Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Манзилига етиб бормаган КОНДИЦИОНЕРЛАР

Манзилига етиб бормаган КОНДИЦИОНЕРЛАР

Маълумки жорий йилнинг феврал ойидан эътиборан жисмоний шахсларга автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилди. Аммо ушбу имкониятларни айрим шахслар томонидан суистеъмол қилиниши натижасида юртимизга маиший техника буюмларини қайта сотиш мақсадида ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уриниш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Тошкент вилояти божхоначилари томонидан бу каби қонунбузарликларни олдини олиш йўналишида бор-йўғи бир кун давомида аниқланган 4 та қонунбузарлик ҳолатида умумий қиймати қарийб 600 миллион сўмлик маиший техника буюмларининг тўхтатиб қолингани ҳам фикримиз тасдиғидир.

Божхоначилар Тошкент вилояти, Зангиота тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Т.Ш. бошқарувидаги “Исузу” русумли юк автоуловини “Тошкент – Термиз М-39” трассасида тўхатиб, ҳайдовчи ва холислар иштирокида кўздан кечиришди.

Натижада ушбу автоулов юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, хеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, жами нархи 148 800 000 сўмлик 54 дона турли русумдаги кондиционерлар, 4 дона музлатгич ҳамда 13 дона чангютгичлар борлиги аниқланди. Ушбу товарлар “Ғишткуприк” ва “Навоий” чегара божхона комплекси орқали жисмоний шахслар томонидан оз-оз миқдорда олиб кирилиб тўпланганлиги маълум хақ эвазига Самарқандга олиб кетилаётганлиги маьлум бўлди.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда фуқаро Н.У. бошқарувидаги “MERCEDES-BENZ” русумли юк автоулови тўхатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автоулов юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган умумий нархи 99 200 000 сўмлик 46 дона турли русумдаги кондиционерлар борлиги аниқланди. Юртимизга ташмачилар кўмагида оз-оз миқдорда олиб кирилган мазкур товарлар ҳам Самарқандга олиб кетилаётган экан.

Ўтказилган тадбир давомида фуқаро З.Х. бошқарувидаги “ГАЗЕЛ” русумли юк автоулови тўхатилиб, кўздан кечирилганда эса, мазкур автоулов юкхонасида умумий нархи 132 000 000 сўмлик 60 дона “Gree GWH12” номли кондиционерлар борлиги аниқланди. Қарангки, хорижда ишлаб чиқарилган ушбу товарлар ҳам юртимизга кам-кам миқдорда олиб кирилиб, қайта сотиш мақсадида олиб кетилаётган экан.

Божхоначилар пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ҳудудида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида фуқаро А.Снинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжаликлари ўзи ва холислар иштирокида кўздан кечиришди. Натижада ушбу хонадондан фуқаро А.И.га тегишли, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган умумий нархи 213 600 000 сўмлик жами 98 дона турли русумдаги кондиционерлар борлиги аниқланди.

Гувоҳи бўлганингиздек, жисмоний шахсларга берилган бу имтиёзлардан айрим шахсларнинг нотўғри фойдаланиши, яъни товарларни бож тўловларини тўламасдан юртимизга олиб кириб, уларни қайта сотишга уринишига қандай баҳо бериш мумкин. Ахир қайта сотиш мақсадида олиб кирилаёган товарлар учун тўланиши лози бўлган божлар пенсия ва ижтимоий нафақалар кўринишида яна халқимизнинг ўзига қайтадику.

Маълумки, жорий йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарор жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштиришни кўзда тутади.

Қарор билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланди.

Рўйхатдан асосан 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис жой олган бўлиб, эндиликда уларни 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкин. Шунингдек, рўйхатда бошқа турдаги товарлар учун ҳам нормалар белгиланди. Яъни, эндиликда ҳар куни олиб ўтилаётган ҳар бир номдаги товардан 2 кг.гача рухсат этилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги керак.

Унутманг, товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормалари жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини чегара ўтказиш пунктидан белгиланган даврда биринчи марта ўтишида қўлланилади. Бунда божхоначилар чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг паспортига қўйиладиган белгидаги санага асосланишади.

Рўйхатда қайд этилган ҳар қандай товар белгиланган норма ва даврийликдан ортиқ олиб ўтилганда ўрнатилган тартибда божхона тўловлари ундирилади. Таъкидлаш жоизки, мазкур нормалар 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб, кучга кирди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати