Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Машина машмашасининг охири борми?

Машина машмашасининг охири борми?

       Ана шу ҳақли саволга роппа-роса тўрт йилдан бери жўялироқ жавоб тополмаётган Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи фуқаро Фарҳод Рустамов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўқиб, таҳририятимизга хат йўллабди. Биз ушбу мактубдан айрим парчаларни эълон қилишни лозим топдик:

Ҳурматли таҳририят!

       2014 йилнинг февралида 2005-2008 йилларда хорижда ишлаб чиқарилган 18 та “Ласетти” (кейинчалик ваколатли идораларнинг аниқлашича, гўёки “айланма йўллар” (?) орқали олиб кирилган экан – таҳр.) нинг биттасини мен “биринчи қўл”дан эмас, аксинча, “иккинчи қўл” яккабоғлик А. Холмуродовдан (Яккабоғ тумани 1-сонли нотариал идораси нотариуси Р. Усмонов томонидан имзоланган олди-сотди шартномасига асосан) сотиб олиб, шу ҳужжат асосида машинамга Шаҳрисабз ЙҲХБ 1-ТРИБ томонидан 70 М 191 GА рақами берилди. Демак, мен қонун тили билан айтганда, икки карра инсофли эгалловчиман. Тўғрими?

       Афсуски, ўша йилнинг 1 апрель куни уйимизга ЙПХ ва божхона ходимлари келиб, бу машиналар республикамизга ноқонуний олиб кирилганини айтиб, уловни жарима майдончасига олиб кетишди.

      Тўғри,  қонун ҳаммага баробар. Жиноятчилар жазоланди-ку, деган билан ҳақиқат тўла қарор топгани йўқ. Суд жараёнида жиноятчилар бир ёқда қолиб, гўёки бизни айбдор қилишларига ҳам оз қолди. Нима эмиш, биз кимошди савдосида қатнашмасдан, машина олган эмишмиз. Аслида биз ҳам қачонки, ана шу машиналар ноқонуний олиб келингани жинояти очилганидан кейингина ўзимизни алданганимизни билдик-ку! Ахир, биз ўз пешона теримиз билан топган ҳалол пулимизга машина олсагу...

       Тўрт йилдан бери аввал Фарғонага, кейин эса Тошкентга қатнайвериб, бирор натижа чиқмади. Орамизда кимдир асаб, яна кимдир юрагини ишдан чиқарди, хуллас, менга ўхшаган 18 оиланинг ҳаловати бузилди.

      Ниҳоят, ноқонуний “машина бизнеси”дан мўмайгина фойда кўрган олғирлар гуруҳи аъзолари – Д. Турдалиев, С. Хасанов, Д. Эхсонов жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2014 йил 17 сентябрдаги ҳукмига мувофиқ  қилмишларига яраша жазосини олди...

      Бизнинг турли маҳкамаларга ёзган шикоят хатларимизга эса бир хил мазмундаги “эгизак” жавоблар йўлланмоқда. (Бошимизга тушган кўргуликлар ҳақида шу газетанинг 14- ва 25-сонларида мақолалар эълон қилинган бўлса-да, амалий натижа бўлмади).

      Мана, шундай жавоб хатларининг биттаси (2014 йил 18 декабрь, №1-488-14) дан парча келтираман: ”Шикоятингиздаги, жиноят ашёлари ҳисобланган автотранспорт воситаларини қайтариб бериш ҳақидаги важларингиз билан келишиб бўлмайди.

      Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 211-моддасида жиноят қуроллари, кимга тегишлилигидан қатъи назар, мусодара қилиниши, тегишли муассасаларга топширилиши ёки йўқ қилиб юборилиши белгиланган.

      Суд қарорларининг жиноят ашёлари ҳисобланган автотранспорт воситалари бўйича ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси  М. Мирзажонов”.

       Бундай жавобни биз Олий Судга қилган ёзма ва оғзаки мурожаатларимизда ҳам олганмиз.

      Лекин шу ўринда бошқа бир ҳақли савол туғилади: худди бизга ўхшаб ноқонуний йўллар орқали олиб кирилган, кам эмас, 51 та машина жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди нинг адолатли қарори(2015 йил 5 август)га кўра инсофли эгалловчи деб топилган фуқароларга қайтариб берилибгина қолмасдан, балки ҳудудий ИИБ ЙҲХБлар зиммасига автотранспорт воситаларини қонунга мувофиқлаштириб, қайта расмийлаштириб бериш мажбурияти ҳам юкланганига нима дейсиз?

        Яна худди шундай, яъни, биз каби ҳалол пулига куйиб қолган кишиларнинг 14 та машинаси ҳам дастлаб жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман суди томонидан  давлат фойдасига мусодара қилинган бўлса-да, лекин жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг апеллация инстанцияси (2015 йил 22 декабрь) биринчи босқич суд ҳукмининг ўша “мусодара қилиш” қисми билан келишмади. Адолат қарор топибди-ку!

      Бизни мазмунан ва моҳиятан бир хил жиноят ишларига нисбатан икки вилоят судининг ҳукми деярли уйғун, бир хил, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судиники эса бошқача бўлгани ҳайрон қолдирди.

     Мамлакат ягона бўлганидан кейин битта қонун ҳамма ҳудудларда бир хил талқин қилиниши мумкин эмасми?!

      Бизларнинг айбимиз нима? Соддалигимизми, фирибгарларнинг алдовига учганлигимизми? Унда нега бизларга сохта ҳужжатлар асосида таклиф этилаётган машиналарни ҳар қандай ҳужжатларни ипидан игнасигача текшириб, кейингина расмийлаштириши шарт бўлган нотариуслар ҳамда ҳудудий ЙҲХБлар вакилларидан бирортаси жазога тортилмади? Жиноятни кимлар содир этдию, жабрини нима учун биз тортишимиз керак? Шахсан мен, яъни –  “инсофли эгалловчи”нинг ҳақ-ҳуқуқини қонун ҳимоя қилолмаса, ким ҳимоя қилади?!

       Биламан. Бу саволларга энди жавоб топиш мушкул. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ, деганлари рост. Лекин давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасидаги “...суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим” деган сўзларини ўқиб, эшитиб, эзилган кўнгилда умид учқунлари пайдо бўлди. Шу кунгача 18 та  машинанинг 13 таси кимошди савдолари орқали сотилиб кетди, қолган 5 таси жарима майдончасида абгор ҳолатда ётибди.

       Бизнинг нега ўн йиллаб тиним билмай тўплаган маблағимиз эвазига сотиб олган машиналаримиз товонини энди ким тўлайди? Суд ҳукмида ёзилгани билан жиноятчилар бу пулларни икки дунёда ҳам тўлашига ҳеч қандай кафолат йўқ. Ана шу машиналарни қайтариб оламиз деб югуравериб, саломатлигимизни ҳам йўқотиб бўлдик-ку! Бундай адолатсизликни кўриб турган фарзандларимиз тақдири эртага не бўлади? Улар кимга ишонади? Қонун устувор деб юрган давлатимизда бир гуруҳ жиноятчилар, товламачилар ортидан нега шунча оила жабр тортиши керак?..

Сизлардан илтимос, менинг ушбу хатимни Ўзбекистон Республикаси Олий Судига тақдим этсангиз, зора адолат қарор топса.

Умид билан

Фарҳод РУСТАМОВ