиб, таппиларнинг устига ўтириб қолди. Унинг ўксиб йиғлаганини кўриб, юрагим эзилиб кетди. Эшикдан чиққан бефаросат аёл кечирим сўраш ўрнига, қизчани койиб, пачоқ бўлган таппиларини текислай бошлади. Унга гапиргандан фойда йўқ...

Айтинг-чи, туман давлат санитария назорати ходимлари бир марта бўлса ҳам шу кўчадан ўтганмикан? Кўчаларнинг тозалиги учун ким масъул, ўзи? Ахир заҳарли каналар чаққанидан сўнг ҳатто ҳаётдан кўз юмаётган одамлар мана шундай эътиборсизликнинг қурбони бўлишмаяптими? Қишлоқларни қўяверинг, ке­йинги пайтларда Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва бошқа туман марказларини кўрсангиз, айрим чеккароқ кўчалар таппи қуядиган майдонга айлантирилган.

Одатда кўчалар тугаган жойда автомашиналарнинг қайрилишига осон бўлиши учун каттагина майдон ташлаб кетилади. Аммо кўчанинг четидан иморат солган фуқаро аввал панжара тортиб, ўша ерда ўсган ўтларни ўриб юради. Кейинчалик эса безбетларча ҳовлисига қўшиб олади. Ана шундан ҳатто автоҳалокатлар келиб чиқаяпти. Одамлар жабр тортаяпти. Айбдорлар эса жазосиз қолмоқда. Мен шу пайт­га қадар бирорта мутасаддининг маҳалла ва қишлоқларни айланиб, мана бу кўчанинг эни шунча метр бўлиши керак, деганини кўрмадим ҳам, эшитмадим ҳам. Кўчаларнинг ҳужжати йўқлиги боис эгасиздек таассурот қолдиради.

Бир неча йил аввал содир бўлган даҳшатли воқеа ҳамон кўз ўнгимда турибди. Бир дўстимизнинг отаси вафот этди. Ёмғирли кун эди. Жанозага зўрға етиб бордик. Кўчалар лойпарчин бўлиб ётибди. Жаноза ўқилгач, тобут кўтарилди. Бундай пайтда оломон жуда тез юради, секинлаштиришнинг сира иложи йўқ. Одат шунақа. Биз тобутнинг ортидан бораётган эдик. Кўча тугаган жойда кескин қайрилиш бор экан. Йўл ниҳоятда тор, ўнг томонда эса каттакон зовур. Тобуткашлар ана шу ерга келганда ер лой бўлгани боис оёқлари тойиб қалқиб кетиб, зовур томон йиқила бошладилар. Шу пайт бир кекса кишининг ҳайқириши ҳаммани сергак торттирди: “Халойиқ, тобутни ушла, тобуткашларга ёрдам қил!” Ҳамма ҳушёр тортди. Олдинда кетаётганлар ҳам, орқадан қолганлар ҳам кўмакка шошилди. Оломоннинг эл бўлганини кўрдим ўшанда мен. Ҳамманинг тилида бир сўз: Ё, Оллоҳ! Ҳартугул, бақувват ва чапдаст йигитларимиз кўнгилсизликка йўл қўйишмади. Парвардигор уларга куч берди, тобутни-да, тобуткашларни-да суяб қолишди. Бир зум ҳамма тўхтаб, сукутга чўмди. Кейин яна қабристон томон йўл олдик.

Маълум бўлишича, маҳалланинг четида яшаётган киши йўл учун ташлаб кетилган каттагина майдонни ҳовлисига қўшиб олиб, иморат солган экан. Мана, кўчага эътиборсизликнинг, ерга тўймасликнинг аянчли оқибати. Кейинчалик оғайнимдан суриштирдим. Бояги одамнинг пинаги ҳам бузилмабди. Устига устак, девордан бир метр ўлчаб, панжара тортиб қўйганмиш. Энди айтинг-чи, ўша маҳалланинг раиси, оқсоқоллари борми? Агар бўлса, кўчани уйига қўшиб олаётган мардумни кўрмаганмикан? Қўшнилар-чи?

– Ўттиз йиллар илгари қишлоғимиз ҳудудидан 28 та хонадонга давлат уйлари қуриб берилган, – дейди китоблик Дилбар Камолова. – Шу уйларда яшаётган тўрт фуқаро ажратилган ер майдонига қаноат қилмасдан, одамлар ўтиб-қайтадиган йўлга ҳар хил иморатлар қуриб, ҳовлиларига қўшиб олишган. Қўлларида ҳужжат ҳам бор, аммо ноқонуний. Қишлоқ аҳолиси уйига келиш-кетишда 1,5-
2 километр масофани айланиб ўтишга мажбур. Айниқса, болалар қаттиқ азият чекмоқда. Худо кўрсатмасин, агар қишлоғимизда ёнғин содир бўлса, ўт ўчириш машинаси шунча масофани айланиб келаман дегунча, ҳамма нарса куйиб кулга айланади-ку. Биз йўлимизни очиб бериш­ларини сўраб, жуда кўп идораларга мурожаат этдик. Туманимиз ҳокими ўринбосари ва туман “Ермулккадастр” ДК бошлиқлари имзо қўйган хатларда бу ерда йўл борлиги билдирилган. Аммо масалани ижобий ҳал қилиш ҳақида лом-мим дейилмаган. Фақатгина бир фуқаронинг уйи орқа томонидан маҳаллий ариқ ўтгани ва бу ариқнинг муҳофаза ҳудудини очиб қўйиш тўғрисида огоҳлантирилгани айтилган, холос. Ёзавериб, ҳеч қандай натижага эриша олмадик. Наҳотки, кўчаларни ўзбошимчалик билан қўшиб олаётганларни қонуний жазога тортишнинг имкони бўлмаса?

Бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин.

Истиқлол йилларида мамлакатимиз шаҳару қишлоқлари қиёфаси тубдан ўзгарди. Бунёд этилаётган замонавий иншоотлар, таълим муассасалари, кўплар ҳавас қилаётган гўзал кошоналар, янги уйлар юртимиз кўркига кўрк қўшмоқда. Аммо кўчаларнинг равонлиги, тозалиги, иморатларнинг бир текис қурилиши эътибордан четда қолди. Бу билан шуғулланаётган масъул идоралар эса зиммасидаги вазифани уддалай олмаяпти. Ахир, кўчалар мамлакатнинг юзи эмасми? Назаримизда, уларни тартибга солиш, кўчабузарларни жарима ёки жазога тортиш борасида қонунчилигимизга ўзгартиришлар киритиш керак деб ўйлаймиз. Кўча давлатники, элники эканини тушунтириш, уни озода сақламаган ёки ҳовлисига қўшиб олганларни тегишли жазога тортиш керак. Уларнинг ноқонуний қурган иморатлари бузиб ташланиб, отнинг калласидай жарима солинса, бундай ишларга иккинчи бор қўл урмасмиди...

Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири