Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Маҳмуд Намозов номидаги маданият маркази

Маҳмуд Намозов номидаги маданият маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 30 апрель - 1 май кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Узун туманидаги бўш турган “Файзова” маданият уйи биноси негизида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Намозов номидаги маданият марказини ташкил этиш тўғрисида кўрсатма берган эди.

Тасаввур қилинг, 1976 йилда қурилган, 27 хона ва 600 ўринли томоша залидан иборат икки қаватли  бино деярли авария ҳолатига келиб қолганди. Шу боис ҳам маданият уйи қошида ташкил этилган 4 та тўгарак ҳамда “Райҳон” номли ашула ва рақс ансамбли тумандаги 26-умумий ўрта таълим мактаби биносида ҳозиргача “ижарада”фаолият юритиб келаётир. Лекин бу хайрли ташаббусни чин дилдан қўлловчилар воҳада кўпаяётгани қувонарли ҳол десак янглишмаймиз.

Эндиликда бу бино Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ёшларнинг мусиқа санъатига бўлган қизиқишини ошириш, истеъдодини намоён этиш ва асосийси, қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида таниқли санъаткоримизга берилди.

Яқин орада бу ерда қайта таъмирлаш, реконструкция ишлари бошланади. Насиб этса бу бинода маданият ва санъат йўналишида турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур имкониятлар яратилади. Турли маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ташкил этилади.

Майдони 1 гектардан зиёд бўлган марказ ҳудудида аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароитлар яратилади.

Элбек ШОЙИМҚУЛОВ