Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Кутилмаган “сайр”: бир қоидабузарлик ЙПХ ходимининг ҳаёти учун қанчалик хатарли?

Кутилмаган “сайр”: бир қоидабузарлик ЙПХ ходимининг ҳаёти учун қанчалик хатарли? Шу йилнинг 11 март куни ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегминтида кишини таажжубга соладиган, бир қарашда ҳатто кулгуни-да қўзғайдиган видео тарқалди. Қисқа дақиқалик видеонинг томошабоп жойи —"Нексия" русумидаги автомашина олдкапоти устига юэтубан ётиб қолган ЙПХ инспекторининг ноилож ҳолатдаги тасвири эди. 

Орадан кўп ўтмай, бир қатор интернет нашрлари айни шу видеога муқоясан чиқиш­лар қилди. Ва бу хабар яшин тезлигида бутун мамлакатга тарқаб кетди. Шундан сўнг куннинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий сайтида муносабат эълон қилинди. Қисқача мазмуни:

“Интернет тармоғида “Нексия” русумли автомобиль ҳайдовчиси ЙПХ инспектори машина капотида бўлган ҳолатда йўл бўйлаб ҳаракатланаётгани акс этган видео тарқалди. Ушбу автомобиль ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузиб (“Тўхташ тақиқланади” (3.27) белгиси остида тўхтаб ва “Тўғрига ҳаракат” (4.1.1) белгисини менсимасдан) ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги белгисига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган. Ҳозирги вақтда ҳайдовчи Д. Т. ички ишлар бўлимига олиб келинган. Суғурта полисининг амал қилиш муддати тугагани боис йўл ҳаракати қоидаларини бузганида жавобгарликдан қочмоқчи бўлгани шу натижаларга олиб келган. Унинг автомобили жарима майдончасига жойлаштирилди. Прокуратура органлари томонидан жиноий иш қўзғатилиши масаласи кўриб чиқилмоқда”.

Англашилмоқдаки, қоидабузарнинг бу тарздаги сайру саёҳати узоқ давом этмаган. Аммо бу ўринда ўқувчилар учун бир жиҳат мажҳул ҳамда мавҳум эди. Яъни, ҳайдовчига нисбатан “жиноий иш қўзғатиш” масаласи!

13 март куни боз ўша Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий сайти ва “Фейсбук”даги аккаунтида “Қоидабузар ҳайдовчига нисбатан ЖКнинг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, у қамоққа олинди” сарлавҳали видеоматериал ҳавола этилди. Тошкент шаҳар ИИББ ахборот мултимедия марказининг тезкор чиқишини кузатар эканмиз, унда воқеа иштирокчиси – ЙПХ инспектори жумладан шундай дейди:

­– Мен тўхтатган, бўйсунмаган автоулов тўғри устимга қараб бостириб келди. Бир қадам орқага юрдим. Шу заҳоти тормоз босди-да кейин яна устимга ҳайдашни бош­лади. Газни охиригача босиб, мени босиб кетмоқчи бўлди. Шундан кейин менда икки томонга ўтишнинг иложи йўқ эди, шунинг учун ўзимнинг хавфсизлигимни таъминлаш мақсадида автоулов олдкапотининг устига йиқилдим.

Энди Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (“Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш”) биринчи қисмига бир назар ташласак.

Қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш – энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Кўриниб турибди, вазият жиддий тус олган. Биз қоидабузар хатти-ҳаракати юзасидан унинг келгусидаги тақдири ҳақида фикр юритиш, муносабат билдириш ниятимиз йўқ. Боиси, ҳозирда катта эҳтимол билан суриштирув-тергов жараёни кетмоқда. Агар қоидабузар ҳайдовчи суд томонидан айбдор деб топилса, жазосини олиши муқаррар.

Биз шу воқеа сабаб унинг атрофида кечган айрим мулоҳазалар, аниқроғи, танганинг иккинчи томони ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Биринчи савол: ЙПХ инспектори билан боғлиқ ҳолат биринчи маротаба кузатиляптими?

Иккинчи савол: Автоулов олдкапотига “йиқилиш”, ҳақиқатан ҳам, ЙПХ инспектори айтганидек “хавфсизликни таъминлаш”нинг сўнгги чорасими?

Учинчи савол: Хизмат вазифасини бу тарзда бажариш соҳа имижига салбий таъсир кўрсатмаяптими?

Дастлаб интернет тармоғига юзланиб, турли тилларда шу мавзуга оид қидирув бериб кўрамиз. Хў-ў-ш, бу каби кўнгилсиз ҳолат фақат бизда учрайдими ё бошқа мамлакатларда ҳам борми?

Ҳосила булким, ЙПХ нозирларининг ҳайдовчилар автоуловларида ноодатий тарзда “катайса” қилиш ҳолатлари муҳрланган тас­вирлар жуда кўп экан. Россия Федерациясида дейсизми, Хитой Халқ Республикасидами, Жазоир давлати ёхуд Европадами, хуллас, юзлаб топилади. Манзара эса ўша-ўша. Демак, унчалик ҳам уялмасак бўлаверади, деймиз-у фақат...

Эътиборимизни тортган тамсил шуки, бу сингари кўринишларнинг аксарияти ЙПХ ходимининг енгил, ўрта ёки оғир тан жароҳати олиши билан якунланган. Бошқача айтсак, улар каскадёрлик ишини бинойидек уддалашяпти! Бироқ вазият билан вазиятнинг фарқи бор. Яъни, ҳамма жойда ҳам мажбурий тарзда капот устига чиқиб қолиш ҳолатлари учрамайди. Қачонки ён-атрофдан қўшимча ёрдам олиш имконияти мавжуд бўлганда. Келинг, буни юқоридаги воқеа юзасидан кўриб чиқсак.

Машмаша чекка бир ҳудудда эмас, пойтахтнинг қарийб марказида, ҳамма тарафга фото-видео қайд этиш ускуналари ўрнатилган гавжум жойда юз беряпти. Тўғриси, жисмоний томондан агар машина тезлиги ошгунига қадар ён-атрофга қочиб қолиш унчалик ҳам катта таваккалчилик ҳисобланмайди. Ҳарҳолда, бу уриниш капотга “йиқилиш”дан хавфсизроқ. Бошқа тарафдан автоуловнинг давлат рақами инспекторга аниқ-равшан кўриниб турган бир паллада, тезкор гуруҳ чақириш ёки кузатув маркази бўлинмасига хабар бериш ўрнига капот устига “йиқилиб тушиш”и сизга бироз ғалати туюлмаяптими? Агар тегишли маълумот етказилса, бу бўйича тезкор гуруҳ қоидабузарни керак бўлса беш-ўн дақиқа ичида ушлаши аниқ-ку?!

Ўйламанг, биз инспекторнинг интервьюдаги гапларига шубҳа қилмаяпмиз; шунчаки ваколатида кўплаб имкониятлари тургани ҳолда ўз жонини хавф-хатарга қўйишига ажаб­ланяпмиз, холос. Агар бу кўнгилсиз томоша ёрдам чақириш шароити бўлмаган, вазиятни мустақил ҳал этишга мажбур ҳудудда кузатилганида, худди сиз таъкидламоқчи бўлгандек, ушбу хатти-ҳаракатни жасоратга йўйиш мумкин эди. Афсуски, ундай дея олмаймиз. Бу худди қўлида ўта аниқ кўрсатувчи компаси бор одамнинг ундан фойдаланиш ўрнига шамолга қараб тусмол-тахмин йўналиш олишига ўхшайдики, на-да кулишни, на-да куйишни биласиз.  

Бугун барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимларида профессионаллашиш кузатилаётган, чунончи, ИИВнинг тааллуқли бошқарма ва муассасалари керакли замонавий, энг сўнгги русумдаги жиҳоз ва ускуналар билан таъминланаётган, Тошкентдек шаҳри азим маркази кўчаларидаги қатнов траекторияси кузатув бўлинмаларида кафтдек кўриниб турган бир паллада инспекторнинг машинага осилиб юриши... одамлар орасида соҳага нисбатан недир бир ишончсизлик, истеҳзо, калака кайфиятини туғдирмаслигига кафолат борми? Айтинг-айтинг, шундай кайфиятни соҳа ходимларининг ўзлари пайдо қилиб қўймаяптимикан?

Яширадиган жойи йўқ, ўзи шундоқ ҳам ички ишлар органлари вакилларининг ижтимоий имижи аҳоли орасида жудаям юксак эмас. Агар шундай бўлганда ижтимоий тармоқларда турли видеолар ҳозиргидек бодраб ётмасди... Мавзу эса ҳали давом этадиганга ўхшайди!

Биламизки, ички ишлар соҳаси турдош органларга нисбатан халққа энг яқин тизим. Биз мулоҳазаларимизни “Модомики шундай экан, ходимлар унга мос бўлиши керак!” қабилдаги баландпарвоз гап билан тугатишни истамаймиз, улар буни шундоқ ҳам яхши анг­лашади.

Умидимиз шулки, Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари тизимда учраётган юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатлар кўпайиб кетишининг олдини олиш чораларини кўради: ички интизом борасидаги йўриқномаларни қайта кўриб чиқади, инспекторлар эса агар вазият тақозо қилмаса, омма олдида ўша кундагидек, кутилмаган “ғаройиб трюк”лар кўрсатишга жазм этишмайди. Янаям билмадик...

Аслиддин АЛИМАРДОН