Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Матонат ва шижоат эгалари маҳорат билан акс эттирилган асарлар сараланди

Матонат ва шижоат эгалари маҳорат билан акс эттирилган асарлар сараланди

Дунёда барча касблар қадрли, барчасининг ўз ўрни ва аҳамияти, машаққати ва сир-асрори бор. Шу боис, ўз касбини севиб, ардоқлаб, унинг меҳнату машаққатига дош бериб, ўз устида тинмай ишлаб, самарадорликка эришганларни фаол деймиз.

Маълумки, жорий –  “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” доирасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” республика ижодий танловини эълон қилган эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда ижодкорлар ўртасида ўтказилган мазкур танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими яқинда пойтахтимиздаги Ёшлар марказида бўлиб ўтди.

Тадбирни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов кириш сўзи билан очиб берар экан, аввало барчани Конституциямизнинг 26 йиллиги билан қизғин муборакбод этди. Бугунги ҳаётбахш ислоҳотларнинг туб замирида Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган меъёрлар ётгани, уларнинг амалдаги ижроси боис халқимиз эмин-эркин меҳнат қилиб, шукроналикда яшаётганини таъкидлади. Сўзини давом эттирар экан, партия раҳбари танлов хусусида шундай деди:

– Мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти, халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш, фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технологиялар асосида шакллантириб, бошқаларга ўрнак бўлаётган, замонамиз қаҳрамонлари десак арзийдиган ишбилармон, тадбиркор, фермерлар сиймосини яратиш танловимизнинг бош ғояси сифатида белгиланган эди. Мақсад тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятидаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш, уларнинг ютуқ ва муваффақиятларини ижодий материалларда алоҳида эътироф этган ҳолда барчани янги марралар сари ундашдир. Қолаверса, турли жанрлардаги асарлар орқали юртимизда фаол тадбиркорлик маданиятини тарғиб қилиш, ёшларни соҳага қизиқиши ва меҳрини ошириш ҳам асосий ниятимиз эди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, танловга барча номинация ва йўналиш­лар бўйича жами 300 га яқин ижодий ишлар келиб тушган. Уларнинг ҳар бири ҳакамлар ҳайъати томонидан атрофлича ўрганилди ва энг муносиблари сараланди.

– Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Агар биз юртимизда барқарор иқтисодиёт қурмоқчи бўлсак, дунёдаги ривожланган мамлакатлар каби бой ва фаровон яшамоқчи бўлсак, чала-чулпа, юзаки эмас, балки қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт”, дея алоҳида таъкидлаши бежиз эмас, деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Сай­йид. –   Сир эмас, ушбу жараённи тадбиркорлик ва фермерлик соҳаси ривожисиз тасаввур этиб бўлмайди. Соҳа, унинг заҳматкашлари ҳақидаги асарлар ўқувчилар қалбида, аввало меҳнаткашликка, бунёдкорликка, ҳалолликка ундаши табиий. Ахир ҳар биримизнинг камолотимизда, эгаллаган касбимизда болалигимизда ўқиган китобларимиз, улардаги қаҳрамонлар ҳаёти туртки бўлган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, партия ташаб­буси билан ўтаётган ўзига хос ижодкорлар беллашуви китобхонликни, фермерликни, тадбиркорликни, энг муҳими, ҳалоллигу покликнинг янада кенгайишига замин яратади.

Шундан сўнг таомилга кўра энг ҳаяжонли лаҳзалар бошланди. Иккита йўналиш – “Энг яхши бадиий асар” ва “Энг яхши публицистик асар” йўналишлари бўйича муносиб топилган ғолиблар бирин-кетин саҳнага чорланиб, уларга махсус диплом, пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар топширила бошланди.

Хусусан, “Энг яхши бадиий асар” номинациясида “Бегоналар юрмас бу ерда” романи учун ёзувчи Луқмон Бўрихон 1-ўрин ғолиби деб топилди. Ушбу номинация бўйича 2-ўрин ғолибаси сифатида “Юрагида анор гуллаган аёл” достони учун таниқли  шоира Зулфия Мўминова эътироф этилди. 3-ўрин эса “Бир томчи ёш” драмалар китоби учун драматург Қўчқор Норқобилга насиб этди.

Шунингдек, ушбу номинацияда бир қатор рағбатлантирувчи мукофотлар ҳам ўз эгаларига топширилди. Жумладан, “Тадбиркор аёл образини яратган энг яхши бадиий асар” учун таъсис этилган рағбатлантирувчи мукофотга “Майсаларга алла айтаётган аёл” асари учун ёзувчи Шарофат Ашурова,  “Ёш тадбиркор образини яратган энг яхши бадиий асар” учун таъсис этилган рағбатлантирувчи мукофотга “Ота мерос” туркум қатралари учун қорақалпоғистонлик ижодкор Мунаввара Юсупова сазовор бўлди.

Танловнинг “Энг яхши публицистик асар” йўналишида эса фахрли 1-ўринга “Биллурнинг гардиши ёхуд замондошларимиз сийратига чизгилар” китоби учун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг бир гуруҳ журналистлари лойиқ кўрилди. 2-ўринни эса “Сайроблик баракали йигит” ҳужжатли қиссаси учун ­Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қулмон Очил қўлга киритди. Ва ниҳоят 3-ўрин замонавий тадбиркор образини яратишга бағишланган туркум публицистик мақолалари учун журналист Озод Ражабовга насиб этди.

Шу билан бирга қатор рағбатлантирувчи мукофотлар ҳам ўз эгаларига тантанали руҳда топширилди. Хусусан, “Ёш тадбиркор образини яратган энг яхши публицистик асар”  учун таъсис этилган мукофот билан “Орзудаги боғлар” ва “Яккабоғнинг шифобахш неъматлари” публицистик очерклари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мурод Абдуллаев тақдирланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ҳулкар Тўйманова ҳамда “Ишонч” газетаси мухбири Комила Боймуродова “Замонавий тадбиркор аёл образини яратган энг яхши публицистик асар” учун рағбатлантирувчи мукофотни эгаллашди.

“Тадбиркорликнинг ижтимоий масъу­лияти” йўналишида махсус рағбатлантирувчи мукофот “Нурли жўл” газетаси катта мухбири Азиза Айходжаева насиб этди. “Тадбиркорлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини тизимли ёритиб келаётган нашр” учун махсус мукофот “XXI аср” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятига топширилди.

Тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига халақит бериб келаётган турли  тўсиқларга ечим излашда уларга ҳақиқий елкадош бўлиб келаётган “Кун.уз” веб-сайти эса “Тадбиркорларни ҳимоя қилишда ўзининг принципиал позициясига эга интернет нашр” учун мукофот ғолиби деб топилди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги инвестицион жараёнлар, тадбиркорларимиз қиёфасини унга қизиққан халқаро аудитория учун объектив тарзда етказиш йўлида хизмат қилаётган “Подробно.уз” интернет сайти  “Ўзбек тадбиркори образини дунё ҳамжамиятига таништираётган интернет нашр” мукофоти билан рағбатлантирилди.

Ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий этилган “Янгича назар”  рағбатлантирувчи мукофотига ўзининг “Депутатнинг бир куни”, “Ишбилармон аёл”, “Фаолият ва таҳлил”, “Сайёр камера” лойиҳалари учун журналист Сайёра Асранова сазовор бўлди.

Тақдирлаш маросими куй-қўшиқларга ва иштирокчиларнинг самимий тилакларига уланиб кетди.

Сўз танлов ғолибларига

Луқмон БЎРИХОН, ёзувчи, “Энг яхши бадиий асар” номинацияси  1-ўрин ғолиби:

Сўнгги  йилларда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан ўзгаришлар, туб ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг эркин ва самарали фаолият юритишлари учун қулай имкониятлар яратилди, соҳанинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Уларнинг ижросини таъминлашда, албатта, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг иштироки, ўрни алоҳида. Мазкур сиёсий куч томонидан жойларда ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари,  семинарлар, халқ билан жонли мулоқотлар, амалий чора-тадбирлар фикримизнинг яққол тасдиғидир. Қолаверса, ўз электорати бўлмиш тадбиркор ва фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, кўмак бўлмоқда.

Бугунги танлов ҳам худди шу йўналишдаги ишларнинг амалий кўриниши десак асло муболаға эмас. Юртимизда фидокорона меҳнат қилаётган, халқимизнинг турмуши фаровон, дастурхони тўкин бўлишига ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшаётган чорвадору деҳқонларнинг, халқ хўжалиги ходимларининг ҳаёт йўлини, улкан ютуқларини бадиий асарларда акс эттириш, уларнинг кўнгил кечинмаларини, қувончу изтиробларини битикларда ёрқин ифодалаш, шу йўсинда тадбиркорлар, ишбилармонлар жамоасига маънавий-руҳий мадад бериш, уларни янгидан янги зафарлар сари илҳомлантириш мазкур танловнинг асл маъно-моҳиятини ташкил этади.

“Бегоналар юрмас бу ерда” деб номланган романим биринчи ўринга муносиб кўрилганидан бошим осмонга етди. Лекин бу эътироф,  тадбиркорлар тили билан таърифлаганда, мен учун бўнак: зиммамга юксак бир масъу­лият юклайди, тадбиркорлар ҳаёти янада чуқурроқ, янада теранроқ ифодаланган асарлар битишга ундайди. 

Зулфия  МЎМИНОВА, шоира, “Энг яхши бадиий асар” номинацияси 2-ўрин ғолибаси:

Чиройли асар ёзиш учун аввало ижодий муҳит зарур. Кўпинча биз шоирларни кўнгил одамлари, деб аташади. Бу айни ҳақиқатдир. Оддий қаламкаш сифатида ҳукуматимиз  томонидан    адабиёт аҳлига кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибордан қалбим ғурурга тўлади.

Республикамизда  мустақилликкача анорчилик соҳаси йўқолиб кетаётган эди. Тасаввур қилинг, боғбон ва соҳибкорлар ўз умрларини бағишлаган анорзор боғларини қисқартириш ва унинг ўрнига пахта экишдек буйруқни олиб турса, боғига ажратилган сув миқдори камайтирилса, минерал ўғитлар бериш тўхтатилса, йил давомида етиштирган мевасини арзимаган нархда сотишга мажбур қилинса, қўли пул кўрмаса ҳаёти қандай кечади?

Президентимиз 2017 йилда Сурхондарё вилояти Шеробод тумани анорзорларини бориб кўриб, анорчиликни ривож­лантириш тўғрисида фармон қабул қилди. Худди шу йили Фарғонага қилган ташрифлари чоғида уларнинг анорчилигини ривожлантириш борасида қимматли маслаҳатларини бериб, бундай боғларни 2 минг гектарга етказиш, зарур техника, минерал ўғитлар билан таъминлашдек ғамхўрлик кўрсатдилар. Президентимиз  қарорига кўра Фарғона давлат университетида Анорчилик факультети ташкил этилди.

Бундай эътибордан шаҳди янада баландлашган “Фарғона анори” агрофирмаси раҳбари Мастура Сайфуддинова ва соҳада меҳнат қилаётган  юртимиз боғбонларининг  фаолиятини қаламга олиш менга илҳом бахш этди. Бундай рағбат, эътибор биз ижодкорларга қанот бағишлайди.

Худойшукур РАЖАБОВ, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 2-босқич талабаси, I гуруҳ ногирони “Матонатли ижодкор” номинацияси совриндори:

Кўпчилик мендан сўрайди: “Оёқ панжаларинг билан расм чизиш қийин эмасми?” деб. Шунда менинг жавобим доимо битта бўлади: “Истак бўлса бас!”.

Ҳақиқатан ҳам шундай, ҳар қандай ишни бошлашдан аввал инсоннинг қалбида истак бўлиши керак, ана шу туйғугина олдинга етаклайди, бедорликни оширади. Болалигимдан ҳаётни турфа рангларда ифодалашни ва уни кўрганлар завқ олишини истардим. Муттасил машқлар орқали мен мана оёғим билан бемалол ўзим хоҳлаган суратни чиза оламан. Бунга эришишимда онажоним ва устозларимнинг, мен билан ҳамиша ёнма ён юрадиган дўстим Дилмуроднинг  ёрдами катта.

Ижтимоий тармоқлардаги хабарлардан ушбу танлов ҳақида ўқиб қолдим.  Жиззахлик фермер Азамат Йўлдошевнинг бугунги кунлардан хурсандлиги, иқтисодиётимизга ҳисса қўшаётганидан мамнунлигини пахтазор ва ғаллазорлар оралаб юрган ҳолида акс эттирдим. Шу ва пойтахтимиздаги айни бунёдкорликлар ортида тадбиркорларимизнинг вақтдан унумли фойдаланаётгани ифодаланган суратимни  танловга юборган эдим. Шукрки, менинг ушбу асарларим ҳакамлар ҳайъати томонидан қадрланиб, алоҳида мукофот билан тақдирлашди. Ишонасизми, ҳозирнинг ўзидаёқ навбатдаги асарлар учун ғоя туғилди менда. Биласизми нега? Бундай эътирофлар одамнинг кайфиятини, руҳиятини кўтаради ва фақат ижодга ундайди. Бунинг учун ташкилотчиларга алоҳида миннатдорлигимни билдираман.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

Солижон ЗОИРОВ (суратлар)
“XXI asr” мухбирлари