Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

КЎРГАНЛАРИМ ВА КЎРМАГАНЛАРИМ

КЎРГАНЛАРИМ ВА КЎРМАГАНЛАРИМ

Қизилўрда шаҳрида умргузаронлик қилаётган Ўринбой отанинг қизлари – айни пайт­да Остона шаҳрида яшаётган келинимиз Бахтигул Жумановадан бир ҳафта бурун телеграмм орқали хат келди: “Қозоғистонда ўтаётган Ўзбекистон йили ҳам охирлаб боряпти, қанча меҳмонлар келиб кетишди, лекин сизлардан дарак йўқ. Қудачилик – мингйилчилик дейишарди, тўй бошладик, отамиз 70 ёшни қаршилаяпти, жиянларимнинг суннат маросиминиям қўшаяпмиз, шу баҳонада бир зиёратга келмайсизларми...”

Ўринбой акани танирдим. Заҳматкаш инсон. Тақдир тақозоси билан Термизда, кейин қўшни Қозоғистон Республикасининг Сариоғоч туманида, кўп йиллардан бери эса Сирдарё бўйлари бўлмиш Қизилўрдада яшаяпти...

Дил яқин – йўл яқин

Йўлга отландик. Ҳамроҳларим хавотирда. “Манзил олис, чегарадан ўтиш ҳам мушкулмиш, қолаверса, бегона жой, яна тағин билмадик...”

Келесдан Сариоғочга ўтиш жойида кўришдик. Нари-бериси ярим соатда етти меҳмон қўшни республика ҳудудига ўтдик. Икки давлат чегарасида деярли муаммо бўлмади: ўзбек ва қозоқ аскар йигитларининг хушмуомала кутиб олишлари, оқ йўл тилашлари кўнгилни чоғ қилди.

У ёқдаям ўзимизнинг хира киракашларимизнинг эгизаклари кўп экан. Бири келиб Шимкентгами, иккинчиси Туркистонгами, деб ҳоли-жонимизга қўймайди. Охири “Йўқ, биз Қизилўрдага, тўйга кетяпмиз”, деганимиздан сўнггина бир-бири билан шивирлашиб узоқлашишди. Кейин билсак, бориш-келиш сал кам
1 200 чақирим экан. Шунга...

Яна телефон жиринглади – Бахтигул экан: “Эсон-омон ўтдингизларми, келишларингизни эшитиб шунақа суюндимки. Эрта тонгда Остонадан тўғри Қизилўрдага эмас, Чимкентга болаларим билан самолётда учиб келдим. Ҳозир “Hyundai” микроавтобуси гаплашдим, насиб этса, икки соатдан кейин учрашамиз. Тўй бугун кечқурун”.

Ҳайрон бўлдик. Бу ёқда соат ўн икки бўлса, олдинда шунча масофа, қандай улгурамиз. Ҳасанбой деган қозоқ ҳайдовчи йигит йўлга тушаётиб орамиздаги оқсоқолимиз Қўчқор бободан дуо сўради. “Илоҳи, сафаримиз бехатар бўлсин!”

“Бу ёқларда радар йўқми?”

Сариоғочдан Чимкент трассасига чиқдик. Йўллар кафтдек текис. Пиёлада чой ҳўплаб бораётган Салимбой ҳайронлигини яширолмайди: “Ҳов, шопир ука, сал секинроқ юринг, мен “Дамас”да неччи марта “радар”га тушиб оғзим куйган”. Ҳасанбой бўлса кулади. “Бу трасса, куке, юздан кам юрсам, ортимдан келаётганга халақит бераман. Радар, дейсизма, йўқай, бизда кўчмаси бор, ҳар-ҳар замонда қўйишади. 25 йиллик стажим бор, ҳали “тезлик”ка тушганим йўқ, кўз тегмасин”.

Абжир ҳайдовчимиз бало экан. Бир ярим соат деганда Чимкентга кириб бордик ва мезбонлар ҳамроҳлигида тағин катта йўлга тушдик. Вақт пешиндан ўтаётганди, очликка ўрганмаган ҳамроҳлардан бири ҳазил аралаш гап бошлади: “Бизнинг ўзбекларда кўришган заҳоти меҳмонга бир пиёла чой узатиларди, Бахтигул, нима, сизларда...” дейиши биланоқ, шаддод келин тушмагур ҳозиржавоблик билан каттакон сумкасига ишора қилди. “Йўл-йўлакай овқатланамиз, вақтни қизғоняпман, бўлмаса кеч қоламиз. Бир катта шаҳар аҳли Ўзбекистондан меҳмонлар келишяпти, деб неча кундан бери тайёргарлик кўришяпти”.

Замонавий микроавтобус ичини бирпасда турли-туман ноз-неъматлар бўйи тўлдирди. Таъбга яраша озиқ-овқатлар ҳам улашилди. Кейин қозоқча қўшиқ янгради: “Менинг ўзбек бовурим, Сен келсанг тушар ҳовурим, Туркий элим болалари, Мангу сўлмас лолалари...”

Туркий номлар – тирик жонлар

Узоқ сафарга отланган одам уйидан қанча олислашгани сари ўзи туғилиб ўсган тупроқни шунча соғина бошлайди. Кўз олдингдан қадрдон инсонларинг, кўзинг ўрганиб қолган манзаралар бир-бир ўтади. Қадим Қизилқум саҳролари аро машинамиз елиб бораркан, олис мозий садолари қулоғим остида жаранг­лагандек туюлаверади.

Қизилўрда... Оқмачит... Шаҳар биқинидан Сирдарё оқиб ўтаркан. Сариоғочдан чиққанимиздан кейин республика аҳамиятига эга мақом берилган Чимкент шаҳридан ва ота Туркистон заминига (шу йил июнь ойида Қозоғис­тон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев имзолаган фармонга биноан шу пайтгача Жанубий Қозоғистон деб номланган улкан ҳудудга эга вилоят ўзининг тарихий номи Туркистон деб атала бошланди), кейин эса Қизилўрда чегарасигача чўзилиб кетган трасса юзидаги айрим овул-ҳудуд номларини секин хотирамга ёзиб бораман: Сариоғоч, Қозиғурт, Шимкент, Бодом, Оқчиғаноқ, Тўрткўл, Мингбулоқ, Туркистон, Канақўрғон, Байгукам ва, ниҳоят, Қизилўрда! Аксарияти кўҳна туркий номлар, тўғрими? Неча асрларки, бу атамалар дунёнинг турли бурчакларига буғдой доналаридек сочилиб кетган туркий халқлар ўтмишидан ҳикоялар сўйлайди гўё. Ёки Қизилўрда шаҳрининг ўзидаги мангуликка дахлдор зиёратгоҳлар ичида Қўрқут ота, Ялангтўш Баҳодир ва бир қатор қадимий ёдгорликлар-чи?

Ўнта хонанда шарт эмас экан

Қизилўрдадаги тўйда ана шу ҳақиқат исботланди!

Бизда, эслайлик, тўй-маросим ва тантаналарни тартибга солиш, дабдабабозликларни камайтириш ҳақида давлат раҳбари ташаббуси билан жиддий саъй-ҳаракатлар бошланиб кетганида ҳокимлик ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Айниқса, Тошкент шаҳар ҳокимиятида айнан шу масалада жиддий баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Шу орада қизиқ ҳолат рўй берди: айрим ижтимоий тармоқларда кузатдик, битта тўйда бир санъаткор ё гуруҳ хизмат қилса кифоя, деган таклиф ўртага ташланганида... сизу биз байрам-тантана, тўй-томошларда кўриб, олқишлаб юрган таниқли қўшиқчилар ва энди “юлдуз”ликка даъвогар ҳаваскорлар интернету бошқа давраларда тўполон кўтарворишди. Нима эмиш, бир тўйда бир нечта артист хизмат қилмаса, умуман тўғри келмасмиш. Ана холос, шундай пайтда бизнинг ўзимиз осмонга мақтаб чиқариб қўйиб, энди оёғи ердан узилган санъаткорлар орасидан бирорта марди чиқиб, “Ҳой барака топгурлар, келинглар, тўйни азага айлантириб, ажриму ажрашиш, қарз тўлолмай, хорижий элларда сарсон-саргардон бўлиб юрган юртдошларимиз тақдирига дахлдор масалада биз ҳам четда турмайлик, қўлимиздан  келса хайрия ёрдамлари уюштирайлик”, дея олдими? Аксинча, нафси балоси устунлик қилди, алалоқибат, бу масала ҳамон очиқлигича турибди.

Қизилўрдада бунинг аксини кўрдик. Ихчамгина тўй. Икки юз чоғли меҳмонлар даврани тўлдиришди. Бир маҳал ўртага аввал тўйбошилар – Ўринбой ота ва Олтиной момо чиқиб келиб,  ҳаммага таъзим бажо айладилар. Ке­йин тўйболалар махсус безатилган тахтиравонда кириб келди. Қувонарлиси, мусиқалар миллий, халқона. Ортиқча шовқин-сурон деярли йўқ. Кейин қозоқ оқинлари ижро этган қадим айтимлар янгради. Сўнгра...

Энг қизиғи бошқа. Уч соатлик тўйни, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бир йигитнинг ўзи уч нафар мусиқачи жўрлигида бошлаб, якунлаб берди! Қойилмисиз! Ҳам бошловчи, ҳам хонанда, ҳам қизиқчи ва ҳоказо...

Яна бир ибратли жиҳати, ижро этилган тарона ва қўшиқларнинг аксарияти қозоқча,  беш-ўнтаси эса ўзбек тилида. Асосийси, дастурхон атрофида ўтирган меҳмонлар бир-бирлари билан бемалол гурунглашиб ўтиришди. Бизда-чи, бунинг тескариси, мусиқа асбоблари овози ҳаддан ташқари баланд қилиб қўйилгани учун одам одамни эшитмайди, имо-ишора билан гаплашасиз, холос.

Тўй дегани бундоқ бўлсин экан-да...

Аҳмад Яссавий зиёрати

Алишер Навоий ҳазратлари “Мақомоти олий ва машҳур, каромоти матаволий ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва ашоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси остонида ниҳоятсиз эрмиш”, дея таъриф берган тасаввуф илмининг машҳур намояндаларидан бири, илк туркийзабон мутасаввиф шоир Аҳмад Яссавий мангу қўним топган манзилни ҳеч бўлмаса бир бора кўрмоққа орзумандлар дунёда қанча. Шукр­ки, улуғ авлиё мақбарасини бундан беш йил аввал ҳам бир гуруҳ дилдошларим билан бирга зиёрат этмоқ насиб қилганди. Бу гал эса...

Ҳайрату ҳаяжон ила табаррук қадамжога кирамиз. Ичкарида ўзгача руҳ ҳукмрон. Ёшу қари улкан мақбарадаги ҳар бир осори атиқани синчиклаб кўздан кечиради. Асрларни қаритган нодир китоблар, муқаддас Қуръони карим қўлёзмалари, қадимий  уй-рўзғор, иш қуроллари ва бошқа юзлаб бебаҳо экспонатларни соатлаб томоша қилиш мумкин. Уларнинг ҳар бири тилсим, синоат...

Ташқарига чиқиб, Яссавийнинг машҳур қудуғи, чиллахонаси, масжидини ҳам зиёрат қиламиз. Таассуротлар бир дунё. Кетгиси келмайди одамнинг. Лекин вақт бизга бўйсунмайди. Тўрт соат бир лаҳзадек ўтиб кетибди. Улкан майдонни эгаллаган зиёратгоҳга келаётганларнинг орти кўринмайди. Улар орасида турли миллат ва элат вакиллари бор эди.

Қуёш уфққа оға бошлаганида ортимизга қайтдик. Қанийди, яна бир-икки кунгина қолиш имкони бўлса, Туркистондаги бошқа муборак манзилларни ҳам зиёрат айлардик, дея армон қилишди ҳамроҳларим...

Бизда бори сизда йўқ

Йўловчи халқи синчков бўлади. Ҳар бир кўрган манзарани таҳлил қилади, солиштиради. Катта трассада кетаётгандик. Шерикларимиздан бири яна ҳайдовчини гапга солди: “Ҳасанбой, ука, чарчаб қолмадингизми? Кечадан бери йўл юрамиз, икки катта вилоят ҳудудини босиб ўтдиг-у, лекин бирорта пост кўрмадик, нима, сизларда ГАИчиларга иш йўқми дейман?”

Ҳазил-ҳузулни хуш кўрадиган зиёлинамо йигит кулимсираганча жавоб қайтарди: “Авваллари бизлардаям бўларди, постлар, шлагбаумлар, қатор-қатор текширувчилар, кейин олиб ташлашди. Қараса, ҳаммаси коррупция, кечаю кундуз ўтганниям, қайтганниям талайди. Қайсидир йили, эшитган чиқарсиз, республиканинг бош ГАИси юк мошинада Остонадан Шимкентгача келади. Ҳар гал тўхтатганида пора сўрашади, охири не бўлди, ҳукумат жиддий чора кўрди: блокпостлар бекор бўлди, йўлларни энди олатаёқли ГАИчилар эмас, қонун назорат қиляпти. Аслида дунёнинг ҳамма ерида шундай”.

Парадоксни қаранг: улкан трассанинг ҳар 10-15 чақиримида йўл устида кичкинагина ҳожатхоналар қурилган, ичкариси топ-тоза. Атрофида бирор овул йўқ, тўрт тарафи изиллаган чўл. Ҳайрон қоласизми? Демак, жиддий назорат ўрнатилган. Яна денг, ҳайдовчи-йўловчилар учун бир қатор қулайликлар яратилган, кечаю кундуз ишлайдиган мўъжазгина тамаддихона, меҳмонхона ва техник хизмат кўрсатиш устахоналари қурилган.

Энди ўзимизга қайтамиз: узоқни қўя туринг, “М 39” деб номланувчи “Тошкент-Термиз” трассасини кўз олдингизга келтиринг-чи! Тошкентдан чиқволдингиз, Сирдарёдан ўтгунингизгача бирор чеккароқда беминнат ҳожатхона борми, айтинг! Ёки туни билан ишловчи техник устахона қаерда бор? Жиззах йўлидаги “ёлғончи ошхоначи”лар макони-чи, дейсизми? Нафси ҳакалак отган шоввозлар ҳаводан ҳам пул қилишяпти.

Хуллас, энг қулай йўли битта, у ҳам бўлса, пулидан қочманг-да, то Термизгача терингиз юпқалашиб, темир асабингиз ҳам емирилиб кетмасин десангиз, тўғри самолёт ё поездга чипта олаверинг, бўлмаса...

Қайтиш...

Сафаримиз қариди. Тасаввур қилинг, икки куннинг тенг ярми йўлларда кечди. Лекин, ишонаверинг, орамизда ҳеч ким чарчадим, толиқдим, шуниси охиргиси, дея нолимади. Яхши дўст сафарда билинади, деганлари балки шудир.

Қайтишда Ғишткўприкка келдик. Тумонат одам, кўринг томошани. Бизга ўхшаб тўйдан енгилгина қайтаётганлар ҳисобли. Аксарияти савдогарлар, мўмай пул топиш илинжида юрганлар экан. Нимадан билдик, бир маҳал икки йигит бизга юзланиб, чангютгич олувдик, биттадан олиб ўтсангизлар, ҳар бирига қирқ мингдан тўлаймиз, деса бўладими. “Уддабурон” эмаслигимиз уларга ёқмади, бошқа одам излаб кетишди. Очиғи, кеча у тарафга ўтишда бу даражада қийналмаган эдик, балки якшанба куни бўлгани учун тирбанддир деб ўйладик. Қайда, ёнимизда бизга ўхшаб узун навбатларда тоқати тоқ бўлган айрим йўловчиларнинг айтишларича, деярли ҳар куни аҳвол шундай экан. (Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилингач, бу борада анчагина ижобий ўзгаришлар сезилди.)

Юрган дарё, деганлари балки ростдир. Бор-йўғи икки кунлик сафар давомида кўрган-кечирган воқеаларнинг қисқача тафсилоти ҳозирча шу. Кўрмаганларим эса бир дунё.

Норқобил ЖАЛИЛ,

Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Тошкент – Чимкент – Туркистон – Қизилўрда – Тошкент