Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МАЪНАВИЙ ХАЗИНА

МАЪНАВИЙ ХАЗИНА
Бухоро шаҳрида  “Бухоро китоб олами” мажмуаси  фаолият бошлади. Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси билан “Бухоро китоб олами“ МЧЖнинг биргаликдаги сайъ-ҳаракатлари натижасида роппа-роса бир ярим йил деганда шаҳар марказидаги фойдаланилмай ётган иншоот ўрнида кўрса кўз қувнагудек зиё маскани барпо этилди. Умумий қиймати  3 миллиард 196 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилган ушбу бинонинг ички ва ташқи безакларида миллий ганчкорлик услубидан кенг фойдаланилган.
Мажмуанинг биринчи қаватида озиқ-овқат маркети жойлашган. Бу ҳам  китоб мухлислари ва барча харидорлар учун ўзига хос қулайликдир. Ҳадемай, иншоотнинг 3-қавати ҳам гавжум бўлади. Лойиҳага биноан мазкур қаватда 70 ўринли кино зал фойдаланишга топширилади.
Бино атрофида етти рангда товланувчи фаввора мажмуага ўзгача жило бериб турибди.
“Бухоро китоб олами” мажмуасининг очилиш маросими ҳақиқий байрам тусини олди.
Шу куни китоб мухлислари мажмуанинг “Болалар адабиёти” ҳамда “Илмий -маърифий ва бадиий адабиётлар” бўлимидан жой олган 5 мингдан зиёд номдаги асарлар билан танишиш, уларни мутолаа қилиш имконига эга бўлдилар.  Пойтахтдан ташриф буюрган ижодкорлар ва бухоролик қаламкашлар билан ўтказилган самимий мулоқот  кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди.
 
Асҳор ИСТАМОВ,
“XXI asr” мухбири