Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

МАРКАЗ КЎЗЛАНГАН МАҚСАДГА ЭРИШМОҚДА. БИТИРУВЧИЛАР БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

МАРКАЗ КЎЗЛАНГАН МАҚСАДГА ЭРИШМОҚДА. БИТИРУВЧИЛАР БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

       Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 майдаги "Корея Республикаси ҳукуматининг грантини жалб қилган ҳолда Самарқанд шаҳрида касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ 2016 йил 16 октябрда Самарқанд шаҳрида касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил этилган эди. Унинг фаолияти тўғрисида “Зарафшон” газетасининг “facebook”даги саҳифасида маълум қилинди. 
      Ўтган вақт давомида марказда қандай ишлар амалга оширилди? Марказни ташкил этишдан кўзланган мақсадга эришиляптими? Марказ директори, техника фанлари доктори, профессор Исмоил Эргашев билан суҳбатимиз ана шу хусусида бўлди. 
      –Аввало, марказни ташкил этишдан кўзланган мақсад хусусида тўхталиб ўтсангиз.
     – Марказ ташкилот ва муассасалар буюртмасига асосан туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан йўлланма асосида юборилган ишсиз ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш ва қайта ўқитишни амалга ошириш учун ташкил қилинган.
    – Айнан қандай касбларга?
    – Ёшлар асосан, автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш ва чилангарлик ишлари, электротехника ва электроника, ахборот технологиялари операторлари, компьютерлар ва бошқа ташкилий техникага хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлашга йўналтирилган касблар бўйича ўқитилади.
     – Ўтган бир йил давомида марказ томонидан бу борада қандай ишлар амалга оширилди? 
     – Жорий йилнинг 30 июнь куни марказнинг 211 нафар биринчи битирувчисига тантанали равишда дипломлар тоширдик. Бугунги кунда барча битирувчилар турли корхоналарда ишлаяпти. Уларнинг 51 нафари йирик саноат, 32 нафари кўп тармоқли, 100 дан кўпроғи хусусий корхоналар, 14 нафари таълим муассасаларига ишга жойлашди. 10 нафари ўз бизнес фаолиятини йўлга қўйди. 
     – Дастлабки бу муваффақиятларда қандай омиллар муҳим аҳамият касб этди, деб ўйлайсиз? 
     – Асосий омиллардан бири, бу Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан марказга бўлган алоҳида эътибор ва доимий назоратнинг ўрнатилганлигидир. Шунингдек, марказ моддий-техник базаси бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Талабаларга Корея таълим ва технологиялари университетида малака ошириб келган ўзбекистонлик ва кореялик малакали ўқитувчилар дарс бераётганлиги ҳам бунда муҳим омил саналади. Машғулотлар ўзига хос ўқув режалари, дарсликлар ва барча ўқув материаллари амалий ўргатишга йўналтирилган, яъни назария ва амалиёт билан уйғунлаштирилган. Марказда "Learning – by doing", яъни "Бажариб ўрганаман" услуби қўлланилади. 
      Бундан ташқари, марказ ўтган бир йил давомида 50 дан ортиқ маҳаллий ва қўшма корхоналар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Ҳозирда талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиёти ушбу корхоналарда ўтказилади ва энг яхши битирувчилар шу ернинг ўзида ишга олиб қолинмоқда. 
Бу ерда тил ўргатиш маркази ташкил этилган бўлиб, талаба дарсдан кейин инглиз, корейс, япон, рус тилларини ҳам ўрганиш имкониятига эга. Ўтган бир йил давомида марказ тингловчиларининг 5 нафари корейс тилидан имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, Корея ҳукуматининг махсус сертификатига эга бўлди.
    – Марказда келгусидаги режалар қандай?
    – Келгусида марказ моддий-техник базасини қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш орқали янада мустаҳкамлаш, Корея университетлари билан ҳамкорликда янги касб бўйича ўқитиш учун ўқув-методик ва моддий-техник базани ташкил этиш, марказда автомактаб очиш орқали битирувчиларнинг қўшимча касб эгаллашига   имконият яратишни мақсад қилганмиз.                           

       Шунингдек, саноат корхоналари билан узвий алоқаларни ривожлантириш орқали "Family company", яъни "оилавий корхоналар" сонини янада ошириш ҳам асосий режаларимиздан биридир.

 
Fолиб АБДУСАЛОМОВ суҳбатлашди.