Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Конституция ва Ҳаракатлар стратегияси

Конституция ва Ҳаракатлар стратегияси

Мамлакатимизда давлатни жамиятга, халққа хизмат қилувчи институтга айлантириш, унинг фаолиятини қонунлар­га таяниб қуришга қаттиқ киришилган, десак хато бўлмайди. Гегель “Ҳуқуқ фалсафаси” асарида фуқаролик жамиятида ҳар бир алоҳида инсоннинг ҳуқуқи давлатнинг шахсий ҳуқуқига айланиб, давлат инсон ҳуқуқларини худди ўзининг ҳуқуқларидек ҳимоя қилиш ва қарор топтириш мажбуриятини зиммасига олишини таъкидлаган. Фуқаро – жамият – давлат ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ва адолатли ҳуқуқий ечими Конституциядир.

Бош қомусимиз муқаддимасида инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик тантанали равишда эълон қилиниб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулият англанган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянилиб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат намоён этилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф қилинган қоидалари устунлиги тан олинган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш кўзланиб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Президентимизнинг “2017­­-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида таъкид­ланганидек, мамлакатимизда мус­тақиллик йилларида Конституциямизга таянган ҳолда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот, давлатимиз чегаралари дахлсизлиги, жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Ҳаракатлар стратегияси, таъбир жоиз бўлса, Бош қомусимизда тажассум топган эзгу ғояларни рўёбга чиқаришнинг ўзига хос механизмидир. Бу борадаги фикрларимизни шартли равишда уч бандга ажратган ҳолда ифодалашга ҳаракат қиламиз.

Биринчидан, Ҳаракатлар стратегиясининг тузилиши Конституцияга монанд ишлаб чиқилган. Асосий қонунимиз муқаддима ва олти бўлимдан иборат. Олтинчи бўлимда Конституцияга ўзгартиш киритиш тартиби белгиланганини эътиборга олсак, асосий нормалар бешта бўлимда баён этилган. Ҳаракатлар стратегияси ҳам уни тасдиқлаш тўғрисидаги фармонда баён этилган муқаддимадан ҳамда асосий йўналишларга ажратилган беш бўлимдан иборат.

Ҳақли савол туғилиши табиий. Ҳаракатлар стратегияси нега айнан Конституцияга шакл ва мазмун жиҳатдан ҳамоҳанг яратилди? Ҳар икки ҳужжатнинг замирида демократик қадриятларнинг устуворлиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш олий қадрият саналиши, ҳокимиятнинг манбаи эса фақатгина халқ эканлиги каби қоидалар турибди. Конституцияда ана шу тамойиллар концептуал жиҳатдан белгиланган бўлса, Ҳаракатлар стратегиясида концептуал нормалар ижросини таъминлашнинг изчил механизми кўрсатилган. Ушбу механизмлар эса, фармонда айтилганидек, ҳар йилги давлат дастурлари асосида такомиллашиб бораверади.

Иккинчидан, Ҳаракатлар стратегияси Конституцияда белгиланган нормалар ижросини таъминлашга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Масалан, Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналишидаги “Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш” номли 1.1-бандида белгиланган вазифалар Асосий қонунимизнинг “Олий Мажлис” деб номланувчи 18-бобида баён этилган нормалар ҳамда сиёсий ҳуқуқларга оид 34, 60-моддалари ва соҳага дахлдор бошқа нормаларни ҳаётга кенг тат­биқ этишга қаратилган.

Биринчи йўналишдаги давлат бошқаруви ва жамоатчилик бошқаруви тизимини (1.2 – 1.3-банд) такомиллаштириш хусусидаги вазифалар эса Бош қомусимиздаги айнан халқ ҳокимиятчилиги, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани, халқ манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиш, давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилиши, халқнинг давлат ва жамият ҳаётини бошқаришдаги иштироки, халқ ҳокимиятчилиги деган тамойил­лар ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқларни руёбга чиқариш механизмини ривожлантиришни назарда тутади.

Ҳаракатлар стратегиясининг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” номли иккинчи йўналишидаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга қаратилган вазифалар Конституциянинг учинчи бўлимида белгилаб қўйилган меъёрларга ҳамоҳанг. Бунда инсоннинг шахсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ҳуқуқларини амалда давлат, суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан таъминлаш борасида илғор демок­ратик давлатлар қаторига чиқиш мақсад қилинган.

Агар шу тарзда таҳлил этадиган бўлсак, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий йўналиш ва вазифаларнинг барчаси Конституцияда баён этилган демократия ва инсонпарварлик, халқчилликка суғорилган меъёрларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилгани аён бўлади.

Учинчидан, бугун инсон – жамият – давлат муносабатларида мутлақо янгича ёндашувни рўёбга чиқариш мақсадида амалга киритилган Ҳаракатлар стратегияси Асосий қонунимизни такомиллаштиришга зарурат ҳозирлайди. Негаки, Ҳаракатлар стратегияси “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосига қурилган. Шундай экан, галдаги ислоҳотларни амалга ошириш жараёни Конституциямизнинг айрим нормаларини кенг жамоатчилик фикри ва бу соҳада илғор давлатлар тажрибаси асосида такомиллаштириб, сайқаллаб боришни, баъзан янги-янги меъёрларни киритишни ҳам тақозо этиши табиийдир.

 Нуриддин МУРОДОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия
қўмитаси котибият мудири,

экспертлар гуруҳи раҳбари