Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МАҚОМГА МУНОСИБЛИК САОДАТИ

МАҚОМГА МУНОСИБЛИК САОДАТИ
Депутатлар фаолиятига Президентимиз томонидан юксак минбардан туриб танқидий гаплар айтилгач, халқ вакиллари фаолиятида сезиларли жонланиш­лар пайдо бўлганини кўриб-билиб турибмиз. Албатта, беш қўл баробар эмас. Зиммасидаги масъу­лиятни теран ҳис этиб, имконияти даражасида сайловчиларнинг у ёки бу муаммоси ҳал бўлишига ҳисса қўшаётган депутатлар илгари ҳам бор эди, буёғига янаям кўпаяди энди. Боз устига, сайловчилар ишончини оқламаганларга, қўполроқ оҳангда айтсак, муддатидан аввал паттасини қўлига тутқазишдек чоралар кўриш бошлаб юборилдики, бу билан депутатлик –  нишонни тақиб ғўддайиб юриш эмаслиги ростакамига билдириб қўйилмоқда.


Халқ депутатлари Балиқчи туман Кенгаши депутати Орифжон Эгамбердиев ҳақида сайловчиларнинг самимий эътирофини эшитиш асносида юқоридаги ўй-хаёллар ўтди кўнглимдан. Балиқчида эдик, йўл-йўлакай кўплар мақтаётган депутатни кўриб, суҳбатлашиш истаги туғилди.
Орифжон акани Сортепа маҳалласидаги Алишер Навоий кўчасида бир юмуш устида учратдик.
– Қаранг, бир тадбиркорнинг ўзбилармонлиги шу кўча аҳолисига қимматга тушибди, – дейди куюнчаклик билан депутат. – Кичик корхона қураман деб, ҳудуднинг газ қувурларини узиб кетибди. Хўп, кичик корхона қурадими, катта корхона қурадими – бош устига. Илло, бу ният ўзбошимчалик қилишга имтиёз бермайди. Муаммони депутатлик сўрови билан ҳал қилдик. Мана, кўриб турганингиздек, газ қувурлар уланяпти. Аҳоли мамнун...
Алишер Навоий, Мустақиллик, Сойбўйи кўчалари аҳолиси ичимлик сувидан қийналарди. Орифжон Эгамбердиев саъй-ҳаракати сабаб мазкур муаммо давлат дастурига киритилди. Натижаки, 90 миллионга яқин маблағ ҳисобига уч ҳудуд кесишмасида катта сув станцияси ишга тушди...
Бу сўзларни қаҳрамонимизнинг ўзи муболағали тарзда баён қилмади. Депутатнинг шу ва шу каби хайр­ли ишлари хусусида маҳалла раиси Бахтиёржон Қўзиев, маслаҳатчи Зоҳидахон Хидирова, партиянинг Балиқчи туман Кенгаши аппарати раҳбари Гулнорахон Қодировалар тўлқинланиб гапирдилар. Биров ҳақида сўзлаганда бироз ошириброқ юбориш одати йўқ эмас бизда. Шу маънода ҳамсуҳбатларнинг андак ҳаяжонга бурканган сўзларида муболаға учқунлари бордай туюлаверди. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал. Депутатнинг амалий ишларини ўз кўзимиз билан кўриш ниятида партия вилоят Кенгашининг “Аёллар қаноти” раҳбари Умидахон Исаева билан бирга хонадонларга кириб бордик.
Маҳалла аҳлининг томорқадан олаётган даромадлари чаккимас. Иссиқхоналарда етиштирилган мевалар аллақачон сотилиб, ўрнига бошқалари экилган. Кайфият ҳам даромадга боғлиқ, деганлари рост-да. Хонадон соҳибларининг юз ифодаларида мамнунликни илғаш қийин эмас. Чунки қора қозон қайнаб турибди, эртасидан кўнгли тўқ. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Турсунали Пўлатовга юзланамиз:
– Анча йил четга чиқиб ишлаб келдим. Топган-тутганимдан нолимайману, аммо ўз юртингда меҳнат қилганга нима етсин?! Бўш ётган томорқамда Орифжон Эгамбердиевнинг маслаҳати билан лимонарий, иссиқхона ташкил қилдим. Очиғи, аввалига иккилангандим: даромад қандоқ бўларкин, харажатни қоплармикин... Аммо, ишонинг, бугунги даромадим хорижда топадиганимдан анча ортиқ. Бунинг устига, депутат тавсияси билан тумандаги “Сортепа мега агро” агрофирмасини ҳам юрит­япман.
Аҳмаджон Нуриддинов томорқасида 4 сотихдан иборат иккита иссиқхона қурилган. Ҳовли саҳнининг бир чеккасида кўчат парвариш қилинган. Ҳайратланарлиси, кўчат асфальт устида етиштирилган экан... Қандай қилиб, асфальт устида-я? Хонадон соҳибининг айтишича, дастлаб тупроқ билан тўлдирилган кичик стаканларга биттадан тарвуз уруғи солиб чиқилади. Сўнгра асфальт устига бир меъёрда витаминларга тўйинган тупроқ сепилади. Стаканлар сунъий ер ораларига жойлаштирилади... Улар ҳосилдан бўшаган томорқа майдонига дарҳол иккиламчи экин сифатида кўчирилади. Қойилмисиз?..
Ойбек Аббосов хонадонида ҳам шу манзара: ярим сотих асфальтланган ер майдонида 70 минг дона помидор кўчати етиштирилибди! Хонадон соҳиби ҳудуддаги “Дурдона бону” фермер хўжалиги аъзоси. Шу сабабли кўчатлар буғдойдан бўшаган дала майдонига иккиламчи экин сифатида кўчирилди...
Алқисса, Орифжон Эгамбердиевнинг ёрдами тегмаган хонадон кам. Кимдир ўғлини хорижга кетишдан олиб қолиб, тадбиркорликка йўналтиргани, кимдир бандлигини таъминлашдаги кўмагини, яна биров коммунал тўловлардаги хатоликларни бартараф этишдаги мададини, хуллас, беминнат ёрдамини мамнунлик билан эътироф этади. Кам бўлмасин...
Албатта, эътирофга лойиқ ишлар кўп. Аммо муаммо ҳам йўқ эмас. Маҳалладаги Алишер Навоий, Мус­тақиллик кўчалари аҳолиси сув муаммоси сабабли томорқасини суғоришга қийналмоқда. Депутат ҳозирда шу масалани ҳал қилиш учун елиб-югуряпти...
Сайловчиларнинг ишончини оқлашнинг ўзи бўлмайди, албатта. Турган-битгани риёзат, меҳнат... Бу машаққатни мардонавор зиммасига олган одамгина депутатлик мақомига лойиқ бўлиши аён. Бундай меҳнатлар ортидаги роҳатни-ку, сўз билан ифодалаш қийин, буни фақат ҳис этиш керак. Буни жунун дейдилар. Бундай туйғу ҳар кимга ҳам инъом қилинавермайди...
 
Зилола РАҲМОНОВА,
“ХХI asr” мухбири