Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Когонда 450 тонна чиқиндини қабул қилиш қувватига эга технология ўрнатилди

Когонда 450 тонна чиқиндини қабул қилиш қувватига эга технология ўрнатилди

         Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 10-11 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Когон туманида чиқиндиларни саралаш ва қайта қуриш кластери қуриш лойиҳаси билан танишиб, уни тўла қўллаб-қувватлаган, бу борадаги энг муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас масъулияти чекланган жамиятимиз ўз фаолиятини бошлади. Албатта, катта ишнинг бош­ланиши осон кечгани йўқ. Ҳар қандай шароитда ҳам белгиланган вазифани аҳил жамоамиз билан ҳамжиҳатликда уддалашга бел боғладик.

            Истиқболли лойиҳани амалга ошириш мақсадида “ноль” қийматда ажратиб берилган бино ва иншоотлар қайта таъмирланиб, Хитойдан бир кеча-кундузда 450 тонна чиқиндини қабул қилиш қувватига эга технология келтириб ўрнатилди. Белгиланган муддатда металл, тош, шиша, яроқсиз резина ва автошиналар, пластмасса, ёғоч тахта бўлаклари, шох-шаббалар, макулатура, қурилиш материаллари, матолар чиқиндисини саралаш сингари ишлаб чиқариш жараёни бошлаб юборилди. Эътиборлиси, чиқиндилардан брикет, синтетик тола, қоғоз картон, тўқимачилик матоси, қурилиш блоклари, биогумус ва бошқа бир қатор тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

           Бундай янгиликларни аввал фақат тасаввур қилиш мумкин эди. Чунки бизнинг одамларимиз учун, ўйлаб кўрайлик, чиқиндини қайта ишлаш деярли қисқа муддатда амалга ошириш ниҳоятда қийин муаммо эди. Лекин давлатимиз томонидан яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ушбу лойиҳани муваффақиятли уддаладик.

         Ҳозирги кунда жами 400 дан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхона жамоасининг ғайрат-шижоати билан Бухоро ва Когон шаҳарлари, шунинг­дек, Бухоро ва Когон туманларидаги маиший чиқиндилар ташиб келтириляпти. Истиқболдаги режа-вазифаларга мувофиқ келгусида корхонамиз фаолиятини кенгайтирган ҳолда вилоятнинг барча ҳудудларидаги чиқиндиларни бу ерга етказиб бериш кўзда тутилган.

          Қувончли жиҳати, Президентимиз куни кеча Бухорога ташрифлари чоғида бевосита бизнинг корхонамиз фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, зарур йўл-йўриқ, топшириқ ва кўрсатмаларни берганликлари барча ишчи-хизматчиларимиз ва техник ходимларимизни, замонавий автоуловларни моҳирлик билан бошқараётган ҳайдовчиларни янги меҳнат муваффақиятлари сари ундади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг чиқинди қайта ишланса, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, кўплаб иш ўринлари яратилади ва, энг муҳими, экологиямиз тоза бўлади, кейинчалик сув ва ҳаво орқали аҳоли саломатлигига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг олди олинади, деган фикрлари ҳамюртларимизни янада руҳлантириб юборди. Президентимизнинг худди шундай корхоналарни бошқа жойларда ҳам ташкил этиш бўйича берган кўрсатмалари юртимизда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Насриддин РАШИДОВ,

Бухоро вилояти

“Аҳолитранс” МЧЖ раиси,

O‘zLiDeP фаоли