Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Маърифат”сиз қолган муаллимлар. Умумий қозон муаммога ечим бўла оладими?

“Маърифат”сиз қолган муаллимлар. Умумий қозон муаммога ечим бўла оладими?

Олдиндан айтиб қўяй: мажбурий обунага қаршиман ва вақти-замонида, бундан беш-олти йил илгариёқ бу ҳақда ёзганман: мажбурий обуна мамлакатда сўз эркинлиги бўғилгани учун бадалдир, деб. Яъниким, матбуот ўн икки ой мум тишлаб юргани учун йилда бир марта оғзига новвот ташлаб қўйилган. Машҳур кинода айтилганидек: “Ишламаган тишлайди!.. Ўрган, студент!”.

Ўрганган кўнгил ўртанмай қўймаслигини ўтган обуна мавсуми яна бир карра исботлади. 2017 йил адоғида дуч келинган қийинчиликлар, кейинги пайтда уюштирилган мажбурий обунага қарши кампаниянинг илмоқли ишораларидан матбуотимиз дарғалари етарли хулоса чиқара олди, десак адашамиз. Янги йил бошида ЎзА эълон қилган газета ададлари маълумотномаси шуни кўрсатмоқдаки, айрим нашрларда мажбурий обуна ими-жимида, аллақандай йўллар билан амалланган (атайин номма-ном санамадим, бош муҳаррирларнинг юзи иссиқ). Баъзи раҳбар журналистлар эса охири нима бўлар экан, деб вазиятни четдан кузатди ёки газета кимга керак бўлса, ўзи чиқарволади, дегандай бепарво қаради. Таҳририятни иқтисодий таъминлашнинг мажбурий обунадан ташқари ҳам йўли бордир, дея неча одам бош қотирди, шундан нечови муқобил чорани топа олди? ЎзА рўйхатида кўрсатилмаган, чунки етарли тираж тўп­лолмагани боис 1-сони чиқмай қолган “республиканский” газеталар ҳам бор эдики, уларга қарата ижтимоий тармоқларда трендга айланган “Уят! Уят!” деган гапдан бошқа нима ҳам де­йиш мумкин?!

Мени энг ҳайратлантирган ва ачинтиргани “Маърифат” газетасининг адади эди – 12 700! Яқин йилларда саксон мингнинг тагига бориб қоларди бу рақам. Яна-тағин, Ўзбекистон халқ зиёлиларининг нашри эмиш-а! Маориф тизимида ярим миллион атрофида одам ишлайди. Наҳотки атиги беш фоизи асосий таълим нашрига обуна бўлмаган бўлса?! Ўқитувчилар энг ўқимишли қатлам эмасми ахир?! Айрим тизимлар нашрининг тиражи бу йил ҳам чакана эмас, энди қиёслаб кўрайлик: қайси соҳада кўпроқ ходим бор? Шундай танг вазиятда ҳам нисбатан йирик ададда чиқаётган “жиддий” газеталар обунасининг қанча қисми таълим муассасалари ҳисобига тўғри келди экан?..

Сезиб турибман, миянгизда иштибоҳлар ғимирламоқда. Гап “Маърифат”нинг мазмунига, фойдалилик даражасига тақалса, бундан кўнгилни тўқ тутишга асос бор. Ўзим шу таҳририятда неча йил хизмат қилиб, ундан ҳам кўпроқ йиллар оддий газетхон сифатида кузатиб бориб, айниқса, чинакам зиёли педагоглар фикр-мулоҳазаларини эшитиб, “Маърифат”ни ҳар бир ўқитувчи ўқиши керак бўлган нашр дея бемалол айта оламан. Ҳозирча унинг ўрнини босадиган на сайт бор, на бошқа восита. Айниқса, Халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар ва муаммолар, расмий ҳужжатлар, замонавий педтехнологиялар, илм-фандаги янгиликлар, дарс­ликларга қўшимча маълумотлар, тарбиявий материаллар... эҳ-ҳе, ҳамма-ҳаммаси ўқитувчининг қўлига тайёр қилиб тутилади. Олса, ўқиса, дарсига татбиқ қилса бўлгани.

Газета тиражи бунчалик тушиб кетишининг кўпгина омилларини санаш мумкин:

а) ахборот олишнинг муқобил йўллари кўпайгани (лекин ҳеч бири информацион тўқайда йўл кўрсатиш, энг ишончли ва фойдали маълумотларни саралаш вазифасини ўтай олмайди);

б) матбуот тарқатиш тизимидаги муаммолар (обуна бўлдинг нима-ю, бўлмадинг нима – фарқи йўқ, барибир газета етиб бормайди ёки ҳаддан ташқари кечикади);

в) нашрнинг аудитория эҳтиёжини нечадир фоиз қондира олмаслиги эҳтимолини ҳам киритиш мумкин (Илгари ўқитувчилардан нима эътирозларинг бор, деб сўрасак, танқид бермайсизлар, дерди. “Замона зайли-да”, деб эгнимизни қисардик, кейинги икки йилда сўз эркинлиги эпкинлари эса бошлагач, ижодий жамоа бунинг ҳиссасини чиқарди, чамамда. Қолаверса, бугунги кўп­лаб ўқитувчилар фикрлашга эринишини, оғзига чайнаб берилишига мойиллигини, тайёр дарс ишланмалари босилса-ю, шахсий йиғма жилд­ларига лўп этиб солиб қўйишни хоҳлашини айтишга мажбурман);

г) энг асосий сабаб – бу йил биз ҳўлу қуруқни баравар ёндирдик, шунақанги кампания уюштирдикки, ҳамманинг хаёлида гўёки обуна бўлиш катта жиноятдек туюла бошлади, оқибатда энди бир йил муаллимлар “Маърифат”сиз қолмоқда (қарийб 10 мингта мактабга қарийб 13 мингта газета нечтадан тўғри келишини ҳисоблаб олаверинг; янаям лицей-коллежу институт-университетни саноққа киритмаяпмиз);

д) психологик омилни-да назардан қочириб бўлмайди, йиллар давомида молиявий мажбурлаб келинган ўқитувчилар бургага аччиқ қилиб, кўрпасини ҳам ёқди.

Нима бўлсаям, барибир Ўзбекистоннинг ярим миллионлик педагоглар армияси шаънига, савиясига илиқ сўзлар айтиб бўлмайди. Бир йил ўтиб, тўлқин яна ортга қайтсагина, ҳамма айбни психологик омилга тўнкаш мумкин...

Шунақа ўй-фикрлар билан қоврилиб юрганимда regulation.gov.uz сайтида “Халқ таълими тизимидаги оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Кейинги пайтда қайсидир соҳани ривожлантириш бўйича чора-тадбирларми ёки қўшимча чора-тадбирларми тўғрисида қарор-парор чиққудек бўлса, бунақа хабарларни эшитишдан юрак ҳовучлаб қолди халқимиз: ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да-а, деб. Шу кайфиятда матн билан таниша бошладим. Нима эмиш, “Халқ таълими нашриётлари” (?) ДУКмиш. Ўзларингни кулгига қўймасдан бирорта саводли журналистнинг назаридан бирров ўтказиб олсаларинг бўлмайдими, дейдиган валломат топилмабди. “Нашр” ва “нашриёт”нинг фарқини ажрата олмайдиган вазирлик ўнлаб газета-журналлар устидан қандай сиёсат юргизмоқчи – ҳайрон қоласан киши.

Олийжаноб мақсадлар шунақанги тизиб чиқилганки, беихтиёр кўзига ёш келади одамнинг. Айниқса, Тошкент шаҳрига доимий прописка ва имтиёзли ипотека кредитлари устида сўз кетганда... журналист “бечара”ларнинг ҳам манглайига офтоб тегадиган бўлибди-ку дея, “Келди замон, ўйнанг”га рақс тушиб кетишингиз ҳам ҳеч гап эмас (ЎзА бу ҳақда суюнчилаб улгурди, ўзи). Аммо, лекин, бироқ... матбуот эркинлигини бунақа арзонгаровга пуллаб бўлмайди, бир-икки одамнинг шахсий манфаати деб иқтисодий мустақиллик билан хайр-хўшлашиш, молиявий бўйинтуруққа бош суқиб бериш ярамайди!

Гапнинг пўсткалласи шуки, “республикамиз аҳолисининг... тизимли равишда тўғри, асос­лантирилган ва мавзувий ахбо­­­ротлар билан таъминланишини ташкил этиш, ... нашрларда бош­қарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, уларда самарали маркетинг фаолиятини йўлга қўйиш...”, Президентнинг фалон-фалон қарорини бажариш каби болохонадор мақсадлар кўрпаси тагида Халқ таълими вазирлигининг талай йиллардан бери амалга ошмай келаётган армони бижғимоқда – катта аудиторияга эга таълимий нашрларни жиловлаб олиш, бюджетдан ташқари маблағ топиш манбаига айлантириш. Шу режа етти бошли аждар каби ўлим билмайди, йил оша қандайдир йўллар билан яна кун тартибига чиқиб қолаверади – бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Қарор лойиҳаси матнининг сатрлари орасидан ҳаммаси қўлимизга ўтсин, мажбурий обуна қилишни, катта тираж йиғишни кўрсатиб қўямиз кўзларингга, деганнамо айёр нигоҳ мўралаб турибди. Қолаверса, вазирликнинг қўлига қараб қолган нашрлар тизимдаги ҳақиқий аҳволга кўзгу бўлолмаслиги тайин, бош муҳаррирлар ҳам молиявий манбанинг қош қовоғига мўлтираб иш тутишга мажбур бўлади. Акс ҳолда, итоаткор бошқа журналистни топиш бугун ҳеч муаммо эмас.

Ёши улуғ журналистлар яхши эслайди, биз ҳам охирги оқоваларини кўриб қолганмиз, бир пайтлар газета-журналларнинг қозони “Келинлар қўзғолони” спектаклидаги каби умумий эди. Социализм принципларидан ке­либ чиқилган-да. Бозор механизмларига ўтилгани сайин бундай номақбул ёндашув эскиргани ўз-ўзидан аён бўла бошлади ва таҳририятлар бирин-кетин молиявий мустақиллик йўлини танлади. Жамиятимизнинг барча жаб­ҳаларига инновациялар татбиқ этилаётган бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги унутилган эскиликдан инновацион янгилик яратишга, таълим нашрларини яна “колхозлаштириш”га ҳаракат қилмоқдами?! Буни газета-журналлар мисолида “Келинлар қўзғолони 2” спектаклини саҳналаштириш деб баҳоласак бўлар, балки...

Мақолани горизонталига эмас, вертикалига ўқийдиганлар учун бутун фикрларимни лўнда қилиб хулоса ясайман: Матбуот иқтисодий мустақил бўлмас экан, ижодий мус­тақил ҳам бўла ол-май-ди!

Фаррух ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси