Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МАЪМУРИЙ ИСЛОҲОТЛАР: КУЧЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ САРИ

МАЪМУРИЙ ИСЛОҲОТЛАР: КУЧЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ САРИ
Тошкентда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон банк-молия академия­си ҳамкорлигида “Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотлар: концепция ва ривож­ланиш истиқболлари” мавзуида респуб­лика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Ўзбекистонда барча соҳаларда чуқур ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани тўғрисида сўз юритиб, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойилни ҳаётга татбиқ этиш орқали асосий мақсадимиз – халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ана шу улуғвор мақсад йўлидаги муҳим ҳужжатдир. Концепция­да баён этилган чора-тадбирларнинг ҳаётга тўла-тўкис татбиқ қилинишидан, албатта, бутун халқимиз, хусусан, O‘zLiDeP асосий электорати – мулкдорлар қатлами ҳам ғоят манфаатдор. Улар бу ҳужжатни интиқлик билан кутишди, бу борадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келишди. Хусусий сектор вакиллари концепция лойиҳаси ишлаб чиқилишида фаол қатнашгани, бу жараёнда тадбиркорлар томонидан фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилгани ҳам шундан. Зеро, маъмурий ислоҳотлар асосий йўналишлари қаторидан иқтисодиёт соҳаларига қаратилган маъмурий таъсирларни қисқартириш, бошқарувнинг бозор механизмини кенгайтириш, вертикал бош­қарув тизими ва ижро ҳокимияти органлари ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, давлат бошқаруви тизимига инновацион ғояларни, технологияларни жорий этиш, коррупцияга қарши курашишнинг самарали усулларини қўллаш кабилар ўрин олган. Бинобарин, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси концепция мазмун-моҳиятини, давлат органлари фаолия­тини такомиллаштиришдаги ролини кенг жамоатчиликка етказиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлашга доир масалаларни атрофлича муҳокама қилиш, шунингдек, партия дастурий ҳужжатларида давлат бошқарувига оид янги ғоя­ларни ифодалаш ва партия имкониятларини концепция қоидаларини ҳаётга татбиқ этишга жалб қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида республика илмий-амалий конференциясини ташкил этди. Шу ўринда қайд этиш зарурки, ушбу тадбир ўтказилишидан бироз аввал партиямиз Самарқанд, Бухоро ва Қорақалпоғистон давлат университетлари билан биргаликда мазкур мавзуга бағишланган ҳудудий анжуманлар ташкил этилди. Бу эса жараёнга кўп­лаб мутахассислар, олимларни ҳам жалб қилиш имконини яратди.
Анжуманни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр Якубов кириш сўзи билан очди.
– Маъмурий ислоҳотлар концепцияси Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида қабул қилинган энг муҳим, тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлар сирасига киради, – деди нотиқ. – Концепциянинг ҳаётга жадал ва самарали татбиқ этилиши юртимизнинг изчил тараққиёти ва халқимиз келажагини белгилаб беради. Партиямиз ана шу масъулиятли ишни амалга оширишда энг олди қаторларда бўлади.
– Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида туб бурилиш ясаган мазкур концепцияни ҳар биримиз чуқур ўрганишимиз, унинг мазмун-моҳиятини, айниқса, ёшларга тушунтириб беришимиз зарурлигини унутмаслигимиз керак. Бу масалада албатта сиёсий партиялар, хусусан Ўзбекис­тон Либерал-демократик партияси ҳам алоҳида ташаббус кўрсатишига ишонаман. Қолаверса, бу борада Ёшлар иттифоқи ҳам аниқ ва мақсадли ишларни амалга оширишга киришмоқда, – деди ўз сўзида Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Кенгаши раисининг ўринбосари Камолиддин Бекназаров.
Маъмурий ислоҳотларнинг тизимли ва ўз вақтида ўтказилиши яхши самара беради. Бунга мисол тариқасида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Австрия, Швейцарияни келтириш мумкин. Ушбу давлатлар томонидан маъмурий ислоҳотлар рўёбга чиқарилиши натижасида иқтисодиёт шиддат билан ривожланган, давлат органлари билан фуқаролар ўртасида ўзаро ишончга асосланган муносабат йўлга қўйилган ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашнинг мукаммал тизими яратилган. Шу маънода муҳим стратегик ҳужжат бўлган концепциядаги мамлакатимиз ривожланишини таъминловчи устувор йўналишларни амалга оширишнинг тўлақонли ҳуқуқий механизмларини яратиш катта меҳнат талаб қилади. Бунда мутассадди ташкилотлар, олий таълим, тадқиқот муассасалари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки катта аҳамият касб этади.
 Анжуман давомида нуфузли идора ва муассасалар вакилларининг маърузалари иштирокчилар – партия тузилмалари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, барча бўғинлардаги депутатлар, олий ўқув юртлари талабалари, тадбиркорларнинг шу йўналишдаги билим ва тасаввурини бойитди, аниқ-равшан тушунчалар берди.
– Маъмурий ислоҳотлар концепцияси мамлакатимиз тарихи зарварақларига қайд этиладиган муҳим ҳужжат бўлиб қолади, – дейди Ўзбекистон Миллий университети декани, сиёсатшунослик фанлари доктори, тадбир модераторларидан бири Алишер Мўминов. – Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ўзаро ҳамкорлик жараёнларини такомиллаштириш фуқаролик институтларининг жамият ҳаётида тутган ўрнини янада мустаҳкамлайди.
– Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш бўйича аниқ ҳуқуқий механизмлар белгилаб берилди. Бу режалаштирилаётган маъмурий ислоҳотлар шунчаки шаклий ўзгартиришлар билан эмас, балки замонавий давлат менежментини жорий қилиш ва ўз навбатида, стратегик мақсадларимизга эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир – деди Ўзбекистон Респуб­ликаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курс­лари ўқитувчиси Жўрабек Неъматов.
Шундан сўнг сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Бекзод Артиков қатнашчилар эътиборини жамоатчилик назоратини кучайтириш заруратига қаратди. Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида ўзаро мувозанат механизми мавжуд. Аммо, тажрибадан маълумки, давлат назорати билан бир пайтда жамоатчилик назорати ҳам амалга оширилсагина, самарадорлик даражаси кўнгилдагидек бўлади. Жамоатчилик назоратининг мавжудлиги сиёсий ҳокимиятнинг том маънода халқ қўлида бўлишининг кўрсаткичи ҳисобланади.
Анжуманда савол-жавоблар, баҳс-мунозараларга ҳам кенг ўрин берилди. Ҳар бир маърузадан кейин иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларни, ўйлантираётган муаммоларни, шунингдек, таклиф ва тавсияларни ўртага ташладилар.
Тошкент давлат юридик университетининг “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви” кафедраси мудири Восит Эргашевнинг бир неча асосли таклифни илгари сургани диққатга лойиқ. Унинг фикрича, ижро ҳокимияти органлари ҳамкорлигини ривожлантиришда идоралараро коллегиал органларнинг ваколат ва вазифаларини аниқ белгилаш муҳим. Бунинг учун ушбу органлар фаолиятини тартибга солувчи яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш лозим. Бугунги кунда ана шундай қонун ҳужжатлари мавжуд. Лекин уларда ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг ўзаро иш юритиш процессига катта урғу берилган. Ҳолбуки, асосий эътибор уларнинг ваколатларига қаратилиши зарур эди. Бу эса ҳозирда катта муаммога айланган ваколатлар тўқнашувининг олдини олиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси доценти, юридик фанлар номзоди Э.Ҳожиевнинг мулоҳазалари ҳам тўпланганларда катта қизиқиш уйғотди.
– Маъмурий ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири номарказлаштириш, яъни марказий давлат органларининг айрим ваколатларини маҳаллий органларга ўтказиш ҳисобланади, – деди маърузачи. – Хорижий амалиётда шуни кўриш мумкинки, маҳаллий бошқарув органлари ваколатига маҳаллий миқёсдаги масалалар, масалан, маҳаллий мулк­ни бошқариш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, маҳаллий солиқ ва йиғимларни жорий этиш ва бошқалар киритилган. Маҳаллий бошқарув органларига бошқарув функцияларини бериш маҳаллий миқёсда муайян масалани ҳал этишнинг мақсадга мувофиқлигига асосланиши лозим. Номарказлаштириш натижасида давлат хизматларини кўрсатиш даражаси ва сифати ошиб боради. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, маҳаллий бошқарув органларига берилган ваколатлар тегишли ресурс­лар билан таъминлангандагина самарали амалга оширилиши мумкин.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга оширишда O‘zLiDePнинг сезиларли иштироки бўйича кўплаб амалий таклифлар билдирилди. Экспертлар ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳудудий органлари ташаббускорлиги ва иштирокини ошириш жараёнида халқ депутатлари кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари имкониятларидан фойдаланиш лозимлигини таъкидладилар.
Анжуман якунида Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг амалга оширилиши ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асос­ларини такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни қисқартириш, вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, давлат бошқаруви тизимига инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни, коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини жорий этишга хизмат қилиши ифодаланган умумий позиция ишлаб чиқилди.
 
 
Бахтиёр ЯКУБОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи:
 
– Бугун мамлакатимизда ҳар томонлама чуқур ўйланган ва аниқ мақсадлар белгиланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида тизимли ва кўлами кенг ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, фаолиятимиз дастуриламалига айланган мазкур стратегияда кўзда тутилган устувор вазифалар ўз кўламига кўра илгари мамлакатимиз давлат қурилишида кузатилмаган, сифат жиҳатидан мутлақо янги даражадаги  чора-тадбирларни олдимизга қўяётгани билан ажралиб турибди. Сўнгги бир йил давомида сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда қабул қилинаётган муҳим фармон ва қарорлар фикримизни тўла тасдиқлайди.
Ўз-ўзидан, барча соҳаларни бирдек қамраб олган кенг кўламли ислоҳотлар ижросини таъминлаш ушбу ишга масъул бўлган давлат бош­қарув органларидан ҳам ишни шу талабларга мос тарзда ташкил этишни талаб  қилади. Зеро, Президентимиз фармони билан тасдиқланган Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепциясида қайд этилганидек, “Ушбу мақсадларга эришишнинг муҳим шарти амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлай оладиган, шунингдек, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш муаммоларини ўз вақтида аниқлайдиган ва самарали ҳал қиладиган давлат бошқаруви тизимининг аниқ фаолият кўрсатиши ҳисобланади”.
Шу маънода Маъмурий ислоҳотлар концепцияси айнан мана шу мақсадларга йўналтирилганлиги билан долзарбдир. Бугун мазкур концепциянинг стратегия доирасида белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишдаги алоҳида, керак бўлса, ҳал қилувчи аҳамияти ҳам шу билан белгиланади. 
Албатта, бундай муҳим, фундаментал масалалар муҳокамасига мамлакатимиздаги мавжуд илмий салоҳиятни, хусусан, олий таълим муассасаларининг ижтимоий йўналишларида  фаолият юритаётган академик ва олимларимиз, профессор ўқитувчиларимизни кенг жалб этиш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, уларни концепцияда белгиланган вазифаларни бажаришга масъул бўлган амалиётчилар – тегиш­ли вазирлик ва идоралар вакиллари билан бир даврага йиғиб, янгича ёндашувлар тўғрисида долзарб муҳокамалар ўтказилиши давлатимиз раҳбари томонидан концепция доирасида илгари сурилган ҳар бир ғоя­нинг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Табиийки, бундай амалий муҳокамаларни ташкил қилиш O‘zLiDeP учун алоҳида заруриятдан келиб чиқади. Сабаби, юртимиз тараққиётига дахлдор ушбу ғоялар илк бор Президентимиз томонидан партиямизнинг VIII cъездида эълон қилинган Сайловолди дастурида илгари сурилган ва кейинчалик Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топган эди. Бир қарашдаёқ мамлакатимизнинг эртанги қиёфасини белгиловчи ушбу муҳим масалаларнинг ижросида фаол иштирок этиш O‘zLiDeP учун оддий гап эмас, балки партиявий фаолият ва амалий саъй-ҳаракатларимизнинг мазмунини ташкил қилувчи жараён эканлигини англаб олиш қийин эмас.
Шу боис бугун партиямиз ўзининг бир қатор ҳамкорлари билан мамлакатимизнинг нуфузли университетлари, бошқа илмий муассасалари, қолаверса, вазирлик ва идоралари иштирокида республика анжуманини ташкил этиш ташаббускори бўлди. Таъкидлаш жоизки, Тошкентда ўтган ушбу конференциямиздан аввал биз ушбу мавзудаги тадбирларимизни ҳудудларда, хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Нукус давлат университетлари олимлари ва тадқиқотчилари иштирокида ҳам ўтказдик, уларнинг бу борадаги фикрларини олдик. Айни пайтда ушбу муҳокамалар билан боғлиқ материаллар таҳлил қилиниб, умумлаштирилмоқда.
Муҳими, бир томондан назариётчи олимлар ва иккинчи томондан амалиётчиларни бир жойга жамлаб, улар ўртасида бундай муҳокамаларнинг ташкил этилиши концепцияда илгари сурилган ғояларнинг янада сайқаллашиши ва амалиётга жорий этиш самарадорлигини янада оширишга асос бўлади. 
O‘zLiDeP учун ушбу муҳокамаларнинг яна бир муҳим аҳамиятли жиҳати, партиянинг янгиланаётган дастурини такомиллаштиришда қимматли манба ҳисобланади. Ўйлаймизки, бундай муҳокамалар анжуманнинг барча иштирокчилари учун бирдай фойдалидир.
Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг O‘zLiDeP учун тутган аҳамияти ниҳоятда катта. Боиси, унда хусусий сектор самарали фаолият кўрсатаётган соҳаларда давлат иштирокидаги тижорат ташкилотларини тузишга чеклов чоралари белгиланмоқда. Бу билан иқтисодий фаолиятда давлат иштирокининг аниқ бозор механизмларини ишлаб чиқиш, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш, айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш назарда тутилмоқда. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, концепцияда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал этишда ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ҳамда институционал базасини такомиллаштириш кўзда тутилган. Бу нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлашга ҳамда бюджет харажатларини камайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шулардан келиб чиққан ҳолда айтиш ўринлики, партиямиз ана шу масъулиятли вазифани амалга оширишда энг олд қаторларда бўлади, албатта. Бугунги илмий-амалий конференция кун тартибига киритилган масала шу жиҳатдан жуда муҳим ва долзарб саналади.
Эътиборга молик жиҳати, илмий-амалий конференция давомида иштирокчилар томонидан концепцияни ҳаётга татбиқ этиш борасида  50 га яқин аниқ таклифлар берилди. Албатта, ушбу таклифлар  партиямиз томонидан чуқур таҳлил этилади ва концепция бўйича тузилган ишчи гуруҳга етказилиши таъминланади. Бундан ташқари, концепция бўйича партиямизда ҳам махсус экспертлар гуруҳи ташкил этилган бўлиб, унга нафақат олимлар ва соҳа мутахассислари, балки кенг жамоатчилик вакиллари ҳам ўз таклифларини беришлари мумкин.
Маъмурий ислоҳотлар бир марталик эмас, балки доимий равишда амалга ошириладиган жараён эканлигини таъкидлаш лозим. Демак, партиямизнинг олимлар, ўқув ва илмий муассасалар билан ҳамкорлиги узвий давом этади. Концепцияда белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламларига тушунтиришда ҳам улар билан мус­таҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш кутилган самарани беради.
Мухтасар айтганда, Маъмурий ислоҳотлар концепциясида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши давлат бошқаруви тизимини модернизация қилишга янги куч бағишлайди. 
 
 
 
Адҳам ШОДМОНОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:
 
– Маъмурий ислоҳотлар концепциясини кенг жамоатчилик, депутатлар ва партиямиз вакиллари мамнуният билан кутиб олди. Чунки ушбу ҳужжат инсон манфаатлари устуворлиги ҳамда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросидаги камчиликларни бартараф этиш, тадбиркорлик ва қулай инвестициявий муҳитни ривожлантириш борасида учраётган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган.
Давлат ва жамият бошқаруви тизимининг бугунги замон талабларига жавоб бермаслиги соҳани тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатди. Янги дас­туриламал ҳужжатда эса асосий эътибор, авваламбор, ислоҳотларнинг етакчи кучи – бошқарув салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш ва бу жараёнга барча имкониятларни сафарбар этишга қаратилмоқда. Маъмурий ислоҳотлар концепциясида давлат бошқарув тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг олтита асосий йўналиши белгилаб берилгани ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, фуқароларнинг фаровонлиги ва ҳаёт даражасини юксалтириш бўйича давлат сиёсатини самарали бажаришга тўсиқ бўлаётган муаммо ва камчилик­ларни бартараф этишга замин яратади.
Қайд этилганидек, бир қатор идораларнинг вазифалари декларатив хусусиятга эга, уларни амалга оширишнинг ташкилий ҳуқуқий механизмлари етарли эмас, ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш ва аҳолининг муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий ҳокимият органларининг роли деярли сезилмайди, давлат функциялари ҳаддан ташқари марказлаштирилган... Шу каби ҳолатлар ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш бўйича давлат сиёсатини муваффақиятли амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.
Шу маънода давлатимиз раҳбари имзолаган “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда муҳим қадам ҳисобланади.
 
 
Адҳам БЕКМУРОДОВ,
Ўзбекистон Банк-молия академияси ректори, профессор:
 
– Ҳар бир мамлакатнинг қудрати халқининг фаровонлиги, тинч-тотувлиги билан ўлчанади. Бунга эришиш эса, табиийки, давлат бошқарувининг самарали ва сифатли фаолият юритиши, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолият юритишини тақозо этади. Бугун мамлакатимизда айрим ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг замонавий талаб­ларга жавоб бермаслиги юқоридаги мақсадларга эришишга тўсқинлик қилаётгани сир эмас.
Президентимиз яқинда имзолаган “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармоннинг диққатга сазовор жиҳати шундаки, унда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани модернизациялаш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш бўйича давлат сиёсатини муваффақиятли амалга оширишга тўсқинлик қилувчи муаммо ва камчиликлар сақланиб қолаётгани рўйи­-рост айтилган. Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини ташкил этиш асос­лари ҳудудларни ривожлантириш суръатларини пасайтираётгани, жойларда тўпланиб қолган муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминламаётгани, айрим раҳбарларда лозим даражада масъулият ва ташаббус­корликнинг мавжуд эмаслиги ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўйилган вазифалар ва мақсадли кўрсатмаларни ўз вақтида ҳамда сифатли ҳал этишга салбий таъсир қилаётгани шулар жумласидандир.
Фармонда мазкур муаммоларни бартараф этиш, инновацион ривожланишнинг замонавий умумжаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон Рес­публикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тақдим этилган.
Айтиш лозимки, концепцияда бир қанча муҳим йўналишлар кўрсатилган. Масалан, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарув­нинг бозор механизмларини кенгайтириш учун энг зарур иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, давлат ва тижорат манфаатлари тўқнашувини бартараф этишга эътибор қаратган ҳолда, бошқарув тизимини такомиллаштириш бугуннинг талабидир. Қолаверса, назорат ваколатига эга ижро этувчи ҳокимият органларини уларнинг назорати остидаги хўжалик бошқаруви органлари ҳисобидан молиялаштириш амалиётидан воз кечиш муҳим амалий қадамлардан бўлиши шубҳасиз.
Таъкидлаш жоизки, айни ислоҳотларнинг амалга оширилиши давлат бошқарувини бюрократиядан холи қилиш ва сарф-харажатларни пасайтириш, бошқарув қарорлари қабул қилиш тизимининг фаолият самарадорлигини ва шаффофлигини оширишга шароит яратади. Энг муҳими, жамиятда қонун устуворлигини таъминланиб, халқимиз бой, тотув ва фаровон ҳаёт кечиради.
 
 
Матлуба АМИНЖОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг
Олий ўқув курслари раҳбари ўринбосари,
юридик фанлар номзоди, доцент:
 
– Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз тараққиётида янги саҳифа очган тарихий ҳужжатдир. Концепция ўз мазмун-мундарижасига кўра, Ҳаракатлар стратегиясининг узвий ва мантиқий давоми бўлиб, давлат бошқарувининг концептуал янги моделини шакллантиришга хизмат қилади.
Маълумки, ижро ҳокимиятида фаолият юритадиган асосий давлат органлари – вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, марказлар ва инспекциялар мавжуд. Лекин айрим ижро этувчи ҳокимият органларига юклатилган вазифаларнинг декларатив хусусиятга эгалиги, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарли эмаслиги, вазифаларнинг такрорланиши ҳамда давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатларининг мавжудлиги амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Концепция ушбу йўналишда аниқ вазифаларни белгилаб беради. Давлат бошқаруви органларининг институционал ва ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади. Унда ким нима иш билан шуғулланиши керак, деган саволга аниқ жавоб берилади.
Таъкидлаш жоизки, концепция ижросини таъминлаш йўлида нафақат маҳаллий давлат ҳокимияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларини, балки мулк билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам кўриб чиқиш лозим бўлади. Зеро, ҳужжатда иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, иқтисодий фаолиятда давлат иштирокининг аниқ бозор механизмларини ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган. Фикримизча, бу борада Фуқаролик кодексининг “Ўзбошимчалик билан иморат қуриш ва унинг оқибатлари” деб номланган 212-моддасини жиддий таҳрир қилиш лозим. Амалдаги таҳрирга кўра, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга – сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас. Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим. Лекин қонуннинг ўзида бундан мустасно ҳолат мавжуд. Шахс ўзига қарашли бўлмаган ер участкасида ўзбошимчалик билан иморат қурган бўлса, унинг бу иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан, башарти мазкур участка шу шахсга қурилган иморат учун белгиланган тартибда бериладиган бўлса, эътироф этилиши мумкин. Мазкур ҳолат шу чоққача амалда кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди. Нима, шу пайтгача ўзбошимчалик билан иморат қурилганини маҳалла, қишлоқ ва шаҳарча фуқаролар йиғини кўрмаганми? Кадастр хизмати ёки ҳоким хабардор бўлмаганми? Ана шундан келиб чиққан ҳолда бу масалаларни чуқур ўрганишимиз ва амалий таклифлар тайёрлашимиз лозим бўлади. 
Шу маънода O‘zLiDеP ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилган бугунги илмий-амалий конференция ҳам бу борада навбатдаги муҳим қадам бўлди. Биз доимо партия билан ана шундай амалий ҳамкорликка тайёрмиз. Анжуманда бир жиҳат яққол намоён бўлдики, маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларнинг тўлиқ рўёбга чиқарилиши натижасида давлат идораларининг нуфузи ортади, одамларнинг бошқарувга ишончи янада мустаҳкамланади. Зеро, маъмурий ҳуқуқ деганда, аввало, ижро органларининг ишлашини тартибга соладиган ҳуқуқ соҳаси, яъни давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатлар тушунилади.
Бир сўз билан айтганда, Маъмурий ислоҳотлар концепцияси халқимиз, мутахассислар, айниқса, ҳуқуқшунослар анчадан бери кутаётган тарихий ҳужжатдир. Чунки концепциянинг туб замирида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғояни ҳаётга тўла татбиқ этишдек эзгу ғоя ётибди.
 
 
Есемурат КАНЬЯЗОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазири ўринбосари,
Тошкент давлат юридик университети ректори:
 
– Кейинги йилларда олиб борилган халқ билан мулоқот жараёнида бошқа соҳаларда бўлгани сингари давлат бошқарувини ҳам ислоҳ этиш зарурати яққол кўзга ташланди. Давлат бошқаруви соҳасида эришилган ютуқлар билан бирга бартараф этилиши лозим бўлган жиддий камчиликларнинг мавжудлиги яна бир карра тасдиқланди. Маъмурий ислоҳотлар концепциясида ҳам, энг аввало, ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ана шундай камчиликларга алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Шунингдек, бевосита иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳам мавжуд. Бу хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлатнинг тартибга солиш ва хўжалик функцияларининг қўшиб олиб борилаётгани ҳамда етарли даражада мослашувчанликка ва бозорга йўналтирилмаган эскирган тармоқ бошқаруви тизими бўлиб, у ўз навбатида соғлом рақобат муҳитининг ривожланишини ортга сурмоқда. Бундан ташқари, демократик давлат талабларига хос бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида етарли даражадаги очиқлик ва шаффофликнинг етишмаслиги, жамоатчилик назоратининг кучсиз механизмлари ҳаддан ташқари бюрократия ва коррупциянинг турли кўринишларига сабаб бўлаётганини ҳам таъкидлаш ўринли. Шунинг баробарида, афсуски, маъмурий ҳуқуқни тушунишга нисбатан собиқ иттифоқдан қолган ёндашув ҳали-ҳануз сақланиб қолмоқда. Бунинг сабаби, фуқаролар ва ҳатто айрим ҳуқуқшунослар онгида маъмурий ҳуқуқ жазоловчи хусусиятга эга бўлган ҳуқуқ соҳаси сифатида гавдаланмоқда. Бу маъмурий ҳуқуқ соҳасини маъмурий жавобгарлик билан чалкаштириш оқибатидир. Бундай тушуниш Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг мазмун-моҳиятини англаб етишга тўсқинлик қилади.  Ваҳоланки, маъмурий ҳуқуқ жисмоний ва юридик шахсларнинг ижро ҳокимияти органлари, шу жумладан, ҳозирда уларнинг айрим функция ва ваколатларини амалга ошираётган маъмурий органлар билан ўзаро муносабатларининг тартиботларини белгилаб берувчи ҳуқуқ нормалари йиғиндиси сифатида тушунилмоғи лозим.
Маъмурий ислоҳотлар концепциясида юқорида келтириб ўтилган ҳолатларни бартараф этиш, давлат бошқарувининг самарадорлигини, давлат хизматларини кўрсатишнинг сифатини оширишга қаратилган кенг кўламдаги чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.
Таъкидлаш лозимки, маъмурий ислоҳотларни тизимли ва ўз вақтида ўтказилиши ўзининг самарасини бермай қолмайди. Хусусан, бунга мисол тариқасида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Австрия, Швейцария сингари давлатларни келтириш мумкин. Ушбу давлатлар томонидан маъмурий ислоҳотларни амалга оширилиши натижасида мамлакат иқтисодиёти шиддат билан ривожлангани ва давлат органлари билан фуқаролар ўртасида ўзаро ишончга асосланган муносабат йўлга қўйилгани ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашнинг мукаммал тизими яратилганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, концепция – бу, энг аввало, мамлакатимиз ривожланишини таъминловчи устувор йўналишлар ўз ифодасини топган муҳим стратегик ҳужжатдир. Ушбу устувор йўналишларни амалга оширишнинг тўлақонли ҳуқуқий механизмларини яратиш катта меҳнат талаб этади. Бунда мутассадди ташкилотлар, олий таълим, тадқиқот муассасалари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади.
 
 
Ботиржон АЛИМУҲАМЕДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Меҳнат вазирлиги масъул ходими:
 
– Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга оширишда энг муҳим йўналишлардан бири бу – профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантиришдир. Бугунги кунда давлат хизматини ташкил этиш, шу жумладан, ҳуқуқий мақоми, давлат хизматчиларининг классификацияси, хизматга қабул қилишнинг шаффоф механизмлари (танлов асосида), кадрлар захирасини шакллантириш, хизматни ўташ, ахлоқ нормаларига риоя этилишини таъминлаш масалаларини тартибга солувчи “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни қабул қилишга кучли эҳтиёж сезилмоқда. Давлат хизматида объективликни таъминлаш ва давлат хизматчиларининг қонун асосида, турли таъсирлардан холи тарзда фаолият юритиши учун Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳузурида ягона давлат кадр­лар сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ихтисослаштирилган органни ташкил этиш зарурияти келиб чиқмоқда. Давлат хизматини сифат жиҳатдан янги даражага кўтаришда давлат бошқаруви соҳасида мутахассислар тайёрлашнинг ва давлат хизматчилари малакасини оширишнинг махсус таълим йўналиш­ларини ишлаб чиқиш, шахсий ютуқ, билим ва касб маҳорати асосида уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг замонавий услубларини жорий этиш, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш, жамият ва бизнес билан ўзаро ҳамкорлик қилишда ортиқча маъмурий сарф-харажатларга барҳам бериш, жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва услубларини татбиқ этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш, коррупциянинг юзага келиш хавфи ва мансаб суиистеъмолчилигини камайтириш имконини берадиган давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминотининг замонавий тизимини яратиш, иш вақти ва моддий-ишлаб чиқариш ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳисобига ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг меҳнат унумдорлигини ошириш ҳам маъмурий ислоҳотлар концепциясида муҳим чора-тадбирлар сифатида келтириб ўтилган.
Илмий-амалий конференция иш­тирокчиси сифатида айтмоқчиманки, мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг қабул қилиниши ва унда белгиланган давлат хизматчиларининг профессионал корпусини яратиш мақсадида амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш имкони яратилиб, инновацион ривожланишнинг умумжаҳон тенденцияларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизими вужудга келади.
 
 
Суҳроб ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи:
 
– Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг олтинчи йўналишида профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ўрнатиш белгиланган. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган энг хатарли иллат коррупциядир.
Умуман олганда, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш ҳар бир давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаётир. Коррупцияга қарши муваффақиятли кураш тизимини барпо этиш бу борада кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда унга танқидий ёндошган ҳолда миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этишни тақозо қилади, деб ўйлайман. Шу ўринда Сингапурнинг собиқ бош вазирларидан бири Ли Куан Юнинг сўзларини келтириш мақсадга мувофиқ: “Коррупцияни тўхтатиб қолишнинг энг осон усули мансабдор шахсларнинг ўз билганларича ҳаракат қилишлари имкониятларини камайтиришдир”.
Мамлакатимизда коррупция ва уни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида иқтисодиётни эркинлаштириш, ишчанлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, давлат харидлари механизмини тако­миллаштириш, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлашга оид бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Концепцияда баён қилинган вазифалар эса бу йўналишдаги ишларнинг янада такомиллашувига, ҳар жиҳатдан теранлашувига хизмат қилади. Жумладан, давлат коррупцияга қар­ши курашиш соҳасида аҳо­лининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириши, жамиятда коррупцияга нисбатан муроса­сиз муносабатни шакл­лан­тириши ва бу иллатга қарши курашишда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаши, коррупцияга имкон берув­чи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиши, коррупцияга оид ҳу­қуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик­нинг муқаррарлиги принципини таъминлаши зарур. Концепция  шу каби ишларни тизимли равишда амалга ошириш учун улкан имкониятлар яратади.
 
Конференция материалларини
“XXI asr” мухбирлари Н. ЖАЛИЛОВ, Б. ИСРОИЛОВ,
Н. ЭЛМИРЗАЕВА, Д. НОМОЗОВА тайёрлади.
 
Суратларни Солижон ЗОИРОВ олган.