Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

МЕҲР-ОҚИБАТ ЯШАЙВЕРАДИ

МЕҲР-ОҚИБАТ ЯШАЙВЕРАДИ
Меҳр-оқибатли инсонлар бор бўлсин. Улар борки, эзгулик давом этади дунёда, эътибор ва мурувватга ташна қалблар қувонади.
Қўрғонтепа туманидаги “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйи тарбияланувчилари ҳукуматимизнинг доимий ғамхўрлигидан баҳраманд. Болажонларни соғломлаштиришга алоҳида масъулият билан ёндашилиб, сифатли таълим олишлари учун барча қулайликлар яратилган. Бу ердан саховатли кишиларнинг, меҳр улашувчиларнинг қадами узилмайди.
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” вакиллари ушбу масканда бўлиб, вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда болакайларга қувонч улашишди: 280 нафар тарбияланувчига мавсумий кийим-кечак ҳамда турли совғалар тақдим этилди.
– Бугун биз учун байрам, – дейди 14 ёшли Баҳром Нуриддинов. – Мана бундай чиройли уст-бошларни ҳар кийганимизда айни шу кунни эсга олаверамиз.
Умидахон ИСАЕВА,
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгашининг
“Аёллар қаноти” бўлими мудири 
 
 

 
 
ЁШЛАРГА ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ
 
Бухоро вилоятида бу йил 58 705 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган бўлиб, ушбу масала мутасадди корхона ва ташкилотлар, айниқса, бандликка кўмаклашиш марказларининг доимий эътиборида. Мавжуд бўш иш ўринларининг 29 609 таси аёллар, 24 153 таси эса касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун мўлжалланган.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Бухоро ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Ёшларни иш билан таъминлашнинг долзарб масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзусида ташкил этилган давра суҳбати давомида бу борада амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритилди.
Ушбу ҳудудий бўлинма, вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси, Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи ҳамда сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари масъул ходимлари тадбир иштирокчиларини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг бандлик масаласига оид тегиш­ли қарорлари ижроси доирасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан таништиришди.
 Қайд этилганидек, шу йилнинг ўтган даври мобайнида туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат этган кишилардан салкам 13 минг нафарига ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашишда ёрдам берилди. Ҳудудларда 116 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, 3 037 нафар фуқарога, шу жумладан, 2 090 нафар ёшга ишлаб чиқариш корхоналарига йўлланмалар берилди. Касб-ҳунар коллежларини битирган 26 166 нафар йигит-қиздан 11 199 тасининг бандлиги таъминланди. Шаҳар ва туман ҳокимлари қарорларига кўра, 8 007 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарони квоталанган иш ўринларига жойлаштириш белгиланган бўлиб, шу кунгача 6 607 нафар ана шундай тоифадаги шахслар бундай имкониятга эга бўлишди.
Давра суҳбатида сўзга чиққан O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг ташкилий-партиявий ишлар бўйича ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Жасур Болтаев, вилоят бандлик ва меҳнат бош бошқармаси бўлим бошлиғи Малик Қобилов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши тадбиркорликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Жамшид Ҳожиев ва бошқалар муҳокама этилган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифа экани, жойлардаги ижро ҳокимияти ва бошқарув органлари зиммасида бу борада катта масъулият борлигини таъкидлашди. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида, энг аввало, инсон ва унинг манфаатлари мужассамлиги, шу боис бу масала ҳар доимгидек бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этиши айтилди.
– Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшлар вилоятимизда кўпчиликни ташкил этади. Бироқ улар маълум сабабларга кўра аниқ иш жойига эга эмас, – дейди партия вилоят Кенгашининг ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Азиз Ҳакимов. – Бугунги тадбир ана шундай ёшлар учун аниқ йўл-йўриқ ва тавсиялар берилгани билан аҳамиятлидир. Келгусида ўтказиладиган бўш иш ўринлари ярмаркаларида уларнинг фаол иштирок этиши ва ўзларига мақбул ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлари учун яратилган имкониятлардан мумкин қадар тўлиқ фойдалана олишларига ишонамиз.
 Асхор ИСТАМОВ,
“XXI asr” мухбири