Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Луқмон БЎРИХОН: “Бегоналар юрмас бу ерда” (Романдан парча)

Луқмон БЎРИХОН: “Бегоналар юрмас бу ерда” (Романдан парча) Бугунги кун замонавий ўзбек тадбиркорининг маънавий дунёси қандай?
Менталитет моддий манфаатда акс этиши мумкинми?
Ишбилармон сўзи фақат бойларга нисбатан ишлатиладими?
Бизнинг яқин тарихимизда тадбиркорлар ким эди, энди ким?

Биз бугун Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг яқиндагина ёзиб тугатган, ҳали сиёҳи қуриб улурмаган романидан парча келтиришни лозим топдик. Зеро, ёзувчилик қисматини танлаганлар учун давр руҳини холис ифода этиш, асари қаҳрамонлари мисолида ҳақиқий тасаввурларни авлодларга етказиш энг бирламчи вазифа, масъулият ва бахтдир. Ана шу йўлнинг энг мақбул ва муфассал баёни эса ҳеч шубҳасиз бу – романчиликдир.

Луқмон Бўрихон қаламига мансуб навбатдаги роман тез орада китобхонлар қалбидан жой олиб, муносиб эътироф қозонишига тилакдошмиз.


                                    Бегоналар юрмас бу ерда
 

...Комбинатда иш бошлаганимга, адашмасам, эндигина олти ой тўлган кезлар эди.

– Мана бу журнални тез ҳовлига олиб тушгин, – деб қолди бир куни бош ҳисобчи семиз “Қайдлар китоби” ни менга қўлтиқлатиб, – Рес­публика дон инспекцияси бошлиғи Суръат Жаб­борович келганлар, директор иккиси пастда кутиб турибди, қандайдир рақамларга қараб олишлари керак экан, зипилла, тез етказгин.

Мен бошлиғимнинг айтганини қилдим. Чиндан ҳам директор басавлат, жиддий қиёфали киши билан ўтўчириш мосламаси ёнида суҳбатлашиб турган экан.

– Мана, мана-а, Суръат Жабборович, ҳозир кўрамиз, – деди директор  қўлимдан “Қайдлар китоби”ни олиб варақлашга тушаркан, – вақтида тўлов қилганмиз, лекин натижа йўқ.

Суръат Жабборович ишора қилинган рақамларни диққат билан кўздан кечиргач, маъқуллаган кўйи бош ирғаб қўйди.

Шу пайт ораста, оппоқ кўйлак, қоп-қора кос­тюм-шим кийган Шаҳриёр мамнун қиёфада идора йўлагидан чиқиб элеватор цехи томонга бурилди.

– Ким бу, Ражи Капурми? – сўради Суръат Жабборович уни қизиқсиниб кузатаркан.

– Холёров, элеватор цехи бошлиғи, комбинат касаба уюшмаси раҳбари ҳам.

Пойтахтдан келган амалдор ажабланган бир қиёфада директорга юзланди.

– Элеватор цехи бошлиғи, дейсизми? Энг ифлос, энг чанг-тўзонли цехда одамларингиз байрамона кийимда ишлашадими?

– Йўғ-е, нега, – деб чайналди директор маъқулроқ жавоб тополмай, – махсус тикилган либосларимиз бор. Менимча, Холёров эрталаб марказга борган, ҳали ечиниб-кийинишга улгурмаган бўлса керак.

– Ия, бу гапингиз ҳаммасидан ошиб тушди-ю, Ҳасанович, ахир, кун пешиндан оқди, у эрталаб мажлисга бориб-келиб, ҳали кийим алмаштирмаган бўлса, қачон ишлайди? Ишлайдими ўзи, ё...кино актёрига ўхшаб юраверадими?

Директор аччиғланиб менга имо қилди.

– Ановини бу ёққа чақириб келгин.

Шаҳриёрга цех эшиги ёнида етиб олдим.

  Холёров, чақиришяпти, – дедим раҳбарлар томон ишора қилиб.

– Сизни Ален Делон деб ўйласам, цех бош­лиғи экансиз-ку.

Пойтахтдан келган амалдор илдамгина келиб саломлашган Шаҳриёрни шундай истеҳзо билан қарши олди.

– Нега махсус кийимда эмассиз? – жаҳл билан сўради директор.

Шаҳриёр хижолатомуз изоҳ берди.

– Эрталаб касаба уюшмалари иши бўйича марказда мажлис бўлганди, шунга боргандим.

– Мажлисга борилса, – деб кулди Суръат Жабборович, – кейин корхонада ишламаса ҳам бўлаверадими?

Шаҳриёр ажабланган кўйи елка учирди.

– Нега? Мана, ишдаман-ку. Соат ўндан бери цехдаман. Ҳозиргина отдел кадрга бир ҳужжатни топшириб чиқдим, холос.

– Шу кийим билан элеваторда ишлаб юрибман, деб бизни ишонтирмоқчи бўвотсизми? – чинакамига ҳайратланди Суръат Жабборович.

– Ҳа, нима қилибди, – деди Шаҳриёр қандайдир хотиржам, – бизнинг цехда шу кийимда ҳам ишласа бўлаверади.

Директор жаҳл билан қўл силтади.

– Эй, Холёров, бу нима деганинг. Олифтагарчилик қилмагин.

– Шошилманг, Ҳасанович, шошилманг, – деди пойтахтлик раҳбар директорнинг гапини бўлиб, – мен бу кино актёрининг цехини би-ир кўриб қўймоқчиман. У, ҳойнаҳой, элеваторда эмас, маданият саройида ишласа керак. Қани, ука, мени айтган жойингга бош­лаб бор-чи.

– Бемалол,– деб қўйди Шаҳриёр .

Суръат Жабборович ортидан эргашаётган директорни ишора билан тўхтатди.

“Ҳасанович, сиз овора бўлманг, биз тезда қайтамиз, сиз унгача ҳалиги масалани ўйлаб туринг.”

Азбаройи қизиқишимга қарамай мен ҳам директор ёнида қолишга мажбур бўлдим.

Кун тобора забтига оларди. Биноларнинг сарғиш туси иссиқдан баттар сарғайиб бораётгандек туюларди.

“Бориб, буфетдан сув-пув олиб чиққин” – деди директор кафти билан енгил елпиниб, – Холёровнинг артистлиги ҳали бизга қимматга тушмаса эди.”

Мен буфет томон йўрғаладим. Бўлиб ўтган воқеадан ичимда қандайдир қувонч ғимирларди. Негадир раҳбарлар шу баҳона Шаҳриёрнинг таъзирини бериб, бироз попугини пасайтиб қўйишларини хоҳлардим. Ҳолбуки, Шаҳриёр мени ўзига яқин олиб, баъзи бир ҳисоб-китоб юмушларимга кўмаклашиб турарди. Негадир ўша кун, ўша дамда шундай ғайир бир туйғу кўнглимга ўрмалаб қолди. Сиру-синоати ўзимга ҳам намоён эди.

Тез қайтаман деган пойтахтлик амалдор роппа-роса қирқ дақиқа йўқ бўлиб кетди. Комбинат директори мен келтирган бир шиша “минералка”ни “қўл-қулт” ичаркан ростакамига хавотирланиб қолди.

– Холёровнинг бирор ишкали топилди-ёв, бу одамлар қилни қирқ ёрадиган мутахассислар, ҳеч нарсани назардан қолдирмайди, – деди димоғида ғудраниб.

Бир пайт Суръат Жабборович элеватор эшигидан чиқиб келди. Ранг-рўйидан на мамнунлик, на норизолик билинади. У узоқдан директорни кўриши биланоқ гўё афсуслангандай бош чайқаб қичқирди:

– Ҳасанович, ишлар чатоқ! Расво бўлдик! Қандай кадрларни йиғиб олгансиз ўзи?!

Комбинат директорнинг авзойи бузилди. Қўлидаги чала бўшаган шишани менга тутқазди-да, минг бир хавотир ичида амалдорга пешвоз юрди.

– Нима гап, тинчликми, Суръат  ака?

– Тинчлик-эмас-да, – деди пойтахтлик раҳбар бош чайқаб, – ҳамма ёқ остин-устун бўлиб кетди!

Директор элеватор цехи томон безовта кўз ташлади.

– Бирор нохушликлар бўлса, айтинг, тўғрилаймиз, Холёровдан қандай гуноҳ ўтди? Керак бўлса, жазолаймиз.

– Гуноҳи шуки, бу йигит ростдан ҳам ишлар экан. Уни эмас, бизни жазолаш керак аслида.

Комбинат директори пойтахтлик раҳбарга саволомуз тикилди.

– Ростдан ҳам ишлар экан, дейсизми?

– Ҳа, Ҳасанович, ҳа, – деди Суръат Жабборович тўлқинланиб, – сал кам ўттиз йилдан бери шу соҳадаман, неча бир мелкомбинатларни, элеваторларни кўрдим, лекин умримда бундай тоза, озода, ёғ тушса, ялагудай цехни учратмаганман. Одатдаги шовқин-сурон йўқ. Кўп жойларда элеватор норялари илма-тешик ҳолда, чанг-тўзон пуркаб ётади, бу ерда эса ҳаммаси таъмирланган, подшипниклар ёғланган, хуллас, Холёров деганингиз чиндан ҳам ишларкан.”

Комбинат директори яйраб кулди.

– Унинг ўзи санъатни яхши кўради. Цехни ҳам санъаткорона таъмирлаган-да.

– Хуллас, ўзимга ўзим ташвиш орттирдим, Ҳасанович.

– Қандай қилиб, нима учун?

– Ахир бу цехни бутун республикага намуна қилиб кўрсатишимиз керак. Холёров тажрибасини бошқа ерларда ҳам жорий этиш лозим. Хуллас...

– Хуллас, – деб гапни илиб кетди комбинат директори мамнун қиёфада, – хуллас, ҳаммамиз чинакамига ишлашимиз керак.

Ҳар иккиси қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди. Ҳануз “Қайдлар китоби”ни, бўш шишани қўлтиқлаб турарканман, мен ҳам уларга қўшилдим...