Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мақоми ошган ўқитувчи – таълим сифатининг индикатори

Мақоми ошган ўқитувчи –  таълим сифатининг индикатори
Кейинги чорак аср мобайнида таълим сифатини ошириш ҳақида кўп гапирилди. Олий таълим тизимини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар фаолиятини яхшилашга жуда катта эътибор қаратилди. Бироқ кўп ҳолларда таълимнинг таянч нуқтаси ҳисобланган мактаблар назардан четда қолиб кетди.
 
Бунинг бадалини бугун – давлатимиз айни тараққиёт йўлига чиққан маҳалда сифатсиз таълим тизими, билим-савияси талабга жавоб бермайдиган ёш авлод, жамиятда обрў-эътибори энг қуйига тушиб қолган муаллим-ўқитувчилар ҳисобига тўлаяпмиз.

Хўш, энди нима қилмоқ керак? Бу масалага шу йил 17 июль куни  Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда жиддий эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари томонидан қайд этилганидек, кейинги йилларда ўқувчилар дарсликлар билан, компьютер синфлари эса зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмагани, таълим муассасаларининг интернет тармоғига етарли даражада уланмагани, аксарият мактабларда ўқувчилар сони сиғимига нисбатан икки баробарга кўплиги, айрим фанлардан ўқитувчилар етишмаслиги ёки мактабларда ўқитувчилар қўнимсизлигининг юқорилиги каби омиллар умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиш сифатининг кескин пасайиб кетишига олиб келди. Шунингдек, ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши тўғри ташкил этилмагани, мактаб­ларда ҳамширалар фаолияти қониқарли йўлга қўйилмагани ҳамда ўқувчиларнинг чуқур билим олиши, ота-оналар томонидан фарзандларининг таълим-тарбия эгаллаши учун етарли шарт-шароит яратиб бериш билан боғлиқ мажбуриятлар бажарилмаслиги  ҳам бунга ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Айниқса, халқ таълими ходимлари ойлик маошининг пастлиги, ўз вазифасидан бош­қа ишларга жалб қилиниб келингани натижасида ўқитувчиларнинг рейтинг кўрсаткичлари йилдан-йилга пасайиб борди.

Айрим ривожланган давлатларда ўқитувчининг маоши мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақидан 1,5 баробар кўп бўлгани ҳолда, Ўзбекистонда ўқитувчининг маоши ўртача ойликнинг 79 фоизини ташкил этиши таълим сифатига ўз таъсирини кўрсатиши табиий. Ҳолбуки, мақоми ва даромади ошган ўқитувчи таълимда сифат индикатори бўла олади. Шунингдек, умумий ўрта таълимни сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтаришда давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув режалар ва ўқув дастурларини такомиллаштириш, дарсликлар мазмунини, сифатини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш лозим. Айниқса, умумий ўрта таълим мактабларини кучли бошқарув малакасига эга раҳбарлар билан таъминлаш, ўқув-тарбиявий жараёнларни тўғри ташкил этиш, замонавий технологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратиш, 2019 йил давлат бюджети параметрларини кўриб чиқишда халқ таълими тизимига ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш талаб этилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш, ўқитувчининг обрўсини ошириш – давр талаби” мавзусидаги кенгайтирилган йиғилишда ушбу масалага парламент нуқтаи назаридан ёндашиб, умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиш сифатини янада юксалтиришга хизмат қиладиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, мавжудларини бугунги талаблар асосида такомиллаштириш хусусида сўз юритилди. Бунда парламент назорати ва жамоатчилик назоратини олиб бориш асносида педагогларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш, ота-оналарнинг фарзандлари таълим-тарбиясига нисбатан мажбуриятини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини ошириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Тадбир якунида жамиятда ўқитувчилар мавқеини, обрўси ҳамда мақомини ошириш механизмларини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Одинахон
ЖАМОЛДИНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги O‘zLiDeP
фракцияси аъзоси