Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МЕНИНГ АСКАРГИНА БОЛАМ

МЕНИНГ АСКАРГИНА БОЛАМ

Дунёда шундай муқаддас тушунчалар борки, улар замирида жамланган маъно ва мазмунни англатиш учун гоҳо “Она” сўзини қўшиб ишлатамиз. Шундагина шууру қалбимизда акс этган тушунчаларни тўлиқроқ таърифлагандек бўламиз. Шундай азиз каломлардан бири Она Ватандир. Шу маънода юрт ҳимоячилари куни айнан аскарларнинг оналари шарафланишида ҳам ўзига хос рамзийлик бордек.

      “Жиззах” тантаналар мажмуасида Ўзбекистон Рес­публикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган анъанавий “Аскарлар оналарини шарафлаймиз” деб номланган маданий-маърифий тадбир иштирокчилари қалбидаги туғён, кўзларидаги ёлқинга гувоҳ бўлган ҳар бир кишининг кўнглидан шундай фикрлар ўтган бўлса, ажаб эмас.

      Тадбир аввалида “Миллий армиямиз, ғуруримиз, фахримиз” фильми намойиш этилди. Унда муддатли ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар, имтиёзлар, Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳикоя қилинди. Ҳарбий хизматни шараф билан адо этаётган аскарларнинг ўз волидаларига йўллаган видеотабриги тадбир иштирокчиларининг гулдурос қарсаклари билан олқишланди.

       Сўнг бир гуруҳ аскарлар даврани тўлдириб, шахдам қадамлар билан кириб келишди. Ғаллаороллик Хуршид Хўрозов, зарбдорлик Жамшид Алимов, зоминлик Худойберди Алиқулов, бахмаллик Ботир Абдурахмонов, Жиззах туманилик Азизбек Абдурасулов ва бошқа аскарларнинг дийдорига мушарраф бўлган оналарнинг хурсандчилигини айт­майсизми?

       Жиззах вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эргаш Солиев йиғилганларни байрам билан қутлади. Йигитлик бурчини аъло даражада адо этаётганлар вилоят ҳокимининг, оналари эса Жиззах гарнизони бошлиғининг ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

     – Қувончимнинг чеки йўқ, – дейди зоминлик Хайринисо Очилова. – Бугун фарзандим оддий аскар Худойбердижон билан дийдорлашиш хаёлимга ҳам келмаган эди. Эсда қоларли учрашувни ташкил этганларга минг раҳмат.

      Тадбирда сўз олган Жиззах гарнизони бошлиғининг ўринбосари Нурилла Обидов, вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор Гулнора Тўраева ва бошқалар йиғилганларни байрам билан табриклар экан, бугун йигитларимиз онгида армия ҳақидаги тасаввур, ҳарбий хизматга муносабат тубдан ўзгаргани, ўз сафларида жисмонан соғлом, руҳан тетик, интеллектуал салоҳиятли аскарларни, стратегик ва тактик талабларни уддалай оладиган, жанговар шайликни юқори даражада сақлай биладиган командирларни бирлаштирган Миллий армиямизнинг шаклланишига эришилганини фахр билан тилга олишди.

      Ватан олдидаги бурчни сидқидилдан адо этаётганларнинг оналари шарафланиши тадбирга таклиф этилган кекса авлод вакилларидагина эмас, ёшларда ҳам катта таассурот қолдирди.

     – Қуролли Кучларимизни янада такомиллаштириш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Жисмонан етук, маънан баркамол, замонавий жанговор техникаларни мукаммал ўзлаштиришга қодир ёшлар ҳарбий хизматга тайёрлаб борилмоқда, – дейди Жиззах педагогика коллежи қошида ташкил этилган ҳарбийлаштирилган гуруҳ раҳбари, захирадаги подполковник Зокиржон Отажонов. – Президентимиз қарори билан ўрта махсус, касб-ҳунар бошқармаси тизимида ташкил этилган махсус гуруҳлар ўқувчилари ҳам бугунги тадбирда иштирок этишяпти. Уларнинг ҳарбий хизматдаги акалари билан мулоқотлари, фикр алмашишлари таълим жараёнининг янада тўлақонли бўлишига хизмат қилиши аниқ.

       Жиззах политехника институти қошидаги академик лицей ва Жиззах педагогика коллежида ташкил этилган ҳарбийлаштирилган гуруҳлар келажакда ҳарбий бўлишни орзу қилаётган ёшларга катта имкониятлар эшигини очиб берди.

        Дийдорлашув онларидан сўнг байрам дастурхони атрофида аскарлар ва оналар дилдан суҳбат қуришди.

 

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“XXI asr” мухбири