Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Марказий банк уч тоифадаги шахсларнинг банк раҳбарлари этиб тайинланишини тақиқлади

Марказий банк уч тоифадаги шахсларнинг банк раҳбарлари этиб тайинланишини тақиқлади
         Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарларига қўйиладиган янги талаблар тасдиқланди. Унга кўра Марказий банк уч тоифадаги шахсларнинг банк раҳбарлари этиб тайинланишини тақиқлади. Бу Марказий банк қарорида кўзда тутилган.

          Ушбу ҳужжат билан тижорат банкларининг раҳбарлари, бошқарув аъзолари, бош бухгалтерлари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, микрокредит ташкилотлари ва кредит бюролари раҳбарлари учун янги талаблар тасдиқланган, дея маълум қилди “Xabar.uz”.

          Талабларга кўра, барча номзодлар иқтисодиёт соҳасида олий маълумотга ва банк соҳасида икки йилдан ўн йилгача иш тажрибасига эга бўлиши керак. Раҳбарлик лавозимига номзодлар, шунингдек, бошқарув тажрибаси ҳам бўлиши лозим.
Банк ва уларнинг филиаллари раҳбарлигига уч тоифадаги номзодлар тайинланиши ва тавсия этилиши мумкин эмас:
        – Бевосита унинг иштирокида (фактлар билан асосланган) банкротликка учраган ёки молиявий аҳволи ёмонлашган банклар, кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотларни бошқарган шахслар;
         – суд қарорига кўра раҳбарлик лавозимига тайинланмайдиган шахслар;
        –  Ўзаро яқин қариндош бўлган шахслар бир банкда раҳбарлик ёки моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида ишловчи номзодлар.

           Бундан ташқари, юқорида кўрсатилган лавозимларга номзодлар қонунчиликни, пул-кредит сиёсати тамойилларини, қарз бериш ва депозитларни билиши, компьютер ва барча керакли банк дастурларини ишлата олиши лозим.
Банкнинг бош офиси ва унинг филиаллари раҳбариятидаги ўзгаришлар ва тайинланишлар ҳақидаги ахборот буйруқ чиққанидан кейин уч кун ичида банкнинг расмий сайтида эълон қилиниши лозим.