Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Лаббай”чи муҳаррирлар замони ўтди

“Лаббай”чи муҳаррирлар замони ўтди

Ўн бир йилдан буён Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси муассислигида чоп этилаётган “Камолот кўзгуси” газетасида муҳаррирлик қилаётган журналист сифатида ҳеч муболағасиз айтмоқчиманки, ушбу мақолада кўтарилган аччиқ ва аламли мавзу менинг ҳам юрагимда акс-садо бераётир.

Тасаввур қилинг, хўжалик ҳисобида кун кўрувчи таҳририятнинг моддий-техник базаси яратилган тақдирда ҳам, газета ўз ўқувчисини топиши учун иқтидорли журналистлар керакми? Қани, ўша иқтидорли қаламкашлар? Бориям вилоятдаги газеталар таклиф қилаётган маошга ишлармикин? Бунинг учун, албатта, уларни қоралаб бўлмайди. Чунки битта тўлақонли материал тайёрлаш учун, қанча жойга бориш, одамлар билан мулоқот қилиш, тегишли ташкилотлардан маълумотлар олиш талаб этилади. Таҳририят маошдан бошқа нарса таклиф қила олмайди. Чунки қалам ҳақи, йўл харажатларини ҳамма таҳририят ҳам кўтара олмайди. Дейлик, маҳоратли мухбир маоши ҳисобига бир марта яхши мақола ёзар, ана борингки, икки мартаям ёзсин, учинчисига, тўғриси, кафолат йўқ!

Муаллиф мардона таъкидлаганидек, ёш, иқтидорли, ғайратли, оловқалб мутахассисларга талаб катта. Лекин, мана, ўн бир йилдан бери бирор бир ёш ижодкорнинг таҳририятимиз эшигини тақиллатиб, “Мен журналистика факультетини тугатдим, иш борми?” деб келганини билмайман. Бу “дардли, муаммоли айлана”дан чиқиш учун энди ўзимиз мактаб, коллеж ёки бош­қа соҳаларда ярқ этган истеъдодни излаймиз. Қўшимча ишга таклиф қиламиз. Уларнинг эркаликларини кўтариб, икки-уч йилда мутахассис тайёрлаганимизда дарров харидор чиқиб туради. Ё таълим даргоҳида тузукроқ иш таклиф қилишади, ё бошқа ташкилотларга “иш юритиш”ни яхши биладиган кадр бўлиб ўтиб кетади. На илож, дардимиз ичимизда, “оқ йўл” тилашга мажбурмиз. Ҳозир, ишонасизми, аҳвол шу даражага етдики, айрим туман газеталарида соҳага умуман алоқаси йўқ, ҳатто олий маълумотли бўлиш у ёқда турсин, ёзган бир қоғоз мақоласида ўнлаб имло хатолар учрайдиган кишилар муҳаррирлик қилиб юрибди. Ҳокимликларга ҳам саводсиз бўлса бўлсин ана шундай ҳайбаракаллачи, лаббайчилар керак-да! Афсуски, бундай ҳолат, нафақат туман нашрларининг, балки бутун матбуотнинг, журналистларнинг халқ олдида обрўси тўкилишига, қадри тушишига олиб келмоқда. Ахир, зукко газетхон нашрни варақлаб кўриб, ҳафсаласи пир бўлган чоғда “бош муҳаррир” ёки “журналист”нинг шу соҳа вакили эмаслигини қаёқдан билади?

Агар кулгили бўлмаганида, йиғлаш керак эди, деган иборани эшитгансиз. Мақолада ошкора айтилганидек, обуна уюштирувчи ваъдабоз ташкилотлар шартнома тузилгунча, таҳририят остонасида ётиб олиб, газетаниям, пулиниям ўз вақтида етказиб берамиз, деб қоп-қоп ваъдалар қилишади. Кейин-чи, ҳатто манзилини ҳам тополмайсиз. Исбот керакми, марҳамат! Бундан икки-уч йил олдин обуна уюштирувчи ташкилотлар сафига “Махсус матбуот” МЧЖ қўшилди. Пойтахтдаги шу номли МЧЖнинг филиали сифатида иш бошлаган мазкур ташкилот таҳририятлар билан шартнома тузиб, икки йилча фаолият кўрсатди. Аммо шартнома шартларини бажаролмай, боши берк кўчага кириб қолди. Гарчи маблағни тўлиқ тўлаб бермаган бўлса-да, кўпгина муҳаррирлар улардан қутулганига шукр қилганига шубҳам йўқ. Афсус, эрта севинган эканмиз. Энди улар “Доно матбуот” сифатида фаолият бошлаб юборишди. Мазкур МЧЖ, мана, йил якунланиб боряптики, таҳририятимизга тегишли бўлган 13,5 миллион сўм маблағнинг ҳатто буюртмасиниям бергани йўқ. Ўтган 2017 йили яна бир ҳамкор обуначи ташкилотимиз, Маъмура Урдушева раҳбарлигидаги “Матбуот тарқатувчи” МЧЖ вилоятимизнинг бош нашри – “Жиззах ҳақиқати” таҳририяти билан айнан шартнома шартлари бажарилмагани юзасидан судлашди. Суд иши таҳририят фойдасига ҳал бўлиб, қарийб бир миллиард маблағни таҳририят ҳисобига ундириш тўғрисида қарор чиқарилди. Бироқ “Матбуот тарқатувчи” МЧЖ тўланиши керак бўлган маблағни 2018 йилги обуна мавсуми тугагандан сўнг январь ойидан бошлаб тўлай бошлади. Ҳақли савол туғилади? Кимнинг ҳисобидан? Ахир мазкур ташкилот фақатгина “Жиззах ҳақиқати”нинг обунаси билан шуғулланмаган-ку... Демак, камомад ўзгалар ҳисобидан тўлдирилди. Унда олдинги обуна пуллари қаерга кетди? Мазкур ташкилот бизнинг таҳририятдан ҳам 11 миллиондан зиёдроқ қарз. Устоз журналист Ғ. Юсупов таъкидлаганидек: “Инсофини бўри емаган бўлса”, бўлажак обуна ҳисобидан тўлаб берар, деган умиддамиз. Хуллас, бундай мисолларни вилоятдаги истаган таҳририят мисолида келтирса бўлади. Аҳвол шу даражадаки, икки-уч йилдан бери баъзи туман газеталари газета чиқаришни вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлмоқда.

Муаммо кўтариш мушкул иш эмас. Лекин унинг ечими-чи? Шу мақола баҳонасида айрим таклифларни ўртага ташламоқчиман. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда китоб мутолаасига алоҳида эътибор қаратиш, китобхонлик маданиятини янада юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Худди шундай, босма оммавий ахборот воситалари, айниқса, сиёсий-ижтимоий газета-журналларни ҳукумат миқёсида қўллаб-қувватлаш лозим деб ўйлайман. “Одамлар газета ўқимай қўйдими?” деган саволга эса ўқиётган, ўқиш иштиёқида бўлган муштарийлар кўп, деб жавоб берган бўлардим. Бироқ даставвал газета нархи, унинг ўз вақтида етказиб берилиши каби оддий масалар ечими топилмас экан, газетанинг савияси, оммавийлиги ҳақида қандай қилиб фикр юритишимиз мумкин.

Бахтиёр ХУДОЙБЕРДИЕВ,
“Камолот кўзгуси” газетаси
бош муҳаррири