Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

КУЛРАНГ БЎРИ

КУЛРАНГ БЎРИ

Ўрин чўпоннинг қўй боқишга ишқи тушди, ўзимнинг чорвам бўлсин, ёнига қўшниларнинг қўйини қўшиб, тоққа ҳайдайман деди. Шу-шу ҳар йили ердан қишнинг ҳовури кўтарилишини кутади. Баҳорнинг илк чечаклари нишлай бошлагач кайфияти кўтарилади, узоқ юртларга сафарга чиқаётгандек тайёрланади, кўч-кўронини тартибга солади. Сўнг қўшниларни дараклайди, қўйларни жамлаб тоққа ҳайдайди...

Кўнгилга тушадиган завқнинг лаззатини Ўрин чўпон яхши билади. Ҳар тонг Ҳисор тоғ ортидан ёришаётган кунга қараб-қараб қўяди, кўкси чўққилар тарафдан эсаётган дилхуш ҳавога тўйинади, юраги депсиниб,  кўтарилиб-кўтарилиб тушади...

Ўрин чўпон қўйларини қишлоқ четидаги зовур бўйига ўтлатгани олиб борди. Қараса, майсалар қулоч ёзиб қолибди, қўйнинг тишига бемалол илашади. Буни кўрган Ўрин чўпон майсаларни кафти билан силади. Кўзлари хумор-хумор боқди. Лабларига нимхуш кулгу ёйилди. Энди унинг на ётишида, на туришида маъни қолди...

— Онаси, биласан, тоғнинг ҳавоси намхуш келади, айниқса тун яримлаганда. Менинг пуфайкамга қўшиб, қалин пахталик шалваримни ҳам тугиб қўй. Ҳадемай Абдалим шофёр машинасида келиб қолади, — деди саҳармардондан туриб.

—  Майли, — деди Энагул опа.

— Шу, байталимни уйда қолдириб кетсам, у-бу юмушинга яраб турарди, юввошгина, сен нима дейсан …

— Ўзингиз биласиз…

Кўчадан аввал чанг кўтарилди, сўнг машина сигнали эшитилди. Ўрин чўпон жойидан жилди. Бу пайтда хотини чорвани қўрадан олди, қўлидаги тутнинг қуриган чўпи билан ҳайдаб шағал тўкилган, машина юраверганидан ўйдим-чуқур бўлиб қолган йўлга солди, серка йўл бошлади. Ўрин чўпон хотини чойшабга тугиб берган юкларини бирма-бир машинага ортди. Сўнг қорабайир отини эгарлади....

Ўрин чўпон тоғ этагидаги чоғроқ жойдан шох-шабба билан айлантириб ўраб, қўйларига қўра қилганди. Ёнидан вақтинча яшаб туришга мўлжаллаб очиқ айвонли бир хонали уй, уй бағирлатиб усти тўсилган, атрофи очиқ ошхона қурганди. У қўтонга оёқ босганида Абдалим шофёр юк ортилган машина кабинасида ухлаб ётарди. Аслида, Абдалим шофёрни одамлар полвон деб чақиради. Келбатли одам. Ўрин чўпоннинг бўйинсаси, ёшлигида тўйларда бирга кураш тушиб катта бўлишган.

—  Полвон ака, — қочириқ қилди Ўрин чўпон, — отган хуррагингиздан тоғ гумбирлайди-я, қўйлар ҳуркаяпти...

—  А, — Абдалим ака ўрнидан учиб турди. — Эй сени, одамни чўчитдинг-да, секин уйғотсанг бўлмайдими?!

— Чўчидим деганингга ишонди дейсанда-а, тур, ўчоққа ўт қала, кеча Ўктам қассобдан янги сўйилган қўй гўштидан олганман, чўпонча қовурдоқ қиламиз. Тоғнинг овқати бошқача-да...

Ўрин чўпон очиқ айвонга дастурхон тузатди. Икки ошна кўрган-кечирганларини бир-бирига айтиб кўнгил ёзишди. Кун пешинга яқинлашганда:

—  Ўрин, жўражон, энди менга рухсат, мен борай, Худонинг панойига, — деди Абдалим шофёр.

—  Қолсанг бўларди, тоққа олиб чиқаман, бирор кун дам олсанг...

— Менга индама, берганинга рози бўл. — Абдалим шофёр Ўрин чўпоннинг гапини бўлди.

— Бирон гап бўлса чақиртираман, келарсан!..

—  Хўп, жўра, хўп..

 

Аста-секин тоғ бағрига чўпонлар кела бошлади. Саккиз таёқ наридаги қўтонда тўхтаган ҳамқишлоғи овоз берди:

 — Ўрин ака-ов, ҳов Ўрин ака. Келдингизми-а? Келинг-да, ака. Сизни кутаётувдим-да, икков қўйларни бирга боқсак, нима дейсиз-ов? Навбат-навбат хабар олиб турардик. Ўтган йили бир ўзимга қийин бўлди-да...

Эшимбой бу йил тоққа қор кўп тушганини эшитиб ташвишланганди, бундай ҳавода бўри емиш ахтариб пастга энади...

— Майли Эшимбой, бир кишидан кўра икки киши яхши-да. Бу йил тоққа қор кўп тушибди дейишаяпти, ўзи..

— Тушса тушар, иккита бўрибосар итим бор, бўри тугул айиқни ҳам отарга яқинлаштирмайди!..

Тонг ёришар-ёришмас Ўрин чўпон Эшимбойни уйғотди, отарни тоғ ёнбағирига қараб ҳайдаб кетишди...

Ўрин чўпон атрофга разм солди, таниш жойлар, ёввойи ўтларнинг ҳиди димоқни қитиқлайди. Улар чорвани тоғнинг серўт жойига бошқариб қўйишди. Серка дегани сабрсиз бўлади, отарни тинч қўймайди. Сакрагани-сакраган. Ўзи шуниси яхши, қўй жонивор тоғ гиёҳларини чимдиб-чимдиб ейди, шундан гўшти шифобахш...  

— Эшимбой, қўйлар тепага энмаяптими?..

— Эниб-эниб ўтлайди-да.

— Майли-ку, қара, тоғнинг тепасидаги қор қалинга ўхшайди, совуғи билинаяпти...

— Бўрибосарлар бор, овоз беради...

 

Кунларнинг бирида қўшни адирдаги чўпонларнинг ҳайқириғи эшитилди.

— Нима гап экан, Эшимбой? Қулоқ тутчи?..

— От, от, дейишаяпти-ку...

— Э-э, шунақами, юрчи, қўйлардан хабар олайлик...

— А, ўтлаб юришибди-ку...

Шу пайт милтиқдан узилган ўқ тоғ чўққиларини гумбирлатиб юборди. Иккиси ҳам атрофга олазарак бўлди...


— Ўрин ака, қишлоқдагиларга ҳайронман-да.

— Нимага-яй?

— Йил ўн икки ой қишлоқдан чиқмайди, даладан бери келмайди. Бундоқ тоғ бағрида дам олишни ҳам билиш керак-да! Тоза ҳаводан нафас олсанг тананг яйрайди, эскилар: “Тоза ҳаво — танга даво”, деб бежиз айтишмаган. Қаранг, баданга ёқишини.

Эшимбой овозини баландлатиб гапирарди, атрофда бирон ёввойи жон бўлса ҳадиксирайди деб.

— Энди, кўраяпсан-ку, бола-чақа ташвиши қимирлатади-да одамни. Ерни ёлғиз қолдириб бўлмайди, Эшимбой. Ер билан тиллашган одам ютади...

Ёлғизликда ҳамсуҳбатинг бўлгани яхши, кун ўтгани билинмайди, кўнглинг хотиржам тортади...

Жавзо оёқлаётган пайтда Эшимбой белини захга олдириб қўйди, бели оз-оз чимдиб оғрийдиган бўлди. Арзимас кўринган шамоллашдан асорат қолса ёмон, давосини қилиш керак. Ўрин чўпон Эшимбойнинг белига тоғнинг асалидан сингдириб суртди-да, пахталик рўмол билан айлантириб боғлаб қўйди... Эшимбой ёнида Ўрин чўпон борлигидан севинди... Аммо, ҳадеб бир жойда ётавериш уни зериктирди:

 — Ўрин ака, мен яхшиман, бугун қўйлардан ўзим хабар оламан, — деди орадан ҳафта ўтиб. Аслида, ҳар куни қўйлардан Ўрин аканинг хабар олаётганидан Эшимбой  уялганди. Кап-катта одамнинг адирда тош-шағал ошиб юришини кўриб, ўзининг навқирон келбатидан ранжиган бўлди, қоматини тик қилди, сўнг ерга эгилди, яна ростлади-да, гавдасини у ён, бу ёнга айлантирди. Кейин:

— Кўрдингизми! — деди.

— Ҳали қувватинг йўғ-ов...

— Э-э, шу баҳонада бир атрофни айланиб келай...

 

Ўрин чўпон ўчоққа қозон осди, яримлатиб сув қуйди, қўй гўштига аралаштириб гиёҳлардан солди, сиёҳ рангли пиёзни обдан тўғраб аралаштирди, қизил сабзи солди. Картошкани пишар олди соладиган бўлди. Эшимбой учун бир шўрва қилиб берай деди, буни ичгач отдай бўлиб кетади. Шўрва сувининг қайнаётган жой-жойидан тобини келтириб шопирди. Ўзи шўрва эътибор талаб, суви пишмаса ширасиз бўлиб қолади. Шопиравериб одамнинг билаги толади. Лекин, нима деса ҳам, шўрва поримли, шифобахш овқат. Ўрин чўпон шу хаёллар билан ўчоққа қуруқ шохчалардан қалай бошлади.

— Ўрин ака! Ҳов, Ўрин ака! Буёққа, чопинг!.. — деб Эшимбой ваҳимали овоз берди.

Ўрин чўпон шошиб ўрнидан қўзғалди, қўлига илашган пуфайкасини кийди, бошқа ҳеч нарсага қарамади. Югурмоқдан бери бўлиб, тоғу-тошлар оралаб юқорига кўтарилиб борди.

— Ҳа-а, нима гап?

— Ана уни қаранг! Ана уни қаранг! Қаранг-да! Совлиқ сизникими дейман...

Ўрин чўпон қараса бир кулранг бўри бўғоз совлуқни бўғзидан тишлаб ағдармоқчи бўлаяпти. Бўрибосар итлар атрофида вакиллаб айланиб чопардию яқинига боролмасди. Чўпон бир лаҳза карахт бўлиб қолди. Икки кўзи совлиқда. Билди, бу қўй ён қўшнисиники, бўри чавақласа атай қилгандек бўлади. Бориб бўрининг оғзидан тортиб олишга аввалига юраги бетламади. Бўри борки, ҳайбати бор. Ҳар қандай одамни қўрқув босади. Ён-верини пайпаслади. Шошганидан на пичоқни олибди, на таёғини, эҳ, аттанг! Бирдан хаёлига бўрилар ўлжасига якка ҳужум қилмайди, гала-гала бўлиб ташланади, нега бу ёлғиз? деган ўй келди. Бирон бўри овга ярамай қолса сардори тўдадан ажратиб, ёлғизлатади. Энди у ўзининг емишини ўзи топиши керак. Бу кулранг бўрининг қисматида бор эканми ё қарисимикин, яккаланиб қолибди. Назар солиб қаради, кўкиш жуни баданининг ҳар-ҳар жойидан тўкила бошлаган. Чўпон билди, бўрининг дармони йўқ, анчадан буён гўшт емаган. Тўйиб овқат емаганидан совлуққа ташла

наяпти.

 Ўрин чўпон тетиклашди.

— Эшимбой, берироқ кел, атрофга қара, менга бир заранг таёқ топ!

— Ўрин ака, мен қўшни отардагиларни чақирай, икковимиз эплолмаймиз-ов, — Эшимбой шоша-пиша адирлади...

— Эй, отангни гўрига... шошма!.. эй, сендай шерикнинг...

Ўрин чўпон сезди, ўзи қолди. Аввал овози борича бақириб бўрини ҳайдашга тушди. Ерда ётган шохчаларни қўлига олиб маҳкам сиқди, ерга қаттиқ-қаттиқ урди. Бўри бошини хиёл кўтариб, илкис қараган бўлди. Буни кўрган Ўрин чўпон шохчаларнинг овози ваҳималироқ чиқсин деб янада қаттиқроқ силкитиб тошга урди, аммо шохчалар мўрт келди, белидан қарсиллаб синиб кетди. Қуролидан айрилган жангчидек, Ўрин чўпонни ваҳима босди, атрофига олазарак қаради. Бир амаллаб ўнг қўлига қиррали тош олди ва бўрига қараб отди. Кутилмаганда бўри ўлжа талашаётгандек, тишларини иржайтирди, пастлади, чўпонга яқинлашди. Уларнинг орасидаги масофа қисқариб борди. Ўрин чўпон бўрининг кўзлари қонга тўлиб, қизариб кетганини, ҳадеб ижирғаниб, ғижинаверганидан оғзидаги сўлаги жағидан пастга оқиб тушаётганини яққол кўрди...

Ўрин чўпон билан бўри юзма-юз келди. Бўри ҳар нафас олганида икки биқини ичига ботиб, сўнг кўтарилиб чиқарди. Важоҳат билан ташланишга пайт пойлаётгандек, жойида депсиниб-депсиниб қўярди. Сакрамоқчи бўлгандек кўкрагини ерга босиб яна илкис кўтариб оларди. Аммо сакрай олмасди...

Ўрин чўпон қўлидаги қуриган шохнинг синиғини даст кўтариб бўрига хезланди, бўри ҳамлага шайлангандек, лабларини тириштириб тишларини ғижирлатди. Кўнглидаги ҳадик ҳали тарқамаган Ўрин чўпон ҳам оёғи билан ерни бор кучи билан тепиб-тепиб қўйди. Унинг билгани шу — йиртқичнинг олдида тик турган маъқул, энгашиб ёки ўтириб қолса бўри ўзича тушунади, ҳужумга ўтади. Қочиб ҳам бўлмайди, бўри қутуриб кетади. Бирпасда етиб олиб ғажиб ташлаши мумкин.

 

Бўри бир қонга беланиб ётган қўйга, бир чўпонга қаради. Қўй энди ўзининг ўлжаси эканлигини ҳис қилди чоғи, Ўрин чўпонга қараб юрди. Гуё бўри бўлажак жанг олдидан рақибини ўрганиб бўлгандек эди. Ўрин чўпон чап оёғини олдинроққа чўзиб ерга маҳкамлади, ўнг оёғи билан тепишга шайланди. Бўри олд оёқларини ердан узиб, баравар кўтармоқчи бўлди, аммо баландлата олмади. Чамаси у ҳам чўпонни қўрқитмоқчи эди.

Бўрининг ҳаракатидан Ўрин чўпонга жон кирди. Белбоғини яна пайпаслади, ўрганиб қолган, пичоғини ахтарди, аммо... Ҳафсала қилди, пуфайкасининг чап енгини бармоғи учигача тушириб олди.

Бўри биринчи бўлиб ташланди. Ўрин чўпон бўрининг катта очилган оғзини кўриб сесканди, худди юзидан тишлаб оладигандек, чап қўли билан юзини беркитиб олди. Бўри Ўрин чўпоннинг бўғзига тиш ботирмоқчи бўлди, чўпоннинг юзини тўсиб турган тирсаги бўрининг оғзига тиқилиб қолди. Ўнг қўли билан бўрининг олд оёғидан ушлаб улоқтирган бўлди. Бўри жон ҳолатда осмонга сапчиди, Ўрин чўпон ваҳима ичида чап тирсагини йиртқич оғзидан важоҳат билан тортиб олди ва ўнг мушти билан бўрининг кўкрагига қулочкашлаб туширди. Мушт зарбидан бўри ағанаб тушди, яна сапчиб турди. Ўрин чўпоннинг оёқ-қўли қалтирай бошлади. Лекин бўрининг олдинги важоҳатидан асар ҳам қолмаганди. У ортига тисрала бошлади. Унинг бу ҳаракати куч йиғиб, нафас ростлаб яна ташланмоқчидек кўринди чўпонга, қўрқув аломати унинг юзларида ҳам сезила бошлади. Аммо чўпон кутгандек бўлмади...

Бўри нолаваш увлади, бошини сарак-сарак қилиб увлади, осмонга бўйнини чўзиб зорланди, тумшуғини майда тош аралаш тупроққа ишқаб-ишқаб фиғон чекди. Кутилмаганда жониворнинг кўзларидан ёш сизиб чиқди. Томчиларни Ўрин чўпон аниқ кўрди. Айниқса, оғзидаги сўлаги қон аралаш эканини билиб қолди чўпон. Иккиси ҳам турган жойида бир пас тўхтаб қолишди. Сўнгра бўри гоҳ Ўрин чўпонга, гоҳ келган тарафига қарай-қарай, ортига чекинди...

Нима бўлганини аввалига Ўрин чўпон англолмади. Хаёлини бир жойга тўплаб олганда, чап тирсагида қаттиқ оғриқ турганини ҳис қилди. Беихтиёр ўнг кафти билан тирсагини пайпаслади, шу пайт кафтини нимадир тирнагандек бўлди, не кўз билан кўрсинки, пуфайкаси енгида бўрининг иккита суйлоқ тиши қадалиб турарди...

Ўрин чўпон қўшнининг қўйини ҳам унутиб бўрининг орқасидан анграйиб қаради. Бўри ҳали ҳам ўлжасидан умид узолмаётгандек эди, ортига ўхтин-ўхтин қараб қўярди. Аммо энди у ўлжага бошқа ташлана олмасди. Буни билган Ўрин чўпон унга ачиниб термулди. Ичида: “Қари экан, бечора, энди нима қилади? Ким унга гўшт беради? Эҳ, шу қўйними... — чўпон бошини ерга эгиб, ўзидан ғазабланган бўлиб, тебратди, — ўзи қарийди-да... қўшнимга ўрнига-ўрин берардим, битта кам бўлса кам эди-да... эҳ, жонивор... оч кетди-да...”, — деди, нега шундай деганини ўзи ҳам англамади. Бўрига раҳми келдими ё кекса бўрига кўнгил тубидаги илиқ меҳр яна уйғондими, билолмади...

 — Чўпо-он, бардам бўлинг! — деган овоз келди орқа тарафдан.

Ўрин чўпон сергак тортди. Қўшнисининг совлиғи ёнига борди. У аллақачон жон таслим қилган эди...

Юсуф ХУДОЙҚУЛ

"Ҳуррият" газетасидан олинди.