Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Конституция кафолатлайди

Конституция  кафолатлайди      Бош қомусимиз – Конституциямиз ҳуқуқ ва манфаатларимизнинг чинакам ҳимояси ва кафолати, фаровон ҳаётимизнинг асосидир.  Давлатимиз раҳбари Асосий қонунимиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағиш­ланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам шу ҳақда алоҳида тўхталди. Шунинг­дек, қисқа вақт ичида юртимизда амалга оширилган кенг миқёсли ўзгариш­ларнинг туб моҳияти, олдимизда турган вазифалар хусусида атрофлича сўз юритди.

        Маълумки, Асосий қонунимиз Ўзбекистонда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини қуриш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг энг муҳим қоидаларини мужассамлаштирган.

        Масалан, унинг 53-моддасида бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат истеъмолчилар ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклининг тенг ҳуқуқлилигини ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза қилинишини кафолатлаши назарда тутилган. 36-моддасида эса ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги белгиланиб, шахсларнинг мулкка бўлган ҳуқуқи конституциявий норма даражасига кўтарилди, муҳим иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлардан бири сифатида эътироф этилди. Бошқача айтганда, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ҳамда давлат ҳимоясида бўлиб, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мулкидан маҳрум қилиниши мумкин.

        Конституциямизда мустаҳкамланган бош мақсад, принцип ва қоидалар асосида кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерликни изчил ривожлантириш орқали мамлакатни янада тараққий топтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Натижада юртимизда хусусий тадбиркорлик равнақи бўйича қулай ишбилармонлик муҳити яратилди. Бу борада қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар қўлланилди.

        Айниқса, сўнгги йилларда тадбиркорлик соҳасида ўз фаолиятини бош­лаш учун рухсат олиш, солиқ, молия ҳамда статистика органларига ҳисобот топшириш масалаларини тартибга солиш бўйича қонунчиликнинг такомиллаштирилиши билан бу йўналишдаги тизимли ишлар янги босқичга кўтарилди. Мазкур жараён кенг миқёсда давом этаётгани, айниқса, эътиборлидир. Буни Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

         Бундан ташқари, валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар иқтисодиётга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга замин яратди.

        Конституциямиз қабул қилинганидан буён ўтган 25 йил мобайнида унинг қоидалари ҳаётга изчил жорий этилди. Ҳаётимизнинг барча жабҳасида илгари тасаввур қилиб бўлмайдиган ютуқларга эришилди. Айни чоғда фуқаролар ҳамда миллатлараро тотувлик таъминланиб, турмуш фаровонлиги йилдан-йилга юксалиб бормоқда, ижтимоий-маданий, таълим, илм-фан соҳаларида улкан муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Шубҳасиз, буларнинг барчасида Асосий Қонунимиз мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилаяпти.

Фарҳод ШОЙҚУЛОВ,

Юристлар малакасини ошириш
маркази тингловчиси