Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРЛАРИ ИЖРОСИ ЮЗАСИДАН ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРЛАРИ ИЖРОСИ ЮЗАСИДАН ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА
Бу ҳақда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда парламент қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида алоҳида таъкидланди.
Дастлаб Иқтисодиёт вазирлигининг тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш соҳасини такомиллаштириш бўйича фаолияти натижаларини муҳокама қилиш мақсадида ушбу вазирликнинг ахбороти эшитилди.
– Ўзбекистонда тайёр маҳсулотлар маҳаллийлаштирилиши даражасини ошириш иқтисодиётнинг янада барқарор ва изчил ривож­ланиши, унинг ташқи омилларга тобелигини пасайтириш, ишлаб чиқариш жараёнларига янги самарали технологияларнинг татбиқ этилишини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этади, – деди  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Баҳром Ниёзматов. – Айнан шу боис ҳам юртимизда маҳаллийлаштириш саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бирига айланган. Соҳани янада ривожлантириш ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни  ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида мамлакатимизда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини оширишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий асослар яратилган ва у бугунги ривожланиш тамойилларидан келиб чиқиб такомиллаштириб борилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан Сурхондарё, Наманган, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ушбу дастурга киритилган қатор корхоналар фаолияти ўрганилиб, жойларда маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқотлар ташкил этилди.
Иқтисодиёт вазирлиги маҳаллийлаштириш жараёнининг фаол иштирокчиси сифатида мамлакатимиз Президентининг 2016 йил 26 декабрдаги “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг бажарилиши юзасидан муайян ишларни амалга оширмоқда.
Хусусан, ахборотда келтирилишича, 2017 йилнинг 9 ойи давомида 750 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси йўлга қўйил­ган бўлиб, 5 триллион 781 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва режа 149 фоизга бажарилган. Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳаларини амалга ошириш натижасида саноат маҳсулотларининг 150 дан ортиқ янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Натижада 351 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг экспорти таъминланган. Яна бир муҳим жиҳат – дастур доирасида 2017 йилнинг уч чораги давомида 2  минг 169 та янги иш ўрни ташкил этилган.
– Маҳаллийлаштириш дастурларини амалга оширишдаги замонавий ёндашувлар туфайли жараёнларнинг шаффоф­лиги ва тезкорлиги таъминланмоқда, – деди парламент қуйи палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Клара Жумамуратова. – Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўсмоқда. Бу ўз навбатида,  ички бозорларимизни зарур товарлар билан тўлдириш ҳамда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Тадбирда депутатлар томонидан соҳанинг янада ривожланишини таъминлаш учун фойдаланилмаган захиралар ва имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, жойларда маҳаллийлаштириш дастури хусусиятлари, дастур доирасида бериладиган солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялар, дастурга киритиш механизмлари ҳақида тадбиркорлик субъектларини кенг хабардор қилиш, тайёр маҳсулотлар сотишни амалга оширишда маркетинг тадбирлари суст ташкил этилаётганига, давлат бошқаруви органлари ва тижорат банклари томонидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирилишда кечикиш ҳолатлари мавжудлигига эътибор қаратилди.
Шунингдек, доимий равишда маҳсулот ишлаб чиқариш режалари бажарилишининг тизимли мониторингини ташкил этиш,  корхоналар дуч келаётган муаммо ва тўсиқларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг ечими бўйича таъсирчан чоралар кўриш масалаларида маҳаллий давлат органларининг масъулиятини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Конструктив ва амалий руҳда ўтган тадбирда иштирокчилар соҳани янада ривожлантиришга доир фикр-мулоҳазалар билдириб, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар бердилар. Эшитув якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири