Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МАҚОМГА ОШНО ДИЛЛАР АНЖУМАНИ. Шаҳрисабзда мақом фестивали ниҳоясига етди

МАҚОМГА ОШНО ДИЛЛАР АНЖУМАНИ. Шаҳрисабзда мақом фестивали ниҳоясига етди

Кўҳна Кеш илк бор бутун дунёдаги мақом санъати усталари ва ихлосмандларини ўз бағрига жамлади. Бугун яшил шаҳар Шаҳрисабзга ташриф буюрсангиз, ўзингизни қадим Турон давлати сарҳадларида юргандек ҳис этасиз. Янграётган ўлмас наволар хаёлларингизни бир зум олис мозий томон етаклайди. Донишманд халқимизнинг орзую армонлари тараннум этилган юрак нолалари қалбларни энтиктиради, бир зум ўйга толдиради.

Ҳа, муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини бутун дунё бўйлаб кенг тарғиб этиш йўлида хайрли ва эзгу қадам қўйилди. Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари асосида Шаҳрисабзда ўтказилган  бу мусиқа фестивали дунё халқлари ўртасидаги маданий алоқалар, дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлабгина қолмасдан, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида мумтоз санъатимизга ҳурмат ва эътибор туйғуларини янада камол топтириш, уни асраб авайлаш ва энг ноёб намуналарини қайта тиклашда муҳим роль ўйнайди.    
    

Мазкур нуфузли анжуман арафасида Шаҳрисабзда кенг кўламда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Байрам тантанаси бўлиб ўтадиган саҳна майдонлари, заллар, анжуман иштирокчилари жойлашадиган меҳмонхоналар юксак даражада тайёрланди. Вилоят ва шаҳар ҳудудида мақом санъати тарихига оид паннолар илинди. Миллий либослар, созлар, ҳунармандчилик буюмлари, амалий ва тасвирий санъат асарлари, китоблар, альбом ва фотосуратлар кўргазмаси ишлаб турибди. Бу анжуман воҳа аҳли учун қўшалоқ байрам бўлди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ муҳандис-техник ходимлари ва билимдон мутахассислари туну кун меҳнат қилишиб, 124 километрлик Қарши-Китоб темир йўл линиясини модернизация ва электрлаштириш лойиҳасини тўлиқ амалга оширдилар. Халқаро мақом санъати анжумани арафасида Шаҳрисабзга “Афросиёб” тезюрар электропоездининг қатнови йўлга қўйилди. Фестивалда дунёнинг 73 та давлатидан келган 300 га яқин машҳур хонанда ва созандалари, маданият ва санъат арбоблари, мусиқашунос олимлари ҳамда меҳмонлар иштирок этдилар. Шаҳрисабзда Мақом музейининг очилиши мумтоз санъатимиз ихлосмандларига қувонч бахш этди. Чанг ва мусиқа асбобларини чалаётган аёллар ҳайкалчалари акс этган ёдгорлик айни пайтда Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида сақланар экан. Бу каби тарихий ашёлар ўлкамизда мусиқа илми жуда кўп асрлар муқаддам шаклланганидан далолатдир. Мазкур музейнинг ташкил этилиши ёшларни халқимизнинг бой санъат тарихи, улкан мусиқий меросидан баҳраманд этишда яқиндан ёрдам беради. Муассаса беш бўлимдан иборат бўлиб, унга кирган киши мақомнинг яратилиши, йўллари, машҳур ижрочилари, мусиқа асбоблари ҳақидаги қизиқарли маълумотларга эга бўлади.

Бўлиб ўтган матбуот анжуманида Озарбайжон ва Тожикистон республикалари маданият вазирлари Абулфас Гараев, Шамсиддин Ўримбекзода ҳамда бошқа нуфузли олим ва мусиқашунослар, элчилар сўзга чиқишиб, бундай нуфузли анжуманнинг  ташаббускори бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчиликларини  билдирдилар. Конференцияда сўз олганлар бу байрамни Амир Темур туғилган юртда ташкил этилиши ҳам тарихий, ҳам меъморий, ҳам мусиқий меросни уйғунлаштириш ва боқийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди. Бундан анжуманлар дилларни ва элларни бирлаштириб, улар ўртасидаги маданий мулоқотни кенгайтириши алоҳида эътироф этилди. 

Анжуман доирасида “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 19 давлатидан келган 30 дан ортиқ таниқли мусиқашунос олимлар ўз мақом санъатлари ҳақида маълумот беришиб, қадимий ва замонавий мақом йўналишлари одамларнинг ҳаёт тарзига айлангани, усиз маданиятлари ва тарихларини тасаввур эта олмасликларини алоҳида таъкидладилар. Мақомнинг дунё халқлари ўртасидаги маданий муносабатларни ривожлантириш борасидаги роли хусусида қимматли фикрлар билдирилди. Жаҳон халқларининг тарихий, моддий-маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда бундай анжуманларнинг ўрни беқиёслиги, иштирокчиларни илмий-ижодий изланишга, кўҳна мақомнинг мусиқий ифодасини замонавийлаштириш ва ривожлантиришга яқиндан ёрдам беришини меҳмонлар мамнуният билан айтиб ўтишди. 

— Мақом дунё халқларининг миллий бойлигидир, -дейди Белгиянинг “Ламекан” ансамбли раҳбари Тристан Дриеесан. – У мамлакатларни дўстлаштириб, маданиятлар ва анъаналарни бирлаштиришдек беқиёс кучга эга. Бугун қадим Шаҳрисабз дунё саҳнасига айланиб, бутун сайёрамиз узра мақомнинг сеҳрли наволари янграмоқда. Ансамблимиз туркий халқларнинг қадимий куйларини ижро этиш билан машҳурлик даражасига чиққан. Мақсадимиз ғарб аудиториясини мақом санъати билан таништиришдан иборат. Бизга кўрсатилган эҳтиром учун Президентингиз Шавкат Мирзиёев миллий маданиятингиз, санъат, хусусан, мақом санъатини янада ривожлантириш, халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қараётганликлари бизни хурсанд қилди. Шаҳрисабзга келиб, мақом Ўзбекистонда юксак эъзозланишининг гувоҳи бўлдик. Дарҳақиқат, мақом бутун дунёда эътироф этиладиган санъатдир.  

— Мақом арабчадан таржима қилинганда, жой, ўрин, товушлар қатори, куй(оҳанг)нинг тузилиши деган маънони беради, -дейди Ўзбекистон халқ артисти Изро Малаков. — Шарқ мамлакатларида у мусиқий оҳанг, куй йўли, тартиби, шакли ва жанрининг энг ноёб туридир. Мақом миллий маданиятимизнинг нодир намунаси, мозий қаътидаги абадий садодир. Биз санъаткорлар мақомни дастлаб муайян баландликдаги товушни ҳосил қилиш учун торли чолғунинг дастасига бармоқ билан босиладиган жой, парда маъносида ишлатган бўлсак, кейинчалик шарқ мусиқа назарияси ривожланиш жараёнида унинг мазмун доираси кенгайиб, фалсафий мазмун касб этди. Бугунги глобаллашув замонида мақом инсонга зарур маънавий озуқа бўла олади дея оламан. Айниқса, боши билан кети йўқ, енгил елпи, тутуруқсиз ва мантиқсиз қўшиқлар кўпайиб бораётган бугунги кунда мақомнинг ўрни ва қадри беқиёс эканлиги яққол намоён бўлаётир.

Бир сўз билан айтганда, у юрак симфониясидир. Мен АҚШда ёшларга мақом санъатидан сабоқ бераман.  Бу ишда менга ўғлим Альберт яқиндан ёрдам бермоқда. Мен мана шу қутлуғ анжуман шарофати билан қадрдон шаҳрим, меҳмондўст ва очиқкўнгил ҳамшаҳарларим билан дийдорлашиш бахтига муяссар бўлдим. Бунинг учун Президент Шавкат Мирзиёевдан тоабад миннатдорман.

Шаҳрисабз анжуман кунларида бутунлай ўзгача қиёфа касб этди.   Мақом санъати анжуманининг буюк саркарда ва давлат арбоби, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур камолга етган мўътабар масканда ўтказилиши айни муддаодир. Муаззам Оқсарой бу қутлуғ анжуманга ўзгача руҳ ва шукуҳ бағишлади.  Дарҳақиқат, мақом қадрият, фалсафа, дардлар изҳоридир. У мусиқа ижодиётининг бошқа турларидан бадиий мукаммаллиги, куй ва шакл тузилишлари, лад ва усул тизимлари, илмий ва амалий асослари пухта ишлангани билан фарқ қилади.

—   Падари бузрукворимиз мақом жанрига асос солган ва уни ривожлантиришга ўз умрини бағишлаган мамлакатимиздаги ягона академик ҳисобланадилар, -дейди Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий. – У киши 12 та жилд асарлар яратган бўлиб, шундан 6 таси мақом санъатига бағишланган. Ўзбек мумтоз мусиқасида Бухоро “Шашмақом”и, Хоразм мақомлари, Фарғона ва Тошкент мақом йўллари мавжуд. Кўп асрлардан буён Хоразм ва Бухорода айтиб келинган йирик мусиқа асари-“Шашмақом” (олти мақом) таркибига Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ мақомлари киради.  Бу мақомларнинг ҳар бири уч қисмдан-Мушкулот (Хоразмда “Мансур”), наср (Хоразмда “Манзум”) ва Уфордан иборат. Тошкент ва Фарғона вилоятида эса “Чормақом” (Дугоҳ Ҳусайн, Чороҳ, Баёт ва Гулёри шаҳноз) кўп ижро этилади. ХХ асрга келиб, Қашқадарё-Сурхондарё мақомлари ҳам шаклланди.

Биз Юнус Ражабийнинг уй музейларида сақланаётган ноёб экспонатлар, мусиқа асбоблари, дўсту шогирдлари билан тушган суратлари ва яратган барча асарлар тўпламини олиб келиб, Оқсарой пойида мўъжазгина музей ташкил қилдик. Анжуман меҳмонлари ва мезбонларига отам ҳақида, у киши  яратган асарлар ва сулоламиз ҳақида сўзлаб бераяпман.

Барчанинг кўзида ҳайрату ҳавас. Оқсарой майдонида мозий қайта жонлангандай гўё. Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари севимли Кўнўғлон отида ўз беклари, сипоҳи билан қадрдон шаҳрини кезиб юрибди. Миллий либослари-ю, дуру гавҳарлар ила безатилган тақинчоқлари ўзларига ярашган маликалар ҳукмдорига таъзимдалар. Буюк жаҳонгир замонида тайёрланган миллий таомлар меҳмонларга улашилаяпти. Лаззатли кабоблар, тоштандирда пиширилган лочира нону, ёғли патирлар, меҳмонларнинг иштаҳасини қитиқлайди. Ўрта асрлар даври ҳунармандлари орасида юргандек ҳис этасиз ўзингизни. Кўнчи терига ишлов бериб, махсилар тикаяпти, темирчи усталар жанг ва меҳнат қуроллари, дурадгорлар бешик ясаш билан банд. Кулоллар лой ишлов бермоқда, заргар эса ўз маҳсулотини харидорларга кўз-кўз этаётир. Ҳунарманд аёлларнинг қўли-қўлига тегмайди. Ип йигириш, гилам тўқиш, мунчоқлар ясаш, матога бетакрор нақшларни солиш билан машғулдирлар. Бир томонда эса кўҳна шарқ бозорида сотувчи-ю харидорлар ўртасида савдо-сотиқ авжига чиққан. Миллий ҳунармандчилик расталаридан ўша даврга хос исталган буюм ёки маҳсулотни харид қилишингиз мумкин.

Ҳар бир ҳудуднинг севимли миллий таомлари тайёрланиб, байрам қатнашчилари дастурхонига тортилмоқда. Улар Тошкент ва Андижон паловлари, Қашқадарё тандир ва яхна гўштлари, Сурхондарёнинг “чўпонча” кабоби, Жиззах сомсалари  ва бошқа вилоятларнинг тансиқ таомларини  татиб кўриш бахтига муяссар бўлишди.

Оқсарой майдонида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ўзига хос тарихи, бадиий мероси, урф-одат ва анъаналари акс этган кўргазмалар, саҳна кўринишлари намойиш этилаётир. 

Андижон вилояти учун ажратилган майдонда тарихий шахслар сиймоси яратилган. Бобур мирзо ғазаллар мутолааси билан машғул. Вилоят мақомчилар ансамбли томонидан ижро этилаётган наволар юракларни сел қилиб юборади. Миллий қўғирчоқ усталарининг ижод намуналари ёнидан бефарқ ўтиб кета олмайсиз.

Хоразм вилояти “ҳудуди”га киришингиз билан сополдан ясалган кўзалар, турли хил ўлчамдаги идишларга кўзингиз тушади.  Шўх яллалар ва лапарлар ижро этаётган йигит-қизлар, ўймакор усталарнинг маҳорати, вилоятнинг ўтмишини ёдга солувчи миллий кийимлар эътиборингизни тортади.

–       Атласларимизни хориждан келган меҳмонлар катта қизиқиш билан томоша қилишиб, уни яратилиш жараёни ҳақида сўрамоқдалар, -дейди фарғоналик уста Абдунаби Тоштемиров. – Дастгоҳларимда ишлашимни ҳаяжон билан кузатишди. Марғилон атласи ёнида суратга тушишиб, харид ҳам қилишди. Бундай анжуманларнинг тез-тез ўтказилиши нафақат мақом санъати ривожи балки халқаро туризмни ривожида яқиндан ёрдам беради деб ишонаман.

 Қорақалпоғистон вакиллари қора уйлари билан мақтаниб қўйишди. Жиров ва бахшилар қорақалпоқларнинг шонли ўтмиши ҳақидаги достонларни куйлашаяпти.  Навоий вилояти рамзи ҳисобланган “Нурота чашмаси” акс этган жойда тоштарош усталар  маҳорати намоён этилаётир. Ғозғон мармари довруғи нафақат мамлакатимиз балки дунёга машҳур. Хатирчи туманидан келган “Ёр-ёр” фольклор ансамбли  ижодкорлари мақом санъати анжумани очилишига бағишлаб, қўшиқ яратишибди.

– Туманимизнинг бетакрор табиати, моҳир ҳунармандлари-ю заргарларлари, уста боғбонлари билан ҳамиша фахрланамиз, -дейди O‘zLiDeP Китоб туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ғулом Узоқов. – Анжуманни юқори савияда ўтказилишида партиямиз депутатлари ва фаоллари яқиндан ёрдам бермоқдалар. Бизнинг шириндан шакар узумларимиз, меваларимиз, анорларимизни татиб кўрган меҳмон ёнимиздан кетолмай қолаяпти. Меҳмонлар нафақат Шаҳрисабз шаҳри, балки туманимизнинг сўлим гўшаларига ҳам ташриф буюришиб, бетакрор табиатимиз, сўлим боғларимиз, пурвиқор тоғларимизни томоша қилмоқдалар. Эндиликда туманимизнинг туризм салоҳияти янада юксалишига  шак-шубҳа йўқ. 

Бухоро халқ амалий санъати намуналари анжуман меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Бу вилоят зардўзларининг маҳоратига тан бермай иложингиз йўқ. Миллий либослари ҳам бетакрор ва миллий нақшлар билан безатилади. Рўйи замин сайқали дея эътироф этилган вилоят вакиллари турган жойга келишингиз билан  миллий чолғу асбоблари, ширин ҳолвалар, нонларга кўзингиз тушади. Самарқандлик уста ҳунармандлар VIII асрда тут пўстлоғидан қоғоз ишлаб чиқаришган экан. Улар аждодларининг эзгу анъанасини давом эттириб, шу қоғозни тайёрлай бошлашибди.  Аҳамиятлиси шундаки, бу қоғоздан ясалган буюмлар, идиш ва қўғирчоқларни бемалол ювиш мумкин. Сифатига сира таъсир қилмайди. Шу ўринда ота-боболаримизнинг тафаккур маҳсулига қойил қолмасдан иложингиз йўқ.

–       Боёвут туманиданман, -дейди ҳунарманд аёл Роҳила Каримова. – Матолардан миллий ўйинчоқлар ясаймиз. Улар болажонлар соғлиғи учун безарар. Тайёр маҳсулотларимизни болалар боғчаларига шартнома асосида етказиб бераяпмиз. Ўттизга яқин миллий қаҳрамонлар, гуллар акс этган маҳсулотларимизнинг харидорлари бисёр. Сирдарё ерлари шўр бўлгани учун кулолчилик маҳсулотлари ясашнинг сира иложи йўқ. Шунинг учун бизда қовоқдан турли ўлчамдаги идишлар ясаш урф бўлган. Бу идишларда сақланган сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари узоқ вақт ўз сифатини йўқотмайди.

Наманган мақом ансамбли бадиий раҳбари Мақсуд Тўрақуловнинг айтишича, “Гуллар шаҳри” вакиллари репертуаридан Фарғона-Тошкент йўлида ижро этиладиган ўндан ортиқ энг ноёб мақом намуналари ўрин олган. Вилоят тарихига оид экспонатлар, миллий кийимлар ва ҳунармандчилик намуналари  намойиш этилмоқда.

–       Мақом дард тўла қалбдан сизиб чиққан мунгли нола, юрак изтироби, шодлик ва ғамнинг тажассумидир, -дейди кўп йиллардан буён мақом йўналишида ижод қилиб келаётган устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ хофизи  Бекназар Дўстмуродов. - Уни шунчаки куйлаб ва тинглаб бўлмайди. Миллий мақом санъатининг қадимий тарихи, фалсафий илдизлари, бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Ушбу санъат тури асрлар давомида улуғ шоир, олим, бастакор, ҳофиз ва созандаларнинг тинимсиз изланишлари, ижодий тафаккури  ва жонбозликлари боис ривожланиб, сайқал топиб, мукаммаллашиб келмоқда. Анжуман давомида ўнлаб ширали овоз соҳибларини кашф этдик. Жозибали ижро, ўзига хос гўзаллик ва нафосат, бетакрор овоз соҳиблари ижросида  мақомнинг жонли талқини тингловчилар қалбини ром этди. Бугунги нуфузли анжуман мақом санъатини дунёга тараннум этиш, қайта тиклаш ва умрбоқийлигини таъминлаш йўлидаги эзгу қадамдир. Мақом соҳибқирон Амир Темур даврида биз турган муаззам Оқсарой майдонида улуғ устазодалар  томонидан куйланган. Ишонаманки, буюк бобомизнинг севимли шаҳри бўлган Шаҳрисабз бундан буён мақом санъатини дунёга тараннум этадиган қутлуғ маскан бўлиб қолади.

Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёев этди ва нутқ сўзлади. Замонавий маданият ва туризм марказига айланиб бораётган яшил шаҳарда мазкур санъат байрами юқори савияда ташкил этилди.

5 кун давомида дунёнинг турли давлатларидан келган юксак иқтидорли мусиқа санъати усталари ва машҳур мақом ижрочилари баҳс олиб бордилар. Халқаро ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг чиқишларини учта “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” ва “Энг яхши яккахон хонанда” номинацияси бўйича баҳоладилар.

Халқаро мақом  санъати анжуманининг бош соврини Гарн-при Тожикистон мақом академиясига берилди. Озарбайжоннинг “Ҳайрати” жамоаси солисти Нигор Шабанова, Ўзбекистоннинг “Соқил” ансамбли 1 - ўринни қўлга киритдилар. Эроннинг “Настор” ансамбли, ҳиндистонлик  Устад Иқбол Аҳмат Хон 2 - ўринга лойиқ топилдилар. Туниснинг “Al Gharbi Twins”, Япониянинг “SPSP Japan” жамоалари учинчи ўринга сазовор бўлишди.  Анжуман иштирок этган барча ғолиб ва совриндорларга пул мукофотлари, анжуманнинг махсус диплом, эсдалик совғалари тақдим этилди. Шунингдек, тадбирда қатнашган барча меҳмонларга қимматабаҳо сувенирлар ва махсус сертификатлар туҳфа этилди.

Анжуманнинг ёпилиши маросимида юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури ҳамда 3Д проекцияли мусиқий ёритиш томошаси барча байрамона кайфият бахш этди. Муаззам Оқсарой ва соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳайкали пойида бир ҳафтадирки жаҳон халқлари ва мамлакатларининг мусиқий хазинасига айланган, ўзининг теран фалсафаси, илоҳий қудрати билан минг-минглаб қалбларни забт этган мақом садолари янграб, бутун дунёни ҳайратга солди. Инсон руҳи, дарду армонлари ва эзгу интилишларининг тараннуми бўлган мақом шарқ мумтоз адабиёти, тасвирий санъати ва илму маърифат, исломий қадриятлардан озиқлангани боис  бугунги кунга келиб бебаҳо бадиий қомусга айланиб, миллионлар қадбини забт эта олди. Президентимиз ўз нутқида таъкидлаганларидек, бу ноёб бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ундан дунё аҳли баҳраманд этиш, келгуси наслларга безавол етказиш турли қитъа ва мамлакатлар вакилларини бу гўзал масканда мужассам этган анжуманнинг асосий мақсадидир. Мазкур фестивалнинг юқори савияда ташкил этилганлиги дунё халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлабгина қолмасдан, мамлакатимиз туристик салоҳиятини янада юксалтиришга яқиндан ёрдам беради.   

     

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири