Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Купер билан Осиё кубогида қатнашиш учун танланган футболчилар ҳақида суҳбат

Купер билан Осиё кубогида қатнашиш учун танланган футболчилар ҳақида суҳбат Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер Осиё Кубоги учун Туркияда ўтаётган тайёргарлик йиғини давомида журналист Хайрулла Ҳамидов билан суҳбатда бўлди ва жамоатчиликда пайдо бўлаётган айрим саволларга жавоб бериб ўтди. Cуҳбат матни Kun.uz сайтида эълон қилинди.

– Осиё Кубогига борадиган 23 футболчини танлаб олишда асосан нималарга эътибор қаратдингиз? Йиғинлардан кўнглингиз тўлдими?

– Бу йиғинга 27 футболчи билан келдик, чунки ҳозир ўйинчилар энг юқори спорт формасида бўладиган пайт эмас – Ўзбекистонда футбол мавсуми тугаган. Шунинг учун баъзи футболчилар жароҳат олиб, сафдан чиқиши эҳтимоли бор. Бунинг олдини олиш мақсадида 3-4 нафар кўпроқ футболчини олиб келдик.

Терма жамоанинг ўзаги шаклланиб улгурди, дейишимиз мумкин. Йиғинга кўпроқ футболчи олиб келиб, улар ўртасида рақобатни ҳам шакллантиришга эришдик, деб ҳисоблайман.

Дарвозабонларимиздан тўрт нафари ҳам ҳозир аъло даражадаги спорт формасида. Фақатгина Элдор Суюнов жароҳати туфайли кела олмади. Улардан кучли дарвозабонлар йўқ, демоқчи эмасман. Қаердадир адашган бўлсак, унда бу бизнинг хатомиз бўлади.

Баъзи ўйинчиларни бизга боғлиқ бўлмаган сабаблар билан сафдан чиқаришга мажбур бўлдик. Иван Нагаев жароҳати сабаб четда қоляпти. У – ажойиб ўйинчи, бундан афсусдаман.

Фозил Мусаев жароҳатидан яқинда фориғ бўлди. Клубида эндигина 1-2та ўйинда майдонга чиқа бошлади. Лекин унинг терма жамоа учун жуда керакли эканини ҳисобга олиб, индивидиуал маҳоратига ишонган ҳолда – гарчи энг юқори спорт формасида бўлмаса ҳам – ушбу йиғинга олиб келишга қарор қилдик. (Мусаев якуний рўйхатдан ҳам жой олди – таҳр.)

– Виталий Денисовнинг сўнгги йиғинга жалб этилмаслигининг сабаби нимада? Эрон билан ўйиндаги хатоларими, жисмоний ҳолатими ёки у мураббий ўйин услубига мос эмасми?

– Ўйинчиларни ҳар жиҳатдан таҳлил қилиб чиқамиз. Уни биринчи йиғинда кузатдик, бундан кейин ҳам Россия чемпионатидаги ўйинларини кўриб бордик. Асосий омил сифатида ҳозирги кундаги ҳолатини айтишим мумкин.

Масалан, ҳозир Денисовни чақирадиган бўлсак, унинг позициясида икки жуда яхши ўйинчи бор: Фаррух Сайфиев ва Олег Зотеев. Денисовни қўшиш учун улардан қайси бирини олиб ташлашимиз керак? Қайсидир мухлис Зотеевни кўрсатади, бошқаси «Йўқ, Сайфиев кучлироқ» дейиши мумкин. Барчанинг фикри ҳар хил. Якуний қарорни эса мураббий қабул қилади. Агар бу хато бўлиб чиқса ҳам, масъулият унинг елкасида.

Бу Виталийни бошқа умуман чақирмайман, дегани эмас. У ҳали Жаҳон чемпионати саралашида керак бўлиши мумкин. Унгача Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи бўлсам, албатта. (ҳазил)

– Бугунги таркибга қандай хислатга эга футболчи етишмаяпти?

– Бу саволга жавоб беришим нотўғри бўларди. Чунки ўз шогирдларимга нисбатан камситиш бўлиб кўринади. Ҳозир ихтиёримда мавжуд ўйинчилардан таркиб тузишда давом этаман. «Мен учун энг кучли таркиб – ҳозир қўл остимдагиси» деган тамойилга доим амал қиламан. Яъни қўл остимдагилар – мен учун энг зўрлари. Улар билан максимум натижага эришишга ҳаракат қиламан.

– Ўзбекистонга келишдан олдин, эшитишимизча, олимпия термасининг Осиё чемпионатидаги ўйинларини кўриб чиққансиз ва шу 23 ёшлиларнинг иқтидорига ишониб таклифга рози бўлгансиз. Тахминларингиз ўзини оқладими?

– ОТЖ миллий терма жамоага футболчи етказиб берадиган энг асосий жамоа ҳисобланади. 23 ёшлилар термасини келишимдан олдин кузатганман ва ҳозирги кунда ҳам улардан кўнглим тўқ. Улар, кутганимдек, талабга жавоб берадиган ўйинчилар.

Аммо футболчилар ОТЖдан МТЖга ўтганда бироз қийинчиликка учрашади. Чунки бу тоифалар ўртасидаги фарқ жуда катта. Шунинг учун олимпиячилар сафида ўзини яхши кўрсатган футболчи миллий термада олдингидек ўйин намойиш эта олмайди. Чунки энди у ўз тенгилари билан эмас, ўзидан катталар билан тўп суради.

Нафақат олимпия терма жамоасини, балки ундан кичик ёшдаги термаларни ҳам кузатганман. Аммо эътибор фақат ёшлар билан чегараланиб қолмайди. Масалан, 30 ёшдан ўтгач, футболчини қариди, энди фойдаси йўқ, уни бошқа чақирмаслик керак, дейишади. Лекин мен доим бугунги кун билан яшайман. У терма жамоа ўйинини яхшилаши мумкинми, 35 яшар бўлса ҳам, чақираман. Фақат ёшлар термасига қараб қолмайман.

Ўзбекистонга келишимдан олдин 23 ёшлилардан нимани кутган бўлсам, барчасини олдим, дея оламан. Улардан қониқиш ҳосил қилдим.