Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

МАЪРИФИЙ КУРАШ МАЙДОНИ

МАЪРИФИЙ КУРАШ МАЙДОНИ        Бугун 23 декабръ  Ўзбекистон халқ шоири, носир ва драматург Асқад Мухторнинг таваллуд топган куни.

     
Ўша йиллари Комил Яшин Ёзувчилар уюшмасининг раиси, мен муовини эдим… Бир куни Комил Яшин мени Марказқўмга бошлаб борди. Шароф Рашидов чақиртирган экан. Гапнинг авзойидан билдимки, мақсад — «Гулистон» журнали муҳаррирлигини бўйнимга қўйиш… Унамадим. Кўнишмади.

— Йўқ, — деди Шароф Рашидов гапни вазминлик билан чўзиб, жилмайган, мулойим бир оҳангда. — Бизга йўқ, демайсиз…

Икки томон ҳам ўйловда қолдик. Оғир жимлик чўкди.

— Унда… шартларим бор, — дедим охир тилга кириб. Кўп йиллар «Шарқ юлдузи»да бош муҳаррирлик қилган, бу ишнинг ғалвалигини билардим. Ҳаммаси гир-гир кўз ўнгимдан ўтди…

— Айтинг…— деди Шароф Рашидов.

—   Бир шартим шуки, тематик чегаралар олиб ташланади!

— Нега керак? Бу нима деганингиз?..

— «Гулистон» оммабоп бўлсин!

Шароф Рашидов узоқ ўйланиб, Комил Яшинга қаради. Сўнг менга юзланиб, «майли», демади-ю:

— Тағин? — деди.

— Журналга ходимларни ўзим танлайман, —дедим. У киши очилиб кетди.

— Ҳа, албатта-да! Ўзингиз танлайсиз!..

— Йўқ, мен партиявийлигига қараб ўтирмайман, коммунист бўлса-бўлмаса, керакли ходимни оламан, демоқчиман…Энг яхши шоир, адиб, журналистлар жалб этилади!

Шароф Рашидов яйраб кулди. Комил Яшин суҳбат давомида:

— Ай-яй-яй!.. — деб бош ирғаб ўтирди.

— Тағин?..

— Журнал тўрт рангли бўлиши керак!
— Ҳозир неча рангли?
— Икки рангли…

— Майли, бу осон. Ададини ҳам кўпайтириб берамиз…
— Йўқ, униси ўзимизга қолсин. Одамлар излаб ўқийдиган бўлсин. Сиз айтсангиз, мажбуриятга айланиб кетади.

Шароф ака кулди.
—Ўзи эплайди. Асқад ишига пухта! Кўп йиллардан буён уюшмада ҳамкорлик қиламиз, —деб ўртага тушди Комил Яшин.
— Э, бу киши билан ишлашмоқни биздан сўранг! Бу гаплар бекорга бўлаётгани йўқ! — деди Шароф Рашидов.

Дарҳақиқат, ўттизинчи йиллар охирида Самарқанд Давлат дорилфунуни (ЎзГУ)  да Шароф ака билан бирга ўқиганмиз.

Каттақўрғон сув омбори қурилишида биргалашиб газета чиқарганмиз. Идорамиз бозор ичида десангиз, одамлар эшак боғлаб кетишади. Уйқу қочганда, басма-бас шеър машқ қиламиз. (Шароф Рашидов кейинчалик ўша шеърларни кўп жилдлик асарлар тўпламининг учинчи жилдида чоп эттирди). У киши «Қизил Ўзбекистон»га бош муҳаррир этиб тайинланганида, қўймай мени ҳам олиб кетди.  Ўзи Ёзувчилар уюшмасига раис бўлганида, мени уюшма нашри—«Шарқ юлдузи»га масъул котиб қилиб қўйди. Хуллас, тарихимиз узоқ. Ҳалиги баҳслар Шароф Рашидов олдида озгина эркалигим борлигидан, талаблар… ҳаддим сиққанидан  эди.

Сезганимдек, «Гулистон»да  иш осон кўчмади. «Иброҳим Раҳим кетди!.. Энди бунисини қўлга оламиз», дейдиганларни билардим. Ажабки, дастлаб Эркин Воҳидовга қарши каттагина мақола ёзиб келтиришди. Ғазаллари феодал руҳида, феодализмни идеаллаштирар эмиш! Ҳайрон қолдим. Ўзини даҳо билган марксчи-таржимон бўларди. Шу киши ёзибди. Ёритмадик. Жанжал кўтарди. Марказқўмнинг ўша пайтдаги мафкура котиби ҳам у томонда! Ишни катта қозонда қайнатмоқчи бўлдилар. Қатъий қарши турдим. Босди-босди қилдик… Эркин Воҳидовнинг хабари ҳам бўлган эмас.

Иккинчи ҳужум раҳматли Иброҳим Мўминовга уюштирилди. У кишининг  «Амир Темурнинг Ўрта Осиё халқлари тарихида тутган ўрни» рисоласига қарши! Туҳматни темурийлар ҳақида тахминан эшитиб билган москвалик бир «мутахассис» ёзиб келди. Уни Марказқўм қошидаги лекторлар гуруҳининг бошлиғи Е.Блок қўллаб қолди. Пайсалга солдим. Қарасам, масала чуқурлашяпти… Амударё билан боғлиқ «дейгиш» ҳодисаси эсимга тушди! Демак, москвалик «мутахассислар» аслида бошқаларни ҳам ўпириб  олиб кетмоқчи эканлар! Марказқўм тагидан тезоб сув ўтар экан-да!     Бу «дейгиш» анча йиллардан сўнг, «ўзбеклар иши» бўлиб, юзага чикди:       Марказқўмгина эмас, мамлакатнинг кўп жойларини ўпириб кетди!

Аммо «мутахассис» бўш келмади,уни кейинроқ қаердадир, юқорироқда бостирди…

Яна бир ҳужум донишманд адабиётшунос, илмда жасоратли профессор Эргаш Рустамовга қарши уюштирилди. Бу киши шафқатсизларча топтаб турган шўроларнинг сўқир оёқлари остидан  туркий шоирлар отаси Аҳмад Яссавийни байроқ қилиб кўтариб чиқмоқчи бўлдилар!..

Шу даражага етдики: «Аввал мени бош муҳаррирликдан бўшатинглар-да, сўнг бу кишига тош отинглар!» — дейишгача бордим. Чунки бу ишда мен ҳам айбдорман. «Чинор» романида Аҳмад Яссавийнинг авлиё шоир эканлигини эътироф этганман», дедим. Яқин йўлатмадим. Охири жим бўлишди… Аммо ҳужумлар ўз ишини қилди: академик Иброҳим Мўминов ҳам, профессор Эргаш Рустамов ҳам шундан сўнг ўнгарилмай, тез орадан оламдан ўтишди!..

Журналда генерал Жўрабек ҳақида мақола ёритдик. Журнални тўхтатишди. Марказқўмнинг янги мафкура котиби Оқил Умрзоқович Салимов қабулига ҳужжатларни кўтариб бордим: «Озарбойжон классик шоири, шарқшунос Мирза Фатали Охундов ҳам чор генерали бўлган, генерал Жўрабек билан бирга шарқшунослик конгрессларида қатнашган, ўзаро яқин дўст бўлишган. Ҳар иккалови ҳам таржимонлик қилишган… Жўрабек халқпарвар, маърифатпарвар… Навоий кутубхонаси фонди генерал Жўрабек боғида сақланган!..» деб айтавердим, айтавердим…

Салимов кулди.
— Генерал Жўрабек—бизнинг бобомиз бўладилар! — деди бир оғиз. Яна нодонлигимдан куйдим…
— Журнални чиқараверинг, —  деди Салимов ва журнални тўхтатмаслик ҳақида кўрсатма берди.

… Ўша даврларда ҳам  дабдабабозлик бор эди! Давлат қачонки дабдабага куч берса, билингки, илиги пучаяди… Таназзулга юз тутиб, кунпаякун бўлган Советлар Иттифоқи фикримизнинг яққол тимсолидир! Пахтани машинада териш борасидаги рекордбозлик — «минг тонначилик»ни  фош  этувчи, дастлаб бўшгина мақола қўлимга тушди. Валентин Тюпко деган инженер- конструктор дўстим бор эди. Пахта териш машинасини ихтиро этганлардан. Янгиерда турарди. Ўшанга юбордим. Далиллаб берсин, дедим. У, биз ихтиро этган машина шу бўлса, бир мавсумда 220 тонна, жуда нари борса 280 тоннадан ортиқ пахта теролмайди деб боплаб исботлаб берди! Юқорида сансалорлик бўлавергач, бутун масъулиятни зиммамизга олиб мақолани ёритдик. Минг тонначилик шов-шуви ўчди-қолди!

     Экология, Орол, археологик муаммоларимизни ёритувчи мақолалар бердик. «Қайта қуриш» қаёкда эди?! Матбуот маърифий инқилоб қуролидир. У жамиятни доимо ичдан ёрита билиши керак! Давлат сиёсати калтабинлик қилганда, у узоқни кўра билсин! Тарих ўз фурсати билан тарози тошини жойига қўяркан, тирик гувоҳмиз! Аммо ўзим бош муҳаррирлик қилаётган журналда кимёвий заҳарланишларни фош этувчи асаримдан бир парчани босолмаган ночор кунларимиз ҳам бўлган. («Кумуш тола» деб аталадиган бу қиссам, ўн йиллардан сўнг, 1989 йилдагина босилди). Шунга қарамасдан журнал Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов каби кўп қаламкашларнинг халқ аламини айтувчи, бу сингари мавзулардаги чиқишларига йўл очиб берган!.. Шароф Рашидовга айтганимда, фаришта омин деган экан, хусусан, ўша йиллардаги ёш ижодкорлар, журналистлар — Маҳмуд Саъдий, Мурод  Хидир, Маҳкам Маҳмудов, Тоҳир Малик, Абдулла Шер, Саъдулла Аҳмад, Эмин Усмон, Эркин Аъзам, Сулаймон Раҳмон, Аҳмад  Аъзам, Хайриддин Султон учун Марказқўм журналидаги мавқелари бир амал ёхуд саккиз соатлик иш эмас, уйқусиз, кеча- кундузлик маърифий кураш майдони эди: улар ўзларини шунга бағишлаган эдилар. Журнал безаги, ҳар бир сўзу жумланинг қош-кўзини жойига қўядиган тажрибали муҳаррир-журналист, катта таржимон Ваҳоб Рўзиматов, рассом Эмин Рўзибоев хизматлари бунда беназирдир.

Ал Форобий, Ал Беруний, Ибн Синога бағишланган махсус сонлар!.. Чернишевский ва Шарқ… «Ғурбатда Фурқат», Машрабнинг шўролар кўзича гўё «янги топилган» ғазаллари… Адвокат Убайдулла Хўжаевнинг Лев Толстой билан ёзишмаси… Ўзбек қомусчилиги… Кино, театр санъати… «Эдип»… Халқ оғзаки ижоди… «Жуманбулбул»… Ўта миллий шоиримиз Миртемир шеърлари ила тўлиб чиққан қўша-қўша саҳифалар, янги авлод  ижодкорларининг асарлари!..