Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Кредитни қайтаришга қаратилган қонунлар такомиллаштирилади

Кредитни қайтаришга қаратилган қонунлар такомиллаштирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, хусусан, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари банклар билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали, ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлаш борасида мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда Марказий банк мутахассислари яқин ҳамкорликда ишлашга киришди.

Мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаш борасида қабул қилинган ўрта муддатли дастурлар асосида таркибий ҳамда институционал ўзгаришларни чуқурлаштириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Илғор халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, шунингдек, валютани тартибга солишда замонавий бозор механизмлари босқичма-босқич жорий этиляпти.

Бунда, албатта, банкларнинг капиталлашув даражаси ва депозит базасини ошириш, уларнинг молиявий ишончлилигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, етакчи хорижий молиявий институтлар билан алоқаларни кенгайтириш, пухта ўйланган ташқи қарзлар сиёсати асосида жалб қилинган инвестиция ва кредитлар ўз самарасини бермоқда.

Маълумки, банк кредитлари ва хусусий сармоялар ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда зарур манба ҳисобланади. Бу борада аҳоли ва ташкилотлардаги бўш маблағларни жалб қилиб, уларни кредит сифатида тадбиркор ва инвесторларга тақдим этадиган тижорат банкларининг иқтисодий жараёнлардаги роли муҳим аҳамиятга эга.

Ўтган ҳафтада Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам айнан банк тизимини ислоҳ этиш ва уларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тадбиркорликни ривож­лантиришда тижорат банкларининг ролини янада ошириш масалаларига бағишланиб, асосий эътибор муаммоли кредитлар масаласига қаратилгани ҳам бежиз эмас. Зотан, бундай кредитлар миқдори йил бошига нисбатан анча ошган.

Уй-жой фондини таъмирлаш ва турар жой биноларини барпо этишга кредитни қайтариш манбалари ва имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан маблағ ажратилиши оқибатида умидсиз қарзлар кўпайиб, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бўйича катта миқдорда муаммоли кредитлар юзага келган.

Давлатимиз раҳбари муаммоли кредитларни қайтаришда банкларнинг имкониятларини янада кенгайтиришни, қарзларни ундириш бўйича банклар, қарздор корхоналар, компания ва уюшмалар, ҳудудлар раҳбарлари биргаликда иш олиб бориши зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда банкларнинг кредит учун ресурслар жамлашдаги фаоллиги, хусусан, аҳоли ва юридик шахсларнинг бўш маблағларини банк депозитларига, биринчи навбатда, муддатли ва жамғариб бориладиган депозитларга жалб қилиш ишлари етарли эмаслиги, тижорат банклари устав капитали асосан давлат улуши ҳисобига оширилиб, хусусий сектор маблағлари деярли йўналтирилмагани жиддий танқид қилинди.

Шунингдек, бугунги кунда кузатув кенгашлари банкларнинг стратегик ривожланиш йўналишларини белгилаш ва фаолиятини яхшилаш бўйича етарли иш олиб бормаётгани муҳокама қилиниб, давлат тасарруфидаги банкларнинг кузатув кенгашлари фаолиятини танқидий ўрганиш ва  молия муассасалари фаолиятини такомиллаштириш учун хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича соҳа масъулларига вазифалар юклатилди.

Йиғилишда парламент аъзолари олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйилиб, пул-кредит сиёсатининг самарали қўлланиладиган фоиз инс­трументлари турларини кенгайтириш, тижорат банклари томонидан фоиз ставкаларини шакллантириш, шу жумладан, кредитлар бўйича бозор механизмларини кенг жорий этишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига ишончини кучайтириш, банклар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлаш борасида мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларни ихтисослашган халқаро молия институтлари хулосаларини инобатга олган ҳолда қайта ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.

Шундан келиб чиқиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мутахассислари билан биргаликда мамлакатимизда пул-кредит сиёсатининг самарали қўлланиладиган турларини кенгайтиришга, банклар билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали, ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлаш борасида мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишни истиқболдаги вазифаларимиз сифатида белгилаб олдик.

Мазкур долзарб вазифаларни амалга оширишда аввало кенг жамоатчилик ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш, бунда, аввало, халқимиз, тадбиркорлик субъектлари учун қулай, шаффоф ва содда тартиб-таомиллар асосида шарт-шароитлар яратиш устувор аҳамиятга эга.

Муродулла ТУРСУНОВ,
Олий Мажлис
Қонунчилик палатасидаги
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси