Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МЕҲРИНГИЗГА МУШТОҚМАН...

МЕҲРИНГИЗГА МУШТОҚМАН...

...Ака синглисини йўқлагани келаётиб буғдойзорни босиб ўтса ҳам гуноҳ бўлмас экан. Ё қудратингдан, сингилнинг ҳаққи аканинг олдида шунчалар кўпми? Майли, ака, сиз менинг ёнимга келиш учун буғдойларни пайҳон қилманг. Бошоқдеккина вақтингизни ажратиб, омонмисан, синглим, деб сим қоқиб қўйинг, етади. Ҳеч бўлмаса, телефондан хабар йўлланг, мен учиб борай...

Баъзида ўзимни сизга муҳтож сезаман. Ранжитган кимсаларни ёш боладек айтиб бергим келади... Бу катта шаҳарда оқибат кичиклашиб кетармикин, билмадим. Балки, оила қургандан сўнг меҳр бўлинар...

Нолимайман, атрофимда дўстларим кўп. Яратганга шукр, бировга муҳтож қилмайди. Қилса ҳам, ҳожатбарор одамларни йўлиқтириб қўяди. Ё қудратингдан, деб шукроналар келтираман. Ўқишим яхши, ишларим ҳам жойида. Фақат умр китобимнинг ака деган саҳифалари бўм-бўш қолиб кетяпти. Етти ёт бегоналар ҳол сўраса, ёрдамга шай турса, ғалати бўлар экан. Ҳозир кўникиб ҳам кетдим. Сиздан кўмак сўрагани хижолат бўламан. Лекин қадрдонга айланган бегоналардан ёрдам сўрашга тортинмайман. Аниқроғи, уларнинг ўзи англаб олади...

Аввалига шаҳарнинг шовқинлари ичида йўқолиб қолишдан қўрқдим. Уйдан олисда бўлсам ҳам, акам бор-ку шу ерда, деб ўзимни овутдим. Суянчим, тоғим бўлади, дедим. Остонангизга кўп бордим, меҳмонингиз бўлдим. Бир коса овқатингизни ичиш учун эмас, дийдорингизга тўйиш учун, шу орқали ота-онамга бўлган соғинч оловига сув сепиш учун бордим. Аммо сиз ўзингиз йўқламаслигингиз, ҳеч бўлмаса телефон қилиб ҳол сўрамаслигингиз вақт ўтиб билина бош­лади. Балки, ортиқчалик қилаётгандирман, боришим малол келиб айтолмаяптиларми?..

Сиз томон югуриб кетадиган қадамлар ўйланиб ташланадиган бўлди. Ўзимни сизда, меҳрингизда ҳаққи йўқдек ҳис қиламан. Наҳотки рақамимни териб аҳволимни сўраб қўйиш қийин бўлса?! Улғайдимми, худбинлашдимми ёки шаҳар мени тарбиялаб қўйгандир... билмадим. Билганим – исмингизни маҳкам ушлаб турган кўнглим ҳовучларини бўшатиб юбордим...

Мен чарчадим, ака, сиздан меҳр кутиб чарчадим. Тунов куни борганимда қўлимга пул тутдингиз. Ишлатасан, керак бўлади, деб. Лекин мен энди ўзим ишлаяпман. Пулга муҳтожлигим йўқ. Ҳатто шартнома пулимнинг анча-мунчасини ота-онамдан ёрдам олмай тўлашга қурбим етяпти. Ўйлаганингиз учун раҳмат! Миннатдорман, аммо менинг сиздан истагим моддий ёрдам эмас. Қанийди, шуни англаб етсангиз. Бир шаҳарда турамиз, аммо ўзим бормасам, ўзингиз бир бор келмайсиз. Келганимда қўлимга пул тутишингиз қанчалар оғир ботганини билсангиз эди.

Мен учун вақт ажратинг. Телефондан бошингизни кўтаринг. Ахир синг­лингиз бир-икки сўм илинжида келмаган... Берганингизни олдингизга ташлаб кетиб қолгим келади. Ўзимни босаман. Игна устида ўтиргандек кетишга ошиқаман. Аслида хонадошларимга бугун акамникида ётиб қолишим мумкин, мени кутманглар деб келган бўламан. Қолмайсанми, дейсиз марҳамат қилиб. Хафа бўлгандек ҳам бўласиз: ўзи кам келасан! Ахир қолиб нима ҳам қилдим, бундоқ гаплашиб ҳам ўтирмасангиз, дегим келади-ю, ранжиганимни билдирмасдан кетишни афзал кўраман...

Кеча келинойим келинг деб чақирганида шундай қувониб кетдимки, соғинганимни ҳис этдим. Сиз, келинойим, жияним айлангани бордик. Суҳбатлашдик. Яна бир оила бўлгандек ҳис этдим ўзимни. Кетар чоғим пул тутдингиз. Тез-тез келиб тур, мен ҳам йўқлаб тураман, акам эсламайди деб хафа бўлиб юрма... Яна нималардир дедингиз, узр, қулоғимга кирмади. Бир неча кун аввал бувим билан телефонлашганимизда акангникига боряпсанми, дегандилар. Эсламайдилар ҳам, деб хафа бўлувдим. Бормаяпман, дегандим. Демак, бувим айтганлар. Гап­ларингиз сохта чиққандек туюлди. Қариндошларнинг кўзи учун бўлса ҳам вақт ажратганингиз учун раҳмат!..

Нималар деб ташладим-а, мендан ранжиманг. Бир тўлиб тўкилдим-да... Бош­қа тўлмасам керак... Ака, кўнгил меҳрга муҳтож бўлса-ю, яқинларидан топмаса ё меҳрсиз бўлиб қолади, ё ўзгалардан излай бошлайди.

Мен бировлардан меҳр изламайман, аммо меҳрсиз бўлиб қолишдан қўрқаман. Акажон, мени меҳрингизга муҳтож қилманг, илтимос!..

Чарос ЁҚУБОВА
(Жалолиддин Усмонов - Сингилларни йўқлаб туринг mp4)