Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мажбурий ижро бюроси: Қарзни фақат узиш керак!

Мажбурий ижро бюроси: Қарзни фақат узиш керак!

Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, бу борада жавобгарликни кучайтириш мақсадида 2017 йил 30 майда қабул қилинган қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган эди.

          Ҳозирда бюронинг Қорақалпоғистон Рес­публикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри бош­қармалари фаолият олиб бормоқда. Мана, орадан маълум вақт ўтди. Жойларда электр ва газ таъминотида назорат, истеъмол ва тўлов интизоми борасида қандай ишлар бажарилмоқда? Мухбиримиз ана шу каби саволлар билан Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи, адлия маслаҳатчиси Улуғбек Анваров билан мулоқотда бўлди.

– Улуғбек ака, аввало,
бошқарма фаолияти тўғрисида қисқача маълумот берсангиз.

         – Бошқарма Президентимизнинг 2017 йил 30 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган. Ҳозирда Тошкент шаҳрининг барча туманларида унинг бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Қарорда Бюро суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаши, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиши, ижро ишида сансалорлик ва суиистеъмолчиликнинг олдини олиши, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаши ва бартараф этиши зарурлиги белгиланган. Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш ҳам Бюро олдида турган асосий вазифалардан биридир. Истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси, табиий газдан қарздорликни ундириш баробарида истеъмолчиларнинг ҳуқуқий ҳамда тўлов маданиятини юксалтириш чораларини кўриш ҳам бюро фаолиятининг асосини ташкил қилади.

– Айтинг-чи, истеъмолчиларнинг табиий газ ва электр энергияси бўйича қарздорлигини бартараф этиш борасида ўтган 7–8 ой давомида қандай ишлар бажарилди?

             – Аҳолининг ўтган йиллар давомида тўп­ланиб қолган қарздорлигини камайтириш, табиий газ, электр энергияси сарфи учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишига эришиш бугунги куннинг муҳим масаласи эди. Бу масъу­лиятли ишни амалга ошириш эса юртбошимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси зиммасига юклатилди. Қарздорликни рақамлар асосида таҳлил қилайлик: 2018 йил 1 январь ҳолатига Тошкент шаҳри аҳолисининг табиий газдан қарздорлик миқдорини қарийб 32 млрд. сўмга, улгуржи истеъмолчилар ўртасида эса салкам 1 млрд. сўмга, электр энергиясидан 22 млрд. сўмга камайтиришга эришдик. Эътиборлиси – шу пайтгача қарздор бўлсада, газ ва электр энергиясидан “бемалол” фойдаланиб юрганлар бугун “интизомли истеъмолчи”га айланишмоқда. Табиийки, бунда ходимларимизни ҳар бир маҳалла, ҳаттоки кўчаларгача бириктириб қўйганимиз қўл келаяпти. Улар тўлов назоратини йўлга қўйиш баробарида, истеъмол маданияти бўйича тушунтириш ишларини ҳам олиб боришмоқда. Президентимизнинг тегишли қарорига кўра, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб сув учун ҳам 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Зиммамизга юклатилган вазифанинг бекаму кўст уддаланиши учун ходимлардан доимо бир нарсани, яъни аҳоли билан хушмуомала, дўстона муносабатда бўлишни талаб этаяпмиз. Бу борада ишлаб чиқилган дастурга асосан жойларда учрашувлар ташкил этилиб, кенг жамоатчилик, ўз-ўзини бошқариш органлари фаоллари, имом-хатиблар иштирокида қарздорлик, унинг оқибатлари тўғрисида маънавий суҳбатлар уюштириб бориляпти. Аҳоли орасида МИБ фақат қарздорликни ундирувчи бир ташкилот эмас, балки ана шу қарздорликнинг олдини олишда истеъмолчиларга яқиндан ёрдам берувчи идора сифатида ҳам танилиши керак. Мирзо Улуғбек, Миробод, Сергели, Бектемир каби туманларида ўтказилган учрашувларда табиий газ ва электр таъминоти корхоналари масъуллари, прокуратура ходимлари иштироки таъминланиб, аҳолини, тадбиркорларни қизиқтираётган саволларга жавоб қайтарилиб, кундалик дуч келинаётган масалаларга барҳам берилди.

– Демак, истеъмолчилар ҳам, тадбиркорлик субъектлари ҳам бошқарма ходимларининг фаолиятини тўғри баҳолашяпти. Бу масаланинг бир жиҳати. Хўш, айтинг-чи, ҳали ҳам эскича қарашда юрганлар  учраяптими?

            – Биласизми, Президентимиз ҳар бир чиқишида бежиз кадрлар масаласига алоҳида тўхталмайди. Чунки ҳар бир соҳа, тармоқ ёхуд идора, ташкилот фаолиятини тўғри ташкил этишда айнан салоҳиятли, ўз касбига садоқатли, одамлар билан мулоқотга кириша оладиган, малакали ходимларнинг ўрни жуда катта. Бюрога ишга қабул қилинаётган ёки ишлаётган ходимлар, давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, прокуратура органлари ходимларига тенглаштирилиши эса улардан янада масъулият билан меҳнат қилишни талаб этади. Ана шу талабларга жавоб бермаётган ходимларга нисбатан чора қўлланяпти. Боиси, улар аҳоли билан мулоқотда бўлишади. Хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш, қўпол муомала, қарздорлар билан тил бириктириш каби иллатлар Президентимизнинг соҳамизга  билдираётган ишончини йўқотади. Тўғри, ҳозирча айрим қийинчиликлар ҳам бор. МИБ ходимлари бировнинг эшигини тақиллатиб, “Қарзингиз бор экан, шуни тўласангиз”, деганида дарров “хўп бўлади” деб тўлаб қўядиганлар кам топилади. Чунки йиллар давомида кўпчиликда “хоҳишга қараб тўлаш” кайфияти ҳукмрон бўлган. Бугун бунга йўл қўйилмаяпти. Аҳамиятлиси, қарздорлар орасида рўзғори бут, ўзига тўқ, топармон-тутармон, турмуши яхши одамлар кўпчиликни ташкил қилади. Афсуски, улар табиий газ, электр энергияси, сув истеъмолидан миллионлаб сўм қарздор бўлади. Тўловдан бўйин товлашга уринадиган ана шундай кишиларга нисбатан суд тартибида чора кўриляпти. Натижада одамларда чин маънода тўлов маданияти шаклланиб, ҳар ойнинг ўнинчи санасигача тўловни амалга оширяпти.

– Олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежларини битираётган кўпчилик ёшларда МИБга ишга киришга қизиқаётганлар кўп. Айтинг-чи, мазкур тузилмага ишга қабул қилинадиганларга қандай талаблар қўйилади?

               – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида хизматни ўташ тўғрисидаги низомда тизимда ишлаш учун юриспруденция, молия, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда олий ёки ўрта махсус маълумотли, соғлиғига кўра хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган, зарур касб-ҳунар ва маънавий фазилатларга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилиниши белгиланган. Бюронинг давлат ижрочилари лавозимларига олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга, айрим ҳолларда бошқа мутахассисликдаги олий маълумотга эга шахслар, Бюронинг бошқа лавозимларига – олий ёки ўрта махсус маълумотли бошқа мутахассисликка, хусусан, иқтисодчи, молиячи, муҳандислар ва бошқа касбга эга шахслар ҳам тайинланади. Низомда аниқ белгилаб қўйилганидек, ходимлар илмий, педагогик ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган фаолиятнинг бирор-бир тури билан шуғулланишлари мумкин эмас. Улар бундай фаолият билан ҳам фақат асосий иш вақтидан бўш пайтда шуғулланишлари мумкин. Ходим биринчи маротаба хизматга олинаётганда прокуратура ходимларининг қасамёдини қабул қилади. Бюронинг молия-хўжалик тузилмаларидан ташқари унинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларининг бошқарув ходимлари туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, давлат ижрочилари, суриштирувчилар, шунингдек, Бюронинг электр ва газ таъминоти соҳасида ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича тузилмалари ходимлари ўзининг мақоми бўйича прокуратура органлари ходимлари ҳисобланади. Ушбу ходимларга даражали унвонлар берилади ва улар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида хизматни ўташ тўғрисидаги низомга мувофиқ хизматни ўтайдилар. Бюронинг бошқа ходимлари фаолиятни меҳнат шартномаларига асосан, прокуратура органларига қабул қилишда қўйиладиган талаблар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширадилар. Бюронинг туман (шаҳар) бўлимлари электр энергия ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш гуруҳлари (шўъбалари)нинг давлат инспектори лавозимига ходимлар қоида тариқасида олти ой муддатга тузиладиган меҳнат шартномасига асосан ишга қабул қилинади. Ушбу ходимлар билан меҳнат муносабатларини давом эттиришнинг асосий шарти – бириктирилган ҳудудда энергия ресурсларидан қарздорликнинг камида 80 фоиздан кам бўлмаган миқдорда ундирилишини таъминлаш ҳисобланади. Энг асосийси, қачонки, Бюро фаолиятидан, унинг ходимлари ишидан одамлар рози бўлса, ана шундагина бизнинг фаолиятимизда ривож, самара бўлади. Давлатимиз бюджети истеъмол қилинган газ, электр энергиясидан, ичимлик сувидан камомад кўрмайди.

                                                                                                                               “XXI asr” мухбири

Зиёдулла МЎМИНОВ
суҳбатлашди.