Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Медиамаконда матбуотнинг ўрни қандай бўлади?

Медиамаконда матбуотнинг ўрни  қандай бўлади?

Матбуотнинг келажаги борми? Босма нашрларнинг эртаси нима бўлади?

Булар дабдурустдан берилган саволлар эмас. Аксинча, бугуннинг долзарб масаласи бу! Биз етилган муаммони хаспўшламасдан, очиқ-ошкора муҳокамаларда жавоб излашимиз ва ўз ижодий фаолиятимизни танқидий-таҳлилий руҳда ўрганишимиз шарт.

“2019 йил учун обуна каталоги билан танишиб чиқиб, хафа бўлиб кетдим. 20 фоиздан кўпроқ газеталарнинг обуна нархлари кўрсатилмаган экан. Негалигини сўрасам, булар ёпилиб кетадиганлари, дейишди”... Фарғонада “Ахборот майдонида босма нашрлар, электрон ОАВ ва ижтимоий тармоқлар мутаносиблиги” мавзусида бўлиб ўтган илмий-амалий конференцияда айтилган бу гап ҳаммамизни ҳушёр торттириши зарур. Баъзида тонггача ишда қолиб, ўзимизча ўқишли, долзарб муаммолар кўтарилган газета чоп этамиз-у, лекин эртаси куни уч-тўрт танишдан бўлак бегонаю масъуллар жимлик билан жавоб беришади. Ачинасизми? Йиллар давомида газеталар ўртамиёна, балким ундан ҳам пастроқ даражада чоп этиб келингани рост. Яширмайлик, бир муддат оммавий ахборот воситаларида қуруқ мадҳиябозлик авж олди, оқни оқ, қорани қора дейиш унутилди. Ҳақиқат сояларда йўқолди. Оқибат газета-журналлар (бу бошқа оммавий ахборот воситаларига ҳам тегишли) мазмун ва савия жиҳатдан бир-бирининг эгизагига айланди. Энг ёмони, одамларнинг журналистларга бўлган ишончи сўнди...

Энди-чи, шукрки, у кунлар эртакка айланяпти! Бугун давлат раҳбарининг қатъий позицияси бор: оммавий ахборот воситалари тараққиёт йўлидаги ғовларга, коррупцияга қарши қақшатқич курашишга бел боғлайдиган пайт келди. Шу нуқтада бир савол берайлик: биз бунга нечоғлик тайёрмиз? Энди бор гапни дангал айтиш керак: агар нашрлар ўз тақдирига бефарқ қарашда давом этар экан – матбуотнинг келажаги йўқ!

Бошқаларни билмадим, лекин мен, ўзимнинг етти ойлик муҳаррирлик фаолиятим, қолаверса, кўп йиллик кузатишларимдан келиб чиқиб, “XXI asr” газетасида  босилган мақола баҳонасида кўнглимдан кечаётган айрим мулоҳазаларимни билдирмоқни ўз бурчим деб ҳисоблайман.

Ҳеч иккиланмай айтиш керак, бугун газеталар ўқилмаяпти. Ҳатто обуна бўлганлар ҳам ўқиётгани йўқ. Даврий нашрларда кўтарилган мавзуларга масъул раҳбарлар, вилоятлар ҳокимлари, барча бўғиндаги бошқарма бошлиқлари, туман ҳокимларида ҳам газета ўқиш деган кўникма, эҳтиёж йўқ. Кўпчилиги керакли ахборотни интернет орқали оляпти. Очиқ айтаман, босма нашрларни ҳатто вазирлик ва ҳокимликларнинг аксарият матбуот хизматларида ҳам ўқишмаяпти! Бу – кўргилик!

Бугун матбуотда танқидий-таҳлилий материаллар анча-мунча кўпайди. Бироқ мутасаддилар томонидан жўяли муносабат билдирилаётгани йўқ. Журналистнинг овозини ўчириш учун бир жумлагина хат ёзилади. Русчасига айтганда, “отписка”! Баъзида расмий жавобларни ўқиб, масъулларнинг газетада босилган материал билан тузук-қуруқ танишиб чиққанига ҳам шубҳа пайдо бўлади бизда. 

Энди саволни бошқачароқ қўямиз: босма нашрларни сақлаб қолиш керакми? Керак бўлса, нима учун керак?

Биринчидан, босма нашрларни сақлаб қолиш ва нафақат сақлаб қолиш, балки ривожлантириш, (интернетчиларимиз ҳам, теле ва радиожурналистларимиз ҳам мени маъзур тутсинлар), жамиятда саводхонликни сақлаб қолиш, асл журналистиканинг бўйини кўрсатиб туриш, қолаверса, журналис­тиканинг яшаши учун ҳам керак ва зарур. Газета-журналлар холис, асосли, таҳлилий, мушоҳадага ундовчи, энг муҳими – эга-кесими, жанр талаблари, стилистикаси, ёзиш қоидаларига муносиб келадиган даражадаги мақолалар, турли жанрдаги материаллар билан асл журналистикани ўзида мужассам этадиган оммавий ахборот воситалари бўлиб қоляпти ва қолади ҳам.

Иккинчидан, агар журналист телевидениедами, радиодами, матбуот хизматидами, интернет сайтидами ишламоқчи экан, қай бир йўналишни танламасин, муайян муддат газетачилик мактабини ўтамаса, ундан тўлақонли журналист чиқишига кафолат бериш қи­йин. Газета журналистнинг “мен”ини шакллантиради, “имзо”си пайдо бўлишига замин ҳозирлайди. Айниқса, мусаҳҳиҳлик машаққатларини бир-икки йил ўз танасида ҳис этиб кўрса, соҳамиз учун энг муҳим фазилат – саводлиликка эришади.

Яқинда иш бошлаган Ўзбекис­тон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети раҳбариятига айни шу фикрни таклиф сифатида  етказдим. Биринчи босқич талабалари таҳририятларга йил давомида мажбурий тарзда амалиётга юборилсин. Улар мусаҳҳиҳлик сир-асрорини эгаллаб, ҳали бўёғи қуримаган газета ҳидини туйсин. Университет ректори Шерзодхон Қудратхўжаев бу таклифни маъқуллаганидан хурсандмиз.

Учинчидан, аччиқ ҳақиқат шуки, бугун давлат идоралари, маҳаллий бошқарув органларида саводли ёза оладиганлар бармоқ билан санарлидек таассурот уйғотади. Бу кетишда ҳокимликларнинг сайтларидаги саводсизлик оддий ҳолга айланиб қолади. Турли даражадаги муассаса ва ташкилотлардан жўнатилган расмий хатлар, неча чиғириқлардан ўтгач, имзо чекиладиган ёзишмаларни кўриб, дод деб юборасиз. Бунақа “мутахассис”лар мўътабар даргоҳларда қанақа қилиб ишлаб юрибди? Ўзбекистонда қачондан бошлаб кадрларга давлат тилида саводли ёзиш малакаси шарт бўлмай қолди? Расмий идораларда ходимлар учун давлат тилида иш юритиш лаёқати энг муҳим талаб ҳисобланмай қўйганми?

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети келажакда биринчи нав­батда саводли, ўқимишли кадр­ларни етиштиришга урғу бериши керак. Ўтаётган йилда имтиҳон комиссияси аъзолари сафида абитуриентларнинг билим ва дунёқарашини суҳбат асносида синар эканмиз, ёшларнинг журналистика ҳақидаги тушунчалари, ички имкониятлари бизни жуда хавотирга солди. Шахсан ўзим келажакда асл журналист бўла оладиган яққол номзодга дуч келмадим. Барчасини қиёсий баҳолашга мажбур бўлдик: ундан яхшироқ, бундан дурустроқ, деган маънода. Демак, касбимизни ёшлар орасида кўпроқ тарғиб қилишни ҳам йўлга қўйишимиз керак. Ҳаммаси кадрларга боғлиқ. Агар кучли журналистлар етиштириб чиқара олсак, миллий матбуотимиз ривожланиб бораверади, йўқса...

Энди даврий нашрларни сақлаб қолишнинг иқтисодий жиҳатларига тўхталсак. Сал аввал айтганимдек, газета ўқилмайдиган бугунги замонда давлат идоралари, мутасадди ташкилотларнинг барча бўғинларида марказий газеталарга, бироқ фақатгина ҳукумат органи бўлган нашрларга эмас, бу бўйича балки махсус ишчи гуруҳ тузилар ёки қандайдир қарор қабул қилинар, турли йўналишдаги газеталарга обуна ташкил этилиши лозим, деб ўйлайман. Гап ходимларнинг ойлигидан, ўқитувчию шифокорларнинг маошидан босиб қолиш эвазига уюштириладиган мажбурий обуна ҳақида эмас, балки ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган ихтиёрий обуна ҳақида кетмоқда. Шу билан бирга, давлат грантларини жорий этиш йўли билан газета-журналларни оммалаштириш усулларидан фойдаланиш зарур, деган фикрдаман. Бу ҳам муайян вақтга, олайлик, узоғи билан икки йил давом этиши керак. У ёғига эса аравани ўзимиз тортишга ўрганишимиз лозим бўлади. Халқни газета ўқишга қандай мажбур қилиш мумкин? Бунга фақатгина нашримизда одамларга фойдаси тегадиган танқидий-таҳлилий мақолалар, бугун анқонинг уруғига айланган фельетон-памфлетлар, керакли ахборотлар, улар излаётган, кутаётган маълумотлар бериш ҳисобига эришишимиз мумкин. Биз шунга тайёр бўлмас эканмиз, матбуотнинг келажагидан умид қилиш саробга алданиш билан баробардир.

Яна бир гап. Турли тармоқ газеталари, илгариги ноқобил сиёсат – фаолиятимизни ўзимиз ёритамиз, қандай хоҳласак, шундай ёритамиз, деган қайсар мақсадда таъсис этилган, фақат соҳа ходимларига мўлжалланган нашрларнинг истиқболи ҳақида уларнинг фойдалилик даражасини адолат тарозига қўйган ҳолда ўйлаб кўрилса, маъқул бўларди.

Яна бир хавотирли масала шуки, ўзларини “ўта замонавий фикр эгалари” дея осмонларга тенглаб юрган баъзи раҳбарлар менга газета керак эмас, интернет сайт қиламан, бўлди, деган “қатъий қарор”га келишдан олдин матбуотдан воз кечишнинг оқибатларини яхшилаб тасаввур қилиб кўришсин. Қайтанга, мактаб кутубхоналари, маҳалла марказлари, таълим ва тиббиёт масканларига газеталар ўз вақтида етиб боришини таъминлаш, турли даражадаги масъ­ул раҳбарлар матбуотга албатта обуна бўлиб, нашрларда берилган тегишли долзарб мақолалар бўйича мажлислар, муҳокамалар ўтказилиш тажрибасини йўлга қў­йиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ахир, биз қурмоқчи бўлган ҳуқуқий демократик жамиятни айнан эркин матбуотсиз тасаввур қилиб бўладими?!

Ҳусан ЭРМАТОВ,

“Ишонч” ва “Ишонч – Доверие”
газеталари бош муҳаррири