Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МАКТАБ ЎҚУВЧИСИГА РЕПЕТИТОР КЕРАКМИ?

МАКТАБ ЎҚУВЧИСИГА РЕПЕТИТОР КЕРАКМИ?
– Ойи, ўқитувчимиз айтди, 40 минг сўм пул бераркансиз.
– Нима учун?
– Математика ва инглиз тилидан ўқитувчимиз ўтган ойда репетиторлик қилгани учун.
– Шу репетиторга бормасанг бўлмайдими, яқинда ўзингга кийим-кечак қилдик, дафтар қалам олиб бердик...
– Синфдошларимнинг ҳаммаси бораяпти, битта мен қоламанми?
– Уф, қаердан чиқди шу репетитор дегани-я, жонга тегди...
Бу гап-сўзлар бугун ҳар бир ота-она учун таниш. Чунки мактабда ўқийдиган фарзандининг билими ва дунёқараши яхши бўлишини, унинг баркамол бўлиб вояга етишини ҳар бир ота-она чин дилдан истаган ҳолда барча шарт-шароитлар яратиб беради. Бу яхши, албатта. Лекин шу истак ва хоҳишдан айримлар ўз манфаати йўлида фойдаланмаяптими? Масаланинг ана шу томони ниҳоятда нозик.
Очиғи, бугун мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда ўқувчи учун ҳам, ўқитувчи учун ҳам яратилган шарт-шароитлар ва қулайликларни кўриб, ҳатто хорижлик эксперт ва мутахассислар тан беряпти. Замонавий компьютерлар, фанларга мослаштирилган ўқув хоналари, асбоб-ускуналар, кенг, шинам ва ёруғ хоналар улар хизматида. Хўш, шундай имкониятлар яратилган бир пайтда  мактаб ўқувчисига репетитор керакми? Давлатимиз томонидан мактаб ўқитувчилари етарлича ойлик маош ва дарсларни қизиқарли тарзда ўтиши учун зарур ўқув қуроллари билан таъминланган. Нима учун шундай қулайлик ва имкониятларга қарамасдан, ўқитувчи маълум ҳақ эвазига ўқитаётган болага берган билимини мактабдаги ўқувчиларига бермайди? Куйиб-пишиб уй шароитида қўллаган дарс ўтиш услубларини ойлик маош оладиган мактабида қўлласа бўлмайдими?  Замонавий мактаб, энг сўнгги русумдаги компьютер технологиялари ва ўқув қуроллари билан таъминланган шароит ўрнига уйидаги хонадон шароитида (кўрпача тўшалган хонтахтада) ўқувчиларга дарс ўтиши эса шахсий манфаатни жамият манфаатидан устун қўйиш эмасми?
Мутахассислар фикрича,  онги аста-секин ўсиб келаётган мурғак қалб эгаси бўлган мактаб ўқувчисига мактабда ўтиладиган дарс соатлари унинг ёши, синфига қараб белгиланади. Бу унинг фикрлаш доирасини ёшига мос равишда кенгайтириб боради, албатта. Олий ўқув юрти ёки донгдор касб-ҳунар коллежига кираётган ёшлар таълим йўналиш­лари бўйича фанларга тайёргарлик кўриши умуман бошқа муаммо. 5 ёинки 6-синф ўқувчиси репетиторга бориши қайси мантиққа тўғри келади? Ахир, ўқувчининг дарслардан бўш вақтларида фан ва спорт тўгараклари ташкил этилган-ку! Қолаверса, ўқувчининг фанлардан фақат бирини чуқур ўзлаштириб, бошқаларига эътиборсиз бўлиши дунёқарашига, фикрлаш доирасига салбий таъсир кўрсатиб, уни роботга айлантириб қўймайдими?  Репетиторлик қилаётган ўқитувчи унинг пуллик дарсларига қатнайдиган ўқувчилари ва ночорликдан ёки бош­қа сабабдан қўшимча дарсларга қатнашмайдиган болаларга бир хил муносабатда бўла оладими?
 
Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,
журналист