Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Мен катта бўлсам...

Мен катта бўлсам...

         Ўқувчиларнинг “Мен катта бўлсам.....” мавзуида ёзилган иншоларини текшириб ўтирган Ноила устоз Садоқатнинг фикрларини ўқиб, юраги алланечук титраб кетди. Мурғак қалбга шунча дард қандай сиғди экан ?

        “...Мен катта бўлсам, дунёдаги энг яхши она бўламан. Биламан, ҳозир тенгдошларимнинг барчаси бирор касб ҳақида ёзмоқда. Кимдир яхши шифокор бўлмоқчи, кимдир ўқитувчи, яна кимлир эса инженер.... Мен ҳам келажакда, албатта, касб эгаллашни ҳоҳлайман. Лекин, бу, менинг асосий мақсадим эмас. Интилганим, менга беришмаган меҳрни фарзандимга бериш. Мен ҳеч қачон ўз фарзандимдан воз кечиб кетмайман. Энг, энг, энг яхши она бўламан...” .

        Бу ердаги хар бир болага қанчалик меҳр берманг, унинг ташналигини қондира олмайсиз. Хар куни дераза қаршида туриб, ҳеч бўлмаса, бир маротаба ота онасининг келиб қолишини орзу қилмаганнинг ўзи йўқ. Бироқ, Садоқат буткул ўзгача, у ўша орзуни ҳам қилмайди. Узоқ узоқ ҳаёл суради, фақат нима ҳақида буни ҳеч ким билмайди. Ота - онасининг хар кунги жанжаллари, ниҳоят ажрашишгача етиб бордию, онаси укасини олиб, ота уйи Самарқандга кетди. Садоқат эса отаси билан қолди. У ёқда она бошқа оила қурди, бу ёқда ота. Ўгай она учун қиз тайёр хизматкор бўлди, лекин, шунда ҳам бу оилага сиғмади. Турли жазолар, очлик, ҳўрлик, калтаклардан зада бўлган қиз, ҳали у, ҳали бу синфдошининг уйидан паноҳ топди. Ўгай она эса буни бебошликка йўйди ва қизни ўз онаси тарбиясига топшириш масаласини кўндаланг қўйди.

       Садоқатнинг кўнглига ёруғлик инди. Ўз онаси бағрида бўлса, ҳаммаси ортда қолади. Шунча масофадан келган она нажот истаб, кўзлари мўлтираб турган фарзанди олдида унга бола керак эмаслигини айтди. Садоқатнинг эса кўнгли тилка- пора бўлди. Шу кундан бошлаб, бировга гапиришни ҳам истамади. Уни болалар уйига топширдилар. Бу ердаги хар бир бола умид билан оиласини кутади, бироқ, Садоқат ўша умиддан ҳам мосуво. Чунки ақл тафаккури идрок этиб турган бир вақтда ундан воз кечдилар. Шундай бўлса – да, кичкинагина жусса меҳрсизлик туфайли экилган нафрат дарахтида меҳр меваларини яратиш учун ўзида жасорат топмоқда. Катталарнинг хатоларини беғубор туйғулар қанотида тўғрилашга интилмоқда.

       Баъзан болалар катталардан кўра теранроқ фикрлашади.

                                                                                                    Бўлган воқеа асосида
                                                                                                              Мохинур ҚОДИРОВА
                                                                                                                                    ҳикоя қилди.