Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Коррупцияга қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик зарур

Коррупцияга қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик зарур

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш бўйича респуб­лика идоралараро комиссияси ҳамкорлигида ўтказилган “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш” мавзусидаги давра суҳбатида бу ҳақда алоҳида таъкидланди.

Коррупция халқнинг давлат ва унинг органларига бўлган ишончига путур етказади, жамиятнинг ахлоқий асосларини емиради, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг вужудга келиши ва чуқурлашишига сабаб бўлади. Агар бирор соҳа жадал ривожланмаётганининг сабаблари холис ва чуқур ўрганилса, улардан бири, албатта, коррупция эканлиги маълум бўлади. Тан олиш керакки, жамиятимизда мазкур иллат йиллар давомида томир отганлиги хусусида Президентимиз Шавкат Мирзиёев деярли ҳар бир чиқишларида бизларни бот-бот огоҳликка чорлаётганлиги бежиз эмас. Тан олайлик, илгари юртимизда ана шу оғриқли муаммо хусусида деярли сўз очилмас, гўёки бу мавзу “ёпиқ” эди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил ўз сайлов­олди маърузаларидан биридаёқ бу муаммога алоҳида диққат қаратиб, “бугунги кундаги яна бир устувор вазифамиз – мамлакатимиз ривожига тўсиқ бўлаётган ёвуз иллат, яъни коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш масалаларини самарали ҳал этишдан иборат”, дея таъкидлаган эди. Орадан кўп ўтмай, ўтган йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Президентимизнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури” тасдиқланди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди. Эътиборлиси, юртбошимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам коррупцияга қарши таъсирчан механизмларни  қўллаш муҳимлигини яна бир карра қайд этди. Бинобарин, давлатнинг мазкур иллатга қарши курашиши бўйича талай самарадор вазифалар белгиланиб, уларни амалга татбиқ қилиш учун Президентимиз бош­чилигида тизимли ишлар олиб бориляпти. Бироқ бу борада кўзланган мақсадларни фақатгина давлатнинг ўзи тўла-тўкис рўёбга чиқариши мушкул. Бугунги кунда коррупцияга қарши курашишда жамиятнинг барча саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, аҳоли, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг давлат идоралари билан ҳамкорликда иш олиб бориши, ҳуқуқий тарғибот самарадорлигини оширишга эътибор кучайтирилмоқда. Зеро, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг ролини мустаҳкамлаш коррупция олди олинишининг муҳим шартларидан биридир. Шу ўринда айтиш керакки, сиёсий партиялар орасида фақатгина O‘zLiDePнинг сайловолди дастурида коррупцияга қарши курашиш бўйи­ча аниқ вазифалар баён қилинганлиги ҳам эътиборга молик. Чунки партиямиз асосий электорати – тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакилларининг эмин-эркин фаолият юритишига ҳам ана шу даҳшатли бало – коррупция салбий таъсир кўрсатяпти. Шу боис Ҳаракатлар стратегиясида мазкур йўналишда белгиланган вазифаларни амалга ошириш, юқорида тилга олинган қонун ва қарор ижросини таъминлашда фаол қатнашиш, сайловчиларга бу борада берилган ваъдаларни бажариш O‘zLiDeP фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Давра суҳбатида бу борада масъул идоралар ва жамоат ташкилотлари, бир сўз билан айтганда, кенг жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалар хусусида муфассал сўз юритилди.

Ўттиздан зиёд давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзоси Шуҳрат Шарофутдинов сўз олди.

– Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул идоралар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур, – деди  партиямиздан сайланган депутат. – Бунинг учун юртдошларимизда коррупцияга, умуман, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти шаклланиши талаб қилинади. Чунки қонунбузарликлар содир этилишига кўпинча одамлардаги лоқайдлик, айниқса, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслик ҳам сабаб бўляпти. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорликни ҳис этган ҳолда ҳамжиҳатликда иш олиб бориши иллатларнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади. Бунга эришиш учун эса давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари бир ёқадан бош чиқариб, астойдил ишлашлари зарур.

 

Бош прокуратура Бошқарма бошлиғи ўринбосари, Коррупцияга қарши курашиш республика идоралараро комиссия­сининг Эксперт гуруҳи раҳбари Баҳром ҚОБИЛОВ, жумладан, шу пайтгача давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари яратилмагани натижасида коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи вазиятлар кўпаяётгани ва мансабдор шахслар фаолияти холисона баҳолашга ва уларга берилган ваколатлари билан фойдаланишини холисона баҳолашга халақит беришини қайд этди.

– Тилга олинаётган ижтимоий шериклик самарадорлигини ошириш учун бир неча муҳим вазифаларни амалга ошириш керак, – деди маърузачи. – Аввало, коррупцияга қарши курашишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг ўзига хос хусусиятлари ва моҳиятини очиб бериш ҳамда ушбу соҳада ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш керак. Шунингдек, бу борада Коррупцияга қарши курашиш республика идоралараро комиссияси ва O‘zLiDeP иштирокида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида фикр алмашиш учун доимий майдон яратиш, тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда ижтимоий шериклик механизмларидан кенг фойдаланиш, жумладан, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида келишув ва шартномалар тузилишининг асосий йўналиш­ларини белгилаш мақсадга мувофиқ.

Бош прокуратура вакили 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижроси юзасидан амалга оширилаётган айрим ишларга ҳам тўхталиб ўтди. Дастурнинг биринчи йўналиши – коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича қабул қилиниши белгиланган 9 та қонун лойиҳаси ва 1 та миллий дастур ишлаб чиқилиб, шунингдек, 2018 йил бошида Президент томонидан 3 та қонун имзоланди ва кучга кирди, 4 таси Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилинган. 2 та қонун лойиҳаси бугунги кунда вазирлик ва идораларда кўриб чиқилмоқда. Дастурнинг иккинчи йўналиши, яъни аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, коррупцияга қарши кураш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш, ушбу иллатга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, унинг содир қилинишига имкон берувчи сабабларни бартараф этишга қаратилган 5 мингдан ортиқ учрашув, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Айнан прокуратура органлари томонидан аҳоли, давлат органлари ходимлари ҳамда тадбиркорлар ўртасида 850 та семинар, давра суҳбати ва бошқа тадбирлар ташкил этилди.

– Демократик давлат фуқаро устидан босим ўтказадиган эмас, аксинча, унинг конс­титуциявий ҳуқуқларини амалга оширишга хизмат қиладиган ижтимоий институтдир, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Шуҳрат Бафаев. – Шу боис мамлакатимизда Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш устувор йўналиш бўлиб, бунда бошқарув тизимини тубдан ислоҳ этиш, давлат аппаратининг фуқаролар билан мулоқотида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, давлат ва жамият ишларини бошқаришга аҳолининг кенг қатламларини жалб этиш, қонунларнинг мазмун ва моҳиятини аҳолига етказиш каби масалалар билан бир қаторда давлат органларининг фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳозирги ислоҳотларнинг долзарб масалаларидан бирига айланган. Коррупциянинг олдини олиш борасида давлат органларига мурожаатлар ва сўровларни киритиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитувлари, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик мониторинги, аҳолининг ижтимоий фикрини ўрганиш каби усуллар ижобий натижа бериши шубҳасиз. Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бў­йича маслаҳат кенгаши жамоат назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этиш жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фик­рини ўрганиш маркази директори ўринбосари Марат ҲОЖИМУҲАМЕДОВ давра суҳбати иштирокчиларига мониторинг тарзида ўтказилган “Коррупцияга қарши кураш жамоатчилик фикри кўзгусида” сўровлари натижаси хусусида маълумот берди. Ўтказилган тадқиқотларга кўра, фуқароларнинг аксарияти — 91,5 фоизи Президентимиз раҳбарлигида коррупцияга қарши олиб борилаётган сиёсатнинг асосий йўналишлари, тамойилларини тўла маъқуллаяпти. Шунингдек, юртдошларимизнинг кўпчилиги мазкур муаммо моҳиятини тўғри англаб, коррупция баъзи соҳаларгина эмас, балки бутун мамлакатимиз салоҳияти ва тараққиётига путур етказади, деб ҳисобламоқда. Респондентларнинг фикрича, айрим фуқароларнинг ўзи қандайдир масалани ҳал қилиб бериш эвазига амалдорларга пора ва бошқа турдаги “мукофот”ларни таклиф қилиб, уларни қонунбузарликка ундаяптики, бу эса  ҳуқуқий маданиятнинг сустлигидан дарак беряпти. Сўровлар қатнашчиларининг 66 фоизи бундан буён коррупционерларни муқаррар жазо кутаётганига амин эканликларини билдиришди. Шуниси диққатга сазоворки, савол-жавоблар иштирокчиларининг каттагина қисми коррупцияга қарши курашиш, нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки бутун халқнинг, жамиятнинг муҳим вазифаси эканини маълум қилди.

Коррупцияни вужудга келтирувчи асосий омиллар сифатида эса фуқаролик жамиятининг етарли даражада такомиллашмагани, мансабдор шахслар фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг заифлиги тилга олинди. Хуллас, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги қатор соҳалар ва ижтимоий қатламлар, турли ёш ва жинс вакиллари муносабатини атрофлича ўрганиш натижалари юртбошимиз ташаббуси билан коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар халқимизда теран хайрихоҳлик уйғотаётганини кўрсатди.

— Давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги коррупцияга қарши курашишда улкан имкониятлар яратади, — деди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Зикрилло МАҲМУДОВ. — Фикримнинг тасдиғи сифатида эътиборингизни қуйидаги рақамларга қаратмоқчиман: Ўзбекистонда 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, адлия органларида 9 235 та нодавлат нотижорат ташкилот ва 2 245 та диний ташкилот рўйхатдан ўтказилган. Шу билан бирга 231 та доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди, 8973 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳам ҳисобга олинган. Бундан ташқари, касаба уюшмаларининг 130 мингдан ортиқ бошланғич ташкилоти мавжуд. Ана шу ва бошқа талай омиллардан келиб чиққан ҳолда ҳар бир давлат органи ҳузурида коррупцияга қарши курашиш бўйича жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Улар таркибига тегишли давлат органи раҳбари, унинг ўринбосарлари, кадрлар нозири, назорат ва таҳлил вазифаси юклатилган таркибий бўлинма раҳбари ҳамда узоқ йиллик тажриба ва малакага эга бўлган таркибий бўлинма раҳбарлари, бошқа ходимлар, шунингдек, ҳамкор ННТ вакиллари ҳамда тизимдаги касаба уюшмаси фаоллари киритилиши лозим. Ташкил қилинадиган жамоатчилик кенгаши коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилашга, бу борада бошқа идоралар билан мунтазам ҳамкорлик қилишга кўмаклашиш, тизим ходимларининг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик юзасидан таклифлар ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш ва шу сингари бошқа кўплаб ишлар билан шуғулланади. Жамоатчилик кенгаши йиллик иш режасига асосан ўз вазифаларини амалга оширади. Ҳар ярим йилда йиғилиш ўтказилиб, режалар ижроси, коррупциянинг олдини олиш бўйича тайёрланган навбатдаги чора-тадбирлар ва таклифлар муҳокама этилади, тегишли қарорлар қабул қилинади.

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йили қабул қилинган коррупцияга қарши Конвенцияси талабларини мамлакатимиз қонунчилигида қадамма қадам имплементация қилиш мақсадга мувофиқ, – деди Коррупцияга қарши курашиш республика идоралараро комиссияси Эксперт гуруҳи аъзоси Нодира ЗИКРИЛЛАЕВА. – Биринчи навбатда жамиятда ошкораликка эришиш, фуқароларни қонунлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Аҳолига очиқ-ошкора маълумотларни етказиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида тадбирлар уюштириш, таълим муассасаларида ушбу мавзуга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзуларни янада кучайтириш лозим. Коррупциянинг салбий оқибатлари оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиниши ҳам ёшларни ҳақиқатпарварлик руҳида тарбиялашга ёрдам беради. Шуни унутмаслик зарурки, бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражаси пастлиги коррупциянинг келиб чиқишини асосий омиллардан бири бўлмоқда.

 

 Давлат органлари ва фуқаролар ўртасида ўзаро мулоқотнинг сустлиги ва ҳуқуқий ҳимояга иккинчи даражали масала сифатида қаралаётгани коррупциянинг кенгайишига олиб келади. Бундай вазиятда давлат органлари (бизнес омбудсман) ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш институтлари аҳолини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг турли усулларини амалга татбиқ этиши лозим. Шу ўринда коррупцияга қарши курашишнинг учта асосий қоидасини ажратиб кўрсатиш мумкин. 1)  коррупция ва унинг оқибатлари хавфлилиги ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш; 2) коррупциядан огоҳлантириш ва коррупциянинг олдини олиш (самарали бошқариш); 3) қонун устуворлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

Давлат органлари ва фуқаролик жамиятининг тузилмалари фаолияти ушбу стратегияга мувофиқ иккита асосий йўналишда амалга оширилиши керак: 1) шундай қонун ҳужжатларини яратиш керакки, уларнинг ижроси сўзсиз таъминлансин ва коррупцияга сабаб бўлувчи ҳолатлар энг минималлаштирилган бўлсин; 2) коррупциянинг олдини олиш ҳамда ушбу жараёнга жамоатчиликни кенгроқ жалб этиш учун шарт-шароит яратиш, айниқса, жамоатчилик иштирокини рағбатлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш керак. Биз ана шундагина керакли натижага эришамиз.

Давра суҳбати коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамия­ти институтлари ўртасида фикр алмашиш учун навбатдаги мунозара майдончасига айланди. Тадбир якунлари бўйича O‘zLiDeP ва Коррупцияга қарши курашиш республика идоралараро комиссиясининг ижтимоий шериклик доирасида “йўл харитаси” лойиҳаси тайёрланди. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб бориш ҳамда коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича жамоат кенгашларини тузиш жараёнида асқотадиган таклифлар ишлаб чиқилди. Бу каби амалий ишлар O‘zLiDePнинг давлат тузилмалари билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш каби стратегик муҳим вазифани амалга оширишга қўшган салмоқли ҳиссаси бўлади, албатта.

Саҳифани “XXI asr” мухбирлари Фаррух Жабборов ва Беҳзод ИСРОИЛОВ тайёрлади.

Суратларни Солижон ЗОИРОВ олган.