Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“КРЕМНИЙ ВОДИЙСИ” – кашфиётлар фабрикаси

“КРЕМНИЙ ВОДИЙСИ” –  кашфиётлар фабрикаси

 

       Агар яқин орада хизмат юзасидан ёхуд сайёҳлик мақсадида АҚШга йўлингиз тушса, Калифорниядаги Компьютер тарихи музейига бир кириб ўтинг. Айниқса, бу масканнинг “Кремний водийси”даги компаниялар ва шахсларнинг ихтиролари бўлими сизда замонавий ахборот технологиялари ибтидоси ва ақл бовар қилмас тадрижи ҳақида олам-олам таассурот қолдиради. Ажаб эмас, шундан сўнг ҳақиқий “Кремний водийси”га боргингиз, ушбу мўъжизалар маконининг ўзбекона муқобилини юртимизда ҳам кўргингиз келса...

Унгача эса қуйидаги мақолани ўқиб, тасаввурингизни бойитиб туринг.

 

Имконсизлик ортидаги муваффақият


        Иккинчи жаҳон уруши келтирган талофатлар океан ортини ҳам четлаб ўтмаган, барча саноат ва бошқа соҳалар бўғриқиб ишлаётган, асосий маблағлар NASA йўлига тўшалаётган – ўтган асрнинг 50-йиллари эди. Бу тарздаги турғунлик, табиийки, янги ғояларга эҳтиёж сезар ва айни ҳолат илм-фан намояндалари зиммасига каттагина масъулият юкларди. Назария ва амалиёт уйғунлигида янги инқилоб, таъбир жоиз бўлса, АКТ эрасини бошлаш фурсати етганди. Жамиятнинг турли бўғинларида бу ҳақда бот-бот гапирилар, газета ва журналларда эса гипотеза ҳамда илмий парадигма руҳидаги мақолалар эълон қилинарди. Ана шундай қизғин жараёнда улоқни илиб кетган Стенфорд университети бўлди. Аммо қандай қилиб?..

       Гап шундаки, илм масканининг каттагина ер майдони (тахминан 32 кв.км) бўлиб, ундан тўлиқ фойдаланилмас, университет асосчиси Леланд Стэнфорднинг (Калифорниянинг саккизинчи губернатори, сенатор ҳам бўлган) васиятига кўра, бу ҳудудни бошқа бировга сотиш имкони ҳам йўқ эди. 1951 йили университетнинг вице-президенти Фред Терман бунинг иложини топди: молиявий аҳволни яхшилаш мақсадида ушбу ер узоқ муддатли ижарага (51 йил) берила бошланади. Лекин шунчаки эмас: бу орқали симбиоз (икки тарафнинг муайян бир муҳитда бир-бирига фойда ёки зарар келтириб ҳамкорликда ишлаши) ҳолатини қўллаш мумкин эди. Яъни, электрон ва космик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган компанияларни ташкил қилишда университет билим салоҳиятидан унумли фойдаланиш. Бунда асосий мақсад компанияларни университет ҳудудига яқинлаштириш орқали янги иш ўринларини яратиш эди. Чунки ўша пайтда Стенфордни тамомлаган салоҳият эгаларининг иш излаб турли жойларга улоқиб кетиши авж олаётганди. Тез фурсатда ёш, истеъдодли тад­қиқотчиларни сақлаб қолиш йўлида махсус моддий кўмак дас­турлари ишлаб чиқилди, бизнес юритиш ва илмий изланишлар олиб бориш учун яхши шарт-шароитлар яратилди. Шу тариқа, истеъдодли ва малакали мутахассислар Стенфорд университети лойиҳаси атрофида бирлаша бошлади. Ғоя ўйланганидан кўра юқори самара беради: илмий иши пухта далилларга асосланган, аммо амалиётга муҳтож инсонлар папкасини қўлтиқлаб “Кремний водийси” томон оқиб кела бошлайди. Улар корхона, компанияларга асос солиб, иқтисодий ривожланишнинг янги даврини бош­лаб беришади.

        Тамал тошини профессор Терман анча илгарироқ қўйган эди. У шогирдлари Вилям Ҳюлетт ва Девид Паккардни шу ерда қолиб, ўз корхонасини ташкил этишга кўндиради. Натижада информацион технологияларга ихтисослашган, ҳозирда жаҳоннинг етакчиларидан саналадиган Ҳюлетт-Паккард (Hewlett-Packard Co.) компаниясига асос солинади. Бугун бу компанияда 100 мингдан ортиқ ходим фаолият кўрсатади. Университетнинг битирувчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин эса дунёдаги йирик қидирув ахборот тизими “Google”нинг яратувчилари бўлишди.

       Вақт ўтгани сайин Стенфорд саноат паркида ярим ўтказгичлар, компьютер технологиялари ва дастурлаш билан шуғулланадиган компаниялар сони ортиб бораверди. Шу тахлит дунёда илк бора катта молиявий сармояларни илмий-техник ишланмаларга йўналтириш амалиёти пайдо бўлди.

      1951 йили Стенфорд университети аспиранти Уилям Бредфорт Шокли оламшумул янгилик – германий элементидан уч қатламли ярим ўтказгич кашф этди. У гарчи электрон чироқ вазифасини бажарса-да, тежамкор ва кичик ҳажмлилиги билан бу турдагилардан афзалроқ эди. Аммо нархи чўнтакбоп эмасди. Шундай бўлса-да, ихтирочи Шокли ҳамкасблари Ж.Бардин ва У.Браттейн билан бирга 1956 йили Нобел мукофотига сазовор бўлишди. 1954 йили физик Гордон Тил арзон кремний элементидан ярим ўтказгич яратишни уддалади. Унинг аввалги кашфиётдан устун томони – нафақат таннарх пасайди, балки электроника деталларини кичик ўлчамда яратиш имкони пайдо бўлди.

 

“Саккиз сотқин”

        1957 йили Шокли раҳбарлигидаги “Bell Telephone Labora­tories”да ишлайдиган саккиз муҳандис (Гордон Мур, Роберт Нойс, Шелдон Робертс, Иген Клейнер, Виктор Гринич, Жилиус Бленк, Шон Хорни ва Жей Ласт) транзис­торлар ишлаб чиқаришда германий ёки кремний маъқуллиги борасида баҳслашиб қолади. Ўттиз ёш нари-берисидаги бу тадқиқотчилар кремнийни ёқлашади, Шокли эса бу таклифни кескин рад қилиб, германийдан фойдаланишга қарор қилади. “Ноқобил шогирдлар” жаҳл устида устози ва компанияни тарк этишади (шу боис кейинчалик “Саккиз сотқин” номини орттириб оладилар) ва кремнийдан ишлаб чиқарилган микросхемалар саноатининг етакчисига айланган “Fairchild Semiconductor Corp” корпорациясини ташкил этадилар.

                                                                                                Чекиниш: Кремнийми ё Силикон?

         Агар мутаржим сўзма-сўз ўгирса, “Silicon Valley”ни “Силикон водийси” деб аташ тўғри. Бироқ XXI асрда силикон атамаси бошқа маънони, пластик жарроҳликда ишлатиладиган материални ҳам англатади. Рақамли техника ва микросхемалар учун яримўтказгичлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган асосий элементлардан бири кремний-силикон эса... Хуллас, тадқиқотчилар технопаркларни “Кремний водийси” деб аташ тўғри деган фикрни илгари суришмоқда. Хатолик илдизи эса инглизча луғатдаги “silicon” ҳамда “silicоnе” сўзларининг нотўғри қабул қилинганида дея изоҳлашмоқда. Уларга кўра, гап “silicon” хусусида кетар экан, кўпчилик оддий одамлар мавзу рақамли техникага оид эканини биттада англаб ололмайдилар. Аниқлилик талаби нуқтаи назаридан, бизнингча ҳам, “Кремний водийси” варианти яхшироқдек. Бироқ шуни ҳам эътиборда тутмоқ лозимки, жаҳон афкор аҳли кўпроқ “Силикон водийси” атамасига ҳам мурожаат қилишади.

“Силикон водийси” (Silicon valley) номини калифорниялик тадбиркор Ралф Верст ўйлаб топган. Матбуотда эса илк бор журналист Дон Хофлер томонидан 1971 йили қўлланган.

Айрим маълумотлар

           “Кремний водийси”нинг узунлиги 56, эни 16 километр бўлиб, Калифорниянинг шимоли-ғарбидан жануби-шарқига қадар чўзилган. Бу жой узоқ вақт бешта кичик шаҳар – Пало-Альто, Саннивейл, Маунтен-Вью, Купертино ва Санта-Клара ҳудуди деб тан олинган. Эндиликда эса “Кремний водийси” Сан-Франсискодан Сан-Хосега қадар бўлган барча иқтисодий зоналарни қамраб олади.

       “Кремний водийси”нинг ривожланишидаги муҳим воқеалардан бири Стенфорд саноат паркининг яратилиши бўлган. Қунт ва босқичма-босқич олиб борилган ишлар самараси ўлароқ орадан йигирма йил ўтиб, “Кремний водийси” дунё илмий ва технологик тараққиётининг рамзи, микроэлектроника пойтахтларидан бири, “компьютер инқилоби қалъаси”га айланди. Бу маконда амалий тадқиқотлар учун яратилган қулай муҳит, кашфиёт эгаларининг эмин-эркин фаолият юритишига, натижада эса катта фойда манбаларининг вужудга келишига сабаб бўлди. Ҳозирги вақтда “Кремний водийси” Калифорния савдо экспортининг 40 фоизини ташкил этади.

Тақлидлар

        “Кремний водийси”нинг технологияси ва маҳсулотлари қисқа вақт ичида дунёни ўзгартирди ва у ривожланиш моделига айланди. Жаҳондаги кўплаб технопарклар “Кремний водийси”нинг муваффақиятини такрорлашга уриниб, турли номлар билан тақлид қилишади. Масалан, Техаснинг Остин шаҳридаги “Силикон тепаликлари”, Виржиниядаги “Кремний доминион”, Ҳиндистоннинг Бангалор штатидаги “Кремнийли плато (ясситоғлар)”, Тайвандаги “Кремний ороли”...

        1970-йиллари Япониянинг Кюшу оролида кўплаб фирмалар кремний яримўтказгичли қурилмалар ишлаб чиқаришга зўр берди. Кюшу шаҳридаги асосий саноат электроника бўлиб, яримўтказгичли технологиялар ривожи жуда тез эди, бу ер “Силикон ороли” деб номланган.

        Дания ва Швециянинг Скань вилояти ҳамкорлигидаги лойиҳа “Тиббиёт водийси” (Medicon Valley) ҳам мавжуд. Бугунги кунда у Европанинг энг кучли кластеридир, унда илмий лабораториялар, тижорат тузилмалари, биомедикал технологиялар билан боғлиқ саноат корхоналари жамланган. Медикон водийсида 7 та илмий парк мавжуд бўлиб, жами 300 га яқин компания, 14 та университет, 26 та клиника фаолият юритади. Уларда 3,2 миллион киши яшайди, шундан 41 минг киши ҳаётини фанга бағишлаган, 5 минг нафари профессионал олим, 150 минги эса талабалардир.

       Чжунгуаньцунь – Хитойнинг асосий инновацион маркази. “Хитой силикон водийси” деб ҳам юритилади. Чин юртининг илмий ва технологик ривожланишида муҳим ўрин тутадиган бу илмий шаҳар 1980-йилларда ташкил этилган. 1986 йил охирига келиб 100 га яқин компания фаолият юритарди. “Электронли кўча” босқичма-босқич шакллантирилди, хусусий компаниялар электрон технологияларни ўзлаштиришди ва маркетинг билан шуғулланишди. Чжунгуаньцунь компьютер техникаси ва интернет технологиясини оммалаштиришда янги техник кучга эга бўлди.

Умуман айтганда

         Профессор Фред Терман атрофида бошланган саъй-ҳаракат кейинчалик “Кремний водийси”да замонавий технологиялар соҳасида ўз даҳоларини пайдо қилди: афсоналар ҳақиқатга айланди; дунё иқтисодиёти тамаддуни янги қутбга юз бурди. Ташаббускор олим эса тарихда “Кремний водийси”нинг отаси” деган улуғ рутбага сазовор бўлади. Ҳозирда етмиш йил берида туриб бемалол айтиш мумкинки, АҚШнинг Сан-Франсиско штатидаги Калифорния шаҳри ўша пайтдаёқ замонавий инновацион ғояларга бешик бўлган, уларни қувватлантирган, улғайтирган ва негизида бугун биз ҳавас-ла қарайдиган Билл Гейтс, Марк Цукербург каби мультимиллиардерларни, қолаверса, Томас Перкинс сингари юқори интеллект соҳибларининг қалқиб чиқишига замин ҳозирлаган эди. Номларга эътибор беринг: Apple, Google, Facebook, Adobe, Yahoo!, Xerox, Intel, Electronic Arts, AMD, Oracle, Cisco, eBay...

 

                                                                                                                                                                                  Хондамир ТОШМАМАТОВ  тайёрлади.