Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мавзуга қайтиб: “ТОШКЕНТ ДЕНГИЗИ”нинг эгаси борми?

Мавзуга қайтиб: “ТОШКЕНТ ДЕНГИЗИ”нинг эгаси борми? Жазирама одамларни соя-салқинга қувган. Қуёш тиккага етмай, анҳорми, тоғу дарами, ё чўмилиш ҳавзасиними излаб шаҳардан чиқаётган кишиларга дуч келасиз. Биз ҳам халқ тилида “Ташморе”, яъни “Тошкент денгизи” деб аталувчи Туябўғиз сувомбори сари йўл оламиз...

Денгиз десак...
арзимайди

Тошкент вилоятининг нақ кўкрагига ёнбош­лаган “Тошкент денгизи” Оҳангарон дарёсининг ўрта оқимида ёз кунлари ҳордиқ чиқарувчиларни кутиб, энтикиб ётади. Ушбу гидротехник иншоот 1962 йили қурилган бўлиб, ҳам қишлоқ хўжалиги, ҳам экология, ҳам дам олиш учун қулай жойдир. Сувомборнинг сиғими 250 млн м3, сув юзасининг майдони 20 км2, ўртача чуқурлиги 12,5 метр. Махсус кўтарма тупроқ тўғон, чап ва ўнг қирғоқ сув чиқаргичлар ва сув ташлагичлар ҳудуднинг ирригацион тизимида муҳим ўрин тутиб, ёз кунларида далаларни сув билан муттасил таъминлайди. Тўғони устидан Тошкент – Бекобод автомобиль йўли ўтгани, қолаверса, воҳа ва водийга ўтиш йўлига яқин жойлашгани сувомборнинг муҳим объект эканини кўрсатади. Ундан Қорасув дарёси ва Туябўғиз чап қирғоқ каналига сув етказилиши билан бирга, атрофида дам олиш ҳудудлари, болалар оромгоҳлари, пляжлар барпо этилган. Сув спорти бўйича мусобақалар ҳам шу ерда ўтказилади.

Тўябўғиз сувомбори Бўка, Оққўрғон, Ўртачирчиқ, Қуйичирчиқ туманларида сув таъминотини яхшилашга имкон бериши, бу ерда турли балиқлар урчитилиши ҳам ушбу гидротехник иншоотнинг нақадар катта иқтисодий, маданий имкониятларга эга эканини кўрсатади. Шу билан бирга, сув ҳавзасидан нотўғри фойдаланиш оқибатида атроф-муҳит, санитар-эпидемиологик ҳолат бузилса, минглаб одамлар саломатлиги, ҳайвонот ва наботот оламига қанчалик катта зарар етиши кундек равшан.

Муаммо қаерда?

Сувомбор ҳудудига кириб борганимизда, тушдан сўнг соат 15:00 бўлишига қарамай, жазирама куйдирар, қуюқ дарахтзор оралаб, салқин соҳилга яқинлашишга ошиқардик. Соя бўлса-да, негадир об-ҳаво димиқ, бўғиқ эди. Олди-атрофимиз тумонат одам, машина кириш жойида “стоянка” учун бир йигит пул ундирарди. Тўғри йўлнинг икки тарафига қатор машиналар тизилган. Ўртада юқоридаги “Хайрихон она истироҳат боғи” дачаларига ўтиш учун бир машина сиғар йўл қолдирилган, холос. Ўнг тарафда, ҳув, охиригача, бир-бирига қарама-қарши, рўпара, олдинма-кейин, хуллас, тартибсиз қурилган сўрилар... Гўё ҳар қарич ер пуллик. Албатта, бепул бўлсинми? Шунча келувчиларни кузатиш осонми? Супаларнинг атрофи эски газламалар ёки клёнка билан ўралган. Тўшанчилар эса оёқ остида ётавериб, ранги униқиб кетган, кирланиб қорайган. Кўрпа-тўшак, ёстиқларни айтмаса ҳам бўлади, ҳатто ямоқ ҳам солинмаган. Пахталар болиш ичидан мўралаб турибди.

Сўрилар нархини суриштирамиз. Ҳарқалай, кечга яқин борганимиз учунми, мижоз бироз сийраклашган. Ёш йигит уч-тўрт соат учун 30 минг сўмга битта супа ажратиб беришини айт­ди. Овқат ҳам чўнтакбоп бўлиши керакми? Ошпазларга юзландик.

– Ўзимиз пишириб берамиз, “продукта”нгиз бўлмаса, ҳамма нарса ўзимизда бор, арзон, гўштлар ҳам тоза,– деди шашлик сихлаётган Каромат опа деган аёл буриқсиган тутунни елпиб.

– Шашлик нархлари қандай?

– Етти минг сўм ­– қийма, олти ярим сўм – жаз. Бемалол ўтираверинг. Зўр дам олиб кетасиз...

Бошдан оёқ кузатиб англадикки, бугун “Тошкент денгизи”га келган одам, аввало, бу ердаги санитар ҳолат, бола-чақа хавфсизлиги, муомала маданияти ва ҳудуддаги маҳсулотлар нарх-навосидан азият чекиши турган гап.

Атрофга назар ташлаймиз. Клёнкалар, сўри тагида уйилиб ётган ашқол-дашқоллар – ахлат тиқилган селофанлар, бижғиб ётган пиво баклажкалари, ароқ шишалари... Ўша тарафга сал яқин юрсангиз, қўланса ҳид димоққа уради. Дайди ит-мушуклар эса очиқ қолган бир идишни ҳидлаб, ичини яларди. Тарвуз ва пиёз пўчоқлари, қорамол суяклари сўри ости яқин орада супирилмаганини айтиб турибди... 

Дам олиш ҳудуди
бедарвозами?

Ҳамма ўзи билганича нарх белгиласа, ўзи билганича маҳсулотни олиб келиб, пишириб берса, спиртли ичимликларнинг тур-тури билан тахлаб қўйиб сотса-ю, аммо тартиб масаласида биров ғинг демаса, уруш-жанжал кўпайса... дам олиш масканининг эгаси борми, ўзи?

– Нега эгасиз бўларкан? “Паризод Омад” МЧЖга қарашли бу ҳудуд. Ҳар бир ижарачининг санитар-эпидимеологик ҳолати текширилади. Ҳар куни эмас-у, онда-сонда. Ўзимиз ҳам тозаликка риоя этишга доим ҳаракат қиламиз, лекин ҳар хил одам келади. Мижозларни йўқотиб қўймаслик учун спиртли ичимликлар ҳам сотилади. Албатта, бу ер бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги ва тез орада қайтадан қурилиши ҳақидаги хабарлар қулоғимизга чалинганди. Лекин мана шу ёз мавсуми учун “Паризод Омад”га ижара пулини тўлаб қўйганмиз, 5 миллион сўм. Одам эса фақат дам олиш кунлари кўпроқ, бошқа пайтлари кимдир келишини кутиб ўтирамиз, – дейди ўзини танитишни истамаган аёл. 

“Даромад кўряпсизми, шунга лойиқ шароит­ни ҳам яратиб қўйинг-да”, дегинг келади мутасаддиларга. Фақат чўнтакка киришини истасаг-у, чиқимига чидамасак...

– Сўриларда шароит яхши эмас, – дейди самарқандлик Обид Аллаёров. – Гап-гапга қовушмайди. Чўзилиб ётсанг, оёғинг ўтган-кетганга халал беради. Қўшни супалардан турли гап-сўзлар эшитилиб қоларкан, ғалати бўлиб кетади, киши. Уруш-жанжал шундан чиқади-да! Оилавий дам олишга келганларга ноқулайлик туғдиради.

Самарқандлик кишининг гапи яна отишмани ёдга солди. Бу ҳақда сўрагандим, “Сурхондарёлик йигит жой талашиб ишчилар билан уришиб кетганди. Кейин дарров ажратиб қў­йишди”, деди ҳалиги аёл.

Соҳил тарафга юрдик. Қирғоқни эски ва янги қайиқлар қуршаганди: моторлиси 100 минг сўм экан. Оролгача 6 километр чиқиши, сувомбор ўртасигача айланиб келишга ҳам 50-60 минг сўм санаш кераклигини айтишди.

Чўмилиш... хавфли

Эшкакли қайиқларга талабгорлар кам. Одамлар жонини қийнагиси келмайди-да. Ваҳоланки, эшкак эшиш ҳам жисмоний жиҳатдан жуда фойдали. Ёш болалар “банан”лар, яъни дамланган узун сузиш мосламаларига чиқишади. Уларнинг хавфсизлиги борасида эса бировдан тайинли жавоб олиб бўлмади. Лекин қутқарув хизмати фаолияти йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлашди.

Чўмилиш ҳудудида болалар учун мўлжалланган алоҳида муҳофаза ҳудуди йўқлиги барчани сергак торттириши керак, бироқ масъулларни-ку қўя турайлик, ҳатто ота-оналар ҳам бунга бепарво. Ачинарлиси, аёллар ҳам, болалар ҳам, маст-аласт кишилар ҳам аралаш-қуралаш бўлиб сувга шўнғимоқда...

Ҳозир ғўза ва такрорий экинларга сув чиқарилаётгани учун кўл сатҳи пасайган. Турли хил оқиндилар, дам олувчиларнинг ўта беписандлиги, экологик маданиятга риоя қилмаслик натижасида сув бўтаналашган, ифлосланган. Кўл тубидан кўтарилган ўтлар сув бетида қалқиб, турли айниган ноз-неъматлару кийим-кечак­лар, баклашкаларни тутиб ётибди. Болалар гоҳ бировнинг ёрдамида, гоҳида ўзи шўнғиркан, қулоғидан, бурнидан лойқа сув кирмаслигига ёки бехос бўтанани ҳўплаб юбормаслигига ким кафолат беради? Устига устак, ўтиб-кетаётган қайиқлар туртиб юбориши, натижада бирор кор-ҳол рўй бериши мумкин-ку. Бунинг учун эса зарур чоралар кўрилганми? Жазирама бўлгани учун ҳамма ялангоёқ. Болалар соҳил бўйида у ёқдан-бу ёққа чопаркан, чил-чил синдириб ташланган шишаларни босиб олмасайди, деб ўйлайсан. 

Истироҳат боғимас,
истироҳат доғи бу!

Соҳил бўйида ит эгасини танимайди. Бу ердаги ҳолатдан кўнгил тўлмай, “Хайрихон она истироҳат боғи” сари юрдик. Боққа кираверишдаёқ машина тагжойи учун ҳақ олишади. Улкан майдонни эгаллаган боғ-боғ эмасди: бир тарафда янтоқ ўсган, бир тарафда от ўтлаб юрибди, ўртада алимсоқдан қолган аттракцион йиқилай-йиқилай деб турибди, ярим яланғоч семиз киши йиртиқ материал тутилган ювиниш хонасида чайинмоқда. Оёқ остида писта пўчоқлар, музқаймоқ қоғозлари, чала ёнган ўтинлар... 

“Тошкент денгизи”даги салбий аҳвол наҳотки вилоят, туман мутасаддиларини безовта қилмайди. Суриштира-суриштира тегишли рақамни топиб, сим қоқдик.

– Ҳудуд Ўртачирчиқ тумани маданият бўлимига қарашли, – дейди Ўртачирчиқ тумани маданият бўлими бош мутахассиси Дониёр Қодиров. – Ҳар йили ёзги мавсум тугагач, “Камаз”лаб ахлат уюмларини чиқарамиз. Тўғриси, илгари бу ерни юритишга тадбиркорларнинг маблағи йўқ эди. Шунинг учун “Хайрихон она” МЧЖга ижарага берганмиз. Албатта, ушбу корхона ўз маблағлари ҳисобига ошхона қурди, бассейнни ишга туширди, бор сўриларни таъмирлади, янгиларини ҳам ясатди. Ҳатто тумандаги тадбирлар учун истироҳат боғи ҳудудидан чиройли саҳна ҳам қилдирди. Аммо шу катта ҳудудни ободонлаштириш учун озмунча маблағ керакми? Бу борада “Хайрихон она” МЧЖга таклиф киритгандик, аввалига ишни пайсалга солишди. Кейин “Истироҳат боғини кўпроқ муддатга ижарага берсангиз, янгитдан барпо этамиз. Бунга маблағимиз етади”, деб айтишди.

Хўш, унда нима монелик қилмоқда? Қачонгача боғ хароба ҳолида ётади? Бу ер эгали экан, тартиб-интизом, экологик маданият, шарт-шароит, одамлар муҳофазаси, санитар-­эпидемиологик ҳолат жойида бўлиши керак эмасми? “Медпункт” тўғрисида-ку ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган! 

 

            Олимжон ЖУМАБОЕВ,

“XXI asr” махсус мухбири

Суратларни Шуҳрат РАҲИМОВ олган.