Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мақсадимиз такрорий ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятлар олдини олишдир

Мақсадимиз такрорий ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятлар олдини олишдир дейди Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Пробация хизмати бошлиғи, полковник Маҳамадали Исмоилов.

Мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний мафаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Аммо улар орасида жиноят содир этилишининг олдини олиш, ахлоқан тузатиш бўйича профилактик ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини ошириш янада муҳим масала, шундай эмасми? 

Албатта, юртимизда йилдан йилга жиноий жазолар либераллаштирилиб, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолар ўрнига муқобил турдаги озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни қўллаш амалиёти тобора кенгайиб бормоқда. Хусусан, жиноий жазолар тизимига мутлақо янги турдаги – озодликни чеклаш ва мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазолар киритилди.

Ўз навбатида жиноят-иж­роия амалиётини ўрганиш натижалари, маҳкумларнинг ҳуқуқларига риоя этиш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш, келгусида жамиятга ижтимоий мослаштириш учун ахлоқан тарбиялаш ва меҳнатга ўргатишнинг шаффоф ва янада самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш зарурлигини кўрсатди. Хорижий давлатларнинг аксариятида озодликдан маҳрум қилиш жойларидан озод этилган шахсларни ижтимоий мослаштириш мақсадида Пробация хизматлари ташкил этилган бўлиб, тажрибада бу тизим ўзининг самарадорлигини исботлади ва мамлакатимизда ҳам ушбу тизимни жорий этишни даврнинг ўзи тақозо қилди.

Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни муддао бўлди. Халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда ҳамда  2017-2021 йилларда  Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйи­ча Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ имзоланган мазкур қарорга биноан Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузурида Пробация хизмати ва унинг қуйи бўлинмалари ташкил этилди.

– Бу янги тизим, янги ҳуқуқий термин бўлгани ва ўқувчиларимизга янада тушунарли бўлиши учун мазкур хизмат хусусида қисқача маълумот берсангиз.

– Пробация – умумэътироф этилган халқаро термин ҳисоб­ланиб, синов деган маънони англатади. Ривожланган хорижий давлатларда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини таъминлаш ва назоратини олиб бориш Пробация хизматлари зиммасига юклатилган.

Пробация хизмати  судларнинг ҳукм ёки ажримлари билан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахслар,  яъни ахлоқ тузатиш ишлари, мажбурий жамоат ишлари, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган ва шартли ҳукм қилинган шахслар томонидан жазоларни ижро этилишини таъминлайди.

Шу билан бирга қарорда белгилаб берилганидек, жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни ҳам амалга оширади.

Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, ички ишлар органлари пробация бўлинмалари фаолиятини самарали ташкил этиш борасида 2019 йил мобайнида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар бўйича мутасадди  вазирлик­лар ва идоралар билан ҳамкорликда “Йўл харита”лари ишлаб чиқилган. Унга асосан ИИВ Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Рес­публика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда респуб­лика Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда назорат остидагиларни ахлоқан тарбия­лаш ва уларга психологик ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш борасида ҳар ойда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Энг аввало жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган ва пробация бўлинмалари ҳисобига олинган шахслар билан психологлар суҳбатлашиб, келгусида улар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилади.

Пробация бўлинмалари ҳодимларининг шаҳар жойларда 100 нафар ва туманларда 75 нафар назоратдаги шахсга 1 нафардан этиб белгиланиши, энг аввало, профилактик ва тарбиявий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган. Бунда ички ишлар органларида узоқ йиллар давомида хизмат қилган, катта амалий иш тажрибасига эга бўлган ва хизматдан салбий ҳолатларга кўра бўшатилмаган ички ишлар органларининг пенсионерлари, пенсия­си тўлиқ миқдорда тўланиши сақланган ҳолда, пробация бўлинмалари  ходимлари лавозимларига аттестациядан ўтган лавозим ҳисобидан тайинланиши мумкин.

 – Назоратдаги шахсларнинг қайта жиноят содир этмаслигининг муҳим омилларидан бири уларнинг бандлигини таъминлашдир. Иш билан таъминланган инсон тўғри турмуш тарзига риоя этади, ёмон ўй-хаёллардан йироқ бўлади ва энг муҳими, оила иқтисодига ўз ҳиссасини қўшгач, кўнгли хотиржам тортади.

– Жорий йилнинг 1 февралига қадар бўлимларимиз ходимлари  назоратдаги шахсларни ижтимоий мослаштириш бўйича 204 маротаба меҳнат ярмаркалари ташкил этишди. Натижада уларнинг 251 нафари ишга жойлаштирилди, 497 нафарига ишга йўлланма берилди.

Муайян касбга эга бўлмаган 3 215 нафар шахсдан 47 нафари касб-ҳунарга ўқитилди. Қолганларига ҳам  ёрдам кўрсатиш масаласида мутасадди идора ва ташкилотларга тақдимнома киритилди. Умуман олганда, бўлимларимиз томонидан  кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида 2 098 нафар юртдошимиз ўзининг қонунларга итоаткорлиги ва меҳнатга ижобий муносабати билан қатъий тузалиш йўлига кирганлиги боис белгиланган жазодан муддатидан илгари озод этилди.

Пробация хизмати ҳисобида турган назорат остидаги шахслар билан ўтказилган мунтазам  учрашув ва давра суҳбатларида 8 165 нафар фуқарога турли йўналишларда ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 4 169 нафарига жазони ўташ йўналишлари бўйича, 2 216 нафарига ишга жойлашишда, 469 нафарига соғлиғини тиклаш, 225 нафарига шартнома тузишда, 32 нафарига уй-жой билан таъминланишида, 31 нафарига ўқишга киришига, 599 нафарига моддий ёрдам олиш, 47 нафарига маиший масалаларда, 28 нафарига истеъмол кредитлар олишда ва 349 нафарига бошқа масалаларда кўмак берилди. 

Мухтасар қилиб айтганда, илғор хорижий тажрибага асос­ланган пробация хизмати фаолиятини йўлга қўйилишидан асосий мақсад жиноят содир этган шахслар билан тарбиявий ишларни узвий давомийлиги ва яхлитлигини таъминлаш орқали такрорий ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларни олдини олишдан иборатдир.

“XXI asr”  мухбири

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА
суҳбатлашди.