Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

М А Т О Н А Т М А Н З У М А С И

М А Т О Н А Т    М А Н З У М А С И

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин САЙЙИД: Тошкентдан 1 530 чақирим, Нукусдан 450 чақирим олисда Ватанимизнинг энг чекка шимолий сарҳадида Президентимиз томонидан қисқа вақтда обод этилган “Қорақалпоғистон” шаҳарчасида яшаётган матонатли юртдошларимиз ҳамда шаҳарча овул фуқаролар йиғини раиси Қутли Қошимбетовага бағишланади.

* * *

Ҳаёт надир – матонатдир,

                          шижоатдир, замондош,

Яшаш надир – курашлардан

                          иборатдир, замондош.

* * *

Поездлар бу ўлкалардан

                      қайдан қайга кетарди?

Шарқдан Ғарбга кетар эди,

                     Ғарбдан Шарққа кетарди.

Элнинг тақир саҳро янглиғ

                      фикру ёдин бурғулаб,

Эл кўнглига туну кунлар

                      солиб ваҳму қўрқувлар –

Эшелонлар кеча-кундуз

                      қатнар эди бетиним,

Бир зум бунда тўхтамайин,

                     бир зум топмайин қўним.

Шимолдан Жануб томонга,

                    Жанубдан Шимол томон,

Жазирама қуюнлардан

                    изғирин шамол томон –

Эл дардига бирор малҳам

                   беролмай, бир йўқловсиз,

Қатнов кетар эди тун-кун

                   аёвсиз ва тўхтовсиз.

Одамларнинг кифтларидан

                   ўтгандай темир излар,

Элни янчиб кетгай эди

                   у мустабид поездлар.

Қанотларин ўшал қаттол

                    паровозлар қайирди,

У поездлар элни не-не

                   парвозлардан айирди.

Бор ғазнаю хазинасин

                  вагонларга орттириб,

Бойликларин ташир эди

                  элни юпун қолдириб.

* * *

Мен бекорга келтирмадим

                   Айтматовдан тимсоллар,

Бу ерларда халқ яшарди,

                   яшар эди инсонлар.

Бу манзиллар нурсиз эди,

                   зулмат эди зим-зиё,

Яратганнинг эсидан ҳам

                   чиқиб кетгандай гўё.

Бир миллатнинг чегараси,

                      бир давлатнинг ҳудуди –

Ночорлигу абгорликдан

                       зирқирарди вужуди.

Элнинг уй-жойи вайрону

                       бундан эл кўнгли вайрон,

Уй-жойи элга ҳайрону

                       эл кўнгли бунга ҳайрон.

Дунёнинг бир чеккаси, деб

                       биров кўриб-кўрмаган,

Аҳволинг не, кимсан дея

                       ҳеч ким ҳолин сўрмаган...

* * *

Ҳаёт надир – матонатдир,

                     шижоатдир, ёронлар,

Яшаш надир – курашлардан

                     иборатдир, ёронлар.

Одамзодга нима керак?

                    Бир рағбат, бир эътибор,

Шу он кўнгил даштларида

                   бошлангайдир навбаҳор.

Бир манзил гар обод бўлгай,

                    минг кўнгил обод бўлгай,

Гўё минг бир дарду ғамдан

                   минг кўнгил озод бўлгай.

Мен ҳам бошга қия қўйиб

                    Қорақалпоқ бўркини,

Кўрсам Устюрт қирларидан

                    Она юртим кўркини.

Кўз илғамас кенгликларга

                     тўлган кўнглим етгайдир,

Уфқларга қадар кўнглим

                     бир ястаниб кетгайдир!

Янги конлар очилмоқда

                     гўё янги қалблардай,

Ернинг юрак уришлари

                     қалблардаги зарблардай.

Янги орзу-ниятлардан

                    завқланар, жўшар гўё,

Қўшмоқчидай янги давру

                     замонларга нур-зиё –

Ер қаъридан ногоҳ гурлаб

                     чиққан ялов-машъала

Шу миллатнинг қалб ўтидир,

                     келажагин машъали.

Мўйноқдан Қўнғирот қадар,

                     Нукусдан то Шуманай –

Мен ҳам янги замонларнинг

                      ҳавосига чулғанай.

* * *

Ҳаёт надир – матонатдир,

                          шижоатдир, замондош,

Яшаш надир – курашлардан

                          иборатдир, замондош.

Янги орзу-умидлардай

                         уй-жойлар бўлар пайдо,

Кўрган киши жамолига

                       шу онда бўлар шайдо.

Ҳайратлардан ёзилгайди,

                       ярқираб жабинлари1,

Ажиниёз боболарнинг

                      минг йиллик ажинлари.

Сўз қарзини жони бирлан

                       тўлаб борган боболар,

Устоз Иброҳим оға ҳам

                       Тўлепберген боболар.

Томирларда қонлар қайнар

                       Ер остида конлардай,

Ер остида конлар қайнар

                        томирларда қонлардай.

Янги давру замонларнинг

                        дашту кенгликларида

Конлар узра қатор кетган

                        ундов белгиларидай –

Пайдо бўлган ҳар минорни

                        меҳримга қўйсам дейман,

Давру замон даъватидай

                        шеъримга қўйсам дейман.

* * *

Ҳаёт надир – матонатдир,

                          шижоатдир, ёронлар,

Яшаш надир – курашлардан

                          иборатдир, ёронлар.

Қутли дейми, Қутлуғми ё

                        Қутлуғбика дейинми,

Опа, айтинг, бу дунёда

                       Ватан қуриш қийинми?

Бир эътибор-эъзоз билан

                       яшнаб кетса маконлар,

Энг аввало инсонлигин

                       ҳис қилгайдир инсонлар.

Кўчаларнинг чироқлари

                       эл дардини аритгай,

Кўчалармас, энг аввало,

                       эл қалбини ёритгай.

Сизсиз ўтмас бу масканда

                       бирор тўй ё маърака,

Исмингизда хосият бор,

                       файз бор, қут-барака.

Сиз сингари беҳаловат,

                        шижоатли ва ҳалол

Ватандошлар то бор экан –

                        Ватан топмагай завол.

Эл кўнглида барг ёзгайдир

                        қанча орзу-матлаблар,

Қад ростласа янги уйлар,

                        кўркам қасру мактаблар.

Шоду хандон полапонлар –

                       ўғил-қизу болангиз,

Ҳар бири бир майсангиздир,

                       ҳар бири – бир лолангиз.

Мактаб аро гарчи ҳозир

                       ғунчадир, гулғунчадир,

Келажакнинг Бердақлари,

                       Абайлари шундадир.

* * *

Ҳаёт надир – матонатдир,

                      шижоатдир, замондош,

Яшаш надир – курашлардан

                      иборатдир, замондош.

Матонатли эл, дебон лутф

                     этганда Юрт Раҳбари –

Жимирлади ёшу қари

                    элдошларнинг қалблари.

Огоҳ зотлар дилхоҳ элда

                  эл ҳоли ҳеч танг бўлмас,

Дилхоҳ зотлар огоҳ элда

                   элнинг кўзи нам бўлмас.

Қонгликўлдан ғанғиллабон

                   учган ғозларим бордир,

Женгай десам, бика дейди,

                   Қутлуғ созларим бордир.

Давру замон авжларига

                   созлай мен ҳам торимни,

Ярқираган кенгликлардай

                   сочай дилда боримни.

Ҳар манзилда бир ўзгариш,

                   Сурғилми ё Хўжайли –

Эй элдошим, келгил биз ҳам

                    ҳиссамизни қўшайлик!

Тўқсон кунда бўй кўрсатса

                    шаҳарлардай орзулар,

Ҳаёт ўзи матонатга

                  берар янги мавзулар.

Маманбийдай, Эдигейдай

                  ботирларин сўраштир:

Ҳаёт асли матонатдир,

                  яшаш асли курашдир!

Умринг асли бошдан-оёқ

                  курашдандир иборат,

Матонатдир асли билсанг

                  ҳар бино, ҳар иморат.

Бўлгандайин кенг йўлларда

                  пасту баланд, чуқурлар,

Дилларда ҳам бордир ҳали

                 қанча ўнқир-чўнқирлар.

Ҳар мактабинг, маърифатли

                ҳар бир пухта ишингдир –

Жаҳолатга қарши қўйган

                сенинг битта ғиштингдир!

Меҳру шафқат манзилидир,

                   бахт-саодат манзили,

Бу – матонат манзилидир,

                  бу матонат  манзили!

Бу уйлар, бу маконларда

                   миллат яшар, қалб яшар,

Матонатли эл яшайди,

                   саодатли халқ яшар.

20-27 ноябрь, 2018 йил.